26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
РУҲЛАРИ ШОД БЎЛСИН МУҲАММАДНИНГ, унутмайди мухлислари Муҳаммадни!

Бисмиллаҳир раҳмонир роҳийм, Оллоҳ, сенинг номинг билан бошлайман, ўзинг қўллагин!

Ушбу мақола бундан бир неча кун бурун, Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд санаси арафасида чоп этилиши керак эди. Аммо бир ҳафталик сермашаққат меҳнат, уйқусиз тунларнинг таъсирими ёки ёзганларим мен севган шоирнинг руҳларига ёқмадими, сўнгги нуқтани қўярканман, қайси бармоғим, бу савил ноутбукнинг қайси тугмачасига тегиб кетганини билолмай қолдим... Эрталаб очсам, матннинг ярмидан кўпроғи ўчиб кетган, қолгани остин-устин бўлиб ётибди. Э-воҳ, аламдан чинқириб юбордим, вужудимда тўққиз ою тўққиз кун кўтариб, дунёга келтирган фарзандимдан ажралгандай эдим, гўё. Бир ҳафта дастим ишга бормади, кайфиятим тушиб кетди. Лекин буюк ижодкор олдидаги бурч туйғуси ахийри яна қўлимга қалам олишга ундади. Қалбимдаги алам, соғинч ва масъулият ҳислари илҳомимга қоришиб, кўз ёшларим билан бирга оқ қоғозга бирма-бир тўкила бошлади.

Ўзи ўлса ўлар,

Сўзи ўлмайди,

Ҳамиша барҳаёт насл – шоирлар.

Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди –

Юракка кўмилар асл шоирлар.

Бир бор экан, бир йўқ экан, яқин ўтган замонда, Асака деган томонда, табиати гўзал, атрофи баланд тоғлар билан ўралган, одамларининг турмуш тарзи ҳам ўзгача, Марҳамат деган қишлоқ бор экан. Баҳор келиши билан барча далага, боғларга шошиларкан. Қиз-жувонлари жуда хушфеъл, чиройли, иболи бўлиб, қошларидан ўсма, кўзларидан сурма аримас экан. Улар ҳар куни эрталаб, қуёш нур сочмасдан туриб, уй юмушларини бажаришар, эшик олдига ариқ сувидан кўлоплатиб сепиб, чиннидай қилиб супуриб қўйишаркан. Ҳовлилар олдида райҳон, атиргуллар хуш исларини таратиб, кишига ажабтовур завқ-шавқ бағишларкан. 

Қишлоқ одамлари ширин сўзли, табиатан ҳалимдай юмшоқ бўлиб, ҳасад нима, ғийбат нима билишмаскан. Болалари узун қиш кечаларида бува ва бувиларининг пинжига суқилиб, “Алпомиш”, “Гўрўғли” каби достонларни тинглашаркан. Қиз-келинлари эса жуда чевар бўлишаркан. Улар бобо ва момолари ўқиб берган достонларни тинглаб ўтириб, палак, чорси, жияк ва дўппилар тикишаркан.

Ана шу ғаройиб қишлоқда, баҳор яна сепларини кўз-кўз қилиб, ташриф буюрган кунларнинг бирида – 1954 йил 26 апрелда Юсуф ота ва Энахон ая хонадонида тўнғич ўғил фарзанд дунёга келибди. Чақалоққа дадаси Муҳаммад деб исм қўйибди. Гўдагини бағрига босган Энахон ая ёқасини ушлаб, ҳайратга тушибди. Жимитдеккина, ҳозиргина дунё эшигини очган чақалоқнинг кўзларида олам-олам маъно бормиш. Қорачадан келган бу норасиданинг қаттиқ қимтилган жажжи лаблари нималарнидир айтмоққа чоғланганмиш. Онаси кўкрак тутса, аввал бошини саждага қўйгандай, кўксига эгилибди, сўнг оҳиста мишиллаб, эма бошлабди. Чақалоғининг бу каби қилиқларини кўрган Энахон аянинг тили калимага келмай, “ёпирай, бу не синоат”, дермиш ичида. Болакай беозоргина, ширингина бўлиб ўсибди. Тим қора сочлари, чатма қошлари, ўткир нигоҳлари яқинларини бефарқ қолдирмас экан. Унинг тили ҳам аниқ ва равон чиқибди. Болакай ширин забон билан шундай саволлар берарканки, унга жавоб қайтаришга на отасида, на онасида журъат бор экан. 

– Дадажон, меҳр нимаю меҳрибонлик нима, яхши нимаю яхшилик нима, инсон киму инсонийлик нима? 

Муштумдай боладан бундай саволларни кутмаган ота ҳайрон экан.

– Ё, Парвардигор, ўғлимни ўзинг қўлла, боши тошдан бўлсину, умрини узоқ қил, – деб илтижолар қиларкан. 

Онасидан ҳам натижа бўлмагач, болакай севимли бувижониси Турсунбибига суйкалиб, саволларни қалаштириб ташлабди. Бувижони набирасининг бийрон тилларига қулоқ солиб туриб, унинг оддий бола эмаслигини, улғайса, гуллар билан тиллаша оладиган, капалакнинг дардини эшитадиган, хон қизини эркалаб суядиган, қизғалдоққа шеър тўқиб, кийик ва жайронларга оға бўладиган, бургут ва лочинларни, қалдирғочу булбулларни мадҳ этадиган инсон бўлишини ич-ичидан сезибди. Ая бор санъатини, истеъдодини унинг тарбиясига бағишлабди. Уни бағрига олиб, Яссавий, Навоий, Ҳувайдо, Машраб ғазалларини ўқиб беришдан чарчамабди. Турсунбиби момо болакайни оппоқ кийинтириб, кап-катта бўлгунга қадар оёғини ерга теккизмай, опичлаб юраркан, эрталабдан кечгача ёғдирадиган саволларига эринмасдан жавоб беришга ҳаракат қиларкан. 

Беғубор болалиги шоир Муҳаммад Юсуфга худди эртакдек туюлади. Шунинг учун ҳам у “Янги йил кечаси” деган шеърида шундай ёзади:

“Дардим жим ичимга ютайми энди,

Кечаги ёшлигим эртакми энди?”

Муҳаммаджон етти ёшга тўлганда тенгдошлари қатори қишлоқ мактабига боради. Унга баъзи бир дарслар умуман ёқмас, у бундай пайтда ноиложликдан устозининг ҳурмати учун жимгина ўтиришга мажбур бўларди. Аслида унинг хаёллари олча гулларида, анҳор ёқасида сочларини ёйиб, аксини сув юзида кўриб, маъюсгина “уф” тортган мажнунтолларда, ариқ лабидаги ялпизу сиёҳранг ниначиларда, дон-дун орқалаган чумолилар ва қушларнинг парвозида эди. Болакайни ҳеч нарса бефарқ қолдирмасди. Ҳатто узун қиш кечалари аяси чилдирма билан айтган лапарлар ҳам унинг юрагида бир умрга сақланади. Ана шу дилхун қўшиқлар, момоси ёдлаган ғазалу достонлар унинг келажакда буюк ва бетакрор шоир бўлишига, ўзидан кейин ўзбек миллатига такрорланмас маънавий мерос қолдиришига туртки бўлгандир, балки.

Ўжар, бир сўзли, лекин яқинларига меҳрибон бола кўрган-билганларини оқ қоғозга тушира бошлайди. Ниҳоят, 7-синфда ўқиб юрганида “Ленин учқуни” газетасида биринчи шеъри – “Оқ йўл тилаб” эълон қилинади. У танловда ғолиб чиқиб, ёш шоирни “Артек” болалар оромгоҳига дам олишга юборишади. У ерда ҳам кўп дўстлар орттирган Муҳаммаджон катта таассуротлар билан қишлоғига қайтади.

Мактабни аъло баҳолар билан тамомлаган бўлажак шоир Тошкентга отланади. У Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтида таҳсил олади. Унинг шеърлари газета ва журналларда пешма-пеш нашр этила бошлайди. Илк шеърий тўплами “Бевафо кўп экан дунёда” номи билан чоп этилади. Шоир шеърларини, китобларини Муҳаммад Юсуф тахаллуси билан битиб, оз фурсатда жуда кўп мухлислар орттиради. 

Шоир шеърларида Ота юрт соғинчию Ватан қадри, она алласию қизлар севгиси, оқ тулпорлар дупурию муҳаббат сеҳри, ўзбекнинг соддалигию меҳмондўстлиги – ҳамма-ҳаммаси ўткир қалам ила тилга олинган. Улардан қанча-қанчаси севимли қўшиқларга айланган. 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Халқ қаҳрамони Саид Аҳмад айтганидай: “Истиқлол уйғотган водий шоирларига Муҳаммад Юсуф сардорлик қиларди. Унинг кўксида ҳали ёруғликка чиқмаган бир дунё шеър, бўғзида бастакор билан юз кўришмаган етим қўшиқлар қолди...”

Ана шу етим қўшиқлар йиллар давомида менга тинчлик бермай келади. Шоирнинг ёстиғим тагидаги китоблари тушларимда ғалаён кўтаради. 

Муҳаммад Юсуфнинг “Кўкламойим” шеърини такрор-такрор ўқиб, қалдирғочлар келишини интизорлик билан кутаман. Бинафша, лолақизғалдоқ ва чучмомаларга суқланиб қарайман. Шоир севган баҳор фасли, у куйлаган қалдирғоч, бойчечагу лолақизғалдоқлар – ҳамма-ҳаммаси шоиримдан қолган эсдаликларим.

Ана шу маънавият бўстонидан эсган насим, соғинч ҳислари мени Тошкент шаҳрига, шоир хонадонига етаклади. Сафарга отланар эканман, азиз қадрдонларимни кўрадигандек, ҳаяжонга тушаман. Юрагимда йиллар давомида сақланган саволларимни қайта-қайта такрорлайман. Ўн олти йил аввал йўқотган азиз инсонимни қайта топадигандай, ўзим гапириб, ўзим куламан. 

Излаб-излаб Маккани топишибди, деганларидай, Тошкентдай азим шаҳарда сўраб-суриштириб, Муҳаммад Юсуфнинг уйини топиб бордим. Яхшиям фейсбук орқали Мадинахон билан боғланиб, манзилини ипидан игнасигача суриштириб олганим. Акс ҳолда... Дарвозани шоирнинг жияни очиб, қўллари кўксида, қуюқ саломлашди ва ичкарига таклиф қилди. Тоза ва ораста ҳовлида бир ажиб манзаранинг гувоҳи бўлдим. Тартиб билан ўтқазилган мевали дарахтлар, гуллар чаман бўлиб очилиб ётибди. Шинамгина ҳовлида меҳрибон қўллар изи, қандайдир бир илиқлик борлигини сездим. 

– Вой, келингла, – дея бизга пешвоз чиққан уй бекаси ичкарига таклиф қилди. 

Эҳтиросларим тошиб турган бўлса керак, шоирнинг рафиқаси Назира опани қайта-қайта қучоқлаб, чаккаларидан ўпиб кўришдим. 

Мезбон бизни меҳмонхонага бошлади. Тоза ва шинамгина хона деворларига Муҳаммад Юсуфнинг, Ғайбулло Ас-Саломнинг ҳамда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг портретлари илиб қўйилган, жавонда китоблар тартиб билан терилган эди.

Безаксиз, бўёқсиз, шундоғам латофатли бека дастурхон тузашга уннаб кетди.

– Хуш келибсизлар, шундоқ узоқ жойлардан йўқлаб келганларингиз учун катта раҳмат, – дерди опа қўлини кўксига қўйиб, чой узатаркан. 

Буюк шоирнинг рафиқаси бўлишига қарамай оддийлиги, самимийлиги мени йўл-йўлакай қийнаб келган қарама-қарши фикрлар исканжасидан қутқариб, ўзимни хотиржам тутишга даъват этди. Йиллар давомида дилимга тугилиб қолган армонларимни опа билан баҳам кўришга ошиқдим.

– Назира опа, Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини жуда яхши кўраман. Унинг асарлари билан танишишим ҳам жуда қизиқ бўлган. Қиш кунларининг бирида Шимкент шаҳридаги А. П. Чехов номли умумий ўрта мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Озодахон опанинг уйига кириб қолсам, кўзлари жиққа ёш, қўлида муқоваси юпқагина китобни ўқиб ўтирган экан. Яқинда оналари қазо қилувдилар, уни эслаб, соғинчдан азобланаётган бўлса керак, деб ўйладим. Секин саҳифага кўз қиримни ташладим. “Бешинчи ўғил” деган шеър экан.

Озода опа уни қайтадан йиғлаб ўқиди ва: 

– “Ҳақиқатни ёзибди, жуда таъсирли шеър экан, талабалик йилларимизда мушоиралар ўтказардик. Учрашувларга келиб турарди”, деди кўз ёшларини дастрўмолчасига артаркан.

– Бу кимнинг китоби, қайси шоирни айтяпсиз? – дедим нима учун кирганимни ҳам унутиб. – Э, сен ҳали билмайсанми, – деди жиддий оҳангда. 

 

 

– Муҳаммад Юсуф, Андижоннинг Марҳамат қишлоғидан. Манави китобни ўқиб кўр, жуда яхши шеърлар... Агар йўқотиб қўйсанг, ўзинг биласан, нима бўлишини, – деди ярим ҳазил, ярим жиддий оҳангда. 

Китобни олдиму уйга югурдим. Икки қизим тўртинчи қаватнинг балконидан худди қалдирғочнинг палапонларидай йўлимга термулиб туришган экан. Қоринлари ҳам очиққан бўлса керак...Тезроқ бирор егулик тайёрласаму қизларимнинг оғзига тутсам, сўнг бояги китобни ўқисам, устига-устак, эртага қаторасига олти соат дарсим бор экан. Иш режасини ҳам ёзиб қўйишим керак.

Шу куни режа ҳам, овқатдан бўшаган идиш-товоқлар ҳам бир чеккада қолиб кетди, қизларимнинг дарси ҳам чала бўлди. “Бевафо кўп экан дунёда” китобини тонгга қадар ўқиб чиқдим. Ундаги шеърлар қалбимни оловдек куйдирар, совуган танамга жон ато этарди, гўё. Қанийди, китоб ўзимники бўлса, эгаси сўрамаса. Эртасига ишдан қайтар эканман, Озода опанинг уйи олдидан ўғирлик қилган одамдай шарпасиз ўтдим. Китобни бергим келмасди: “Бугун яна бир марта ўқиб, ёққан шеърларни ён дафтаримга ёзиб оламану сўнгра қайтариб бераман”. Лекин бир тунда ҳаммасини кўчириб бўлмас эди. Чунки ҳар бир шеърни қайта-қайта ўқигинг, ёдлагинг, юракка жойлагинг келарди.

Шу-шу бўлдию Муҳаммад Юсуфнинг китобларини излаб, топиб ўқийдиган бўлдим. Мана, йигирма йилдирки, шоирнинг ижоди билан ошноман. Менимча, Назира опа, Муҳаммад Юсуфдай инсонга ёр бўлишнинг ўзи катта бахт, у билан елкама-елка туриб, турмуш ва ижод машаққатларига дош бериш чинакам жасорат, унга чиройли, оқила фарзандлар ато этиш эса садоқат рамзи...Шоирнинг мухлисларини ижоди билан бирга оилавий ҳаёти ҳам кўпроқ қизиқтиради. Айтингчи, у билан қандай танишгансизлар?

– Муҳаммад ака 80-йилларда “Китобсеварлар жамияти”да ишлаган, мен “Ўқитувчи” нашриётида бўлим муҳаррири эдим. Ишхоналаримиз битта бинода жойлашганди. Қорачадан келган, сочлари ҳам тим қора, кўзлари мулойим боқувчи, камгап ва вазмин йигит эдилар. Кунларнинг бирида тушлик қилиш учун дугоналарим билан ошхонага бораётсак, эшик олдида дўстлари билан турган эканлар. Мендан соат неча бўлганини сўрадилар. Нима деб жавоб берганим ҳозир ёдимда йўқ. Қизлар бир нарса сезишдими, пичир-пичир қилиб, кулишди. Кўп ўтмай “Ёшлик” журналида иккимизнинг шеърларимиз қатор расмимиз билан чиқди. Шунда мен ундан: “Сиз ҳам шеър ёзасизми?” – деб сўрадим. У индамай кулиб қўяқолдилар. Менга унинг ҳалоллиги, тўғрилиги ва мардлиги ёқарди. Ўша пайтларда ишхонамдаги йигитлар ҳам менга сўз ташлаб юришарди. Муҳаммад ака уларнинг адабини бериб қўйибдилар. Буни кейинчалик ўзлари айтиб берганлар. Иккимизнинг суҳбатларимиз асосан яхши асарлар ва уларнинг муаллифлари ҳақида бўларди. Ёш бўлишига қарамай, жуда кўп китоб ўқирдилар. Жаҳон адабиётининг буюк намуналари ва намояндалари ҳақида ҳам чуқур билимга эга эдилар. Ёзган шеърларини ёддан айтиб юрардилар. Ўзбек мумтоз адабиётини ҳам синчиклаб ўргандилар. Мени бадиий китоблар ўқишга, ўз устимда кўпроқ ишлашга даъват этардилар. Ана шундай адабий мулоқотлар бизни янада яқинлаштирди.

 Шу орада ишхонадан пахтага борадиган бўлиб қолдик. Муҳаммад ака ҳамкасблари билан бир кун олдин йўлга чиқдилар, биз кейинги кунга қолдик. Ўша куни бувилари Турсунбиби бетобланиб қолгани учун ўғлини олиб кетгани келган Юсуф ота тасодифан мен билан учрашиб қолиб, мактубни унга бериб қўйишимни илтимос қилдилар. Суҳбат чоғида мени саволга тутиб, кимнинг қизи эканлигимни обдон суриштирдилар. Мен пахтага етиб боргунимча Муҳаммад акани дадаси сўраб, олиб кетибдилар. Мактуб ҳам эгасига етмай ўзимда қолди. Кейинчалик дадаси Муҳаммад акага, “ишхоналарингда бир қиз бор экан, шу менга жуда ёқиб қолди, ўзи шоира экан”, деб журналда эълон қилинган шеърларим тепасидаги суратни кўрсатган эканлар. Муҳаммад ака атайин, “бўлди, отам топган қизга уйланаман”, дебдилар. Шу-шу қайнотам раҳматли мени “ўзим топган келин”, деб юрдилар. Кейинчалик ҳам бу сирнинг сирлигича қолишини истаб, “дадам топган келин бўлоқолинг”, дердилар ҳазиллашиб.

1982 йили кузда тўй қилдик. Андижонга келин бўлдим. Муҳаммад аканинг бувиси Турсунбиби энамнинг дастлабки ўгитлари ҳанузгача қулоғим остида жаранглаб туради: 

– Қизим, Муҳаммаджон дангалчи, чапани бўлгани билан қалби жуда нозик. Кўнглига кўпроқ қаранг, дилини оғритиб қўйманг. Ҳозир жаҳллари чиқадию, босилади-қолади. Унинг юраги тоза, ишқ билан лиммо-лим, сиз ўшани асраб-авайланг, қолгани ҳаммаси бўлади, жон болам!

Тўйдан сўнг иш жойларимиз Тошкентда бўлганлиги сабабли ота-она ва яқинларимизнинг оқ фотиҳаларини олиб, пойтахтга қайтиб келдик. У пайтда Муҳаммад аканинг уйи йўқ эди, биз дугонамнинг уйида истиқомат қила бошладик. Дугонам онаси билан турарди. Ўша пайтларда қалбимиз севгидан масрур, қалбимизда эса эртанги кунга ишонч ва қаноат бор эди. 

...Майли-да, кимгадир

Ёқса, 

Ёқмаса, 

Уларга қўшилиб

Йиғлашармидик .

Биз бахтли бўламиз

Худо хоҳласа, 

Худо хоҳламаса 

Учрашармидик... – деб бежиз ёзмаган шоир.

– Опа, ижодкор билан ҳаётнинг паст-баланд сўқмоқларини босиб ўтдингиз, қувончу шодликларни бирга баҳам кўрдингиз, айтингчи, Муҳаммад акадаги қайси хислатлар сизга кўпроқ ёқарди?

– Юқорида таъкидлаганимдек, шоирдаги ҳалоллик, беғаразлик, яқинларига, дўстларига ва фарзандларига меҳр-оқибат. Бу фазилатлар уни умрининг охиригача тарк этмади. У шон-шуҳратга интилмади. Ундаги хокисорлик ва самимийлик туфайли ҳамма уни яхши кўрарди. Муҳаммад ака саёҳатни ёқтирмасди, Бобур экспедициясига таклиф этилганида ҳам ўрнига бошқа кишини юборди. Ўзи кўпроқ оиласи билан бирга бўлишга, бўш вақтини қизлари билан ўтказишга ошиқарди. 

– Шоир қизларига атаб талай шеърлар ёзган. Уларни кўп эркалатармиди? 

–Айтманг, иложи бўлса уларни чўнтакларига гугурт қутидай солиб, бўйниларига бўйтумордай осиб юришга тайёр эди. Катта қизимиз Маъсудахон 1983 йили, Нозимахон 1984 йили, кенжамиз Мадинахон эса 1985 йилда – қизиғи, ҳаммаси август ойида туғилишган. 

– Бир куни Дархондаги уйимиз ҳовлисида ўйнаб юрсам, бир аёл яқинлашиб, “сиз шоир Муҳаммад Юсуфнинг қизимисиз”, деб сўради, – суҳбатга қўшилди Мадинахон. – Бошимни ирғаб, “ҳа” ишорасини қилдим. “Оилада нечта фарзандсизлар?” – деб яна сўради. Мен оилада учта қиз эканлигимизни айтдим. Шунда ҳалиги аёл чаккаларимдан ўпиб, “вой, шоирнинг ўғиллари йўқ эканда”, деб афсус билан бошини чайқади. Мен йиғлаганимча уйга кириб кетдим. Дадамга бўлган воқеани айтиб бергандим, унинг жаҳли чиқиб, деди: “Агар яна ким шундай деса, сен қўрқмай айтгин, арслоннинг урғочиси бўлмайди, деб”. 

Отажоним қисқагина умрида биз, фарзандларига минг йиллик меҳрни бериб кетган эканлар. У бизларни уй юмушларини сидқидилдан бажаришга, ростгўй бўлишга ўргатдилар. Агар биров сени хафа қилса, сен ҳам уни аяма, деб бизни худди ўғил болалардай тарбия қилдилар. Раҳматли дадажоним, мендан кейин қизларим йиғлаб-сиқтаб, ҳақини ажратолмай, хор бўлиб юришмасин, деган эканларда... Биз, уч опа-сингил учрашганда дадамизни соғиниб, йиғлаб ҳам оламиз, сўнг бахтли болалигимизнинг хушнуд онлари ёдимизга тушадию кулиб юборамиз. Адажонимиз, бизнинг айтганларимизни дарров бажарар, эркаликларимизни кўтарардилар. Сирларимизни ҳам фақат дадамизга айтардик. Аям қаттиққўлроқ эдилар. Кўчада болалар билан уришиб қолсак, ўзимизни койирдилар, дадажоним эса қайтага уларнинг таъзирини берардилар. Аям: “Қизларингизни ҳаддан ташқари эркалатиб юбормаяпсизми? Ахир улар бировнинг хасми, уй юмушларини бажаришни ўрганишсин, кўчада ўғил болалар билан уришиб юрмай”, – десалар, дадам унга қуйидаги шеър билан жавоб қайтарардилар:

...Қиз йўқ уйда сарин сабо эсмайди,

Қиз йўқ уйда жамбил-райҳон ўсмайди.

Ўғилларнинг ота билан иши йўқ,

Қиз отасин ҳар қадамда эслайди.

Кўзларига сургай юрган изингиз,

Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз?...

Аяжоним кўпчиликнинг олдида таслим бўлиб, индамай ошхонага кириб кетардилар. Раҳматли дадам Маъсуда опамнигина ўзлари узатдилар, бизнинг тўйларимизни кўролмадилар. Опам янги уйга ўрганолмай юрганларида бағирларига босиб, пешанасидан ўпиб, доимо айтардилар: “Қизим, ҳаётда ҳеч бир нарса осонликча қўлга киритилмайди. Сени бахтим деб танлаган умр йўлдошингнинг талаб-истакларини, юмушларини оғринмай қабул қил. Ўз навбатида ота-онасининг ҳам ҳурматини жойига қўй. Токи улар ҳам сени ўз фарзандларидай қабул қилсинлар!” Опам уйларига кетганларидан кейин орқасидан маъюс термулиб қолардилар, дадажоним.

Маъсуда ва Нозима опаларимга, менга ва набираси Билолга ҳам атаб кўп шеърлар ёзган. 

...Қалам ушладимми, демак, ўйин бас,

Яйраб очолмайди гул дудоғини.

Бундоқ юрак ютиб сўраша олмас,

Хонамда қолдирган қўғирчоғини.

Бурчак-бурчакда жим тортишар бурун,

Билмам, қандай ўю хаёл ичида.

Тузсиз шеърларим деб,  шириндан-ширин

Болаларим юрар оёқ учида.

Улар шеър ёзмасин ҳеч менга ўхшаб,

Мендан нафи кўпроқ тегар элимга.

Шоҳ асар бўлса ҳам тупурдим ўша –

Боламни йиғлатиб ёзган шеъримга!

Дадажонимнинг назаридан ҳеч нарса четда қолмасди. Баҳор латофати, Ёз гўзаллиги, олтиндай товланган Куз манзараси, Қиш фаслида ўйнаб ёққан қор, ҳамма-ҳаммаси. У жониворларни жуда яхши кўрарди. Дархондаги тўрт қаватли уйимиз ҳайвонот боғига ўхшаб кетарди. Қафасларда саъва, тўтиқушлар сайраб турарди. Ҳатто бир куни машина уриб кетган қарғани кўтариб келибдилар. Уни дори-дармон билан даволадик. У уйимизда бемалол учиб юрадиган бўлди. Дадам “пуси-пуси” деб эркаласа, талтайиб, маймоқланиб олдига юриб борарди. Уйимизда кучукча ҳам боққанмиз. У шундай ақлли кучук эдики, фақат менинг хонамда ва даҳлизда юрарди. Меҳмонхонага, ошхонага умуман қадам босмасди. Бир куни кучукчам оғриб қолди. Сабабини кейин билдим. Эрталаб дадам ўз қўллари билан “Андижонча” палов тайёрлабди. Биз эса опаларим билан қаҳвахонада дудланган товуқ гўшти ейишга кетиб қолдик. Дадамга бу ишимиз унча ёқмаса ҳам индамадилар. Ўз қўллари билан сузган хуштаъм, сергўшт палов стол устида қолаверди. Ижод билан шуғулланаётганда, ҳалиги кучукча дадамнинг оёғига суйкалиб, ғингшибди. Шунда дадам, қорни очган, деб ўйлаб, бир лаган ошни кучукчага берворибди-да. Ёғли паловни роҳатланиб еган “полвон” касал бўлиб қолди. Ана шунда кучугимга раҳмим келиб йиғлаганимни кўрсангиз. Ҳар куни дадамдан пул олиб, ветеринарга обораман. Ўзим беш-олтинчи синфда ўқийман. Ўн килограммдан ортиқ келадиган кучукчамни кўтариб, пиёда кетаман. Шифокор укол қилиб, дориларни ичкизгач, яна уйга келаман. Беш-олти кунда кучугим тузалди. Уни эгасига қайтариб бердим. “Пулини ҳам қайтармай қўяқолинг, фақат яхши қарасангиз бўлгани”, деб энг ақлли, қувноқ “дўстим” билан хайрлашдим. Орадан икки йил ўтди, чамамда. Бу орада бошимизга оғир мусибат тушди. Дадажонимиздан айрилиб қолдик. Қиш кунларининг бири эди. Каттакон бир ит орқамдан қувалаб келиб, қорга қулатди. Эсхонам чиқиб кетай деди. Бақирвордим. Аммо у парво қилмай, юзларимни ялайверди, думларини ликиллатиб, эркаланди. Бундоқ қарасам, ўзим парвариш қилган, ўзим даволаган кучукчам экан. Эгаси рус йигит эди, ўшани кўргач, танидим. “Ит – вафо”, деган нақлнинг маъносини шунда англаб етдим. 

 

Дадамдан бир куни, “қайтадан туғилганингизда ким бўлардингиз”, деб сўрадим. Шунда у ҳозиржавоблик билан: “Чўпон бўлар эдим, қизим. Ям-яшил яйловда қўйимни боқиб, найимни чалиб юраверардим”, деб жавоб бердилар.

–Мадинахон, дадангиз туғма истеъдод эгаси эди. Айтингчи, сизга унинг қайси шеърлари ёқади?

–Дадамнинг барча шеърларини соғинганимда йиғлаб-йиғлаб ўқийман. Чунки у беназир инсон эди. Унинг кўпгина шеърлари хушовоз ҳофизлар томонидан ижро этилган. “Қизғалдоғим”, “Юр, муҳаббат, кетдик бу ердан”, “Самарқандга борсам”, “Сени ҳеч кимга бермаймиз, Ўзбекистон!”, “Ватан”, “Сув париси” каби қўшиқлари халқ томонидан яхши кутиб олинган. Айниқса, аяжонимга атаб ёзган шеърларини айтмайсизми:

...Гулим, сени гулдай асрай олмадим,

Суйиб, сийлолмаган  султонинг бўлдим.

Меҳрингни меҳрим-ла оқлай олмадим, 

Нетай сен яхши, мен ёмонинг бўлдим...

Дорга осгил мени, дорингга шукур, 

Борингга шукурлар, борингга шукур...

–Назира опа, қизларингизда отасининг фазилатлари мужассамлиги шундоққина кўриниб турибди, айниқса, Мадинахон дадасининг ўзи. Эшитишимча, у ҳам шеър ёзиб тураркан...

–Ҳа, кенжа қизим, гап-сўзлари, юриш-туришлари, дангалчилиги – ҳамма-ҳаммаси билан дадасига тортган. Оиламизда падари бузруквори ҳақида энг кўп айтадиган ҳам ўша. Отасининг вафотидан кейин қаттиқ қийналди. Тушларида дадасини кўриб, алаҳсираб чиқишлари ҳанузгача кўз олдимда. Бу йил 26 апрель куни Муҳаммад ака 63, пайғамбар ёшга тўлди. Шу муносабат билан Мадинахон дадасига бағишланган “Соғинч сатрлари” номли шеърий китобини мухлисларга туҳфа қилди. 

–Мадинахон, бирорта шеърингизни ўқиб бера оласизми?

...Қалқоним йўқ, пора-порадур бағир.

Оҳ, қисмат шароби 

бунчалар тахир.

Доим ёнингдаман

Дердингку ахир,

Айт, мени кимларга

Ишониб кетдинг.

Соғинч чаёнлари 

чақади бағрим

Айрилиқ зарбига етарми сабрим

Эй, менинг ғурурим

Эй, менинг фахрим

Айт, мени кимларга ишониб кетдинг.

Юрагим соғинчдан

Ўртанди ёмон

Ота мени ташлаб

Кетдинг қай томон.

Сени остонада 

Кутарман ҳамон,

Айт, мени кимларга ишониб кетдинг.

–Муҳаммад аканинг шеърларини, мақолаларини ўқиб, мухбирларга берган суҳбатларини тинглаб, шуни англадимки, шоирлик бу ҳавас ҳам эмас, касб ҳам эмас, Оллоҳдан бериладиган бир илоҳий неъмат экан. Айтингчи, шоирдаги илоҳий қудрат ҳаётида ҳам ҳеч сезилганми, Назира опа?

--Дарҳақиқат, Муҳаммад акада бир туғма истеъдод, биз, осий бандалар сезмайдиган илоҳий қувват бор эди. У киши бирор бир кимсани “яхши” деб мақтаса, шу одам ҳаёти давомида ўзига гард юқтирмай, номаъқул ишлардан йироқда бўларди. Агар биронтасини “ёмон”, бу одамга ишониб бўлмайди, десалар, ана шу кишининг бирор бир ишкали чиқарди. 

1987 йил қиш ойларининг бирида бизга Ёзувчилар уюшмасидан тўрт хонали уй берилди. Муҳаммад аканинг қувончи ичига сиғмай, битта кўрпачани олиб, ўша янги уйга кетдилар. Уйимиз Дархон мавзесида бўлиб, ҳали газ, иссиқлик, электр қуввати ўтказилмаган эди. Муҳаммад ака бошпанага етказгани учун Оллоҳга шукр қилиб, ерга кўрпачани шундоқ тўшабдилару уйқуга кетибдилар. Тушига қадди-қомати келишган, оппоқ соқолли киши кириб, пешанасини силабди. “Сиз кимсиз, Муҳаммад пайғамбармисиз”, десалар, лабларини қимтиб, ”ҳа” ишорасини қилибди.

–Дадажоним, Маъсуда опам биринчи фарзандларига ҳомиладор пайтида ҳам –“Қизим, сен қорачадан келган ўғил фарзанд кўрасан, исмини Билол қўяман”, дегандилар. Айтганлари тўғри чиқди, – деди Мадина.

–Назира опа, шоирнинг ўлим ҳақидаги шеърлари ҳам кишини ўйга солади. Худди у ҳаётдан барвақт кетишини сезгандай...Сиз бунга қандай муносабатда бўлгансиз?

–Ўзим ҳам шеър ёзиб юрганим учун бунақа шеърларни ёзишини табиий ҳол, деб билганман. Лекин “Йиғлашни билмайди қизларим”ни ёзганларида, “Бунақа ёмон нафас қилманг, мен сумка кўтариб, бозорга борган аёл эмасман, сизсиз болаларингизни эплаб боқолмайман”, деб йиғлагандим. Тинглаб кўринг-а:

...Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,

Ётар бўлсам, қумга ботиб кўзларим,

Кўнглимни кўчкидай босади бир ғам –

Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим...

–“Лолақизғалдоқ”ни айтмайсизми, ўз тақдирини олдиндан кўргандай ёзган эканлар:

...Мендан нима қолар,

Икки мисра шеър,

Икки сандиқ китоб,

Бир уюм тупроқ.

Одамлар ортимдан

Нима деса дер,

Мен сени ўйлайман ўзимдан кўпроқ,

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ!

Мен кетсам, ёмондан

Йироқ бўл, оҳу,

Чунки сен чиройли,

Кўркли бир жувон.

Ёмон кунлар бир кун

Яхши бўлар-у,

Ёмон одам яхши 

Бўлмас ҳеч қачон...

Яша чегарада

Тургандек огоҳ

Лола, лолажоним,

Лолақизғалдоқ...

–Муҳаммад Юсуф андижонлик бўлсада, Тошкентда яшаб, ижод қилди, ўзбекнинг юрагини жунбушга келтирадиган, ўйлаб-фикрлашга ундайдиган адабий мерос қолдирди. Айтингчи, шоирнинг яқинларига муносабати қандай эди?

–Муҳаммад ака, юқорида айтиб ўтганимдай, катта бувиси Турсунбиби қўлида тарбияланган. Андижонга бориши билан биринчи бўлиб, момосининг қабрини зиёрат қиларди. Ота-онасига, опа-сингилларига, укаларига жуда меҳрибон эди. Айниқса, онасини қаттиқ ҳурмат қиларди. Унга атаб кўпгина шеърлар ёзган.

...Шаънингга шеър битдим. У сени топсин,

Пойингга тиз чўкиб, қўлингни ўпсин.

Ундан ҳам улуғим борлигин кўрсин,

Мен учун ҳам азиз ҳолингни сўрсин,

Сенсиз ғариб кўнглим кўнгилми, онам,

Энди мен ҳам сенга ўғилми онам!...

–Қишлоққа йўлимиз тушадиган бўлса, тўғри синглиси Муҳаббатнинг уйига бориб, хол-аҳволидан хабар олар,сўнгра дадаси ва ойиси, укаси келинлари турадиган катта уйга ўтарди. 

...Қачон хат ёзгандим сенга, 

Билмадим,

Қофия билан банд менинг  тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмадим...

Кечир, мени синглим,

Кечир, мени синглим. 

–Суҳбатимиз сўнгида яна бир савол туғилди. Шоирнинг қандай орзулари бор эди?

–Муҳаммад аканинг бирдан бир орзулари бу – қизларининг ҳаётда ўз ўринларини топиб кетиши, мустақил билимга, яхши касбга эга бўлишларини ният қилардилар. Чунки урнинг кўзларида ёш айланса, у ўзини қўярга жой топмай қолардилар. Яна бир армони ўзбек миллатининг жипслигини кўриш эди. Миллий қадриятларимизни, урф-одатларимизни сақлаб қолишга, уни кейинги авлодга мерос қолдиришга бутун умрини, куч-ғайратини сафарбар этдилар. 

–Шоир ижоди ҳар бир ўзбекнинг қалбидан ўрин олган, десак, муболаға бўлмас... 

–Ҳақиқатан, Муҳаммад аканинг китоблари эълон қилиниши билан қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ҳофизлар унинг янги шеърларини дарров куйга солиб, қўшиқ қилишарди. Президентимиз ҳам унга барча шароитларни яратиб берди. Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлдилар. Вафотидан аввал Ўзбекистон Олий Мажлисига депутат бўлиб сайланган эдилар. Лекин умрлари қисқа экан, 47 ёшида боқий дунёга рихлат қилдилар.

–Опа, ўлган билан бирга ўлиб кетолмас экансиз, тирикликнинг бир куни ўтавераркан. Буни бошқалар билмаса ҳам мен яхши биламан, чунки менинг отам ҳам жуда ёш – 49да вафот этганлар. Шоир вафотидан кейин сизга ҳам осон бўлмагани, аммо ёлғизнинг ёри Худо экани ҳаёт тажрибаларидан менга аён. 

–Дадам ҳам Тошкент Давлат университетига Ўзбекистон Миллий университети мақоми берилиши муносабати билан ўтаётган тантанада минбарда сўзлаётиб қазо қилган эдилар. Тақдирнинг ўхшашлигини қарангки, шоир куёвлари ҳам минбарга шеър ўқишга чиқиб, йиқилдилар. Худойимнинг раво кўрган кунларига чидамасдан ўзга чорам йўқ. Шоирнинг руҳлари шод бўлсин, ҳозир шеърларимни тўплаб, китоб чиқариш ниятидаман. Шулардан бири:

...Осмон тушди бошимга, 

 нажот кутай кимлардан,

Ғамлар келди қошимга, 

 дард тўшалган чимлардан,

Кўзларим энди намли, 

 бўлдим бахти камлардан,

Яна ниманг бор дунё, 

 ёғдирмаган бошимга?!

Мисқоллаб топганимни 

 олиб қўйдинг бутунлаб,

Ёнаётган қалбимни 

 қўйдинг-ку сен тутунлаб

Бу тоғ бағрим қўйдинг-ку 

 бир лаҳзада кукунлаб,

Яна ниманг бор дунё, 

 ёғдирмаган бошимга?!

Мен бир ожиз гул эдим, 

 қизғалдоқдек тўкилдим,

Туйғулари мўл эдим, 

 чок-чокидан сўкилдим,

Қанча тоғни елкалаб 

 ўтган эдим, букилдим,

Яна ниманг бор дунё, 

 ёғдирмаган бошимга?!

–Опажон, Оллоҳ сизга сабр берсин, мана, фарзандларингиз вояга етиб, оилали, мустақил касб эгалари бўлишибди. Бешта набиранинг бувижони экансиз...

–Худога шукр, қизларим эсли-ҳушли, меҳнатсевар ва яқинларига меҳрибон бўлиб ўсдилар.Тўнғичим Маъсудахон “Ўзтелерадиокомпания”да сиёсий шарҳловчи. Турмуш ўртоғи Музаффар билан учта фарзанд тарбиялашмоқда. Катта ўғли Билол бу йил юридик лицейни тамомлаб, университетга кирмоқчи. 

Нозимахон Низомий номли педагогика университетини тамомлади. Ҳозирги кунда Муҳаммад Юсуф жамғармаси қошида очилган “Олтин қалам” газетасида мухбир бўлиб ишлайди. Исломбек исмли ўғли бор.

Мадинахонни ўзингиз яхши танийсиз. Юридик лицейдан кейин Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг инглиз, француз тили факультетини тамомлаб, бугунги кунда “Инвестфинансбанк” раҳбарининг ёрдамчиси. Куёвимиз Шокиржон жиҳоз корхонасида ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди. Буни қарангки, кенжа куёвимнинг ота юрти Туркистон, Мадинахон сизларга ҳам келин бўлади. Қизи Филизхоним боғчага боради. Набираларимнинг ҳаммаси бобосининг шеърларини ёддан айтишади.

–Назира опа, суҳбатимиз ҳам охирлай деб қолди, олтинга тенг вақтингизни аямай, қизиқарли суҳбат берганингиз учун шахсан ўз номимдан, қолаверса Жанубий Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи шоирнинг мухлислари номидан сизга ва оила аъзоларингизга, айниқса, бугунги учрашувимизнинг сабабчиси Мадинахонимга чуқур миннатдорчилик билдираман. 

Назира опа, Нозима ва Мадиналар билан хайрлашар эканман йиллар давомида юрагимни ғижимлаб юрган армонли саволларга бир дунё жавоб топгандай, вужудимда бир енгиллик сездим, шинам хонадонда буюк шоирнинг исларини туйдим, қалбимни эгаллаган фахр туйғуси билан кўчага чиқиб, Муҳаммад Юсуфнинг “Ватаним” шеърини оҳиста ёдлаганча йўлга тушдим.

Мен дунёни нима қилдим,

Ўзинг ёруғ жаҳоним,

Ўзим ҳоқон, 

Ўзим султон,

Сен тахти Сулаймоним,

Ёлғизим,

Ягонам дейми,

Топинган кошонам дейми,

Ўзинг менинг улуғлардан

Улуғимсан Ватаним...

 

 

 

Суҳбатни олиб борган Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2017-05-16, 10:29 753
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.