26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
­­­­Менинг биринчи муаллимим

Истаймизми, йўқми, шу қутлуғ заминда яшаётган инсон зоти бор­ки, она табиат фарзандидир. Бутун мавжудот она табиат мулки, неъматидир. Ками­нани биринчи бўлиб шу табиат сиру асрорларидан воқиф этган ўзимнинг амаки­жоним, биринчи муаллимим Поччахон Қудратов эди... 

1930-1933 йилларда мен таваллуд топган Туркистон шаҳри Кориз қишлоғи аҳолисининг бир қисми Сирдарё бўйига кўчди. Кўчиб келган жойимиз Коризнинг моллари боқиладиган яйлов эди. Яйловда моллар қишлайдиган қўрғон бўлиб, биз ҳам унинг бир чеккасида яшай бошладик.

Ҳали бутунлай ташкил топмаган қиш­лоқни Ёйилма деб атай бошлашди. Кунларнинг бирида тумандан вакил кел­­ди. Катталарни йиғиб, мажлис ўтказди. Мажлисдан сўнг «Қишлоғимизда мактаб очилармиш, болаларни ўқитишармиш, ҳозирча Поччахон Қудратов деган одам муаллимлик қилиб турармиш, мак­таб биноси битгач, янги муаллим келар­миш», деган гаплар ўрмалаб қолди. Шундан кейин бир куни Поччахон амаким қўлида қоғоз, қалам билан уйимизга кириб келди-да: 

– Сен ҳозир ўртоқларингнинг ҳаммасини йиғиб, идора олдига олиб кел, эртадан ўқишни бошлаймиз, – деди-ю чиқиб кетди.

– Мен болаларни йиғиб келдим. Уларнинг орасида 4 ёшдан тортиб 15 ёшгача бўлган болалар бор эди. Поччахон амаким 6 ёшдан юқориларни танлаб олди-да, қолганларга «Сизлар ҳали ёшсизлар, кейинроқ ўқий­­сизлар, уйларингга бораверинглар», деб рухсат берди. Сўнг танлаб олган болаларни қўрғоннинг кунгай томонига бошлаб борди. Деворда тўртбурчак дарчасимон тешик бор эди. Аравада олиб келинган ем-хашакни ўша тешикдан ичкарига ташлашарди. Иккита йигит ичкаридан пичан олиб чиқиб, ерга тўшади. Поччахон амаким уларга раҳмат айтди-да, бизга, ўтиринглар деб ишора қилди. 

– Бугундан бошлаб мен сизларга амаки эмас, муаллимман, – деди жиддий.

Ҳамма бола ҳайрон эди. Мен ҳам ама­кимни биринчи кўраётгандай ҳайрон бўлиб қолган эдим.

– Эртадан дарсни бошлаймиз. Жойларингни унутманглар, шу тартибда ўтирасизлар. Салқин кунлар бошланганида ўқишни бирорта хонадонда давом этти­рамиз. Келаси йили, худо хоҳласа, макта­бимиз ҳам битиб қолар. Иккинчи синф­дан бошлаб ўша мактабда маза қилиб ўқийсизлар, – деб, бир чеккада турган халтадан дафтар, қалам олиб, болаларга улаша бошлади.

Сўнг эртага ўз вақтида келишимизни тайинлаб бизга рухсат берди. Дастлабки сабоқларимиз шу зайл гоҳ пичан устида, гоҳ қишлоқ идорасида, идора банд бўлган кунлари эса биронта хонадонда давом этди. Оилада мол боқиб, ўтин териб, кетмон чопиб юрган қишлоқ болалари учун ҳарфларни ўрганиш ва ёзиш қийин кечди. Бунинг устига алифбе китоби иккита одамда, бири колхоз раисининг ўғлида, иккинчиси эса муаллимимизда эди. Муаллимимизнинг меҳр билан, қунт билан, сабр билан, кези келганда жиндек жаҳл билан берган сабоқлари туфайли кўп ўтмай ҳарфларни, уларни бир-бирига қўшиб ўқишни, жумла тузишни ўрганиб олдик. 

Келаси йили ўша биз кутган мактаб биноси битди. Мактаб, деганимиз, иккитагина хона, бир даҳлиздан иборат бўлиб, оҳак билан оқланган эди. Қишлоғимиз аҳли уни анча вақтгача мактаб деб эмас, оқ уй, деб атаб юришди.

Биринчи синфни тугатаётганимизда бир қизиқ воқеа рўй берди. Кун иссиқ. Қишлоқ янги бўлгани учун соя-салқин берадиган дарахтлар йўқ эди. Дала – туз иссиққа дош беролмай ҳансирарди. Бундай пайтларда чорва моллари ҳам қўрага ҳайдаб кириларди. Буғдой ўрилиб, онғиз очилгач, далада донлаб семириб қолган тўрғайлар иссиққа чидаёлмай, гуррос-гуррос учиб келиб, қўранинг кунгай томонидаги тешикдан ўзларини сомонхонага уришарди. Шундай кунларнинг бирида уйда ўтир­гандим, қўлтиғига букланган қанор қистириб олган муаллим кириб келди-да: 

– Сен уч-тўртта ўртоғингни чақириб кел, иш бор – деди. 

Мен шундай қилдим. Бо­­лалар келгач, муаллим худди бир сирли гапни айтмоқчи бўлгандай паст овозда кўрсатма бера бош­лади: 

– Бундай қиламиз. Сизлар қўлларингга тоғорами, челакми олиб, сомонхона эши­гидан аста ичкари кирасизлар. Таш­қарида манави акаларинг қанорнинг оғзини катта очиб, тешикка тутади. Мен, бошланглар, деб ишора қилганимда сизлар тоғора ва челакларни тақиллатиб, шовқин-су­рон билан тўрғайларни ташқарига ҳай­­дай бошлайсизлар. Бундай пайтда тўрғайлар ёруғликка чиқишга ҳаракат қилади. Ана ундан кейин кўрибсизларки... Ту­шу­нарлими? 

Биз, болалар учун бундан ҳам қизиқроқ, бундан ҳам томошабоп ҳодиса йўқ эди қишлоғимизда. Зинғиллаб бориб, тоғора ва челакларни олганча сомонхона эшигига яқинлашдик, кўрсаткич бармоғимизни, жим, дегандай лабимизга қўйиб, битта-битта ичкарига кирдик. Сомон­хона ичи қоп-қоронғи, бунинг устига дим эди. Те­шикдан ичкарига озгина ёруғлик тушиб турарди. Ташқаридан муаллимнинг ишораси бўлганда қўлимиздаги тоғораю челак­ларни тақиллатиб, чунонам шовқин-сурон кўтардикки, асти қўяверасиз. Бечора тўр­ғайлар ўзларини жон ҳолатда ўша тешикка ура бошлади. Бирпасдан кейин томоша тугади. Биз ҳам нима бўлганини билиш учун чопқиллаб ташқарига чиқдик. Қарасак, тўрғайлар қанор ичига қамалган, қанор оғзи эса маҳкам боғланган эди. Муаллим, баракалла, деб бизни алқадида, ҳалиги йигитларга юзланди: 

– Ҳаммаси жойида. Келишганимиздек, соат кеч олтиларда учрашамиз. Унгача ҳам­ма нарса тайёр бўлсин. 

Йигитлар «хўп бўлади» дейишди-да, қанорни икковлашиб отга ўнгариб, жўнаб кетишди. Бизлар ҳеч нарсага тушунмай, анграйганимизча қолавердик... Кейинчалик маълум бўлишича, туман марказидан қиш­лоғимизга иккита одам келган экан. Бири туман маориф шўъбасининг ваки­ли, иккинчиси Таман ака деган янги муаллим экан. Иккинчи синфдан бизни шу муаллим ўқитаркан. Ўшаларга бир тансиқ таом қилиниши керак бў­либ, шу тўрғай ови ўйлаб топилган. Биз, болалар биринчи муаллимимизни қизғанибми ё нотаниш Таман муаллимнинг қандай одамлигини билмаганимиз учунми, жин­дек саросимага тушиб қолган эдик. Туман маориф шўъбасининг вакили дастурхон устида Таман акани қурилаётган мактабнинг бўлажак директори ҳамда муаллими деб таништирибди. Янги муаллимга бу ердаги шарт-шароит, айниқса, хуштаъм тўрғай димлама жуда-жуда маъқул бўлибди. 

– Қишлоғингиз менга ёқиб қолди. Жу­да баҳаво, тинч жойлар экан, – дебди пиёласини туман маориф шўъбаси ваки­лининг пиёласи билан чўқиштириб Таман ака. – Албатта, келаман. Рост, янги жойни билмаганимдан кейин озгина тихирлик қилган эдим. Қани, хўжайин, олдик, ян­ги мактаб учун, янги лавозим учун. Қани, Поччахон ака, олинг, сиз билан танишганимдан хурсандман. Янги ўқиш йилидан бошлаб сиз биринчи синфни, мен эса иккинчи синфни ўқитаверамиз... 

У пайтларда муаллим дегани камёб­лигидан жуда ҳурматли одам ҳисобланарди. Қиш­лоғимиз аҳли йил бўйи тер тўкиб ишлардию, қўли ақча кўрмас эди. Йил яку­нида йиллик меҳнатини ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг ҳақларини ғалла билан тў­лашарди. Муаллимнинг ойлиги ўша пайтда 90-120 сўм атрофида бўлар эди. Бу пулга учта қўй сотиб олиш мумкин эди. Поччахон муаллим тўлиқсиз ўрта маълумотли бўлиб, 90 сўм ойлик олар, анчагина қаддини тиклаб олган эди. Таман муаллим ўрта маълумотли, оврупоча кийинган, гап-сўзлари дона-дона, кўринишидан маданиятли киши эди. Қишлоғимиз аҳли наздида у юқори билимли, зиёли одам бўлиб кўринган эди. 

... Таътил пайтида мен биринчи муаллимим билан овга чиқишни одат қилиб олдим. У табиатни, турли-туман гиёҳларнинг сир-синоатини, нимага керак эканлигини худди китобдан ўқиётгандай қизиқарли қилиб гапириб берарди. 

– Мана бу гиёҳни ёвшан дейдилар, у тандирда ёқилса, олови ўткир, ёпилган нонни тез ва соз пиширади. Бунинг устига ёвшан олови тафтида ёпилган нон хуштаъм ва хушбўй бўлади. Буни ўзинг ҳам биласан-ку, ойинг ҳам нон ёпади-ку

... Манави пакана, чиройли сафсаргулли гиёҳни четик дейишади. Унинг дўланага ўхшаш хуштаъм мевасини қуритиб, чой ўрнида дамлаб ичишади. Янтоқни би­ласан, тиканли. Янтоқ кўп жойда асалари боқишади. Асали мазали, рангги оқиш­роқ бўлади. Бу жуда беор ўсимлик, сув­сиз жойда ҳам ўсаверади, негаки, унинг илдизи 20 метрлар чамаси чуқурга ке­­тади. У туянинг севимли озуқаси. Ма­навиниси зира. Буни қуритиб, овқатга солинса, мазали қилади. Айниқса, қазига солинса, оҳ-оҳ бунинг савобига ким етсин. Бундан ташқари у турли дардларга даво. 

Муаллим ўткир гиёҳлар, жонзотлар ҳақида тинмай гапириб, аҳён-аҳёнда қўли­даги милтиғининг қўшоғиз тиғи билан қалин ўсган гиёҳларни титкилаб, кишт-кишт деб қўярди. 

– Қуён ниҳоятда сезгир, қўрқоқ жо­нивор. Ўйламаган жойингдан лип этиб чиқиб, зипиллаб қочиб қолади. Бунақа яланг жойларда қирғовул бўлмайди. У дарё бўйидаги тўқайларда бўлади.

Мен муаллимимнинг табиат ҳақидаги гапларини жон қулоғим билан тинглар эдим. Муаллимимдек билағон, бообрў киши бўлишни жуда-жуда истар эдим. 

Қимматли ўқувчим, воқеалардан ан­ча илгарилаб кетганим учун койимас­лик­ларингизни ўтиниб сўрайман. Муал­ли­мимнинг дарс жараёнидан ташқарида айт­ган ибратли ҳикоялари, жониворларнинг феъл-атворлари ҳақидаги ғалати-ғала­ти ҳан­гомалари кейинчалик асар ёза бош­лаганимда жуда-жуда асқотди. Муал­ли­мимдан табиат ҳақида берган сабоқлари учун ҳали-ҳануз миннатдорман. У менга табиатнинг ям-яшил китобини ўқишни ўргатган ягона муаллимим эди-да, ахир. 

... Бир хунук воқеа сабаб қишлоқдан кетишга мажбур бўлиб қолдим. «Ёмонни айтмай яхши йўқ», деган гап бор халқда. Иккинчи синфдан янги мактабда ўқий бошладик. Таман муаллим айтганидай, иккинчи синфни у, биринчи синфни эса Поччахон муаллимимиз ўқита бошлади. Озода ва шинам, оппоқ хонада, ҳали бўёғининг ҳиди кетмаган янги парталарда ўтириб, ўқишни бошладик. Таман муаллим ўта жиддий эди, иккинчи синфдан рус тилини ҳам ўқита бошлади. Биз учун бу янгилик эди. «Мы» дегани биз дегани, «ты» дегани сен дегани, «спасибо» дегани раҳмат дегани, «хорошо» дегани яхши дегани деб такрор-такрор тушунтирарди. Биз эса муаллимимизнинг гапини қайтариб, синфни бошимизга кўтарар эдик. Бир маҳал синф тинчиб қолганида, мен тенгги Аъзамхон деган бола дарсда ўтиргани эсидан чиқиб қолдими, бирданига овозининг борича «мы», «мы», «мы» деб такрорлай бошлади. Муаллим аста унинг олдига борди-да, қўлидаги қалин муқовали йўқлама дафтари билан «мана сенга мы» деб бошига чунонам туширдики, ҳаммамиз қотиб қолдик. Шу воқеа сабаб эртасига мен мактабга киядиган кийимимни кийиб, ойим қора матодан тикиб берган жилдни ел­камга осиб, худди ўқишга кетаётгандек уйдан чиқдим-да, катталарнинг кўзини шамғалат қилиб, тандир ёнига бордим, устидаги қозонни бир четга суриб, лип этиб ўчоқ ичига тушиб олдиму, қўлларимни чўзиб, қозонни яна жойига суриб қўйдим-да, миқ этмай ўтиравердим. 

Бир маҳал уйқум келиб, эснай бошладим. Эн­ди пинакка кетаётганимда кимнингдир оёқ товуши эшитилди. У тандирнинг ёнгинасига келиб, бир боғ ғўзапояни ерга ташлади-да, яна кетди. Сал ўтмай бир пақир сув олиб келди. Ҳаммасини тандир тўқитқасидан кўриб турибман. Бу Умуш тўти эди. Умуш тўти деганимиз кайвони, эркакшода аёл бўлиб, уч-тўртта болага боғча опалик қилар эди. Бир маҳал у «Ё, бисмилло!» деб қозонни кўтарганида, эгнимда қора куяга беланган оппоқ кўйлак, елкамда ойим қора матодан тикиб берган жилд тандир ичидан лип этиб чиқдиму орқа-олдимга қарамай қочиб қолдим. Умуш тўти: 

– Вой, ажина, – деб бақирганича боя олиб келган бир боғ ғўзапоя устига гуп этиб йиқилиб тушди. 

Бу хунук воқеа бир зумда қишлоққа тарқалиб, шов-шувга сабаб бўлди. Шу воқеадан кейин эртасига ҳам, индинига ҳам мактабга бормадим. Бу гапни Кориздаги Йўлдош оқсоқол деган катта бобом эшитиб, ўша куниёқ эшагини хих-хихлаганича етиб келди. Келиши билан салом йўқ, алик йўқ, ойим билан дадамни койий бошлади. 

– Болани ташлаб кетинглар. Коризда, ўзимнинг бағримда ўқисин, деб Худонинг зорини қилдим, кўнмадинглар. Бўлди, бас, кийинтиринглар, Но­сир­ни ҳозироқ олиб кетаман. 

Шундай қилиб, бобомнинг эшаги ортига мингашиб, ўша куниёқ Ёйилмани тарк этдим. Эртасига бобом мени эшагига миндириб, Кориз қишлоғининг марказидаги бошланғич мактабга олиб борди. Бу ерни мен ўқиган мактаб билан ҳечам қиёслаб бўлмас эди. Бу ерда бешта ўқи­тувчи бўлиб, шулардан учови аёллар экан, улар бирам меҳрибон эдиларки... Кунларнинг бирида катта танаффусга чиқ­қанимизда рўпа­рамда жилмайиб турган биринчи муаллимим Поччахон амакимга кўзим тушиб қолди. Худди дадамни кўргандай унинг бағрига отилдим. У менинг юзларимдан ўпиб, қаттиқ бағрига босиб, танбеҳ берган бўлди. 

Мана, орадан анча йиллар ўтди. Мен тўртинчи синфни битирганимдан кейин Туркистон шаҳридаги Ойбек домланинг қайнотаси Носир­­бойнинг ички ва ташқи ҳовлисига жойлашган биринчи тўлиқ ўрта ўзбек мактабида ўқиб юрган чоғларимда ҳам, Тошкентга келиб, Ўрта Осиё давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқиб юрган кезларимда ҳам биринчи муаллимим ҳамиша хабар олиб турди. Ўқишни тугатгач, дорилфунун ҳовлисининг ёзги театрга ўхшаган жойида диплом топшириш маросими ўтказиладиган бўлди. Саҳнада до­рилфунун ректори, домлаларимиз савлат тўкиб ўтиришибди. Дипломи қўлига теккан йигит-қизларни саҳнадан тушишлари билан қавм-қариндошлари ўраб олишар, қутлашар, гулларга кўмиб ташлашарди.

Менинг фамилиям рўйхатнинг охирроғида бўлгани учун навбат кутиб, бир чеккада хомуш турар эдим. Мендан хабар оладиган меҳрибон бобом аллақачон оламдан ўтган, ота-онам эса келолмайди, қариб қолишган. Қариндош-уруғларим бунақа нарсадан узоқроқ. Шундай оғир хаёллар билан дипломи қўлига теккан дўстларимга ҳавас қилиб, гангиб турганимда, курсдошларимдан бири биқинимга туртди. 

– Боринг, сизни чақиришяпти! 

Саҳнага чиқдим, ректоримиз қўлидан диплом билан кўкрак нишонини ол­дим. Саҳнадан тушаётиб, қалқиб кетиб йиқи­лаёздим. Шу пайт кимдир мени қучоқлаб, бағ­рига босди. 

– Кўзёшларингни арт, тентак, – деди. 

Бундай қарасам, ўша менинг меҳрибон би­ринчи муаллимим Поччахон амаким қар­шимда турибди. Турмуш машаққатларини кўрганда ҳам, иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, қўлидан яраланганда ҳам, қишлоқдаги ноҳақликларга гувоҳ бўлганда ҳам йиғламаган муаллимим ҳозир қувонч­дан кўз ёшларини тўхтатолмас эди... 

Умримда талай-талай каттаю кичик дом­лаларни кўрдим. Муаллими соний ва оний муаллимлардан ҳам сабоқ олдим. Мен учун уларнинг ҳар биттаси бир олам, уларнинг ҳам­маси қадрдон. Аммо кўз очиб кўрган муал­­лимим мен учун биринчи. Биринчи биринчи-да! У менга ҳарф танитди, ҳарфни ҳарфга қўшсанг сўз бўлади, сўзни сўзга қўшсанг, жумла бўлади, жумлани жумлага чиройли, ифодали қилиб қўшсанг, ҳикоя бўлади, деб ўргатди. Илоё охиратингиз обод, жойингиз жаннатда бўлсин! 

Бугун мен шаънингизга айтган гапларим тирик руҳингизга ва ёрқин хотирангизга ибодатиму тиловатимдур.  Ҳаммаси учун катта раҳмат!

 

Носир ФОЗИЛОВ, 2018-02-05, 09:36 615
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.