26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ота-она ҳақлари

Яқинда қўлимга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Зикр аҳлидан сўранг” деган китобининг 1-жилди тушиб қолди. Жуда ажойиб китоб экан. Унда Ислом, имон, ғайб олами (метафизика), Қуръон ва тафсир, зикр ва тасбеҳ, ибодат, муомала, оила ва турмуш, тақиқ ва рухсатлар, ахлоқ-одоб хусусида ва бошқа жуда хилма-хил мавзуларда савол-жавоблар берилибдики, ўқиган одамни беихтиёр ўзига ром қилади, ўйлашга, мулоҳаза юритишга ундайди. Уни ўқиб чиққач, китобдаги мавзулар ва ҳикматлардан кенг газетхонлар оммасини ҳам воқиф қилиш истаги туғилди. Бугун “Ота-она ҳақлари” мавзусини эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз.

Қурвонтой ТОШХЎЖАЕВ, меҳнат фахрийси. 

Ота-онани ҳурматлаш, эъзозлаш масаласида ҳеч бир тузум ёки тарбия воситаси Исломга тенг ҳам, яқин ҳам кела олмайди. Ота-онанинг ҳурмати, фарзанд устидаги ҳаққи тўғрисидаги оятлар, ҳадислар, исломий ҳикматлар, бу борада мисли кўрилмаган олиймақом нарсалар экани маълум ва машҳурдир. 

Ислом фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳаққи-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Бу масала Қуръони Каримда, Суннати набавияда ва Ислом тарбияси ҳақидаги китобларда алоҳида баён қилинган.

Мазкур ҳақ-ҳуқуқлар асосан учта муҳим қисмдан иборатдир: 

 

Биринчи қисмдаги ҳақлар: 

Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомалада ва ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари, доимий эҳтиром билан уларни тақдирлаб туришлари, Аллоҳ таолонинг шариатга зид бўлмаган барча буйруқ, талаб-истакларини бажармоқлари лозим.

Аллоҳ таоло “Исро” сурасида:

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишингни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт! Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт (23-24-оятлар), деган.

Аллоҳ таолонинг ота-онани бунчалар эъзозлашининг алоҳида ҳикмати бор: онангиз сизни ҳомиладорлик пайтида қорнида, туғилганингиздан сўнг бағрида авайлаб кўтариб юради, сутини, меҳрини, қалб қўрини бағишлаб парваришлайди, сизни деб оромидан кечади. Отангиз ҳам сизнинг комил инсон бўлиб етишувингизда ўз ҳиссасини қўшади. 

Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг “Луқмон” сурасида:

“Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди: “Менга ва ота-онага шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир” (14-оят), деган.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида: 

“Бани Исроилдан “Аллоҳдан бошқага ибодат этмайсиз, ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз ва одамларга яхши гаплар айтинг, намозни қоим қилинг, закот беринг” деб аҳду паймон олганимизни эсланг” (83-оят), деган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

“Қайси бир мусулмон фарзанди савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. Бола ота-онасидан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунича, Аллоҳ таоло ундан рози бўлмайди”, – дедилар.

Шунда бир киши: “Агар ота-она болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” – деб сўради.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

“Агар улар болаларга зулм кўрсатган бўлса ҳам, бола уларни ранжитмаслиги керак”, – деб жавоб бердилар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, урушга ижозат сўради”.

Шунда у зот:

“Ота-онанг ҳаётми?” – деб сўрадилар.

“Ҳа, ҳаёт”, – деди.

“Ота-оналаринг ҳақида жидду жаҳд қил”, дедилар.

Тобароний ривоят қилган.

Яъни: “Ота-онангнинг кўнглини олиш учун жон-жаҳдинг билан ҳаракат қил», дедилар.

 

Иккинчи қисмдаги ҳақлар:

Ота-она ўзига тўқ бўлса ҳам уларнинг нафақотини яхшилаш, ҳадялар бериб туриш, уларни сўрашга муҳтож қилмай ёки миннат қилмай иззат кўрсатишдир.

Оталари заифлашган, қартайган вақтларида фарзандлари уларнинг ҳаққини адо қилишларини Ислом биринчи ўринга қўяди. 

Ислом шариати жисмоний моддий ва маънавий жиҳатдан қодир фарзандларга ўзларининг ожиз бўлган ота-оналари ҳаққини кафолатга олишни ҳукм этади. Ишни уларнинг ўзларига топширмайди, балки бу кафолат фарздирки, агар вақтида вафо қилмаса ҳам кейинчалик қазоси вожиб бўлади. 

Бола ота-онасига қанчалик эҳсон қилмасин, қанчалик ўзидан ортиқ кўрмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган мукофотни қайтара олмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бола отаси мукофотини қайтара олмайди. Фақат, отаси қуллик азобида юрган бўлса, фарзанд уни сотиб олиб, озод қилсагина, мукофот бўлиши мумкин”, – дедилар.

Абу Бурдадан, у отасидан ривоят қилинади :

“Абдуллоҳ ибн Умар яманлик бир киши онасини елкасига опичлаб, Каъбани тавоф қилдириб юрганини кўрди. У одам байт ўқирди:

“Онаизори учун бўйнини эккан теваман,

Тева минган она ҳорса-да, мен ҳоримам”.

У Абдуллоҳга қараб:

“Эй, Абдуллоҳ ибн Умар. Мана шу хизматим билан мен онамнинг ҳаққини адо қила олдимми?” – деди. 

Абдуллоҳ ибн Умар:

“Йўқ, тўлғоқнинг биттасини ҳам”, – деди.

Бухорий ривоят қилган.

 

Учинчи қисмдаги ҳақлар:

Фарзанд ота-она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам уларнинг розилигини топиши, вафотларидан сўнг шариат ҳукмига кўра ҳақларини адо этиши лозим.

Шунга кўра, ота-она томонидан яқин қариндошлик алоқаси бор кишилардан ҳам алоқани узмаслик вожиб. Яна ота-она ҳақларига ҳаёт вақтларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам дуода бўлиб туриш керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қачон одам боласи вафот этса, унинг амаллари кесилади. Фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, манфаатланадиган илмдан ва унинг ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанддан кесилмайди”, – дедилар.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Яъни садақаи жория (оқиб турувчи садақа) Аллоҳ таолонинг ризолиги учун қурилган ва кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл ва бошқа бинолар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан кейин хайр-дуода бўлувчи фарзанди солиҳ қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб вафотидан сўнг ҳам давом этади, деганларидир.

Абу Усайддан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бир киши келиб:

“Ё Расулаллоҳ! Ота-онамга вафотларидан кейин ҳам мен қила оладиган эзгу амаллар қолдими?” – деди.

“Ҳа, тўрт хислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечмакни Аллоҳ таолодан сўраш, уларнинг насиҳат ҳамда шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттиришдир”, – дедилар.

Бухорий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Бир киши:

“Ё Расулаллоҳ! Онам вафот этди, лекин васият қилмади. Мен унинг номидан садақа берсам, фойдаси тегадими?” – деди.

“Ҳа”, – дедилар.

Бухорий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Бир аъробий Макканинг йўлида у кишига учраб қолди. Ибн Умар унга салом бериб, уни эшакларига миндириб олдилар. Кейин унга бошларидаги саллани бердилар. Шунда Ибн Дийнор унга:

“Аллоҳ ишингни ўнгласин. Булар аъробийлар. Улар оз нарсага ҳам рози бўлишаверади”, – деди.

Абдуллоҳ бунга жавобан:

“Бунинг отаси Умар ибн Ҳаттобнинг оғайниси эди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, яхшиликларнинг яхшилиги бола отасининг оғайнисига сила қилишидир” – деганларини эшитган эдим”, – дедилар.

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Бани Саламдан бир киши келиб:

“Ё Расулуллоҳ! Ота-онамнинг вафотларидан кейин уларга қилишим керак бўлган бирор яхшилик қолдими?” – деди. 

“Ҳа. Уларнинг ҳаққига дуо қилиш, уларга истиғфор айтиш, улардан кейин аҳдларига вафо қилиш, улар воситаси ила қилинадиган силаи раҳмни қилиш ва уларнинг дўстларини икром қилиш”, – дедилар.

Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган. 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллалоҳу алайҳи васаллам:

“Роббининг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббининг норозилиги ота-онанинг норозилигидир”, – дедилар. 

Шунинг учун, Аллоҳ таолони рози қиламан, деган киши Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини рози қилишга ҳаракат этиши лозим. Аллоҳ таолони норози қилмайман, деган одам Аллоҳ таоло чизган чегарада ота-онасини норози қилмасликка интилмоғи лозим.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Холиқнинг маъсиятида махлуққа тоат йўқ”, – дедилар.

Яъни бандани рози қиламан деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.

Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади, Валлоҳу аълам.

, 2018-02-21, 17:48 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.