26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Имонлашиш умиди

Дунё – баргга қўниб, титраб тур­ган шудринг томчисига ўхшайди. Дунё – жар ёқалаб кетаётган, йўқ, аниқроғи – қил кўприкдан ўтаётган кимсага ўхшайди. Сал тойдими – тамом! Балки қиёмат қойим шу биргина тойишдан бошланар? 

Ҳар ҳолда инсон боласи эсини таниган онидан бошлаб кучлар курашига гувоҳ бўлади. Гувоҳлик  билан чекланса, кошки эди. Шу курашларнинг қурбони бўлади.

 

Замон ўзгараверади, кучлар ку­ра­ши эса турли кўринишларда қайта­ри­лаверади. Кучлар ку­ра­­­­шини ҳал этмоқ ғоят му­рак­кабдай туюлади. Ҳозир бу масалани ҳал этмоқ учун неча ўн минглаб сиё­сатдонлар бош қотиришади. Дунёнинг у чек­ка­сидан бу чеккасига учишади ва оқибатда... деярли ҳеч нарсани ҳал этиша олишмайди. Бу масала наҳот шу даражада мураккаб бўлса?

Ровийлар дерларки, Искандар Зулқар­найн дунёни забт этмоқ қасдида жанг сафарига чиқиб, неча юртларни эгаллаб, Чин мам­­лакатига етди. Жанг олди­дан чодир тикиб ўтирган экан, Чин подшоси элчи юборганини бил­диришди. Элчи кириб, гапини ёлғиз Искандарга айтажагини маълум қилди. Унинг истаги во­жиб бўлиб, холи қолишгач, деди:

– Мен элчи эмас, Чин мамла­катининг подшосиман. Беҳу­да қон тўкмай изин­гизга қайтмо­ғингиз учун нима қилмоғимиз мумкин?

Уч йиллик хирожни тўла­санг­лар мақ­садга мувофиқ бўла­ди, – деди Ис­кандар Зул­қарнайн. Сўнг сўради: – Чоғинглар кела­дими бунга?

– Уч йиллик хирожни тўлай ола­миз, – деди Чин подшоси, – аммо шу даражада қашшоқлашамизки, кичкина қабила ҳам бизларни забт этиб, эгалик қилмоғи мум­кин.

– Икки йиллигини тўласанглар-чи?

– Аҳвол ўзгармайди.

– Бир йиллик-чи?

– Хазинамда ҳеч вақо қол­мас­лиги мумкин, аммо чидаб яша­­­­­са бўлар.

– У ҳолда ярим йиллик хирожни тўплаб бер-да, мен изимга қай­тай.

– Марҳаматли султонимизга жонимиз фидо бўлсин. Эрта ёки индин биз – фақирлар кулбасини ташрифингиз билан обод қил­сангиз. Меҳмондорчилик адо­ғида биз хирожни ҳам жамлаб қўяжакмиз.

Искандар Зулқарнайнга бу так­­­­­­­­­лиф маъқул келиб, икки кундан сўнг Чин мам­лакати сарҳадидан ўтди. Шу ондан бошлаб атрофда минг-минглаб аскарлар пайдо бўлиб, атрофни ўрай бошлади. Бундан хавотирга тушган Ис­кандар де­дики:

– Сен ҳийла билан мени олмоқчи бўл­дингми?

– Йўқ, – деди Чин подшоси, – ҳий­­­­­­­­­­­­ла – ожизлар иши. Сиз кўриб турган лаш­карлар қўшиннинг бир улуши, холос. Асосий кучлар тоғ ортида турибди.

– Шунча қудратинг бор экан, нечун менга таслим бўляпсан, не­­чун хирож тўламоққа розилик бер­­­­­­­я­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­псан?, – деб ҳайратланибди Ис­­­­­­­­­­­­­­кандар.

– Мен инсонлар қонининг беҳу­да тўкил­моғини истамадим. Ун­­­­­­­­­­­­дан ташқари, сизга Осмон на­­­­­­­­зар қил­ган. Назаркарда сул­тон­ларни ҳеч қандай куч билан енгиб бўлмас.

Бу жавоб Искандарга маъқул келиб, саройга кирди-ю, товоқлар, лаганларда товланиб турган тилла-ю, жавҳарларни кўриб, яна­да ажабланди. Чин подшоси “дас­­­турхонга марҳамат, тановул қи­линг”, дегач, таажжубини яширмай сўради:

– Бу безаклар одам учун таом бўлол­майди-ку?

– У ҳолда сиз нима ейсиз, улуғ султон?

– Мен ҳамма каби нон ейман.

– Шундайми? Воажаб! Румда нон то­пишингиз шунча­­лар муш­кулмиди? Шунча машақ­қатлар чекиб, бу ерга қадар лашкар тор­тиб келибсиз?

Бу гапни эшитиб, Искандар унинг донолигига таҳсин ўқибди. “Мен бу ердан бир дона жавҳар ҳам олмайман, сенинг ҳикматли пандинг барча талабларимни қон­дирди”, деб орқасига қайтган экан.

Неча юз йилларни оралаб бизга қадар етиб келган бу ривоятни ўқигач, 20 йилча аввал бўлиб ўтган бир воқеани эсладим.

70-йилларнинг охирида Америка ва Совет Иттифоқи ўрта­сидаги муносабат чигаллашиб, росмана урушнинг шарпаси сезилиб қолган эди. Бир издиҳомда қариялар шу масалада куюниб гапиришди. Уларнинг аксари уруш кўрган, урушнинг касофати қандай бўлишини билувчи одамлар эди. Давра тўрида ўтирган бир қария суҳбатга аралашиб:

– Агар менга қўйиб беришса, иккаласини шу ерга чақираман. Келишгач, иккаласига биттадан нон бераман.

– Нонни нима қиламиз? – деб ҳайрон бўлишади.

– Енглар, – дейман.

– Емаймиз, қорнимиз тўқ, – дейишади.

– Қоринларинг тўқ бўлса нега урушмоқ­чисизлар? Нимани та­­­­­­­­­­­лашасизлар? Сиз­ларга нима етиш­­­­маяпти, ай­тинглар, мен то­­­­­­­­­­­­­­пиб берайин, – дейман. – Агар ақ­­ли бўл­­­­­­­­­­­са иккаласи ўйланиб қо­­ла­­ди. Кейин “га­­пингиз тўғри экан оқ­­­­­­­­­­­­­­­­­соқол”, деб ярашиб олишади...

Дунёнинг мураккаб савдолари бу каби содда тарзда ҳал қилинса эди, замин инсон қонларидан тў­­­­­­йиб кетмасди. Отахоннинг гапи кўпчиликка ғалати тую­лар. Уч-тўрт йил муқаддам қўшни жум­ҳурият билан чегара бир қишлоққа бордим. Дунё дунё бўл­ганидан бери аҳил қўшни, аҳил қариндош бўлиб яшаб келган икки қишлоқ замона зайли билан энди икки мамлакатнинг ери сифатида бў­линган эди. Қишлоқдан ажиб бир сой оқиб ўтарди. Мен борганимда, айни ёз чилласида сой суви қу­рибди. Сой қўшни қишлоқдан (энди қўшни жумҳуриятга тобе) оқиб ўтарди. 

Билсам, туман бошлиғи ни­мадандир норози бўлиб, сой сувини буриб юбо­ришга фармон берибди. Бизнинг ҳо­ким илтимосини ино­­­­­батга олмабди. Шунда ҳо­ким до­нолик қилиб, қишлоқ оқсо­қол­ларининг вакилларини ўша қўшни қишлоққа юборди. Бир соатдан сўнг сойдан шарқираб сув кела бошлади...

Умар Ҳайём ҳазратларининг бир рубоийларида икки киши ер талашиб, бири “шу парча ер меники”, бошқаси “йўқ, меники”, деркан. Шунда Ер тилга кириб, талашмаларинг, икковинг ҳам меникисан, деган экан. Бу фалса­фанинг маъносига барча тушуниб етса эди...

Тоҳир МАЛИК, 2018-02-20, 09:22 179
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.