26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Абдурасул Абдужабборов: “Ҳамкорлик – юксак самара гарови”

Сўнгги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий алоқалар муттасил кенгайиб бораётгани сир эмас. Икки мамлакат олий раҳбариятининг самарали мулоқоти ортидан ўзаро савдо алоқаларини юксалтириш вазифаси қўйилган. Бу мақсадга эришишда Қозоғистондаги Ўзбекистон билан ҳамкорликда тузилган қўшма корхоналарнинг ҳиссаси катта. Қўшни мамлакатнинг “Артел”, “Равон” ва бошқа савдо брендлари Қозоғистонда кенг танилиб улгурди. "Berry export trade" СУ МЧБ ҳам бу қатордан муносиб ўрин олиш йўлида самарали меҳнат қилмоқда.

Бугун биз мазкур корхонанинг директори Абдурасул Абдужабборов билан суҳбатлашдик. А. Абдужабборов 1980 йилда Сайрам туманида туғилган, олий маълумотли, ихтисоси: молия ва иқтисод.

Сўнгги йиллардаги икки мамлакат раҳбарларининг учрашувлари корхонангиз ишига қандай таъсир кўрсатди?

– Иш бошлаганимизга кўп вақт бўлмади. Асосий вазифамиз – Ўзбекистон ва Қозоғистон истеъмолчилари, корхоналари ўртасида кўприк бўлиш. 2016 йил самарали кечди. Йил якунларига кўра 60 фоиздан зиёд ўсишга эришдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган сиёсати мевасини бермоқда. Мамлакатлараро иқтисодий муносабатларнинг чуқурлаша бориши туфайли, таҳлилларга кўра, бир неча йиллар ичида ҳар иккала мамлакатга катта фойда келиши кутилмоқда. Абдуҳошим Абдуллаев раҳбарлик қилаётган “Ўзкимёсаноат” ҳиссадорлик жамияти, илк қадамларини Рустам Нажмиддинов билан бирга қўйган “BERRY EXPORT TRADE савдо уйи” ҳам бу жараёнда баҳолиқудрат иштирок этмоқда. 

– Корхонанинг 60 фоизи “Ўзкимёсаноат” ҳиссадорлик жамиятига қарашли. Бу Қозоғистонга олиб кирилаётган маҳсулот турларига таъсирини кўрсатса керак?

– Ҳа, биз Ўзбекистондан асосан химия саноати маҳсулотларини келтирамиз. Уларнинг орасида минерал ўғитларнинг улуши катта. Қозоғистоннинг 7та вилоятида маҳсулотимиз сотилади. Натижада, Жанубий Қозоғистон, Жамбил, Алмати, Павлодар, Астана ва бошқа минтақаларда фаолият юритаётган деҳқонларнинг мўл ҳосил олишларига имконият яратилмоқда. Меҳнатидан барака топган деҳқон, даромади юқори қишлоқ эса мустаҳкам иқтисоднинг таянчи.

Сармоядорларга яратилаётган имкониятлар туфайли, Қозоғистонда етиштирилган маҳсулот бугунги кунда Европа, Россия, Хитой, Туркия бозорларини эгалламоқда. Таннархи арзонлиги ва, энг муҳими, маҳсулдорлиги сабабли минерал ўғитларимиз агросаноат мажмуаси юксак суръатларда ривожланаётган Қозоғистонга манзур бўлмоқда.

– Ваҳоланки, мамлакатимизда валюта маблағларининг хорижга кетиб қолаётганидан хавотир олаётганлар ҳам бор...

– Ташвишингизни тушунамиз. Жаҳоннинг кўп бозорларида жиддий муаммолар мавжуд. Энг улкан рақобат айнан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳасида кузатилади. Сўнгги ўн йил ичида бу борада нафақат нархлар кўтарилиши, балки, аксинча пасайиши кузатилмоқда. Фаолиятимизнинг ўзига хослиги – биз Қозоғистонда олинган даромаднинг асосий қисмини Ўзбекистонга экспорт қилишга сарфлаймиз. Мамлакат бозорларида барқарор нархлар сақланиб туришида бизнинг ҳам хизматимиз борлигини айта оламиз.

Гап шундаки, Қозоғистон ва Ўзбекистон иқтисодиёти кўп жиҳатдан бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистонда мавжуд бўлган кўплаб маҳсулотлар Қозоғистонда йўқ, ва аксинча. Биз ушбу мамлакатга нафақат маҳсулот олиб келамиз. Айни вақтда дон ва дон маҳсулотлари, картошка ва бошқа маҳсулотларни Ўзбекистонга экспорт қилиш билан шуғулланамиз. 

Деҳқонлар етиштирган маҳсулотларини яхшигина фойда билан сотмоқда. Бу эса келгуси йилда ҳам кўнгилни тўқ қилиб, уруғ қадашга имкон беради.

Бунинг эса ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам сиёсий аҳамияти мўллиги сир эмас.

– Қозоғистонда бугунги кунда маҳаллий саноатни ривожлантириш бобида ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Ўзимизда ишлаб чиқаришнинг ривожланиши бозорингизни касод қилиши мумкинми?

– Бозор иқтисодиётида ҳамма нарса мумкин. Аммо унинг нишабини белгиловчи қонуниятлар ҳам бор. Шулардан бири – таннарх масаласи.

Халқимизда “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган мақол бор. Бепоён Қозоғистонда химия саноати ҳам жадал суръатларда ривожланиб бормоқда. Чунончи, Ғарбий Қозоғистонда минерал ўғитлар ишлаб чиқарилмоқда. Аммо Шарқий Европа мамлакатлари, Россияда унинг маҳсулоти қадрланиши туфайли, завод кўпроқ ёнгинасидаги бозорларга чиқмоқда. Айни вақтда Ўзбекистон заводлари Қозоғистон билан ёндашгани импортга қулай имконият яратади. Сифати Қозоғистоннинг маҳсулотидан қолишмайдиган маҳсулотни Европада эмас, Қозоғистонда сотиш (ўртадаги масофалар туфайли) Ўзбекистон учун анча фойдалироқ. 

Айни вақтда, кимёвий саноат учун хомашё ҳамма мамлакатда ҳам топилавермайди.

– Демакки, сизнинг фаолиятингиз Қозоғистон давлати учун ҳам фойдали...

– Ҳа, мамлакатда олиб борилаётган сиёсат, жаҳоннинг 30та пешқадам мамлакати қаторига кириш учун кўрилаётган тадбирлар, айни вақтда, сифатли маҳсулотлар импортини ҳам рағбатлантиради. Кези келганда, айтиб ўтиш жоиз, Қозоғистон Ҳукумати ўғитларимиздан фойдаланаётган деҳқонларга харажатининг 50 фоизини субсидия сифатида давлатдан қайтариб олиш имкониятини яратган. Барча харидорларимизга бунинг учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб берамиз. Натижада, “Қозоғистонда тайёрланган” брендига оид қишлоқ хўжалик маҳсулотлари таннархи янада пасаяди. Бу эса қўшимча даромад, инвестиция имконияти ва фаровонлик дегани.

– Қозоғистон Президенти ўз Мактубида ривожланишнинг янги имкониятларидан фойдаланиш вазифасини қўйди. Кун тартибидаги масалаларнинг бири – янги технологиялардан фойдаланиш.

– Бугунги кунда биз идорамизни вилоят марказидан Сайрам туманига кўчирдик. Сабаблари кўп, шулардан бири – янги технологиялар, айниқса, коммуникациялар соҳасида, жисмонан марказда бўлиш заруратини деярли йўққа чиқарди. Бевосита туманларда ишлаш эса истеъмолчиларимиз “нафаси”ни ҳис қилишимизда қўл келмоқда. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати, қишлоқ аҳлига берилаётган имтиёзлар, ва яшириб нима қиламан, қишлоқ жойдаги нарх-наводан тортиб экологик вазиятгача бизга мақбул келди.

Айни вақтда, замон талабидан келиб чиққан ҳолда “Ўзкимёсаноат” ҳиссадорлик жамияти корхоналарида сўнгги кашфиётлардан фойдаланиб, маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Масалан, замон билан ҳамнафас технологиялардан фойдаланиш учун техника воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Томчилатиб суғоришга мўлжалланган материаллар – шулар жумласидан. Нархи жиҳатидан Хитой, пишиқлигидан жаҳон андазаларига мувофиқ маҳсулотга талаб катта.

Яна бир янгилик – Самарқандда чиқарилаётган NPK ўғити. Унинг таркибида ҳам азот, ҳам фосфор, ҳам калий бор. Дала синовлари унинг ёрдамида етиштирилган карамнинг одатдагидан 40 фоизгача баракалироқлигини, 7-10 кун барвақт етилиши ва харидоргирлигини кўрсатди.

Ёки “Навоийазот” ҳиссадорлик жамиятида чиқарилаётган сунъий толани олиб кўрайлик. Уларнинг Қозоғистонда оёққа тура бошлаган тўқимачилик саноати учун аҳамияти катта. Арзимаган пулга сотиб олинган тола газлама ёки гиламлар шаклида бозорга чиқиши туфайли ҳам корхоналарга иш ўрини, ҳам корхона соҳибларига даромад, давлатга эса кирим манбаи бўла олади.

“Ўзкимёсаноат” корхоналари айни вақтда ҳар бир оила учун зарур маиший маҳсулотлар ҳам чиқармоқда. Масалан, бизда ишлаб чиқарилган йўргакликлар (памперслар) ҳар жиҳатдан қулайлиги, дунё андазаларига мослиги, экологик хавфсизлиги билан ажралиб туради. Уларнинг яқин вақтда Қозоғистон бозорига кириб келиши кутилмоқда.

– 2018 йилги режаларингиз ҳақида ҳам икки оғиз гапириб ўтсангиз.

– Жорий йилда маҳсулот алмашиш кўламини янада ошириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун корхонамизда ҳам, бош муассисимиз – “Ўзкимёсаноат” ҳиссадорлик жамиятида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, химия саноати корхоналари маҳсулотлари экспортини кенгайтириши мўлжалланган “Ўзкимёимпекс” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Ташкилотчилиги билан танилган Зафар Хўжаев раҳбарлик қилаётган жамоа халқаро маркетинг имкониятларидан фойдаланган ҳолда экспорт ҳажмини ошириш борасида қатор янгиликларни жорий этиш ниятида. Шунингдек, Қозоғистон бозорига янги маҳсулотлар олиб кириш мўлжалланган.

– Бу режаларнинг қандай амалга ошаётганини келгуси суҳбатларда айтиб беришингизга ишонамиз. Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Абдумалик САРМОНОВ суҳбатлашди, 2018-01-30, 10:37 188
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.