26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Адабиёт дарғаси эди

Ҳар қандай халқ ёки миллат ҳақидаги энг тўкис ва энг холис тасаввур – шу халқнинг ноёб истеъдод соҳиблари, даставвал, ёзувчи-шоирлари асарларида, санъаткорлари ижодида ўз ифодасини топади. Шу ўринда, ўзбек ва қозоқ адабиётининг ҳамдўстлигини гапиришни жоиз топдим. Ҳар иккала миллат сўз санъати чегарага бўйсунмаган, Мустақилликни кутмаган. 

Улар қадрдонлигининг ўрнини босадиган ёки тўлдирадиган бошқа бир нарса йўқ оламда. Азал-азалдан қирда қимиз ичиб, ошиқ ўйнаб ўсган икки миллат аждодлари ворисларининг ўртасидаги олтин кўприк мустаҳкамланмоқда. Камина тилга олган кўприкни олтинга эмас, балки, олмосга тенгласак ҳам арзигуси. Бундан йироқлашиш ва ажралиш – маънавий-руҳий, ахлоқий-эстетик хасталикларга ихтиёрий равишда йўл очиш билан баравар. Шу боис Қозоғистон деган бетакрор, бағри кенг ўлканинг танти фарзандлари ва ўз оғам, деб сийлаган ўзбегимнинг қаймоқларини ҳар маҳал ёдимиздан чиқармаганимиз афзал.

Бундан 12 йил муқаддам “Жанубий Қозоғистон” вилоят ижтимоий-сиёсий газетасида бош муҳаррир лавозимида ишлардим. Шу йиллари “Дўстлик” ордени соҳиби Носир Фозилов билан танишиш шарафига мушарраф бўлдим. Дарҳақиқат, маънавий қудрат ва беқиёс истеъдод эгаси, зиёли ва юксак маърифатни ўзида мужассам этган бу инсоннинг адабий тил борасидаги маҳоратларини дурлар хазинасига қиёслашимиз мумкин. Адибнинг ҳикоялари, қиссалари ва таржималарини ўқисангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. 

Шимкентда ўтган атоқли ёзувчининг юбилейида иштирок этган Носир ака қозоқ қалам соҳиблари, зиёлилари қаторида собиқ мадҳиямизнинг муаллифларидан бири Қадир Мирзалиев билан ҳам ўта иноқ, қадрдон дўст эди. Бу тадбирда қатнашганлар қаторида Қадир оға ҳам бўлди. Шунчаки юбилей эмас, катта тўйга айланган ушбу кечада таржимонга ҳам ҳожат қолмади. Чунки, қондош халқнинг фарзандларига бир-бирининг тили шундоғам тушунарли эди. Юбилей ўзбек-қозоқ шоирларининг шеърлари-ю, ҳазиллари билан янада авжига чиқди. Ўзбек-қозоқ дўстлигининг ёрқин тимсоли сифатида мен бу кунни юрагимда мангу муҳрладим. Балки, туркийзабон аждодларимизнинг ҳақиқий оға-инилиги шу кун яна бир карра тиклангандир. 

Ўзбек адабиётининг тарихида Ойбек, Ғофур Ғулом, Иззат Султонлар билан қозоқ адиблари Мухтор Авезов, Собит Муқонов, Ғабит Мусреповлар ўртасида қандай дўстлик, иноқлик мавжуд эди. Булар барчаси тарих. Тарих эса афсона эмас. Мен кўрган Носир Фозилов билан Қодир Мирзалиев шуларнинг сарқити десак, муболаға бўлмайди. Ғофур Ғулом вафот этганида Собит оқсоқол «Вой бовурим!» деб йиғлаб, ўша пайтнинг ўзидаёқ Тошкентга учиб кетганини Қозоғистонда ҳалигача гапириб юришганидек ўзим иштирок этган бу тадбирни мен ҳам кечагидек эслайман...

Танишув Туркистондаги Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиб, бир пиёла чой устида бир неча соат суҳбат билан давом этди. Ушбу мароқли суҳбатдан туйганим Носир оға ўзбек-қозоқ адабиёти, маданияти, урф-одатлари ва дўстлигини сақлаш билан чегараланмасдан, уни татбиқ этиш, ривожлантириш кераклигини ўзига мақсад қилган ва бу борада тинмай ишлар олиб бораётган экан. Шоирни кўҳна Туркистондан бошланган Ватанимизнинг теран томирли тарихи чириган занжир каби парчаланиб, йўқолаётганлиги, давлатлараро, миллатлараро “борди-келдилар” камайиб кетганлиги ваҳимага солгаётган экан. Бу борада бир неча таклифлар қаторида миллий валютамизнинг бир хил бўлишини ҳам гап орасида айтиб ўтди. Носир аканинг ушбу гаплари ҳамон ёдимда:

– Ватанимиз қадимий Туркистон ўзининг шон-шавкатли тарихига эга. Кейинги минг йилликларни қўйинг, ҳатто милоддан аввалги бу ерлар билан боғлиқ манбалар бор. Барча қўшни давлатлар ўқув юртларида «Туркистон ёки Турон тарихи» деган фан ўқитилса. Бу соҳада зарур дарсликлар яратилса, деган таклифим бор. Мазкур тарих кимгадир ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар, у мавжуд. Ўрганиш эса ер-суви, тоғи-боғи бир, аммо кейинги йигирма йилларда янги тарихлари бошқа-бошқа бўлган халқларимизни фақат бирлаштиради, – деб ўйлайман.

Дарҳақиқат, енгилмайдиган ва ўлмайдиган иккита мавжудлик бўлса – биттаси адабиёт. Битта бўлса ўша ҳам – адабиёт. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, Давлат мукофоти, «Тинчлик ва маънавий ҳамжиҳатлик учун» халқаро мукофоти (Қозоғистон) совриндори — ёзувчи, таржимон ва муҳаррир Носир Фозиловнинг оламдан ўтганини эшитиб, Шимкентдаги учрашув ёдимга тушди. Барча туркийлар авлодига яна бир марта чуқур таъзия изҳор этаман. 

 Ҳассос рус ёзувчиси М. Е. Салтиков-Шчедрин таъкидлаганидек, “Адабиёт ўткинчи ва ўткинчилик қонуниятларидан холи. Фақат биргина адабиёт ўлимни тан олмайди”, деб ёзган бўлса, ҳинд адиби Рабиндранат Тагор “Адабиётда инсон учун қимматли нарса абадийликка интилишдир”, деб адабиётнинг абадийлигини таъкидлаган. Шу жумладан, севимли адибимиз Носир Фозиловнинг асарлари ҳам абадийлик сари ташланган қадамдир. Ўзидан кейин ёруғ из қолдирган Носир акадай заҳматкаш инсонлар саъй-ҳаракати туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари дўстлиги мустаҳкамланмоқда, жорий йил эса “Қозоғистонда – Ўзбекистон йили” деб эълон қилинди.

Элбошимиз Нурсултан Назарбаев инсоннинг ўзи мангу яшамайди, унинг иши абадий яшайди, деганларидек, Носир Фозиловнинг маданий мероси ўзбек адабиётида абадий яшайди. 

Фахриддин ҚОРАТОЕВ, Қозоғистон Республикаси Парламент Мажлиси депутати, 2018-02-20, 10:00 194
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.