26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Зарифа Назирова: “Меҳнат ва илм – фаровонлик калити”

“Қариси бор уйнинг париси бор”, дейишади. Дарҳақиқат, ҳаёт синовларини енгиб ўтган инсонлардан оладиганларимиз кўп. Кексаларимизнинг ўгитлари қийматини асло йўқотмайди. Уларда минг йиллар давомида шаклланган халқ донишмандлиги ўз аксини топган.

Сайрам қишлоғида истиқомат қилган таниқли зироатшунос Ҳусниддин Назировнинг хонадонини кўпчилик яхши билади. Унинг рафиқаси, етти фарзанднинг ардоғида умргузаронлик қилаётган Зарифа ая Назирова ҳаёт дорулфунунидан ўтган инсонлардан.

– Болалигимиз оғир йилларга тўғри келган, – дейди онахон рўмолини тўғрилаб қўйиб. – Уруш туфайли ўн ёшимгача мактабга боролмадим. Зоғора ноннинг қанчалик ширинлигини қаҳатчилик кўрганлар билади, болам...

У Шораҳмат ота ва Раҳима онанинг шинамгина ҳовлисида ўсди. Тенгдошлари қатори далада ишлади. 6 ёшидан пахта яганалашга чиқди. Далада улғайди. Адоғи йўқ пайкаллар бу авлоднинг аввалига Ғалаба учун, кейин эса қаҳатчилик давридан чиқиб кетиш учун етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганларнинг тонгдан шомгача қилган меҳнатига гувоҳ. Юмшоқ пахтанинг чаноқлари нақадар қаттиқлигини, бир кило териш учун қанча марта эгилишга мажбурлашини фақат бошидан ўтганлар билади. 

Ҳам ўқиб, ҳам ишлаган Зарифа еттинчи синфни ўн етти ёшида тугатди. Сўнг ўз қишлоғидаги Назир ота Мирзаевнинг хонадонига келин бўлиб тушди.

– Илмли муаллима бўлишни роса орзу қилардим, – дейди онахон. – Бегим ўқиган, тушунган одам эди. Агроном бўлгани сабабли туни-куни дала кезарди. Олти ўғил, бир қизни улғайтирдик, ўқитдик. 

Аммо болаларни улғайтириш, уларга билим беришнинг ўзи бўлмайди. Давлатнинг берган маоши ҳаминқадар. Ўз қўллари билан уй қуришди. Боғ яратишди. Ишдан ташқари вақтларда кафтдеккина томорқада помидор етиштириб, Шимкентда сотишди. Ўғиллари ёрдамида ипак қурти етиштирди. Ҳаётнинг барча синовларига бардош беришди. 

Муҳиддин, Шарофиддин, Фахриддин, Зиёвуддин, Шоислом, Шобаҳром – уларнинг ҳаммаси ўз касбларининг усталари бўлишган. Бу оиланинг ўз тадбиркорлари, муҳандислари, ҳисобчи ва муаллимлари бор. Ёлғиз бўлсада, тиришқоқликда ака-укаларидан қолишмайдиган Феруза эса икки диплом соҳибаси, бугунги кунда нафақат вилоятимиз, Қозоғистон Республикасида танилган Юсуф Сарёмий номли мактабда тарих-география муаллимаси. Келинларининг ҳам барчаси олий маълумотли, халқнинг оғирини енгил қилиб келишмоқда. Невараларига ҳам жуфт танлаётганида маълумотига, китобга қизиқишига алоҳида эътибор қаратади.

– Баракасини берсин дейманда, невара-эвараларни санамайман, – дейди онахон. – Ҳаммалари жуда аҳил, бирор маърака бўлса, ҳовлимиз тўлиб кетади. Келинларимнинг ҳаммаси оқ-қорани таниган, фаросатли. Қизимдан Фотима-Зуҳра невараларим бор, насиб қилса, тўйларига чақирамиз.

Илмга чанқоқликда ота-онасига тортган неваралар ҳам Қозоғистоннинг, хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олмоқдалар, ишламоқдалар, орттирган тажрибаларини она Ватанимиз тараққиёти йўлида ишлатишни ният қилмоқдалар. Яқин келажакда улар қаторига эваралар ҳам қўшилиши аниқ.

Тетик руҳли Зарифа ая санъатга ҳам ошуфта. 60 ёшида “Исфижоб” лапарчилар гуруҳига кирди, қадимий қўшиқларимизнинг сақлаб қолинишига баҳоли қудрат ҳиссасини қўшди. 

Турли соҳалардаги кўп йиллик меҳнатлари учун Зарифа аяга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан кўплаб мукофотлар тақдим этилган. 

– Аммо оналик бахтимни ўзида акс эттирган “Олтин ҳалқа” медали мен учун барчасидан қадрли, – дейди у. 

– Аёлнинг энг улкан вазифаси – муносиб фарзандлар тарбиялаш, уларни илмли, одобли, заковатли қилиб етиштириш.

Зарифа ая ва Ҳусниддин ота барча ўғилларига ёнма-ён тушган икки кўчадан уй-жой қилишган. Уларнинг зурриётлари бугунги кунда бир маҳалла бўлган фарзандлари, келин-куёвлари, невара-эвараларининг барчасини қўшиб чиқсак, 83 нафарга етади. Бу оилани кузатаркансиз, унинг тўкислигига ҳавас қиласиз.

Ҳаёт давом этади. Қолганларнинг умрини берсин. Саксондан ўтган онахонга тўқсонга тенглашиб, юзлар билан юзлашишни тилаб, хайрлашдик. 

Абдумалик САРМОНОВ, 2018-01-22, 22:48 171
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.