26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жиноят ва жазо

Инсоният тарихида жиноятчиликдан холи жамият бўлган эмас. Турли даврларда жиноятчилик кўпайиб, камайиб турган, лекин бутунлай йўқолиб кетмаган. Сабаби нимада? Бу саволни мутасадди соҳа мутахассисларига бердик. Тўлебий туман ички ишлар бўлимининг балоғатга етмаганлар иши бўйича нозири А. Аманқуловдан олган жавоб бизни қониқтирмади. У болаларнинг кўп ҳолларда қаровсиз қолиши, безори болаларга қўшилиб кетиши, ота-оналарнинг ичкиликка ружу қўйиши, интернетнинг ёшлар тарбиясини бузаётгани, оиладаги қашшоқлик каби мисолларни келтирди.

Ёшлар тарбияси – ҳаёт-мамот масаласи

– Йирик маърифатпарвар Абдулла Авлоний ёшлар тарбиясини “ҳаёт-мамот масаласи”, деб таърифлаган.Демак, ёшларнинг жиноятга қўл уриши тарбияда йўл қўйилган хато ёки бефарқликнинг аччиқ мевасидир, – деди А. Аманқулов. 

Булар жиноятчиликнинг устки қисмидаги, барчага маълум сабаблар, холос. Асл илдизи эса анча теран. Буни аниқлаш учун чуқур таҳлил юритиш керак. Имконият ва маҳоратимиз даражасида бу ишга киришдик. Изланишнинг асосий йўналиши – ижтимоий-руҳий соҳа. Мутахассисларнинг фикрича, бу соҳада тарбия жараёни ҳам муҳим аҳамиятга эга. «Мен соғлом маънавий муҳит бўлмаган жойда комил инсоннинг етишиб чиққанини ёки, аксинча, тўғри ва тўлақонли тарбия олган боланинг қинғир йўлга кириб кетганини учратмаганман», деб ёзган эди забардаст педагог С. Макаренко. 

Келинг, жиноят йўлига кирган бир йигитнинг ҳаёт йўлига назар солиб, тақдиридаги қайноқ нуқталарни топишга ҳаракат қилиб кўрайлик. 

Бу воқеа қиш кунларининг бирида, оқшом пайтида юз берганди. Фарида дугонасининг уйидан қайтаётган эди. Тор кўчада ҳеч ким кўринмас, узоқдаги симёғочга ўрнатилган чироқ ёруғида бир одамни кўриб, Фарида қўлидаги сумкасини маҳкамроқ ушлади. Чунки, дугонасидан ўқишга тўлаш учун юз доллар пул қарз олиб келаётган эди. Мана, ниҳоят, қиз у одамнинг ёнига яқинлашди. Ўтиб кетаётиб, зимдан назар солди, қулоқчинини бостириб кийиб олган йигитча экан. «Мактабда ўқиса керак, бекор хавотирланибман, безори эмас экан», деб ўйлаб кетаётган эди, ҳалиги йигит югуриб, орқага қайтиб келиб, қизнинг сумкасига ёпишди. Кутилмаган қаршиликдан бир зум эсанкириб қолса ҳам, сумкани қўйиб юбормади. Босқинчи чўнтагидан пичоқ чиқариб, қизга ўқталди. Фарида уни тортиб олмоқчи бўлган эди, пичоқ қўлини кесди ва сумкасини қўйиб юборди. Безори сумкани олиб, бир зумда кўздан ғойиб бўлди.

– Сумкангизда нималар бор эди? – сўради терговга киришган участка нозири.

– Пул ва ҳужжатлар...

– Пулдан умидингизни узаверинг. Ҳужжатларингизни бир жойга ташлаб кетади.

Таҳлилимизни мана шу лавҳадан бошласак. Қулоқчинини бостириб кийиб олиб, йўлтўсарлик қилаётган номаълум йигитни излашнинг кераги йўқ, буни мутахассисларнинг ўзлари эплашади. Биз уни қишнинг қоронғу кечасида кўчага чиқиб, жиноят содир этишга мажбур қилган сабабларни аниқлашга уриниб кўрамиз. 

Жиноятга илк қадам

У пайтларда Анвар болалар боғчасига борарди. Бир куни тарбиячиси болаларга антиқа топшириқ берди: «Дам олиш кунлари катталар билан бирга ёғочдан турли буюмлар ясаб, танловга олиб келинглар». Анвар буни ойисига айтган эди, у дадасига юборди. Дадаси вақти йўқлигини айтди. Душанба куни болакай уйидан йиғлагудай бўлиб чиқди: боғча опасининг жаҳли чиқишидан қўрқарди. Хаёлига қўшни гуруҳдан бир буюмни ўғирлаб олсамчи, деган фикр келди. Қўшни хонага кириб, даҳлизда қолдирилган ёғоч буюмлар орасидан куракчани олиб, ўзим ясадим, деб боғча опасига берди. Ўғирликни ҳеч ким сезмади. Лекин бу кичкина ўғирлик унинг келгуси жиноятларига йўл очди, десак, муболаға бўлмайди. «Бекор гап, шўхлик қилиб, қўшнисининг боғидан мева ўғирлаган болалар бор. Кўча-кўйда бегона одамнинг чорбоғидаги ўрик, гилосни ўғирлаганлар бор. Уларнинг ҳаммаси ўғри бўлиб кетаётгани йўқку», дейишингиз мумкин. «Қўғирчоқ, ўйинчоқ ўғирлаганлар ҳам жиноят кўчасига кириб кетган эмас». Бу саволга мутахассислар қуйидаги жавобни беришди: «Ҳар бир жиноятчининг ўтмишида бир салбий иш бор. Бинобарин, уларнинг ҳаммаси ҳам жиноят содир этавермайди. Демак, куракчанинг ўғирланиши болалик шўхликларидан бири бўлиб қоларди, агар у жиноят билан якун топмаганида». 

Мактабда

Саккизинчи синфда дарёнинг нариги ва бериги томонида яшайдиган болалар орасида кўп муштлашишлар бўлиб турарди. Бунда аксарият ҳолларда Анвар калтак ерди. Ҳали у кўзи, ҳали бу кўзи кўкариб, мактабга борарди. Ўқитувчиси эса жанжал сабабларини, айбдорларни аниқлаш ўрнига, бутун айбни унга тўнкаб қўя қоларди. 

Бир куни дадаси:

 – Қўрқоқсан. Сенинг ўрнингда бўлсам, албатта, ўч олардим, – деди.

Бу таъна болага қаттиқ таъсир қилган эканми, қўшнисининг ўғли Самадалидан маслаҳат сўради. 

– Ўн биринчи синфда ўқийдиган оғайним бор, шунга айтамиз, истаган боланинг таъзирини беради. Фақат, унга соққасини бериб туриш керак, – жавоб берди у.

Анвар бувисидан икки юз тенге олиб, Самадали билан буюртма беришга борди. Зўравон – кураш бўйича қишлоқ чемпиони, Аҳмад-Нажот лақаби билан танилган мактабдоши экан. У биринчи буюртмани кўнгилдагидай бажарди. Лекин эртасига учрашиб, шарт қўйди. 

 – Ҳар куни 50 тенгедан менга бериб турасан. Буюртма бўладими, йўқми, у билан менинг ишим йўқ. Эвазига – нафақат мактабда, ҳатто қишлоқда сени ҳеч ким черта олмайди. 

Анвар беш-олти ой бу шартни бажариб турди, кейин пул топиш муаммоси туғилди. Уйдаги сотиш мумкин бўлган нарсаларни сотиб бўлди. Бир куни қўшнисиникига ўғирликка тушиб, пул ва тилла буюмларни олиб, чиқиб кетаётганида уй эгаси келиб, ушлаб олди. 

Отаси

Анварнинг онаси у 15 ёшга тўлиши муносабати билан кўпдан бери орзиқиб кутаётган совғаси – велосипед сотиб олишига етадиган пул берди. Бундан хабар топган дадаси:

– Ўғлим, ҳозир қиш бўлса, велосипедни нима қиласан, яхшиси, бу пулларни менга қарзга бериб тур, мен сенга баҳор чиқиши билан қайтариб бераман, чин сўзим, – деб олиб қўйди. 

Март, апрель ойи ўтиб, майнинг ўрталарида бола дадасига велосипед пулини эслатади. 

– Қанақа пул? – ҳайрон бўлади дадаси.

– Ойим велосипед олишга туғилган кунимда берган пулни айтяпман. Сизга берган эдимку...

– Ҳа, уялмай-қизармай шу пулни айтяпсанми, ярамас! Мен сенинг ёшингда ишлаб, ҳалол пул топганман, ҳатто, ота-онамга, рўзғорга яратарсизлар, деб бериб турганман. Сен эса, ота-онангнинг пулига ялло қилмоқчимидинг, тур, кўзимга кўринма, йўқол!

– «Чин сўзим, баҳор чиқиши билан қайтараман», деб ваъда бергандингизку, дада, – деб тортишмоқчи бўлди, лекин бефойдалигини сезиб, аламини ичига ютди. 

Отаси ўғлининг кўз ўнгида ёлғончи, фирибгарга айланди. Шундай қилиб, дунёдаги энг яқин одамим, қалбимнинг гавҳари, деб юрган инсон, бир вақтлар бутун қишлоқ аҳли ҳурмат қиладиган отасидан Анварнинг кўнгли қолди. 

Бир куни у отасидан ичмасликни илтимос қилди. 

– Энди, ичмасам туролмайман, ўғлим, – деди у. – Талабалик давримда ҳам ичмаганман. Раисимизнинг менга қилган номардлигидан кейин ичишни бошлаганман. Ноҳақликка чидай олмасам, нима қилай? Ойига икки марта «бизнинг уйга битта қўй олиб бориб бер», дерди. Йил сўнгида «мана бу актга имзо қўй», деб олиб келишди. «Нима бу?» – деб сўрасам, «30та қўйни бўри еб кетди», деб тузилган экан. Мен «бу қўйларни бўри эмас, директор еган», деб имзо чекмадим. Шундан кейин мени ишдан ҳайдашди. Ичмасам, бу ноҳақликка қандай чидаш мумкин? Ҳар ҳафтада ҳашар қилиб, икки қаватли дала ҳовлисини менга ўхшаган уч-тўртта мутахассисга қурдирган ҳам шу раис бўлади. Номардликка кўникавергандан кейин ўзинг ҳам номард бўлиб қолганингни билмай қоларкансан, киши.

Онаси

Онаси уч фарзанд кўрди, чақалоқлар бир-икки ойда «чатнаб» кетаверди. Тўртинчи фарзанд – Анварни эрка ўстирди. Ичкилик сабабли онаси отаси билан тез-тез жанжаллашиб турарди. Баъзан, қўшни болалар «даданг дўкон олдида ётибди, юролмайди, бориб олиб кет», деб келишарди. Бу сўзлар болага оғир ботарди. Эрталаб, отаси ўзига келганида онаси дийдиёсини бошларди. Отаси яна кўчага чиқиб кетар ва аҳвол такрорланаверарди. Оиладаги бундай аҳволда тарбия маданияти ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмасди. 

Бой берилган тўрт йил

Анвар тўрт йил колонияда «тарбияланди». Қамоқдан чиққанларга давлат томонидан яратилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, ишга кириш ниятида. 

– Чангал сим билан ўралган катта ҳовли, тўрт девор ўртасини ёритиб турадиган чироқлар, баланддан кузатаётган қўриқчиларни унута олмаяпман, – дейди Анвар. – Асабга қаттиқ тегадигани – кучли сирена овози. Кунига 7 марта аниқ бир вақтда янграрди. Бу овоз инсоннинг руҳиятига қаттиқ таъсир кўрсатар экан. Бундан ташқари, у ёқда таомларнинг ночорлиги туфайли сил касалини юқтирдим. Уйдаги хўроз қичқириғидан ёки онамнинг майин эркалашидан уйғонган кунларим эсимга тушиб, йиғлардим. Йиғлаётганимни кўриб, ёнимдагилар «йигит ҳам йиғлайдими, уят эмасми», деб таъна қилишарди. 

Анвар судга кассация аризасида шундай ёзган экан: «Менга раҳм қилинглар, ахир энди 17га тўлдим. Бу ёшда кўп болалар адашади. Мен ҳам шуларнинг бириман. Эҳтиётсизлик туфайли машинада одам босиб кетиб, жазоланмаган ҳоллар ҳам бўладику, мен ҳам эҳтиётсизлик қилиб, хатога йўл қўйдим. Ўғирланган ҳамма пул ва буюмлар эгасига қайтарилди. Ҳеч бир қамоқхона инсоннинг ахлоқини тузатган эмас, шуларни ҳисобга олган ҳолда, менга енгилроқ жазо тайинлашингизни илтимос қиламан».

Мақолани диққат билан ўқиб чиққан газетхон ёш йигитнинг қандай қилиб жиноят йўлига кириб кетганини, бунга нималар сабаб бўлганини англаб олади, албатта. Демак, ота-она фарзанди тақдирини бешикдан бошлаб ўйлаши, тарбияга жиддий қараши, жиноятга олиб келувчи омилларни ўз вақтида англаб, бартараф этиши керак экан.

Авазхон АБДУФАТТОҲ, 2018-03-01, 12:31 1689
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.