26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Улуғ адиблар билим олган мактаб

Туркистондаги Ҳамза номли мактабнинг 100 йиллигига бағишланган тантаналар арафасида

Жорий йил февраль ойининг 7 санасида Туркистонда Носир Фозилов хотирасига бағишланган «Икки элга бирдай қадрдон адиб» мавзуида халқаро тадбирда намойиш этилган фильмда Носир аканинг бошланғич таълимни Коризда, ўрта маълумотни эса маърифатпарвар инсон – Саидносир Миржалилов ҳазратлари асос солган, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий устозлик қилган, 

 

М. И. Калинин номи билан юритилиб 1992 йилдан эътиборан Ҳамза номи берилган муқаддас даргоҳда олганлиги, унинг илк устози Поччахон Қудратов ҳам шу даргоҳ битирувчиси эканлиги Туркистон зиёлилари, шаҳар ҳокими, унинг ўринбосарлари, бўлим раҳбарлари ҳамда Тошкент, Алмати, Шимкентдан келган улкан ёзувчилар, кўпчилик эътиборига ҳавола қилинди. Носир Фозилов билан биргаликда янада машҳур адиб – Одил Ёқубов ҳам шу даргоҳда етуклик гувоҳномасини олган. Бундай буюк шахслар рўйхати катта. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси бўлиб самарали меҳнат қилган Мансур Мирзаҳмедов ҳам шу мактаб битирувчисидир. 

«Мактабга таъзим» акцияси бошланди... ва давом этади... 

 Ҳамза номли мактабнинг маърифатпарвар устозлар жамоаси саъй-ҳаракатлари билан тўлиқ таъмирланган ва жиҳозланган мажлислар залида «Мактабга таъзим» деб номланган акция бошланди. Мазкур тадбир шу йилнинг октябрь ойига белгиланган мактабнинг 100 йиллигига бағишланган тарихий тантаналар бошлангунга қадар давом этаверади. Ушбу хайрия тадбирида собиқ битирувчилар, устозлар, ҳомийлар ҳамда ота-оналар фаол иштирок этди. Аввало, акция иштирокчилари учун мусиқа фани ўқитувчилари Маҳмуджон Тўёнов ва Алишер Эгамбердиевлар саъй-ҳаракати билан мазмунли, мароқли концерт дастури намойиш қилиниб, қозоқ, ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларида шеърлар ёдланди, қўшиқлар, жозибали рақслар ижро этилди. «Ғунча» – ўқувчилар хор жамоаси, рубоб ва доирада ижро этилган куйлар, шўх рақслар қарсаклар билан олқишланди. 

Муҳим тадбирни иқтидорли ўқувчилар – Санжар Абдалимов, Садина Тошметовалар бошқаргани ҳам яхши янгилик. Директорнинг ўринбосарлари Дилбар Дийметова, Баҳодир Исмоилов, Гулбаҳор Йўлдошева, Дилрабо Зайниддинова, Умида Шонабоева, Илмира Ортиқова, мактабнинг бошланғич ўзбек этномаданият бирлашмаси раиси, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Ҳусан Убайдуллаев ва барча устозлар жамул-жам акцияни самарали ташкил этиш нияти билан банд. Мактаб ота-оналар қўмитаси раиси Абдумуталлиб Умаров, мактаб директори Замир Муҳаммаджонов, шаҳар оқсоқоллар кенгаши аъзоси Тўлқин Саидмуродовлар мактабнинг 100 йиллик тўйи – шаҳар миқёсидаги тадбир эканлигини таъкидлаб, ушбу умумий, муштарак ишга муносиб ҳисса қўшиш ҳар бир туркистонлик учун масъулиятли вазифа эканлигини таъкидладилар. 

Акция иштирокчилари ўз ҳиссаларини қўшиши учун қўйилган махсус қути ёнига келган Абдумуталлиб Умаров, Рўзимат Камолов, марҳум Эркин Искандар ўғлининг ўқитувчи қизи Шоҳиста Алихонова, «Амина» тиббиёт маркази бош шифокори Нигора Одил қизи, нафақадаги тадбиркор Халил Ҳабибуллаев, Саидбек Абдусатторов, Нуриддин Шамшиев, Зубайда Мадқосимова, Суннат Абдуллаев, Нуриддин Мўлдабоев каби инсонларнинг фаоллигига тасаннолар айтилди. Мажлислар залини тўлдириб ўтирган барча туркистонликлар ҳимматли, саховатпеша инсонларга баракалла, барака топинг, дейишмоқда. 

Тўйнинг бўладиси қизиқ ...

Давлатимиз ўқувчилар билим олишлари учун ўқув қўлланмалари, ўзбек тилидаги дарсликлар билан янги дастур бўйича таъминлаётганига икки йил бўлди. Бунинг учун давлатимизга раҳмат. Ҳамза номли мактаб давлат дастури доирасида ўрта мактабларга қандай замонавий жиҳозлар берилаётган бўлса барчасидан баҳраманд. Декабрь ойида бир асрлик тарихи бор мактабга қиймати 5,5 миллион тенгелик энг замонавий техника берилгани, бу неъмат – ўқувчилар билим олиши учун хизмат қилаётгани фикримизнинг далилидир. 

Жорий йилда давлат томонидан атрофи баланд тўсиқлар билан ўралган, волейбол, футбол ва баскетбол ўйинлари учун мўлжалланган замонавий очиқ спорт майдонининг бунёд этилиши режаланган. Шундай бўлсада, ота-оналар, ҳомийлар кўмаги ҳам сув ва ҳаводек зарур. Ўзбекона ободончилик, фаровонлик, фонийни тарк этган аждодларимиз хотираси, ёш авлод камолоти ҳамда она тилимиз, маданиятимиз равнақидек неъматлар улар йўқолмаслиги, унутилмаслиги учун ҳам керак. Масалан, илм даргоҳи ҳовлисидаги гулзор ўртасида жойлашган, ўриндиқлар билан жиҳозланган бежирим ўзбекона айвончани 1955 йили туғилган битирувчилар – Расул Отахонов, Маҳмуд Ёқубов, Нурхон Холиқова, Ҳабибулла Мақашев каби ҳимматли инсонлар бунёд этишган. Мактабнинг кенг ҳовлисига равон асфальт ҳимматли Собир Отаев раҳбарлигидаги «Ақ жол» фирмаси қурувчиларининг меҳнати, ҳомийлиги билан тўшалган. «Қаҳрамонлик шуҳрати» мемориали афғон уруши фахрийси Зокир Абдураимов ташкилотчилигида бунёд этилса, унинг атрофи тадбиркор Олимжон Исетов ҳиммати билан асфальтланди. Фахрий қурувчи Ҳалил Ҳабибуллаев, унинг шогирди Аминжон Бобоновлар ҳам асфальт тўшашдек қиймати ва қадри баланд ишга муносиб улуш қўшганлари учун барча миннатдор. "Карвон сарой" ташкилоти раҳбари Баҳодир Ирисметов, "Туркистон – насос" ташкилоти раҳбари Қаҳрамон Ирисбеков, тадбиркорлар Ҳайдар Абдужабборов, Тўлқин Абдужабборов, Одил Акешов, Ваҳоб Абдуллаев, Абдумуталлиб Умаров, Ғайрат Алиев, Зокир Абдалимов, Саидбек Абдусатторов, Бекпўлат Абдусатторов каби ўнлаб сахий инсонлар ва юқорида номлари қайд этилган ҳомийларнинг исми-шарифлари мактабнинг 90 йиллиги шарафига Одилжон Толипов, Маъмура Убайдуллаевалар муаллифлигида тайёрланган китобда ҳурмат билан тилга олинган. 

Дадам шу мактабда ўқиган

Туркистондаги таниқли архитектор, Алишер Навоий номли мактаб ота-оналар қўмитаси мутасаддиси Саъдулла Содиқов падари бузруквори, уруш ва темирйўл соҳаси фахрийси, марҳум Абан отанинг шу даргоҳда таълим олгани ҳаққи-ҳурмати 100 йиллик тантанага ҳиссамни қўшсам, деган мунаввар ниятда Ҳамза номли мактабда қурилиши режаланаётган "Меҳнат шуҳрати" мемориали лойиҳасини юксак савияда тайёрлаб берди. Лойиҳа акция давомида директор Замир Муҳаммаджонов томонидан кўпчилик ҳукмига ҳавола этилди. Таъкидлаш жоиз, юз йиллик тарихи бор мактабнинг биринчи директори Зуфар Бадилов 1918 йили фаолиятини бошлаган бўлса, 2003 йилдан буён раҳбарлик қилаётган Замир Муҳаммаджонов ўн биринчи директоридир. 

Совет Иттифоқи Қаҳрамони, чўрноқлик мард ўғлон Қурбонбой Ирисбеков урушдан олдин шу даргоҳда ўқиган. Ватан озодлиги учун жанг майдонида вафот этган, юртга эътиқод бобида миллионларга ўрнак Қурбонбой ота номи Чўрноқ қишлоғидаги 5-мактаб интернатга ҳамда кўчага берилган. Совет Иттифоқи Қаҳрамони, учқайиқлик Расул ота Исетов ҳам ўрта маълумотни шу мактабда олган. Бугунги кунда Туркистондаги 20-сонли мактабга унинг номи берилган. Яна бир уруш қаҳрамони, урушдан сўнг Ўзбекистонга кўчиб кетган Файзулла Йўлдошев ҳам шу мактаб битирувчиси. 1971 ва 1972 йилларда шонли меҳнати учун Москва тавсияси билан Социалистик Меҳнат Қаҳрамони юксак унвонига сазовор бўлган Майшай Абенова ҳамда Эргаш Иззатуллаевлар илм даргоҳи фахри, ифтихори. М. Абенова номи «Ясси» қишлоқ округидаги, Э. Иззатуллаев номи эса Бирлик қишлоғидаги ўрта мактабларга берилган. Машҳур шоир 

А. Орипов ёзганидек 

Сенинг шавкатингни улуғлаб юрсин,

Буюк анжуманлар, олтин сатрлар.

Тегрангда лол қолиб, бош эгиб турсин,

Ўтган ва ўтажак аср ва йиллар...

Ш. МАДАЛИЕВ, 2018-02-24, 12:25 849
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.