26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Кўнглимга орзулар солган қишлоғим...

«Ватанни севмоқ иймондандир», дейди ота-боболаримиз. Дарҳақиқат, Ватанни севишга, ватанпарвар бўлишга ҳеч кимни мажбурлаб бўлмайди. Чунки, бу муҳаббат она сути билан, сен илк қадам ташлаган заминнинг тафти билан, борлиғингни ҳис қилиш бахти билан вужудга келади. Мен учун бу замин – она қишлоғим.

Давлатимиз раҳбари Н. Назарбаев «Келажакка йўлланма: маънавий янгиланиш» дастурий мақоласида «Одам боласи – чексиз ақлнинггина эмас, ажойиб туйғуларнинг ҳам соҳиби. Туғилган ер – ҳар кимнинг кўз очиб кўрган, бағрида эмаклаб, тетапоя қилган хосиятли макони, талай одамларнинг умрбод яшайдиган ўлкаси. Уни, қайда юрсада, дили тўрида асраб, аллалаб ўтмайдиган инсон боласи йўқ. Туғилган ерга, унинг маданияти ва урф-одатларига ўзгача иштиёқ билан ёндашиш – ҳақиқий ватанпарварликнинг муҳим кўринишларидан бири», деб бежиз айтмаган. 

Тақдир инсонни қайга улоқтирмасин, у доим ўзи илк бор арғумоқ эгарлаган қишлоғининг элчиси, вакили. Қишлоқ деганда юрак ҳаприқиб кетишининг сабаби ҳам шунда. Қишлоқ бу – муҳаббат, севинч, қайғу, ойдек ёрқин хотиралар, мусаффо тонглар, сувлари дардга малҳам жилғалар, тиниқ булоқлар, хаёллар, туйғулар, орзуларнинг ошиёни, гулгун чеҳралар, қалби дарё одамлар...

Қишлоқда доим ҳаёт қайнайди. Кун ҳовли ва кўчани тозалаш, тартибга келтиришдан бошланади. Бир-бирини танимайдиган одам кам бу ерда . 

– Болалигингизни унутиб юбормадингизми? – сўрайман ҳамқишлоғим Каримжон акадан.

– Йўқ, нега энди. Унутиб бўларканми? Эрталаб, отамиз ишга кетаётиб, бир дунё ишларни топшириб кетарди. Эртароқ битириб, дарёга бориб, балиқ овламоқчи бўлардигу, қўшнимиз Сарви холанинг таънасидан қўрқардик: «Инсоф борми сизларда ўзи? Бедаларинг аллақачон ўриладиган бўлиб ётибди, қаёққа кетяпсизлар?»

Унинг бизга умуман қариндошчилиги йўқ. Сизнинг беда билан нима ишингиз бор, деб хафа бўлардик. Умуман, қишлоқдаги барча катталарнинг гапи биз учун ёзилмаган қонун эди. Кимгадир салом бермай кетсак, кечқурун ота-онамиздан дакки эшитардик. Қизларнинг биронтаси очиқ-сочиқ кийиниб кўчага чиқолмасди. Биринчидан, ота-онасини иснодга қўйган ҳисобланса, иккинчидан, маҳалланинг қарияларидан дакки эшитишардида...

– Ер ёрилмадию, кириб кетмадим, – дерди онам раҳматли. – Фароғат опангга салом бермабсанку...

– Сизчи, болалигингизни унутмадингизми? – сўрайман Аҳмаджон акадан.

– Ойим хирмонга кетаётиб, бизни олиб кетарди. Биз, уч ака-ука қувониб, маза қилиб ўйнар эканмиз, деб ўйласак, у ердаги аёллар қўлимизга курак бериб, буғдой ташитарди. Аввалига «бизга бу ишни буюришмаган», деб қутулмоқчи бўлдик. Аёллардан бири койиб берди: «Ҳадемай тушлик берилади. Овқат енглар, деб буюришмай қолса, очдан оч юраверасизларми? Буюришмаган эмиш...» Ишлаётган аёллар бизга маъноли қараб, кулиб қўйишади. Бизга бундан оғир жазо йўқ эди. Шу-шу онамизга ёрдамчи бўлиб кетганмиз. Қандайдир ғайрат-шижоат, куч-қувват қуйилгандай эди шу пайтларда бизнинг билакларимизга. Қош қорайгунча тиним билмай ишлардик. Ҳозирги болаларда шу ғайрат-шижоатнинг бир қисмини ҳам кўрмаяпмиз. Нега? Чунки, болаларимизни иссиқхонада ўсаётган кўчатдай асраб-авайлаяпмиз. Қор ёғадиган бўлса, биз, болалар навбатма-навбат уни кураб, ҳовли ва кўчани тозалаб қўярдик. Ҳозир, эътибор берган бўлсангиз, уйланган болалари уйда ухлаб ётадию, ёши бир жойга бориб қолган ота қор кураб юради. Ерни ҳам ўзлари тайёрлаб, экин экишади, болаларининг мол билан иши йўқ. Чунки, тарбия амалда эмас, сўзда бўляпти, холос. 

– Бўш вақтимиздан қандай фойдаланганимизни айтиб берай, –суҳбатимизга қўшилади Тўлқин ака. – 4-5 чақирим яёв юриб, қишлоқ клубига борардик. Тасаввур қилиб кўринг, кечки қишлоқ, подадан келган молларни жойлаб, ювиниб, бир гуруҳ бўлиб, кино кўришга кетяпмиз. Йўлнинг икки тарафига қайрағоч экилган, нариги томони – буғдойзор, қушларнинг чуғур-чуғури... Клубга яқин қолганда уйлар атрофидаги гулларнинг ифори... Буларнинг барчаси кинога муқаддимадай ажойиб бир кўриниш эди. Бирон соатдан кейин яна шу йўлдан уйга қайтардик, ой ёғдусида қишлоқ янада жозибалироқ кўринарди. Такрори йўқ онлар эди...

– Биз кўп китоб ўқир эдик, – деди яна бир суҳбатдошимиз, шоира Зулкарам Рўзиматова. – Қаҳрамонларга ҳавас қилардик. Улар каби, улардан яхшироқ бўлишга интилардик. Отабек, Кумуш, Анвар, Раъно ёшларга ибрат эди. Ҳозирги ёшлар кимдан ибрат оляпти, бу ёғи бизга қоронғу. Шаҳарга кетиб қолганларнинг дам олиш пайтида қишлоққа келиб, жаннатга келгандай бўлдим, деб, завқу шавққа тўлишида ҳам чуқур мазмун бор.

Француз олими Жан Дорст тадқиқот олиб бориб, шаҳарда қишлоққа қараганда руҳий касалликларнинг анча кўплигини аниқлаган.

Бир куни кузда шаҳарга кўчиб кетган синфдошимникига бордим. Беш ёшли ўғли:

 – Дада, кўзимни юмсам, гилослар кўриняпти. Келинг, сиз ҳам юминг, қишлоқни кўрасиз, – деб қолди. 

– Шу ўғлимнинг қишлоқдан кетгиси келмади, – деди синфдошим. – Мен ҳам қишлоғимга қайтиб кетишга қарор қилдим.

Шу пайт телевизорда қишлоқ ҳақидаги қўшиқ янгради:

Кўнглимга орзулар солган қишлоғим, 

Олис-олисларда қолган қишлоғим. 

Келиб қоларми, деб ҳар саҳар, ҳар шом 

Кўзлари йўлимда толган қишлоғим.

Бир илмий китобда ёзилишича, Америкадаги қишлоқда қорамоллар орасида сил эпидемияси тарқалибди. Ҳеч қандай дори кор қилмабди. Олимлар фермерларга касал молларни бошқа, табиий яйловга олиб бориб ёйишни тавсия қилишибди. Кўп ўтмай моллар тузалиб кетибди ва эпидемия тўхтабди. Аниқланишича, сунъий яйловда қорамоллар учун зарур бўлган микроэлементлар етишмаган экан. Одамларнинг овқатланишида ҳам шундай қонунийлик бор. Шаҳарда яшаётган бир оилада тўрт фарзанднинг боши касалдан чиқмади. Шифокорлар уларга қишлоқда яшашни тавсия қилишди. Улар она қишлоғига кўчиб боришди ва шундан бери болалари бирон марта ҳам касал бўлмади. 

Шифобахш гиёҳлар ҳам қишлоқда ўсади, шаҳарда эмас. Яқинда Тўлебий туманида қимиз билан даволаш маскани очилди. Бу ерда сунъий дориларнинг нафи тегмаган беморлар дардига шифо топишмоқда, уйга куч-қувват олиб қайтишмоқда. 

Қишлоқда табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховати намоён бўлади, у қадриятларимиз бешиги, халқимиз ҳаёти, умр мазмунини кўрсатувчи кўзгу. Бунинг учун сенга таъзим, она замин!

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли, 2018-01-30, 09:10
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.