26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
"Z" авлоди. Центениаллар. Ёхуд, кимни тарбиялаётганингизни биласизми?

Ҳозирги ёшлар ўзгачароқ. Ҳақиқий олам билан виртуал оламни ажрата олишмайди. Шу икки олам орасида яшашади, гўё. Ҳар қадами турли хил гаджет ва иловалар билан чамбарчас боғлиқ. Уларсиз ҳаётни тасаввур қила олишмайди. Қўлларида смартфон, қулоқда наушник. Китоб ўқийдиганларини топишнинг ўзи амри маҳол. Бирор нарсага узоқроқ зеҳн қўйиши қийин. Лекин ёш бўлишига қарамай кўп нарсани тушунади.

Мана шу “ўзгаришларни” балоғат ёшига тўлган ва ундан кичикларда кузатиш мумкин.

Сиз ўз фарзандингизда юқорида аталган ҳолатларни кузатганмисиз? Эътибор бериб қаранг. Сиз, “центе­ниал”ни тарбиялаяпсиз. Бошқача қилиб айтганда, фарзандингиз «Z»  авлодига мансуб индивиддир. 

“Центениал” – бу диагноз эмас. Бу ҳақорат ҳам эмас. “Центениал” – авлод. Америка олимлари Уильям Штраус ва Нил Хоу томонидан таклиф этилган “авлодлар наза­рияси”да 2000 йилдан кейин дунёга келган авлодга мана шундай ном берилган. “Центениал” атамаси инглиз тили­дан таржима қилганда “100 йил яшайдиганлар” деган маънони анг­латади. Инсон ҳаё­ти учун зарур шароитларнинг яхши­ланиши боис олимлар ХХI асрда одамларнинг ўртача умр ёши 100 йилни ташкил этади, деб гумон қилишмоқда.

Олимлар назарияни ишлаб чиқиш давомида 1854 йилдан 1991 йилгача яшаган одамлар ҳаётини ўрганиб чиқиб, шу вақт оралиғида инсонлар умри давомида содир бўлган воқеа­лар ва шароитларга қараб ҳар бири 20-25 йилдан ташкил топган авлодларга бўлишган. Назария бўйича ХХ асрдаги авлодлар: 

1. “GI” авлоди (Ғолиблар авлоди) – 1900-1923 йилларда туғилганлар. 1905, 1917 йиллардаги инқилоб ва колхозлаштириш даврида шакл­ланганлар.

2. Индамаслар авлоди – 1923-1943 йилларда туғилганлар. Ста­линча қатағон, иккинчи жаҳон уруши ва урушдан кейинги давлатни кўта­риш даврида шаклланганлар.

3. Беби-бумерлар авлоди – 1943-1963 йилларда туғилганлар. Бу авлод вакиллари космосни ишғол этиш, совуқ уруш ва илм-фаннинг ривожи даврида вояга етганлар.

4. “Х” авлоди (Номаълум авлод) – 1963-1983 йилларда туғилганлар. Совуқ уруш, қайта қуриш, СПИД, гиёҳванд моддалар ва Афғон уруши даврида шаклланганлар. 

5. “Y” авлоди (Миллениум авлоди) – 1983-2000 йилларда туғил­ганлар. СССР тарқалиши, те­рактлар, рақамли технологиялар такомиллашуви дав­рида шакллан­ганлар.

Ва, ниҳоят “Z” авлоди ХХI асрдаги илк авлод ҳисобланади. 

Демак, қаҳрамонларимиз центе­­­­ниаллар, Миллениум авлоди вакил­лари уларнинг ота-оналари, баъзи ҳолларда ака-опалари, “Х” ва Беби-бумер авлодларининг аъзолари эса бобо-момоси бўлиб келади. Бу­­­­­­­­­­­­­­­­­­гун­ги жамиятимиздаги ёши улуғ ав­­лод вакиллари бўлиб индамаслар саналади. 

Табиийки, ҳар бир авлод вакил­лари ёшлик даврларида рўй берган ҳодиса ва сиёсий жараёнларга муво­­фиқ шаклланиб, уларнинг харак­тер­лари, муносабатлари, олдига қўй­ган мақсадлари ҳам шунга яраша ўз­гача бўлади. Буни жамиятдаги инсонларга қараб туриб англаш мумкин.

Фарзанд тарбияси борасида майда-чуйда нарсалар бўлмас­лигини ҳисобга олган ҳолда, бу на­зарияда келтирилган масалаларга ҳам яхши­­­­лаб назар солиш керакка ўх­шайди. Чунки замона зайли, тех­нологиялар, илм-фан ривожи даврида ташқи омиллар таъсирида, шаклланган ёки шаклланаётган ёшларни кечаги куннинг талаблари асосида тарбиялашнинг охири ёмон бўлиши мумкин. 

Боланинг қўлидаги смартфон ёки планшетларни олиб қўйишдан кўра, турли гаджетлардан фой­­­­­даланиш маданиятини шакл­лантириш тўғрироқ бўларди. Янги технологиялар ёр­да­мида вақт­дан унумли фойда­ла­ниш, иш унум­дорлигини ошириш йўлларини ўргатиш зарур. Чунки рақамли технологиялар ривожи даврида шакл­ланган ёшларнинг қобилияти ҳам шунга яраша. 

Разм солиб қарасангиз, бугунги ёшларнинг, яъни Z.ларнинг қад­риятлари ҳам катталарникига қара­­ганда ўзгачароқ. Улар турли урушлар ва террор ҳужумлари даврида яшаётгани боис, тинчлик тарафдори, хотиржамликни се­ва­диган бўлишади. Ёшликдан тад­биркорликка яқин ва бир вақт­нинг ўзида бир неча ишнинг удда­сидан чиқа олишади. Ўз олдига олий мақсадларни қўйишдан қўрқ­май­дилар. 

Энг эътиборлиси, зарарли нарса­лардан узоқ юриши. Кўп маротаба “бугунги ёшлар ичмайди, тамаки чекмайди” – деган иборани эшит­ганмиз. Бу ҳақиқатан ҳам шундай. Центениаллар спиртли ичимликлар ичиш, тамаки чекиш, наркотик мод­­­даларни қўлланишни кўп ҳол­лар­да ўзларига эп кўрмайдилар. Бу хислатни кучайтириш керак. 

Центениалларнинг яна бир яхши хусусияти, бу – минимализмни хуш кўришларидир. Дабдабабозлик улар учун бегона тушунча. Арзон, ле­­кин сифатли товар сотиб олиш тараф­доридирлар.

Кўп ҳолларда ота-оналарнинг фарзандлари қилган ишлардан кўн­гиллари тўлмаслигининг гувоҳи бўла­­­­­миз. Бу масаланинг ечимини ҳам ушбу назариядан топишимиз мум­кин. Юқорида бугунги ёшларнинг кўламли ахборотни қабул қилишга тоқатсизлигини айтиб ўтдик. Ил­мий тадқиқотлар бу фикрнинг рост­­лигини далиллади. Ҳозирги ёш­ларнинг мияси 8 дақиқадан ортиқ ахборотни қабул қилишга қийналади. Шунинг учун ҳам кино ва клипларда кадр­ларнинг тез-тез алмашиб тури­шини кузатиш мумкин. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам шу қоидага мувофиқ иш юритишга кўчишган.

Центениалларнинг мияси ҳар қандай юмушни бажаришга мўл­жалланган қисқа алгоритмлардан ташкил топган, дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам болангизга уму­мий қилиб чой дамлаб келишни буюргандан кўра: “Болам, сув қайнатиб, катта чойнакка кўк чой солиб, дамлаб, новвот би­лан дастурхонга олиб кел”, – деб буюрсангиз, топшириғингиз сиз кутгандай бажарилади. Ҳар­қалай, чой дамлаб новвот ёки қандни ўзи билиб олиб келмаган фарзандингизни койиш ўрнига, топшириқни пухта ту­шунтириб, ўзингиз хоҳлагандай “ширин” чойин­гизни ичганингиз маъқул.  

ХХ асрдаги ўзга авлод вакил­ларидан фарқли ўлароқ, центе­ниаллар ҳали ҳам шаклланиш жараёнидадир. Уларнинг олдига қўйган мақсадлари қай даражада амалга ошишини вақт кўрсатади. Энг асосийси, бу авлод вакилларини ўзимиз тарбиялаётганимизни унут­маслигимиз керак. 

Алишер СОТВОЛДИЕВ., 2018-01-30, 10:26
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.