26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Васият

– Бува, қушларга уя ясаяп­сизми? – сўради беш ёшли Зойир­жон бувасидан. 

– Топдинг, бўталоғим, ҳали  иш бошламай туриб, билиб қўй­дингми?

– Ҳозир қишку, ўзингиз айт­гандингиз, қишда қушлар иссиқ ўлкаларга учиб кетади, деб. Агар ҳозир илиб қўйсангиз, кўклам тезроқ келадими? Кўкламда да­дам келадими?

– Албатта келади, бўталоғим, келади. Қў­лимд­а кучим борида ишлаб қўяй дедимда. Кейин икковимиз бориб, истироҳат бо­ғи­даги дарахтларнинг бирига иламиз. Кўклам келса, даданг ҳам келади...

Содиқ отанинг Зойиржонга меҳри чексиз. Чунки, у туғилмай туриб, отаси Қобилжон Рос­­­­­­­сияга ишлайман, деб кетдию, қайтиб кел­ма­ди. У билан бирга кетган йигитлар қайтиб келгач, Содиқ отага учрашиб, Қобилжоннинг  Новосибирда бир аёлга уйлан­ганини айтиб, унинг манзилини ёзиб беришди. «Шаҳар берган тарбия-да, бу. Қишлоқда яшага­нимизда қайта уйланишни хаёлига ҳам келтирмаган бўларди. Қаёқ­дан ҳам шаҳарга келиб қолган эканман», деди қария кўнгилсиз хабар олиб келган йигит­ларга. 

Отахон хаёллар гирдобига бот­ди. «Келинимга буни қан­дай айтаман? Аҳмоқ бола, ис­мингни Қобил деб қўйган эдим, қобиллигинг қани? Фарзандингни энди ким тарбиялайдии? Гулдай хотинингни кимга алмаштирдинг, галварс? Онаси ҳаёт бўлганида ҳам бу ишни қилмасди. Нега  мени эрта ташлаб кетдинг, Фарида?»

...Содиқ мактабни тугатиб, ҳунар-техника билим юртида ўқиб, электр пайвандловчи му­та­­­­­­хассислигини эгаллади. Ша­­ҳардаги  бир корхонада икки йил ишлагач, унга икки хо­нали уй беришди. Марказдан. Шу уйда тўрт фарзанди дунёга келди. Каттаси Даврон мак­­табни тугата­ётганида Содиқ ота хотини билан маслаҳатлашди:

– Қишлоққа кўчиб кетайлик, уй сотиб олишга пул ҳам тайёр, уч-тўрт уйни кўриб келдим, шу­­­лардан биттаси сенга ёқади деб ўйлайман. Мен бошқа чидай олмайман. Шаҳардан чарчадим. Одамларда меҳр йўқ, бир-бирига бепарво. Ҳамма қаёққадир шо­шади. Болаларимиз ҳам бе­меҳр бўлиб ўсяпти. Шуларни ўйласам, юрагим оғрийдиган бўлган. 

Гапга катта ўғли аралашди:

– Дада, ўзингиз бир умр ша­ҳарда яшаб, энди бизни қишлоққа тортасизми?

Хотини ҳам кўнмади:

– Дадаси, яна бироз чидаб туринг, болаларни уйли-жойли қилиб олайлик, кўчиш бўлса қочмас.

Фарзандларини уйли-жойли қиламан, деб, она бедаво дард­га дучор бўлиб, ётиб қолди. Она­сининг вафотидан кейин фарзандлар отасини унута бош­лашди. Ҳар якшанбада навбати билан бир ўғли келиб, хабар олиб кетади, холос. Давлат берган икки хонали уйда кичик ўғли Қобилжон қолган эди, мана, беш йилдан бери дараги йўқ. Келини Лола сотувчи бўлиб ишлай бошлади. 

Бир куни Содиқ ота юрак хуру­жи билан касал­хонага тушиб қолди. Даволаниб чиққач, Лолага деди:

– Қишлоққа кетмасам бўл­­­­­­­­­­­майдиганга ўхшайди. Сизларни ҳам олиб кетсам дегандим. 

Лола кўзига ёш олди. Ша­ҳарда ўсган эмасми, қишлоқ ҳаёти уни қўрқув-ҳаяжонга соларди.

– Бува, ойим йиғлаяпти, – деди Зойиржон.

– Қўявер, тўйиб йиғлаб олсин, ахир Қобилжон кетиб қолгандан бери йиғламади-да. 

Содиқ ота тушида тез-тез  она қишлоғини кў­ради. Гуллаб ётган боғлар, ям-яшил ўтлоқ, ҳов­­­­лининг ўртасидан ўтган анҳор, мактабда ўқиб юрган пайтларда ўзи эккан олма, анор, узум, беҳи, арчалар...Боғда чопқилаб ўйнаб юр­ган Зойиржонни кўрди. Сал нарида, ўтлоқда тойчоқ киш­­­­­намоқда. Лола сигир соғяпти. 

– Дада, сут пишириб қўйдим, ичасизми?

Бу овоз қаёқдан келганини, тушидами, ўнгидами, била олма­ди. Чуқур энтикди. Мана шу бир кун учун шаҳарда ўтган бутун умрини беришга тайёр эди гўё.

Яна кўзи юмилди. Тушига энди Фарида кирди. 

– Дадаси, мени кечиринг, – деди у. – Мени деб қишлоққа кета олмадингиз. Энди бир ҳаракат қи­либ, Қобилжонни топинг. Уни оиласига қайтаринг. Зойиржон етим ўсмасин. Менинг ягона ва­сиятим шу. Ҳадемай мактабга боради, синфдошлари орасида елкасини қисиб юрмасин. Ҳаёт бўлганимда, ўзим у ёққа бориб, олдимга солиб олиб келардим. Мана, ҳозир уни чақиринг, сизни эшитади.

– Қобилжон! – деди Содиқ ота ва ўз овозидан қўрқиб, уйғониб кетди.

– Босинқираяпсиз, дада, – де­ди келини. – Қобил­жон энди кел­майди.

– Келади! – деди қатъий Содиқ ота. – У ярамасни ўзим бориб олиб келаман.

– Саксонга яқинлаб қолдин­гизку, дада, йўл олис, ҳозир қиш бўлса, – эътироз билдирди Лола.

– Уни олиб келмасам, онангни руҳи рози бўл­майди, қизим, – деди Содиқ ота. – Қобилжонни олиб келсам, қишлоққа кўчиб кетамиз. Эртагаёқ йўлга тушаман.

***

Содиқ ота Новосибир вилоя­тидаги Алексеев қишлоғига етиб келди. Кеч тушиб қолгани учунми, совуқ бўлгани учунми, ўғли яшайдиган уйнинг ман­зилини сўрайдиган одам топмади. Кўча­нинг бо­шидаги бир дарвозани тақиллатди. Уйдан чиққан аёлга ўғлининг манзили ёзилган бир парча қоғозни берди. Аёл уни ўқиб: «Костя, қишлоқнинг нариги чеккасида яшайди», деб, йўлни кўрсатди. Совуқ баданидан ўтиб борарди. Бир пайт катта тезликда келаётган енгил автомашина уни туртиб кетди. Ҳайдовчи машинани тўхтатмади, аксинча, яна тез­ликни ошириб, кўздан ғойиб бўлди. Қария йиқилиб, анчадан кейин  ўзига келди. Судралиб бўлса ҳам  кўчанинг нариги тарафига ўтди, бир уй ёнидаги ўриндиққа  ўтирди.

***

Ҳайдовчи уйига келиб, хотинига деди:

– Энди уйнинг ёнига етганимда олдимдан бир чол чиқиб қолса бўладими. Туртиб кетибман. Шу­нинг учун машинани  акангнинг ҳовлисига қўйиб, ўзим яёв кел­дим. Тавба, одам қариганда уйда ўтирса нима қиларкан, тағин шун­дай  совуқда. 

– Бекор қилибсиз, – деди хо­тини. – Тўхтаб, касалхонага олиб борсангиз бўларди. Ўлиб қолса, гуноҳга ботасизку.

– Тўхтаб, касалхонага олиб бо­риш қийин эмасу, лекин кейин ав­тоинспекцияга югур-югури кўп-да. 

***

Содиқ отани уйқу элита бош­­лади. Тушига она қишлоғи, кампири Фарида, ўғли Қобил ва невараси Зойиржон кирди. Бир вақт қулоғига таниш қўшиқнинг оҳанги кирди:

Қанча ғамга ботмаган эдим, 

Қанча оғу ютмаган эдим... 

Ўз боламдан кутмаган эдим... 

Мен дардимни кимга айтаман?

Таним музлаб, гоҳ тош қотаман...

Итларнинг вовуллаши кучайиб, уй эгаси чиқди. Қарадию,  скамейкада  ўзи машинада уриб юборган  чолни кўрди. “Хайрият, тирик экан, – ўйлади у ва  уйига таклиф қилай деб олдига борди ва ҳайратдан қотиб қолди. У  – Костя – Қобилжоннинг отаси эди.   

 «Отажон!» деб падари бузрукворининг музлай бошлаган танасини қучоқлади ва уйга олиб кирди. 

– Мен, нобакор ўғлингизни кечиринг, отажон! – деб анчагача ўпкасини босолмай, йиғлади.                                           

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2018-01-26, 18:49 187
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.