26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тўйлар – маданиятимиз кўзгусими?

 “Жанубий Қозоғистон” газетасининг 2017 йил, 26 декабрь сонида чоп этилган журналист Дилбар Зиёматова қаламига мансуб  “Тўйлар: исрофгарчилик ва рақобат” мақоласини диққат билан ўқиб чиқдим. Унда бугунги долзарб муаммолардан бири – тўйларни ўтказишда йўл қўйилаётган, ўзбекона урф-одатларимизга хос бўлмаган расм-русумлар ва бошқа камчиликлар ҳаётий мисоллар билан очиқ-ойдин кўрсатиб ўтилган.  Барчамизни чуқур  ўйлантираётган ушбу масала юзасидан  ўзимнинг ҳам баъзи фикр-мулоҳазаларимни баён этмоқчиман.

Мақолада таъкидлан­ганидек, тўй­лар­даги ис­­­роф­гарчиликлар жамият тарақ­қиётига салбий таъсир кўрсатади. Ме­ним­ча, кейинги пайтда тўй ва маърака­ларда асосий эътиборни дастурхон беза­тишга қаратаяпмиз, тўғри, меҳмонлар учун дастурхонга тотли таомлар, турли ширин­ликлар, айни пишиқчилик пайтида эса мева-чевалар қўйилади, бироқ  меъёридан ортиғи охир-оқибат исроф­гарчиликка олиб келиши ҳаммага маълум. Афсуски, бу ҳа­ёт ҳақиқатини айрим бадавлат хонадон  эгалари тушуниб етмаяпти.

Ота-боболаримиз азал­­­­дан “Олтин олма, дуо ол”, деб бежиз айтишмаган. Бинобарин, тўйлар фақат ўғил уйлантириш ёки қиз узатиш учунгина қилинмай, балки, тарбия воситаси вазифасини ўташи керак. Бунинг учун унда қадимдан эъзозланиб келинаётган мумтоз мусиқалар тинглаш, лапарлар ай­тиш ва бошқа қизиқарли анъаналарни қайта жонлантириш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Тўйлар ичида никоҳ тўйининг алоҳида аҳамияти бор. Икки ёш не-не орзу-ҳавас билан бир ёстиққа бош қўйиш маросимида спиртли ичимликлар қўйилмаса, қандай яхши! Чунки, никоҳ ҳаллоллик ва поклик рамзидир. Қудалар ўртасида сарпо улашиш маросимларини ҳам ўзаро келишган ҳолда, ортиқча харажатларга йўл қўймай, меъёрга келтирса бўлади. 

Оқсувкентдаги айрим оилаларнинг қу­далар билан кенгашиб, шундай йўл тутаётгани қувонтиради. 

Мавриди келганда, кейинги вақт­ларда урфга айланиб бораётган “Исломий тўйлар” ҳақида ҳам айтиб ўтмоқчиман. Сир эмаски, аксари бундай тўйларда диний саводи мақташга арзимайдиган домлалар, отинойилар тўйни ваъзхонликка, қироат­бозликка, такаббурхонликка айлантириб юбораяпти. Уларнинг фикрича, мусиқа чалиш, қўшиқ айтиш, шеърхонлик қатъиян ман этилади. Бундай қарашлар охир-оқибатда халқимиз орасида сал­бий муно­сабатларни келтириб чиқар­моқда. Ҳолбуки, муқаддас ҳадис­ларда тўйда муси­қа чалиш ёки қўшиқ айтиш мумкинлиги хусусида маълумотлар бор. 

Инсонлар ҳаётида муҳим ўрин тута­диган тўйлар азалдан одам­ларни бир-бирларига яқинлаштириб, дўстлик ришталарини боғлайдиган, ўртада меҳр-оқибат уйғотадиган ажойиб маросимдир. Фақат уни ўзимиз  ортиқча бўрттириб, кимўзар шаклига олиб келаяпмиз. 

Хулоса қилиб айтганда, тўйлар кимлиги­мизни ўзимизгагина эмас, балки, ўзга халқларга ҳам кўз- кўз қиладиган бебаҳо бойлигимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Шундай экан, уни ортиқча исрофгарчиликлардан соқит қи­лиш, ихчам, файзли ва шодон ўтказиш ўз қўлимизда. Азалдан ота-бобо­ларимиздан қолган “Топганингиз тўйга бўюрсин!” деган ибратли сўзни сизларга ҳам тилайман, азиз ҳамюртлар!

 

 

Каримжон ЮСВАЛИЕВ, Сайрам туманининг фахрий фуқароси, 2018-01-26, 18:40 188
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.