26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
«Бирлик»даги бирлик намунаси

Наср бобида эл бирлигини кўп ва хўб тараннум этган Носир Фозилов хотирасига бағишланди

 

Туркистондаги «Бирлик» тўйхонасида атоқли адиб, қозоқ ва ўзбек адабиётлари ўртасида олтин кўприк бўлган машҳур ёзувчи Носир Фозилов хотирасига бағишланган халқаро тадбир ўтди. Ўзбекистондан Абдураҳим Пратов бошлаб келган ёзувчилар делегацияси Эски Иқондаги Миртемир номидаги адабиёт музейини оралаб, А. Яссавий мақбарасини зиёрат қилди. “Турон-Туркистон” телевидениесида Муҳаббат Аматоева Носир аканинг биринчи устози Поччахон аканинг қизи – Тамара Қудратова билан суҳбати ёзилган дискни уларга тақдим этди. 

Тошкентдан ташриф буюрган Муборак опа ҳамда Хондамир Носир ўғлига барча қариндош-уруғлари ҳамда кўпчилик ўз таъзияларини изҳор этди. 

Шаҳар ҳокими Тажибек Мусаев Алмати, Шимкент, Тошкент ҳамда вилоятимизнинг турли минтақаларидан келган ёзувчилар, олимлар ҳамда Носир аканинг умр йўлдоши Муборак опага Туркистон заминига ташрифи учун миннатдорчилик билдириб, Носир Фозиловнинг икки элга бирдай қадрдон адиб эканлигини, туркистонликлар бу ҳамюртлари билан фахрланишини алоҳида таъкидлади. 

Қозоғистон ўзбеклари «Дўстлик» ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳошимжонов Қозоғистон халқи Ассамблеяси раиси ўринбосари Дархан Минбайнинг Носир ака вафоти муносабати билан оиласига йўллаган ҳамдардлик мактубини ўқиб эшиттирди ҳамда Муборак опага топширди. Ўзбекистондаги Республика қозоқ миллий маданият маркази раиси ўринбосари Ҳамза Холмуродов ҳам самимий тилакларини баён этиб, ушбу тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилигини билдирди. 

Тадбир аввалида Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарларининг мустақилликнинг илк йилларида Туркистондаги тарихий дўстона учрашуви, мангу дўстлик-ҳамкорлик декларацияси имзоланган тарихий дамлар акс этган тасвирлар билан бошланувчи, Носир Фозиловнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди. Алматидан келган Носир аканинг қадрдони, машҳур ёзувчи Сабит Дўсанов, вилоятимиздаги таниқли ёзувчилар Нармахан Бегалиев, Мархабат Байғут, Нурғали Қидиралиев, Тошкентдан келган Меҳмонқул Исломқулов, Қозоқбой Йўлдошев, Аҳмаджон Мелибоев, Абдунаби Бойқўзиев каби 20 дан зиёд олим ёзувчилар ўз хотираларида Носир аканинг холис ижодкор, сермаҳсул ёзувчи, ибратли адиб, ажойиб инсон сифатидаги хислатларини баён этдилар. 

Шаҳар оқсоқоллар кенгаши раиси Жарилқасин Азретбергенов Носир ака билан бўлган мулоқотларини, унинг башоратли сўзларини ҳаяжон билан кўпчиликка етказа олди. 

Тадбирни моҳирлик билан бошқарган Қозоғистон ёзувчилари уюшмаси бошқаруви аъзоси, профессор Қулбек Ергўбек ҳамкасб оғаси Эрназар Рўзиматов, вилоят маслаҳати депутати Зуппархон Чолдонов, Носир аканинг қадрдони Дониш Моннотовларни саҳнага чорлаб, Муборак опага Туркистонга илк марта Носир акасиз келганини таъсирли ифодалаб, кўпчиликнинг кўнглидаги таскин сўзларни етказди. «Жанубий Қозоғистон» вилоят газетаси бош муҳаррири Алишер Сотволдиев Носир акага бағишланган қатор саҳифалар чоп этилган газеталарни Муборак опага ҳамда ўзбекистонлик меҳмон ёзувчиларга эсдалик учун тақдим этди. 

Ўтган йили 85 йиллик тўйини барчамиз бирга нишонлаган ёзувчи Эрназар Рўзиматовнинг дуои-фотиҳаси билан мазмунли, ибратли, ҳаммага манзур бўлган хотира тадбири ниҳоясига етди. 

Шоирлар Нурмахан Назаров ва Тамара Анорбоевалар Носир акага бағишлаб шеър ёздилар. 

Э. Иззатуллаев номли мактаб кутубхонасининг мудираси Ҳилола Содиқова, туркий халқлар кутубхонасининг мудираси Мария Куришбаева ҳамда Носир аканинг яқинлари саъй-ҳаракатлари билан китоб кўргазмаси ташкил этилиб, унда адибнинг ўзи ёзган ҳамда таржима асарлари тақдим қиилинди. Носир Фозилов сермаҳсул ижодкор эди. Жами 75 дан зиёд китоб муаллифи, улкан маънавий хазина бунёдкори эди. 

ОFАМ-ОВ!...

(Устоз Носир Фозил ўтган кунги гирямиз)

Яна бир

Улуғимнинг

Қўлидан қалам тушди,

Ёзар эди у қалам,

Улуғларим дилини!

Ай, қаламжон, вой алам,

Энди сен... битолмайсан,

Энди сен тутолмайсан, 

Носир оға қўлини.

 

Сен қозоқнинг чўлидай,

Бепоён қалам эдинг.

Ўзбегимнинг кўнглидай.

Бепоён нолам эдинг.

Ай элим,

Қалам кетди!

Сен йиғла – алам энди,

Вой аламжон, вой алам, 

Қани у, қалам, энди?!

 

Қозоғим,

Гар тоғ бўлсанг, мен шубҳасиз қор эдим,

Кунгайларинг безаган кўм-кўк арчазор эдим,

Мухтор Ауез уйида ҳар уч кунда бор эдим,

Собит Муқон тўйида – эга – ҳукмдор эдим,

Ўлжас оға шеър айтса, шер эдим, Шердор эдим,

Наҳот, ўша кунларим... ерга кетиб боряпти?!

 

Собит Дўсан,

Сиз йиғланг,

Йиғлар бугун ўзбегим,

Кўзидан оққан ёшга

Тўлди дилим дошлари.

Ҳар қозоқ овулида азиз эди бошлари...

Арвона қисматида қароғлари ёшланиб,

Энди, наҳот келмайди... қозоғимнинг даштлари.

 

Собит оға! Бовурим!

Бағрим, бағрим ёняпти,

Биласизми, биз бугун тирик тоғдан айрилдик.

Бағримиздан ситилиб оғам кетиб боряпти,

Оғам кетиб боряпти, боқмайин бир қайрилиб!

Сиздай тоғни тарк этиб, биздай боғни тарк этиб,

Тоғим кетиб боряпти! Боғим кетиб боряпти!

 

Қозоғим, сен ҳам йиғла, ўзбегим йиғлаётир!

Қозоғим, сен ҳам йиғла, ўзбегинг йиғлаётир!...

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ,

шоир.

Тошкент шаҳри.

 

 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2018-02-10, 09:50 961
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.