26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Китоб аталмиш тубсиз хазина

Юртбошимиз Н. А. Назар­баев: “Би­­лим – китобда... Ке­лажакда китоб ўқиганлар компьютерда ўтирганларни бошқаради”, деб бежиз айт­маган.

Ин­сон китоб ўқиб, илм ўрга­ниб, олган билимини ҳаётга татбиқ қила олса – жамиятга фойдаси тегади. Устозлар заҳмати беҳуда кетмаган бўлади.

Билим саодатга, бахтга элтиши ҳа­қида қарийб минг йил муқаддам буюк аждодимиз, аллома Юсуф Хос Ҳожиб “Қутадғу билиг” асарида шундай ёзган:

"Билиг бирла бошлар киши баши, 

Уқиш бирла уқса ўнгарар иши".  

Илм олиш ва олинган илму ҳуна­рини амалда қўллаш ҳақида буюк ал­ломаларимиз ҳам жуда кўп ва хўб айтиб кетган. Жумладан, Алишер На­воий бо­бомиз Фарҳод тили билан деган:

Ҳунарни асрабон неткумдир охир, 

Олиб туфроққаму кетгумдир охир.

Яқинда мактабимизда шаҳримиз кутубхоначиларининг “Лидер Reader ON” тадбирини кутубхоналарда таш­кил этиш усуллари” илмий-амалий семинари   ўтди. Ташкилотчилар китоб мутолааси ва ўқувчилар орасида китоб ўқишга қизиқиш уйғотиш юзасидан иш тажрибамни ўртоқ­­­­лашишимни таклиф қилишди. Ўтказган дарсим­да ўқувчиларим синфдан таш­­­­­­­­­­­­­­­­­қари ўқилган асарлар юзасидан фикр-му­лоҳазаларини айтиб, севиб ёд­­­­­­ла­ган шеърлари, монологларини ўқиш­­ди. Ўзлари битган шеърий машқ­ла­­­рини ўқиб, меҳмонларнинг олқи­шига сазовор бўлишди. Ғ. Ғуломнинг “Менинг ўғригина болам” ҳикояси асосида саҳ­на­лаштирилган кўриниш жуда му­ваф­фақиятли чиқди. Биз­нинг ушбу зафа­римиз негизида мунтазам мутолаа, мулоҳаза, ўқилган адабиётларни бир­галикда таҳлил қилиш амалиёти турибди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, мак­табимизда Қозоғистон маорифи аъло­чиси, Қозоғистон ўқитувчилари съезди делегати, услубиятчи ўқитувчи, қатор  услубий қўлланмалар муаллифи, ”Қаҳ­рамон она” – волидам  Асолат Ғани­ева номидаги ўзбек тили ва адабиёти кабинети ташкил қилинган. У тўлиқ техник воситалар билан жиҳозланган, шунингдек, кабинет қошида кутубхона мавжуд. Унда асосан ўзбек, қозоқ ва рус тилларидаги бадиий ва илмий ада­­биётлар тўпланган. Китобларнинг кўп қисми онамдан қолган, ўзимнинг  йиқ­қанларим, совға қилинган китоблар ҳам кўп. Кейинги ўн-ўн беш йил ичида босилиб чиққан  ўзбекча  янги китоблар ҳам кутубхонадан ўрин олган. 

Ўқувчиларимга дарс ўтиш жараё­нида, асарга кенгроқ ёндашишни,  дарсликда берилган парчанигина эмас, балки асарни тўлиқ ўқишни тав­сия қиламан. Бир-икки марта қий­налсада, ҳикоя ёки қиссани тўлиқ ўқиган ўқувчи бадиий адабиётнинг сеҳрли оламига кириб қолади. Битта қизиқарли китоб иккинчисига уланади, улардаги воқеалар ҳақида мулоҳаза қилиш ўқувчида таҳлил кўникмаларини шакллантиради. Натижада, кейинчалик у хоҳ илмий муаммолар бўлсин, хоҳ ҳаёт чиғириқлари – барчасидан оқилона қарорлар қабуллаб, энг мақбул йўл танлаб, ўтиб кетишга ўрганади. 

“Болалар китоб ўқимай қўйди”, де­ган гапни кўп эшитамиз. Сўнгги пайт­ларда катталарда ҳам, болаларда ҳам мутолаага эътибор сусайиб, кўп­чи­лик енгил-елпи телетомошалар, ҳат­то умуман фикрлаш қобилиятини ўл­­ди­радиган компьютер ўйинларига кириб кетди. Натижани эса кундалик турмушимизда кўриб турибмиз: “Кўнг­лимга қарамайди, ажрашаман!” деган келинлар, “Пулим бўлса – ҳаммасини сотиб оламан”, дегувчи йигитлар ҳам тез-тез учрамоқда. Улар кимлар? Орқа­миздан келаётган авлод, сўзини ва ишини тош-тарозига қўйиб, фикрлашга ўрганмаган  фарзанд­ларимиз! “Фарҳод ва Ширин”ни ўқима­ган, “Икки эшик ораси”дан хулоса чиқар­маган, балоғат ёшига етсада, қилган ишининг оқибатини ўйлашга ақли торлик қилаётган ўқувчиларимиз!

Турмуш – мушт. Икки, уч, тўрт ёки ундан кўпроқ фарзандни моддий таъмин­­­­лашнинг ўзи баъзи хонадонлар учун бугунги кунда амримаҳол. Ота-онанинг уззу-кун ишда бўлиши, бола­ларнинг қорни тўқ, аммо билими йўқ бўлиб улға­йишига олиб келмоқда. Шун­дай вазиятда муаллимлар зим­масига туша­диган масъулият яна­да ортиши муқаррар. Она тили ва адабиёти устозларининг бу борада ўрни бўлакча.

Дарсингизни қойил-мақом қилиб ўтсангиз, техник ва услубий имко­ни­ят­­­­­­­­­­­­­­­­лардан фойдалансангиз, ўқув­чин­гизда бадиий адабиётга муҳаббат уй­­­­ғота олсангиз, барчаси бўлмасада, кўп­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­чилиги ўз ихтиёри би­лан китоблар ўқиш­­­­­­­га кўникишади, мазасини англагач эса, мунтазам изланишга киришади. Ўқув­­­­чилардаги ижодий истеъдодни рў­ёб­га чиқаринг, ёзган машқларини туза­тишга, камчи­ликларини йўқо­тишга, даврий нашр­ларда чоп эти­лишига ёрдам беринг. Буларнинг барчаси ўқувчи тафаккурини ўсти­ради. Фикрлай оладиган, китоб му­­­­­­­­­қо­­­­­­­­­­­валари остидаги улкан би­лимларни ақл тарозисига қўйишга ўр­ганган бо­ла эса бошқа фанлардан ҳам яхши ўзлаштириши муқаррар. 

“Китоб ўқиган боланинг кўнгли по­киза бўлади”, деган эди таниқли давлат арбоби, шоир ва ёзувчи Ша­­роф Рашидов. Бадиий адабиёт ин­сон руҳиятини ҳам тарбиялайди. Юрагимизни мумтоз шеъри­­­­­­­ят, Наво­ий ғазалиёти, Бобур дард­­­­­­­­­­­­лари-ю, Ноди­рабегим нолалари, Му­­­ҳаммад Юсуфнинг латиф шеърларига берай­ликчи, кўнг­лимизда нималар кечмайди дейсиз?.. Ижодкорга ҳамдард бўла олиш, унинг изтиробларини дилин­­гиздан бир-бир ўтказиш нақадар гў­зал. Бу жараёнда инсон буюкларга тенг­лашгандек бў­лади, изтироблар эса, Достоевский ёзгани каби, “дилдаги доғ­ларни эритади”.  

Бизнинг авлод Борис Полевойнинг “Чин инсон қиссаси” асарини ўқиб, Ме­­ресьев сингари иродали, жасур, ин­­­­­­­­­­­­­­­тилувчан бўлишни орзу қил­ган. “Гул­ливернинг саёҳатлари”, “Ро­бинзон Крузо”, “Ўн беш ёшли капитан”, “Шум бола”, “Болалик” каби асарлар мактаб даври иштиёқлари бўлса, студентлик даврида ўзбек, рус, қозоқ, хорижий ада­биёт дурдоналарини бир-бир ўқиш, уларни талқин қилиш, сингдира билиш насиб этди. Биринчи курсдалигимда Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо”сини ўқиб, қотилнинг қалбидаги қийноқларни бошимдан ўтказгандек бўлгандим...

Бугунги кунда ҳам мунтазам ки­тоб ўқийдиган, бир-биридан янги асар­лар­ни олиб, бирини қайтарса, бирини қай­тармайдиган дўстларим жуда кўп. Мус­тақил Қозоғистонда ҳам ўзбек адабиёти шаклланганини биров билса, биров бил­­­­­­­­май қолди. Даврий нашрларда ада­­­­биётга муносиб ўрин берилмоқда.  “Чим­­­­­­кент” ижодий уюшмаси раисаси Эр­­­­­­киной Султонованинг таъбири билан айтганда, “бизда 300 нафар атро­фида қаламкашлар ижод қилмоқда”. Улар­­­нинг анчаси бир неча китобларини чоп этишга улгуришди. “Ижодкор”, “Ис­теъдод” бирлашмалари қатор анжу­манлар ўтказишмоқда. Қозоғистон ўз­бек этномаданият бирлашмаларининг “Дўстлик” ҳамжамияти саъй-ҳаракати билан Ўзбекистон адабий жамоатчилиги, Ёзувчилар уюшмаси орасида амалий алоқалар йўлга қўйилди. Тошкентда ўта­­­­­­­­­­­диган икки мамлакат вакилларининг мушоиралари, адабий кечалари анъана тусига кирди. Шундай алоқалардан бир шингили – шу йил 1 февраль куни “Дўст­­­лик” ҳамжамияти раиси Икромжон Ҳо­шимжонов бошчилигида Абубакир Хон­­­хўжаев ва Салимжон Ғаниевлар Ўз­­­бекистон Ёзувчилар уюшмасига ташриф буюриб, унинг раиси Муҳаммад Али иштирокида жорий йилда ўткази­ладиган  тадбирлар режасини  келишиб олишди. Муҳаммад Али  мактабимиздаги кабинет кутубхонасига ўзининг сара асарларини тақдим этди. 

Шундай бўлгани ҳолда ўз тилимиз, сўз санъати – адабиётнинг ривожи муҳим­лигини ҳисобга олиб, ҳар биримиз, айниқ­са, устозларимиз яна кўп ишлар қилиши кераклигини таъкидлашни истар­дим.

Салимжон Ғаниев, 53-сонли Ҳамза номли умумий ўрта мактабнинг олий тоифали ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси, "И. Алтынсарин" медали соҳиби, 2018-02-26, 23:20 231
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.