26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Вилоят миқёсидаги эссе танловининг НИЗОМИ

1. Умумий қоидалар

1.1. Ушбу Низом танловнинг талаблари ва тартиби, муддати ҳамда иштирокчиларини белгилаб беради.

1.2. Вилоят миқёсида қўшимча 1-иловада тавсия қилинган мавзулар бўйича сиртдан эсселар танловини (матн давомида – Танлов) Жанубий Қозоғистон вилоят методика кабинети ҳамда “Жанубий Қозоғистон” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ўтказади.

1.3. Танловда вилоятдаги умумий таълим муассасаларининг битирувчи синф ўқувчилари қатнашадилар.

2. Танловнинг мақсади 

- эссе ёзиш бўйича ўқувчиларнинг маҳоратини ошириш, яхши материалларни тарғиб этиш;

- ўқувчилар орасида ижод билан шуғулланувчи ёшларни аниқлаш ҳамда уларни рағбатлантириш.

3. Танловни ўтказиш тартиби ва муддати

Танлов 2017 йил 19 май куни ўтказилади.

4. Танловни ўтказиш шартлари

4.1. Танловда иштирок этиш учун буюртманома (Намунага мувофиқ), эссе материаллари (электрон турда) 2017 йилнинг 18 майигача қабул қилинади.

4.2. Танловга тавсия қилинган материалларга фикр билдирилмайди ҳамда улар қайтарилмайди.

4.3. Кўрсатилган муддатдан кейин келган материалларни танлов комиссияси текширмайди ва қайтармайди.

4.4. Танловда иштирок этувчилар таркиби буюртмаларга асосан тузилади.

4.5. Ишни расмийлаштириш талаблари.

Эссе ҳар хил турда ёзилиши мумкин (тавсифловчи эссе, мулоҳазали эссе, умумлаштирувчи эссе, аргументли эссе ва эркин мавзудаги эсселар).

4.6. Материаллар электрон турда тақдим этилади.

Ҳарф ўлчови –14, интервал – 1,5, формат – А4, ҳажми – 200-250 сўз.

Эссенинг мазмуни ва имлоси балл тизими билан баҳоланади.

Баҳолаш мезонлари:

* мазмуннинг теранлиги ҳамда фикрларнинг ишончлилиги;

* ўқувчининг эссе мавзуси бўйича ўз фикрини аниқ билдириши;

* эссенинг композициявий яхлитлиги ҳамда мантиқий берилиши;

* имло меъёрларини сақлаш;

* тиниш белгилари меъёрларини сақлаш;

* грамматик меъёрларни сақлаш;

* сўзлаш меъёрларини сақлаш.

5. Танловни ўтказиш ҳамда уюштиришга раҳбарлик

Танловга умумий раҳбарликни Ташкилий қўмита амалга оширади. 

Ташкилий қўмитанинг манзили: Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй (эл.почта – janubiy@inbox.ru), 4-қават, “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетаси.

6. Тақдирлаш ҳамда танловни якунлаш

6.1. Танлов натижалари бўйича ғолиблар, совриндорлар ҳамда номинантлар аниқланади.

6.2. Ғолиб I даражали, совриндорлар II, III даражали дипломлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар. Номинантларга “Учқур фикрли ўқувчи”, “Изланувчан ўқувчи” номинациялари берилади.

Намуна

Вилоят сиртдан эссе танловида иштирок этиш учун ариза

Танлов иштирокчисининг исми-шарифи_______________________

Танлов иштирокчиси ўқийдиган мактабнинг номи_____________________

Туғилган куни, йили, ойи_____________________

Манзили_____________________

Электрон почтаси____________________

Эслатма: Ариза билан бирга иштирокчи гувоҳномасининг кўчирмаси ҳам юборилиши лозим.

 

1- илова

Ўқувчилар учун тавсия этиладиган ижодий эссе мавзулари

1. Меҳр-муҳаббат – боқий туйғуми?

2. Она тилида айтилган қўшиқ ёки алла гўдакка маънавий озиқ сифатида сингиши мумкинми?

3. Сизнингча, қандай бойлик афзал?

4. Сўз – қудратли қуролми?

5. Мақсад – келажакка пойдеворми? 

6. Дўстга садоқат – олий фазилат. 

7. Инсон ўз Ватанидан олисда бахтли яшай оладими? 

8. Оила – жамиятнинг зебу зийнати. 

9. Эркка интилувчи инсонни енгиб бўлмайди. 

10. Ҳеч бир эзгулик мукофотсиз қолмайди. 

11. «Қўрқоқ юз ўлади». Бу фикрга сизнинг муносабатингиз қандай? 

12. Китоб маънавий хазина, беминнат дўст бўла оладими? 

13. Муваффақият калити тинимсиз изланишдами?

14. Инсон ҳаётида ёшликнинг аҳамияти қандай?

15. Улуғларнинг ҳаёт тарзи биз учун ибрат. 

16. Отага тик боқма...

17. «Инсон ўз тақдирини ўзи яратади» деган фикрга муносабат билдиринг. 

18. Машаққатли ҳаёт инсонни тоблайди.

19. Табиат гўзаллигидан баҳрамандлик бахтдир. 

20. Илм – чегара билмас.

21. Биз Она табиат гўзалликларини асрай оляпмизми? 

22. Истеъдод меҳнат билан камолга етадими?

23. Адолат учун курашган инсон эъзозга лойиқ. 

24. Сизнингча, миллий урф-одатларнинг янгича тус олгани маъқулми ёки асл ҳолича қолгани дурустми? 

25. Сизнингча, «Бахт» нима? Далиллар асосида ўз фикрингизни ёзинг.

Ўқувчилар учун тавсия этиладиган адабий эссе мавзулари

1. Халқ достонларига хос бўлган асосий хусусиятлар ҳақида қандай хулоса чиқара оласиз?

2. “Мантиқ ут-тайр” асарининг ёш Алишер келажагига таъсири бўлдими? Фикрингизни далилланг.

3. Чўлпоннинг «Кўнгил» шеърини эрк йўлидаги кураш воситаси дея оласизми? 

4. Фарҳод – комил инсонми? (Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достони асосида).

5. Абдулла Қодирий ўзининг Туркистон тақдири тўғрисидаги аламли фикрларини нима учун Юсуфбек ҳожи орқали тасвирлаган деб ўйлайсиз?

6. Бешак билинг, бу дунё барча элдан ўтаро,

 Инонмагил молингга, бир кун қўлдан кетаро мисраларида Аҳмад Яссавий инсонга хос бўлган қандай маънавий жиҳатларни назарда тутган деб ўйлайсиз? 

7. Сизнинг фикрингизча, шоир нима мақсадда қўшиқ жанрига мурожаат қилган? (Ҳамзанинг «Миллий ашулалар...» туркуми асосида).

8. Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Не ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

 Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди. Бобурнинг «Ҳинд сори» бориши унинг «хатолиғ»ими? 

9. Хожа ҳикояларида подшоҳнинг бир соат адолат қилганининг савоби барча нарсалардан ортиқлиги таъкидланади. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

10. Меҳнату аламларга мубтало Увайсийман,  

Қайда дард эли бўлса, ошно Увайсийман, деб бошланувчи ғазали шоиранинг ижтимоий-тасаввуфий қарашларини белгилайдими? (Увайсийнинг «Увайсийман» радифли ғазали асосида).

11. Маънавияти юқори бўлган Отабек Кумуш ўлимида айбдорми? (Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романи асосида). 

12. Сизнинг фикрингизча, достонда Алпомишнинг ғолиб бўлиб, халқ қаҳрамонига айланишининг сабаби нимада? («Алпомиш» достони асосида).

13. Сиз қандай ўйлайсиз, Машраб ижодидаги исёнкор туйғуларнинг асл сабаби Яратганга муҳаббатми?

14. Сиз Алпомиш тимсолидаги қайси хусусиятнинг ҳозирги ёшларда бўлишини хоҳлар эдингиз? («Алпомиш» достони асосида).

15. Алишер Навоийнинг: 

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай, 

Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай матлаъли ғазалини инсоний қадриятлар ифодаси дея оласизми?

16. Нодиранинг «Эҳтиёж азиз кишини хор қилади» деган фалсафий фикрига муносабатингизни билдиринг. (Нодиранинг «Қилма зинҳор эҳтиёж» ғазали асосида).

17. Навоий орзусидаги инсоний меҳр-оқибат ва саховат бугунги кунда рўёбга чиқди деб ўйлайсизми? (Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» достони асосида).

18. Ҳалима Худойбердиеванинг «Дориломон кунлар келди» шеъри онага нисбатан фарзандлик муҳаббатининг ифодасими? 

19. Абай «Қора сўз»ининг қиммати унинг фалсафийлигида.

20. «Турди Фароғий хонликлар даврининг серғалва лавҳаларини бадиий адабиётга олиб кирди». Сиз бу фикрга қўшиласизми?

21. Ҳикояда тасвирланган чўпон ва унинг аёли сизда фахр уйғотадими ёки хижолат бўласизми? (Шукур Холмирзаев. “Ўзбеклар” ҳикояси асосида).

22. «Қутадғу билиг» достонида шоир асар марказига Кунтуғди тимсолини қўйишини қандай баҳолайсиз? (Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг» достони асосида).

23. Оҳу – эркка талпинган инсоннинг рамзий тимсоли. (Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд» мусаддаси асосида).

24. Бу ёруғ дунё надур? 

Кошонадур, вайронадур, 

Сенга меҳмонхонадур, 

Меҳмон ўзинг, мезбон ўзинг, мисралари орқали шоир инсон зиммасига нималарни юклаяпти деб ўйлайсиз? (Эркин Воҳидовнинг “Инсон” ғазали асосида).

25. Муниснинг чин дўст ҳақидаги қарашларига ўз фикрингизни билдиринг.

 

, 2017-05-12, 11:33 853
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.