26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Шимкент агломерациясини ривожлантириш дастури тасдиқланди

Ҳукумат йиғилишида Шимкент агломерациясини ривожлантириш режаси тасдиқланди. Селектор шаклида ўтган йиғилишда Шимкент агломерациясининг минтақалараро ривожланиш схемаси ҳақида Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев маъруза қилди. 

Минтақа раҳбари ўз нутқида ривожланиш дастури Қозоғистон Республикаси Инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрлангани, ўтган 3 йил ичида кўп марта учрашувлар ҳамда муҳокамалар ўтганини таъкидлади. Инвестициялар ва тараққиёт вазири Ж. Қасимбек ҳам Шимкент агломерациясини ривожлантириш лойиҳасини қўллаб-қувватлашга чақирди. 

“Қозоғистон–2050” стратегиясида Давлат раҳбари маркази Астана, Алмати, Шимкент ва Ақтўбе шаҳарларида бўлган агломерацияларда ўсиш нуқталарини шакллантиришни топширган эди. Мазкур топшириқни бажариш доирасида Шимкент агломерациясининг минтақалараро схемаси ишлаб чиқилди. 

– Агломерация таъсир доирасига вилоят маркази, Арис шаҳри, етти туман: Байдибек, Қазиғурт, Ўрдабоши, Сайрам, Сариоғоч, Тўлебий ва Тулкибош туманларининг асосий қисми киради. 2030 йилгача агломерация аҳолиси 2,3 млн. кишига етади. Аҳоли сонининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда жанубда – Сариоғоч, ғарбда – Арис шаҳарларида, шарқда – Т. Рисқулов номли қишлоқда аҳолини ўзига жалб этувчи контрмагнит-шаҳарлар барпо этиш мўлжалланган, – деди вазир.

Шу билан бирга, Шимкент шаҳри транспорт тизимини ривожлантириш учун 3 та айланиб ўтувчи йўл қуриш, 118 километрга тенг ташқи жанубий йўл қуриш, Сариоғочда 10 километрли айланма йўл қуриш, вилоят ва туман аҳамиятига эга 720 километр йўлни таъмирлаш таклиф этилди. Шунингдек, Арис темирйўл вокзалини қайта тиклаш, Шимкент шаҳри шимолида 43 километрли айланма темир йўл, янгидан “Шимкент–2” темирйўл вокзали қуриш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2020 йилгача Шимкент шаҳри ва Сариоғоч туманида 2 та транспорт-логистика марказларини барпо этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур чоралар хизматлар сифатини, агломерациянинг транзит ва экспорт имкониятларини оширади. 

Йиғилиш давомида вилоят ҳокими минтақада йирик саноат корхоналари ва 5000-10000 бош молга мўлжалланган агросаноат мажмуалари қуриш зарурлигини айтди. 

– Шимкент агломерацияси ўзагини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этади, – деди Ж. Туймебаев. – Шу муносабат билан “Астана – 1,2” подстанциялари ва автоматлаштирилган газ тақсимлаш станциялари қурилишини тугатиш учун маблағ зарур. Республикадаги чақалоқларнинг 25 фоизи минтақамизда туғилмоқда. Агломерация доирасида 175та янги мактаб қуриш зарур. 2020 йилда Шимкент шаҳри МДҲ мамлакатларининг маданий пойтахти, деб эълон қилинишини ҳисобга олиб, туризм саноатини ривожлантириш, мавжуд аэропортни қайта қуриш ва кенгайтириш масаласини ҳал қилиш зарур. Бундай улкан лойиҳалар минтақанинг ривожига туртки беради. 

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳудуддаги захиралар ва ишлаб чиқариш имкониятларидан фойдаланиб, иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболли режаси таклиф этилмоқда. Фармацевтика, нефть химияси, металлургия, инновациялар, фан, савдо ва хизматлар соҳаларини янада кенгайтириш кўзланмоқда. Қурилиш ва агросаноат кластерлари ривожлантирилади. 2030 йилга бориб, қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш 5,6 баравар ортади. Қишлоқ хўжалиги ширкатлари ва агросаноат кластерларининг ўсиши чорвачилик маҳсулотлари ялпи ҳажмининг ортишига олиб келади. Транспорт-логистика ва туризм имкониятларидан ҳам кенг кўламда фойдаланиш кўзланган. 

2030 йилгача суғормали деҳқончилик майдонларини кенгайтириш, замонавий бўрдоқилаш майдонлари, сут мажмуалари, иссиқхоналар қуриш режаланган. Чорвачилик маҳсулотлари ҳажми 137 млрд. тенгедан 518 млрд. тенгегача, деҳқончилик маҳсулотлари ҳажми 131 млрд. тенгедан 653 млрд. тенгегача ошиши кўзда тутилмоқда. 

Шуни ҳам айтиш керакки, агломерацияни ривожлантириш дастурида муҳандислик инфратузилмаларини тараққий эттириш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. 2030 йилга бориб, 72та аҳоли манзилига марказлаштирилган сув таъминотини киритиш мўлжалланган. Шаҳарлар ва туманлараро газ тармоқларини ривожлантириш аҳоли манзилларини газлаштиришни 46,3 фоиздан 94,3 фоизга етказишга имкон беради. 

Туризмни ривожлантириш учун Тўлебий туманидаги Қасқасу дарасида 23 километрли 19та трасса қурилади. Халқаро ва республика аҳамиятига эга йўллар бўйидаги 229та тарихий-маданий ёдгорлик ва 17та алоҳида қўриқланадиган табиий минтақада туристик маҳсулотларни шакллантириш таклиф қилинди.

Шимкент агломерациясини минтақалараро тараққий эттириш схемаси вилоятимизнинг узоқ муддатли рақобатбардошли ва собитқадам ривожланишига йўл очади.

Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими матбуот хизмати, 2018-02-17, 10:48 723
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.