26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Табаррук заминга меҳр улашиб...

Сайрамдан чиққан машҳур академик, биология фанлари доктори, профессор Ходимат Махсудов умрини тупроқшунослик илмига бағишлаган заҳматкаш фан арбоби, йирик олим ва таниқли мутахассис эди. 

Унинг болалиги Улуғ Ватан урушининг долғали йилларига тўғри келди. 1943 йилда падари бузруквори Махсуд  Ўтаббой ўғли ҳам фронтга отланади. Онаси Ойшабиби, укаси Шодимат, сингиллари Инобат, Ҳалима ва Раҳималарга ғамхўрлик қилиш, оила тебратиш вазифаси тўнғич фарзанд Ходиматнинг зиммасига тушади. Ҳали суяги қотмаган ўспирин “Победа” колхозида табелчи, сувчи, тракторчи ёрдамчиси бўлиб меҳнат қилади. Чунки, вазият шуни тақозо этарди. Буваси Мираслон ота кўмагида уй атрофидаги бўз ерларга буғдой, нўхот, сувли ерларга эса картошка, пиёз, сабзи экиб, кун кечирардилар.

Айниқса, бувасининг панд-насиҳатлари, ўгитлари бир умр хотирасида муҳрланиб қолади, “Ерни меҳр билан парваришласанг, асло кам бўлмайсан”, деган сўзлари унинг келгуси тақдирини белгилайди. Мактабни тугатгач, Тошкент қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кириб, замин қадрини, ер мулкининг илмий асосларини ўрганади. Талабалик йиллариданоқ илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланади ҳамда М. Панков, С. Рижов, М. Баҳодиров каби йирик тупроқшунос олимлардан сабоқ олади. Ёш йигитнинг ўқишга, илмга қизиқишини пайқаган институт раҳбарияти уни аспирантурага тавсия қилади. Ўзбекистон тупроқшунослик институтининг аспирантурасини тугатиб, 1963 йили номзодлик диссертациясини ҳимоя қилади. 

Ходимат ака тенгдошлари бурчмуллалик Абдували Имомалиев, зоминлик Зокиржон Собиров, жиззахлик Орифжон Комилов, ўшлик Ҳотамжон Самиев билан бирга тупроқшунослик илмининг сир-асрорларини чуқур ўрганади, атрофлича тадқиқ этади ва бу соҳада катта ютуқларга эришади. О. Содиқов, И. Искандаров, М. Умаров каби атоқли академикларнинг издоши бўлиш ва улар билан яқин дўстлашиш натижасида илмнинг сермашаққат йўлидан дадил одимлаб, кўзлаган мақсадига етади. 1983 йили Москвада докторлик диссертациясини ёқлаб, 1990 йили профессор, 1991 йили академик унвонларини олади.

Илмий изланишлари натижасида 200дан ортиқ монография ёзган, қишлоқ хўжалиги учун зарур хариталар тайёрлашда бевосита иштирок этган. 1972-1975 йилларда Жазоир Халқ Демократик Республикасида хизмат сафарида бўлиб, янги ерларни ўзлаштириш, суғориш ва мелиорацияга оид катта амалий ишларни бажаради. Унинг шогирдлари Яман, Сурия, Жазоир, Миср, Эфиопия каби мамлакатларда ҳам фаолият юритишмоқда. 

Ер – халқимизнинг асосий бойлиги. Шуни ёдда сақлаган олим ерни асраб-авайлаш, келажак авлодга экологик тоза, унумдор ҳолатда етказиш борасида баракали ва тинимсиз меҳнат қилди. Олим тупроқ эрозиясига қарши курашнинг янги агротехнологик йўлларини биринчилар қаторида амалда қўллади. Илмий ишлари, асосан, лалми ва суғориладиган, эрозияланган тупроқлар унумдорлигини ошириш, ер ва сув имкониятларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланишга бағишланди. У нафақат Ўзбекистон, балки, МДҲ аграр соҳасининг илмий доирасида ҳам таниқли, юқори савияли, етакчи олим сифатида тан олинган эди. 

Ходимат ака узоқ йиллар Тошкент Аграр университетида талабаларга таълим берди, кўплаб шогирдлар етиштирди. Улар орасида устоз раҳнамолигида етишиб чиққан фан номзодлари ва докторлари ҳозирги кунда ҳам тупроқшунослик фани ривожига баракали ҳисса қўшишмоқда.

Х. Махсудовга 1981 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими”, 2002 йилда “Устоз” фахрий унвонлари берилди, шунингдек, у “Меҳнат шуҳрати”, “Шуҳрат” медалларининг, бир қанча Фахрий ёрлиқларнинг соҳиби эди.

Турмуш ўртоғи Бахтиёрхон ая нафақага чиққунга қадар Ўзбекистон Миллий университетида ишлади. Фарзандлари – Динора Мусаева, Вазирахон Шоэргашевалар олий тоифали болалар шифокорлари, Нигорахон Имомалиева – ўсимликлар генетикаси бўйича юқори малакали мутахассис, биология фанлари номзодидир. Эндиликда невара ва эваралар ҳам турли соҳаларда фаолият юритиб, Махсудовлар сулоласининг муносиб ворислари бўлиб етишмоқда.

Ходимат ака ҳар сафар Сайрамга келганида қадрдон дала ва қирларни кезиб, болалиги ўтган кўчаларда пиёда юришни ёқтирар, ўзи туғилган муқаддас юртнинг азиз авлиёлари қабрини зиёрат қилиб, хокисор одамлари билан узоқ суҳбатлашишни хуш кўрарди. Атоқли ҳамюртимиз 2016 йили оламдан ўтди. 

Юртининг фахрига айланган камтарин ва меҳнатсевар инсон, меҳрибон ва талабчан устоз, ғайратли ва шижоатли шахсга ҳурмат ва эътибор белгиси сифатида ҳамқишлоқлари бирмунча ишлар қилишди. Жумладан, 107-сонли Ю. Сарёмий номли гимназия мактабида ва вилоят музейининг “Сайрам” филиалида унинг ҳаёти ва илмий ишлари ҳақида маълумот берувчи кўргазма-стендлар қўйилган. Бинобарин, Сайрам заминидан чиққан академикларнинг саноқли эканини эътиборга олсак, бажарилган ишлар уларнинг хизматларига муносиб эмасдек. Демак, бу борада ҳали талай юмушлар қилишга бурчлимиз. 

З. МЎМИНЖОНОВ, 2018-02-02, 16:59 181
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.