26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Устозлар устози

“Инсон шу қадар буюкки, унинг фазилатларини ўл­чаш – дунёдаги энг ба­ланд тоғнинг энг баланд чўқ­­­­­­­­­­­­­­­­­қи­сига эмаклаб чиқиш заҳ­­­­­­мати билан тенг”, деганида Ўткир Ҳошимов қан­чалар  ҳақ эди. Чунки, бу ташбеҳ инсон номи билан аталмиш асл инсонларгагина хос!  Зеро, Оллоҳ ўзи суйган бан­даларига шундай фази­латларни инъом этиб, хал­қига беминнат хизмат қи­лиш учун бу фоний дунё­га юборади. Гўёки улар – ўткинчи дунёнинг устун­лари.  

“Менинг меҳрибонларим”

Меҳнатда суяги қотган, фар­­­­­зандларини ҳам тош келса кемириб, сув келса симириб яшашга ўргатиб, икки ўғил ва икки қизни тар­­бия­лаётган Абдураҳмон ота ва Ирисли ая оиласидаги  кен­жатойи 1926 йили дунёга келди. “Акалари, опа­ларига эргашиб ўсаверсин”, деб бешинчи фарзанднинг исмини Эргаш қўйишди. 

Акаларидек чайир, бошлаган ишини битирмай қўймайдиган тиришқоқ йигитча 1936 йили бир неча ёш катта-кичик болалар билан бирга Абдукарим бойваччанинг уйида очилган бош­ланғич мактабга қатнай бошлади. Китоб-дафтарлар тақчил, болалар газеталарнинг ҳошиясига ёзиб, савод чиқаришарди. Шу орада Пушкин номли мактабнинг янги биносига кўчиб ўтишди. Сталин номли 7 йиллик мактабнинг 5-синфида ўқишни давом эттирадиган йили Улуғ Ватан уруши бошланиб қолди. 

Урушнинг уруғи қурисин! Толиб акаси 1940 йили йигитлик бурчини ўташ учун армияга чақи­рилган эди, Белоруссиядаги 46-артиллерия полкидан шум хабар келди. 1942 йили Воронеж фронтига кетган Деҳқон акасидан ҳам “қора хат” келди. Хаста Абдураҳмон ота бу икки жудоликни кўтаролмай, ҳаётдан кўз юмди. Яқин орада бундай оғир мусибат кўрмаган ҳамжиҳат оила кетма-кет юз берган айрилиқдан эсанкираб қолди. Ирисли аянинг қадди дол бўлди, навниҳол икки келини қўлларида Бибисора ва Карималарни қучганча,  фарёд чекиб қолаверишди. Опалари Ирисой ва Тўйжон бўй етиб қолишган. Уйнинг эркаги эса  – жиккаккина Эргаш. 

Давр шундай эди. Тақдир синов­ларига тишини-тишига қўйиб чидади. Жамоа хўжалиги даласида  тўрт ҳўкиз қўшилган икки тишли сўқа билан ер ҳайдаб, пахта, буғдой экди. Экинларга ишлов бе­риш, йиғим-терим ҳам ўспиринлару аёллар зим­масида эди. Тонгдан шомгача колхоз даласида меҳнат қилгач, ой ёғдусида колхоз ажратиб берган бир-икки таноб ерга оила истеъмоли учун нўхат, ясмиқ, маккажўхори экиш ҳам Эргашнинг чекида эди. Туну-кун ишлаб, ўзларини ва фронтни таъминлаётган аёллар ва ўсмирлар қаторида у бор кучи билан меҳнат қилар, “фашист” отли қора кучлар билан курашиб, акалари, оталари учун қасос оларди. 

Билимсизлик – истиқбол ёви!

Улуғ Ватан уруши ҳам тугади. Қаҳрамонимиз оилавий аҳволи оғирлигига қарамай, 7-синфдан ўқи­шини давом эттирди. 1946 йили 3 ойлик бугал­терлик кур­сини битириб, “Қайнарбулоқ” колхозида ёрдамчи ҳисобчи бўлиб ишлади. 1950-1951 ўқув йилларида Сайрамбой ота Саидов ташаббуси билан Қорабулоқда очилган илк ўрта мактабда 8-9-синфлар дастури юзасидан сиртдан имтиҳон топшириб,  10-синфга қабул қилинди ва 16 нафар илк  битирувчи  қаторидан  ўрин олди. 

1951 йили Низомий номли ТДПИнинг химия-биология факультетига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Тўрт йил давомида бир курсда ўқиган курсдоши Муборакхон билан оила қуришди. Тошкент вилоятининг Октябрь туманида туғилган қиз  сепидаги энг қимматли бойлиги – бир жомадон китоби билан Қорабулоқ қишлоғига келин бўлиб тушди. 

Ғайратлига омад ҳамиша ҳамроҳ

Ҳамза номли мактабда ғайрат билан иш  бош­лаган ёшлар қисқа вақтда меҳнати сама­ра­сини кўришди. Химия, биология кабинетлари жиҳоз­ланди. Тажриба участкаси учун ер ажра­тилиб, вилоят миқёсида би­ринчи бўлиб иссиқ­хоналарни ишга туширишди. У вақтларда поли­этилен йўқ эди – шифтни ойна билан ёпишди. Иссиқхоналарда қиш кунларида турли гуллар, сабзавотлар етиш­тиришди, тажриба участкасида эса ғўзанинг 108 Ғ, ипак толали ва малла пахта навларидан тажриба учун бир жўякдан экиб, ўқувчилар билан бирга тадқиқот ишлари олиб боришди. 

1973 йил январь ойида Ҳамза номли мак­табнинг янги биноси ишга туширилди. Бу даврда директорнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаётган Эргаш Абду­раҳмонов химия-биология мутахассиси сифатида мак­таб­нинг техникавий базасини бойитишга беқи­ёс улушини қўшди. Реактивлар ва бошқа зарур ашёлар, кўргазмали қуроллар, муси­қа дар­­­­­­­­­­­сида фойдаланиш учун пиа­нино ва ўзбек чол­­­­­­­­­­­ғу асбоблари олиб келинди. Ўқувчиларнинг си­­­фатли билим олишларига имконият  яратилди. Шахсан ўзи ўқитувчиларга ўрнак бўлиб, назарияни амалиётга боғлаб, илғор педагогик тажрибани қўллаган ҳолда, дарслар ташкил қилди. 

1986 йили нафақага чиққан Эргаш ота маҳалла қўмитасининг раиси сифатида ҳам кўп йиллар халққа холис хизмат кўрсатди. “Тошқўра”нинг орқасида ётган ахлатхонани тоза­латтириб, олма­зор барпо этди. Колхоз тарқагач, ёши асрларга тенг Бойвачча ариғининг ўзани лойқага тўлиб, суви озайиб бораётган эди. Эргаш ота бош бўлиб, ҳашар йўли билан бу ариқдан  сув келтирилди. 

Бир боғнинг мевалари

Эргаш ота турмуш ўртоғи, ҳам­фикри Муборак онахон билан бирга улғайтирган 4 қиз, 2 ўғли 6 жуфт бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топган. Улар бугун эл-юрт хизматида. 

Турсуной ва Рихсиойлар математик, Холида ва Элдор – шифокорлар, Умида – ота-оналарининг касбини давом эттирмоқда, Элшод – тад­­­­биркор. Келинлари Нафосат – 4-сон­­­­­­­­­­­­­­ли мактаб-гимназиянинг би­лим­­­­­­­­­­­­дон устози, устозларнинг изла­ниш­ларини республика миқёсида оммалаштираётган maktab.kz ил­­­­­­­­­­­мий-таълимий ва услубий сайти­­­нинг бош муҳаррири, Саодат – уй бекаси. Неваралари Зуфар – Петро­павлда шифокор-жарроҳ, Шерзод – Ўскеменда врач-рентгенолог. Баҳром – Россияда тиббиёт академияси талабаси. 

Меҳнат қилсанг, беиз кетмайди

Кўп йиллик меҳнат самарали кеч­ди. Эргаш Абдураҳмонов «Меҳнат фахрийси» медали, «Жамоат жон­куяри», «Қозоғистон халқи Ассам­блеясининг 20 йиллиги», «Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 50 йиллиги», «Улуғ Ватан урушида қо­зо­нилган Ғалабанинг 70 йил­лиги» медаллари, республика, вилоят, туман миқёсидаги фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан тақдирланди.  

92 ёшли қариянинг ўгитлари

– Динни нотўғри талқин қилувчи айрим сохта диндорларнинг илмоғига илинишдан сақланиш даркор. Ўқувчи ўзини ўзи идора қила олиши керак. Вақтни бой бериш имкониятни йўқотиш билан тенг. Бу деҳқонларнинг ер ҳайдаб, экин экмаганига ўхшайди. 

Оппоқ қизларим, сизларга айтарим, сиз ўзбек миллатининг юзисиз, орисиз. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим нохуш воқеалар рўй бер­маслиги учун азалий қадриятларимизни сақланг.  Ибо-ҳаёли, ориятли қиз бўлишингизни чин дилдан хоҳлардим.

Қадрли ота-оналар, фарзанд азиз – тарбияси ундан ҳам азиз, деган нақл бор, сизнинг ота-она сифатидаги  меросингиз уюр-уюр мол, дунё эмас, балки фарзандингизга берган солиҳ тарбиянгиз, келажакда бирор касб эгаси, оила тебратувчи ота-она бўлишлари учун замин ҳозирлашингиздир. Яна шуни унутмангки, сиз болангиз учун намунасиз. Қуш уясида кўрганини қилади.

С. ОРТИҚОВ, Н. АКРОМОВА. Қорабулоқ қишлоғи, Сайрам тумани, 2018-02-20, 09:15 692
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.