26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Атом қаърига зеҳн солган олим

Бундан минг йиллар илгари ўз умрини бутунлай илмга бағишлаган буюк олимлар: Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал Форобий, Ал Хоразмийлар яшаб ўтган. 

Шу буюк олимлар каби илм-фанга, ихтироларга ўз ақл-заковатини, куч-қудратини тўлиқ бағишлаган академик Раҳим Бекжонов ҳақида мақола ёзишни ният қилиб қўйгандим, мана мавриди энди келди...

Раҳим Бекжонов 1930 йили Чимкент шаҳрининг Паркент маҳалласида туғилган. Бизнинг уйимиз ҳам шу кўчада эди. Улар бизга қўшни эдилар. Раҳим ака отасини кўрмаган, у болалигида вафот этган. Шу сабабдан уни онаси ва тоғаси Шокир деҳқон тарбиялаган. 

Раҳим Бекжонов 1938-1942 йиллари Улуғбек номли етти йиллик мактабда ва 1945-1948 йиллари “КИМ” ўрта мактабида таълим олган. 

Улуғ Ватан уруши йилларида Раҳим ака ўқимаган, катталар қатори ишлаган. Лекин билимга чанқоқ бола 6-7-синф дарсликларини мустақил ўқиб-ўрганган. 

1948 йили мактабни тамомлаган саккиз нафар йигит-қиз олий ўқув юртларида ўқишни давом эттириш учун Тошкентга йўл олади. Аммо моддий етишмовчилик туфайли Раҳим ака уларнинг орасида йўқ эди. У ҳужжатларини дўстларидан бериб юборади. Баҳоларини кўрган домлалар университетга ўқишга қабул қилишади. Сентябрь ойидан Ўрта Осиё давлат университетида ўқишни бошлайди. 

У талабалар орасида билими ва интизоми билан ажралиб турарди. Шу боисдан учинчи курсга ўтгач, 1953 йилдан Ўзбекистон Фанлар академиясининг физика-техника институтида лаборант бўлиб ишлайди. 

1954 йили университетни тамомлагач, Москвадаги физика-техника институти аспирантурасига қабул қилинади. 

Унга юклатилган вазифалардан бири космик нурлар билан боғлиқ эди. У Арманистон Фанлар Академиясининг лабораторияларида ва физика институтида фаолият юритади. 

Аспирантлик йиллари Р. Бекжонов Арманистоннинг таниқли олимлари А. И. Алиханян ва А. И. Алихановлар билан яқин муносабатда бўлиб, улардан кўп нарса ўрганади.

Раҳим Бекжонов Тошкентга келиб, ўзи ишлаган лабораторияда қурилма ва реактор ясаб, улар ёрдамида юқори энергияли ядро физикаси бўйича техника фанлари номзодлик диссертациясини 1958 йили ёқлайди. Шу йилнинг ўзида танловда ғолиб чиқиб, ядровий физика институтининг нейтронлар физикаси лабораторияси раҳбари этиб тайинланади. 

Ўзининг кўп йиллик тадқиқотлари натижасида Раҳим Бекжонов 1966 йили “Ядролардаги электромагнит ўтишлар тадқиқи” мавзуидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилади. 

1967 йили 37 ёшида физика-математика фанлари доктори унвонига сазовор бўлади.

1968 йили профессор унвонига муносиб деб топилади ва Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1989 йили ҳақиқий аъзоси бўлиб сайланади, академик бўлади.

Р. Бекжонов ўз вақтида машҳур физиклар А. И. Алиханов ва А. И. Алиханянлар мактабида таҳсил кўрган шогирд сифатида устозларидан ўша даврда ёш фан ҳисобланган элементар зарралар ва ядро физикаси тўғрисидаги билимни мерос қилиб олади. 

Бу қизиқиш уни тез орада машҳур ва таниқли физик олимлар билан яқин мулоқотга олиб келади. Уларнинг кўпчилиги, шу жумладан академиклар: А. Б. Мигдал, Г. Н. Флёров, И. М. Франк, Я. Б. Зелдович, Б. С. Джелепов, А. С. Давидов, И. В. Вишневский, И. И. Залюбовский, профессорлардан В. Г. Соловьев, К. Я. Громов, М. А. Листенгартен, Б. П. Григорьевлар Раҳим Бекжоновнинг яқин дўстлари эди.

Р. Бекжонов амалиёт даврида машҳур олимлар И. А. Алиханова ва И. А. Алиханянларнинг магнит спектрометри ёрдамида космик нурларнинг асл спектрини, зарраларнинг массасигина эмас, балки уларнинг энергетик тақсимотини ҳам ўлчаш имкониятини кўрсатиб берди. Бу иши устозларини ҳайратда қолдирди. 

Ҳамюртимиз етиштирган олимлар мактаби, ёзган ноёб асарлари ва салмоқли илмий мероси у кишини ҳали ҳаёт давридаёқ ўзига ҳайкал яратган улуғвор шахс даражасига кўтарди. Ушбу фикрнинг далили сифатида биргина Р. Бекжоновнинг дунёдаги энг машҳур бўлган Нобель мукофотига номзодларни танлаш қўмитасига эксперт қилиб танлаб олинганини эслаб ўтиш кифоя, деб ўйлаймиз. 

Р. Бекжоновнинг кўмаги асосида тиббиёт соҳасида ядро физикаси институти олимлари билан ҳамкорликда атом адсарбсион усул ёрдамида камқонлик, саратон ва бошқа кўпгина хасталикларда темир, рух ва бошқа 20дан ортиқ биоэлементлар текширилиб, уларнинг келиб чиқиши ва даволашдаги ўрни аниқланди. Ушбу илмий изланишлар натижалари асосида тиббиёт соҳасида анчагина докторлик ва фан номзоди илмий даражаларини олиш учун диссертациялар муваффақиятли ҳимоядан ўтказилди. 

Р. Бекжонов 300дан ортиқ илмий ишлар яратиб, кўп китоблар нашр қилган. «История ядерной физики Узбекистана», “Переходные атомные ядра”, “Структура деформированных атомных ядер”, “Справочник по ядерной физике”, «Атом, ядро и частицы», «Теория относительности Эйнштейна», «Ядерная физика», «Атомная физика», «Элементарный курс ядерной физики» шулар жумласидан. 

Англиядаги Кембриж Халқаро биография институтида ҳар йили ўн минглаб таниқли кишиларнинг таржимаи ҳоли ўрганилиб, улар ичида энг машҳурлари “ХХ асрнинг энг йирик олимлари” деган махсус китобга ва маълумотномага киритилади. Мана шунга кирган энг ёрқин заковатли шахслардан бири – ҳамюртимиз Раҳим Бекжонов эди. 

Ақшнинг Шимолий Каролина штатидаги Америка биография институти ҳам Р. Бекжоновни “ХХ асрнинг энг машҳур 2000 олими” рўйхатига киритган.

Раҳим Бекжонов 20 йилча Швециянинг Қироллик Фанлар академияси қошидагидаги Нобель мукофотини тасдиқлаш қўмитасида эксперт бўлиб қатнашди. 

Р. Бекжоновнинг физиклар олдидаги хизматлари беқиёсдир. У киши 64та номзодлик диссертациясига раҳбарлик, 20дан зиёд докторлик диссертациясига эса маслаҳатчилик қилган. Унинг шогирдлари Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Арманистон, Украина, Россия, Исроилда илмий ишларини юритиб келмоқдалар. 

Раҳим Бекжонов физика-математика фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, ядро физикасининг асосчиларидан биридир.

У АҚШдаги Нью-йорк академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти ва С. В. Вавилов номли нишон соҳиби, СССР халқ маорифи аълочиси ва буюк ихтирочи эди.

Р. Бекжонов Америка биография институтининг ҳам аъзоси, шу институтнинг қатор диплом ва мукофотларига ва «1999 йил одами» унвонига сазовор бўлган машҳур олимлардан биридир.

Жаҳон олимлари Р. Бекжоновни атом ядроси тузилишига оид ҳозирги замон тасаввурини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли олим сифатида яхши билишади. 

Раҳим Бекжонов 1970-1990 йиллари Тошкент политехника институтида, Ўрта Осиё Давлат университетида, Тошкент педагогика институтида, Тошкент автомобиль-транспорт институтида талабаларга устозлик қилиб, умумий физика ва ядро физикаси фани бўйича дарс беради. 

Раҳим ака ўта камтар, адолатпарвар ва тўғри сўз, ҳалол киши эди. Умр бўйи илм билан шуғулланди. Амал-мартабага интилмади. Мухбир аъзоликдан академикликка 20 йилдан кейин сайлашса ҳам индамади.

Ҳа, атоқли олим фақат ўзининг меҳнатига, олиб борган илмий амалиётларига суянди. 

2000 йилнинг баҳорида Раҳим ака бетоб бўлиб қолди. 70 йиллик юбилейига ўн кун қолганда машъум ўлим уни орамиздан олиб кетди. 

Буюк олим, академик Раҳим Бекжонов оиласига 30дан зиёд хориж олимлари таъзия изҳор қилдилар. 

Р. Бекжоновнинг оила аъзолари оталари йўлидан бориб, оилани олимлар оиласи даражасига етказишди: Умр йўлдоши Мамлакат филология фанлари номзоди. Қизи Раънохон техника фанлари номзоди.

Набираларидан Комилахон техника фанлари доктори, Малика доктарантурада ўқимоқда. Келини Гулруҳ техника фанлари номзоди. Ўғли Отабек Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раҳбари. Куёвболаси Улуғбек Маннонов техника фанлари доктори, профессор. Яна бир ўғли Олимжон – тадбиркор. 

Имконинг борида илмни кўзла, 

Иқболинг калитин билимдан изла.

Тафаккур ёритсин, саодат йўлинг, 

Бободан олганинг боланга сўзла.

Қурвонтой ТОШХЎЖАЕВ, жамоатчи мухбир, 2018-01-31, 21:19 731
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.