26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ғалим ЖАЙЛИБАЙ

Атоқли қозоқ шоири Ғалим Жайлибай – 60 ёшда!

Замонавий қозоқ адабиётининг таниқли вакилларидан бири, шоир, публицист, жамоат арбоби Ғалим Жайлибай 1958 йил 9 февралда Қарағанди вилояти Жанаарқа туманининг Женис овулида туғилган. Туман ва вилоят нашрларида, ҚР Ташқи ишлар вазирлигида хизмат қилган. «Жұлдыз» журналида шеърият бўлими мудири, «Қазақ әдебиеті» рўзномасида Бош муҳаррир ўринбосари, «Қазақ радиосы»нинг Бош муҳаррири лавозимларида ишлаган. 2007 йилдан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раисининг биринчи муовини.

«Жанымның жапырақтары», «Жүрегімнің жұлдызы», «Құс қанаты», «Қарашығымдағы қара өлең», «Ардакүрең» номли шеърий ва «Ескі Жұрт», «Отызым да барады...», «Есіл ағады», «Тағдырымның тамыры» адабий мақолалар тўпламларининг муаллифи. Шеърлари рус, украин, турк, қирғиз ва бошқа тилларга таржима қилинган. Халқ оқини Жўлдикей Нурмағамбет ўғлининг ижодий меросини жамлаб, сўзбоши ёзиб, 1996 йилда китоб ҳолида нашр эттирган.

Ғ. Жайлибай 1999 йилда Халқаро “Алаш” адабий мукофотига сазовор бўлди. “Шавкатли меҳнати учун”, “Мустақилликка – 10 йил” медаллари билан мукофотланган. 2001 йилда Туркиянинг Сапанша шаҳрида ўтган халқаро мушоирада “Оқшом юлдузи” мукофоти билан тақдирланган. “Құрмет” ордени ва Россия Ёзувчилар уюшмасининг С. Есенин номидаги “Олтин медали” соҳиби.

Қуйида шоирнинг ижод намуналарини ҳавола этамиз.

 

Абай билан сирлашиш

Чақмоғим – тақдирим гумбур этмагин

Тинчини олмоқчун маҳзун банданинг.

Оға султонимнинг шоир фарзанди,

Каломим тинглагин бир дам сен менинг!

Ғурурнинг авжини ўлчатар эдим,

Оддий авомдан ҳам чиқди-ку хонлар.

Манманлигимни ҳам кўрсатар эдим,

Бўжейдан қолмади чўх дастурхонлар.

Чингизнинг бу тоғи ажиб бир маскан,

Улуғлик нурлари ила тўлганда.

Жийдабой-яйлов ҳам ҳеч йиғлармикан

“Ёз чоғи саратон – чилла бўлганда”.

Фаровон элнинг ҳам, қалин ўрмоннинг

Қуриб қолган чоғин кўзим кўрганди.

Қиличин қинидан чиқарганнинг ҳам

Тафаккур олами бирдан ўзгарди.

Минг билан бир ўзи олишган Абай,

Чингиздан чўққига мағрур йўл олдинг.

Юксак заковатли донишманд Абай,

Аслдан туғилган асл зот эдинг.

Олмайди ашъорнинг совринин оқин,

Силласи қуриган замон - ғанимда.

Довондан-довонга бирга ошмоқчун,

Эрбўлдай дўстим йўқ бугун ёнимда.

Чирқиллаб чарх урар безовта қушим,

Лаззатли тонг куйи чалинган шу он.

Ўрозбойликларнинг букар номусин

Кибор ва маккорлар забт этган замон.

Заҳарханда қилар ялтироқ манглай,

Бечораҳол кечган кунимга ҳамон.

Бир отни сўйиб мен қилолмам қўноқ,

Гар Биржон уйимга келса бўб меҳмон.

Умумга берурман буткул бисотим,

Карвондан ажралиб кетмасман тамом.

... Тўлин ой сингари Тўқжон қўшиғин,

Ойгерим куйларми этиб бардавом?!

Жўн сўзга қарши курашиб доим

Кўкларга учирган нозик жир қушин.

Қунанбойликни ҳам баҳсда синаган

Ажиб ва ғаройиб Буюк Чингизим!

Парча-парча бўлиб сочилган қанча,

Табиат оламин этар чилпарчин.

Буюкликни даъво қилганлар анча,

Аввало англамай фарзандлик бурчин.

Алаш истеъдоди, донишманд Абай,

Кўрмоқдамиз ҳамон шу йўлда азоб.

– Яратган Эгамнинг буйруғи қандай –

Сен кўрган қозоғинг – ҳамон шу қозоқ!

Қозоқ тилидан Долимжон САЙФУЛЛАЕВ ўгирган.

 

 

 

, 2018-02-07, 18:49
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.