26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Маҳалламиз фариштаси

– Тарбия кўрмаганлар! – ёзғириб қоларди Тожиниса хола.

Саксондан ўтган бу миқти кампир катта бувимнинг ён қўшниси бўлиб, ранги ўчган чит кўйлак ва эскигина кавушли қишлоқ тарбиячиси эди.

У ярим вайрона кулбасида эллик бешларга етган ногирон ўғли билан бирга яшарди. 

Ғалати эдида ўзиям. 

У туфайли маҳалламизда сўкиниш, уришиш тугул ҳатто қаттиқ гапириб бўлмас, боласини назоратсиз қолдирадиган оналарнику сира аяб ўтирмасди.

– Мандан хафа бўлма, қизим, “бола бошдан” дейдилар! Ўша дилбузорингни камроқ кўрсанг, сендан хафа бўлмайди.

Парвойи фалак оналарнинг қоши чимирилиб, дадилроғи тилидаги заҳарни шарт сочарди: 

– Уф! Жонга тегдингиз, хола! Атиги бир дона кино кўрдим. Нимага ҳаммани уйига бостириб келиб, лекция ўқийверасиз? Ана, ўйнашяпти балодай! Сизга оғирлиги тушмасин! 

Тожиниса хола ҳар доим қимирлатиб турадиган бошини баттарроқ қимирлатиб, насиҳатни давом эттирарди:

– Ҳай -ҳай, қизим! Омонатини бало дема! Илоҳим, соғ-омонликда кўзингни қувнатиб юришсин!

Бунақа воқеалар қишлоғимизда кўп бўларди. Холанинг ташрифидан сўнг оналарга инсоф бериб, болалари борлиги ёдига тушар, гап таъсир қилмаганларини эса эрлари тарбиялаб оларди.

Қуда-анда, қўни-қўшни, ака-ука можаролари тез тугаса, қизиқ бўларкан. Аслида, одамлар кампирнинг узоқ давом этгувчи насиҳатларини эшитиб туришдан кўра, ярашиб олишни маъқул кўришарди.

Хола узоқлашгач, жанжални давом эттирмоқчи бўлишардию, кейин нимадир ўхшамай қоларди. Қўйди-чиқдиларнинг йўқлиги туфайли, биз томонга қиз узатиб, келин қилишга орзумандлар ҳам кўп эди.

Яна бир гап. Хола Раҳмат акани ичмайдиган, Жаннат опани шаллақилик қилмайдиган, оқсуяк Ширинни қораларнинг устидан кулмайдиган қилиб тарбиялаганларидан сўнг, Ҳамро ўғрига ҳам навбат келди.

Бечора... Келиб-келиб холанинг уйига ўғирликка тушадими? Буям бесабаб эмасдир, Аллоҳнинг меҳрида! Нима бўлганини билмаймизу, қамоқ тузата олмаган ўғри ўша ернинг ўзидаёқ қинғир ишларини ташлашга сўз берибди. 

Кампирнинг бир оғиз гапи билан уни қабристонга қоровул этиб тайинлашди. Кекса гўрков ўлгач, унинг иши ҳам собиқ ўғрига қолди. Барибир қишлоқ аҳли норози эди.

– Ўлсин! Ўликларимиз шу пиёниста ўғрига қолдими?

– Кампир шу ишга аралашмаса бўларди. Гўрковлик қилишга покдомонроқ одам топиларди...

Висир-висирларнинг чегараси йўқ, «Ҳамро ўғри мармар тошларни қўпориб сотмаяптимикин?» деган хавотир билан марҳумларини унутган олифталар ҳам тез-тез зиёратга келиб турадиган бўлиб қолишди. 

Тожиниса хола ҳам судралиб келар, марҳумларни алоҳида, Ҳамрони алоҳида дуо қилгач, яна секингина кулбасига қайтарди...

Қишлоқ аҳлига яна бир ғам тушди. Энди одамлар қабристонда тез-тез дийдорлашиб ўтирган кампир ва ўғридан гумонсираб, уйқулари қочганди...

Аммо бу хавотирлар ноўрин экан. Қиш чиқмай, ўғри ҳеч ким қилмаган ишларни бошлаб юборди. Уялганча узоқдан уни кузатаётган одамларнинг тилларини тишлашдан бошқа чоралари қолмади. 

Ҳамро ўғри эмас, Ҳамро тоға аввал мозорнинг тўкилган деворларини пахса уриб тиклади. 

Дарахтларни оқлади. Аллақачон синиб кетган эшик ўрнига, тахтадан дарвоза ясаб, халқнинг дуосини олди. Мозорга олиб кирадиган, ҳамиша тиканак ўсиб ётадиган йўлни текислаб, анвойи гуллар экиб, яшнатиб юборди...

Ўша гуллар барқ уриб очилган кунларнинг бирида Тожиниса хола омонатини осонгина топшириб, Яратганнинг ҳузурига чиройли йўлдан равона бўлди.

Муаззам Иброҳимова, 2018-01-22, 22:45 177
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.