26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Тарих тилга кирганда

Тарихдан маълумки, ўтган асрнинг 30-йилларида вилоятимизда ўзбек театри фаолият юритган. Бу ҳақда илк бор Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олиб юрганимда курс раҳбаримиз, ўзбек театри тарихининг билимдони, таниқли театршунос олим Муҳсин ака Қодиров айтиб берган ҳамда менга мазкур театр фаолиятини яқиндан ўрганишни топширган эдилар. Бу ҳақда илк бор Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида таҳсил олиб юрганимда курс раҳбаримиз, ўзбек театри тарихининг билимдони, таниқли театршунос олим Муҳсин ака Қодиров айтиб берган ҳамда менга мазкур театр фаолиятини яқиндан ўрганишни топширган эдилар. 

Сўраб-суриштириб юриб, ўзбек театрида ишлаган айрим шахслар билан мулоқот қилишга муваффақ бўлдим. Жумладан, чимкентлик Мирзамат ака Бегматов, Оқсувкент қишлоғида истиқомат қилувчи Мастура Ниёзова ва сайрамлик Зуҳра опа Сулаймоноваларнинг хонадонларида бўлиб, айрим фотосуратлар ва қизиқарли материалларни тўпладим. Айниқса, вилоят архивидан топилган манбалар жуда асқотди. У ерда “Қозоқ миллий театри тўғрисида”ги масала қаралган ВКП(б) Жанубий Қозоғистон вилоят қўмитаси бюросининг 1934 йил 29 октябрда ўтган йиғилишининг 90-сонли баённомаси сақланган. Унда “мавжуд қозоқ театри мустаҳкамлансин, ўзбек театрини ташкил қилишга киришилсин”, деган сатрлар бор.

Жанубий Қозоғистон вилоятида фаолият юритган ўзбек мусиқали театри ҳақида эл орасида ҳали-ҳануз илиқ гаплар юради. Аниқ манбаларга асосланиб, шуни айта оламизки, 1934 йил ташкил этилган театр 7 йиллик баракали фаолияти мобайнида анча довруғ қозонган. Айниқса, Ўзбекистон театрларининг атоқли санъат дарғалари билан ҳамкорлик натижасида тўлақонли саҳна асарлари қўйилдики, санъатшунос олимлар ва тарихчиларнинг труппа санъатига эътибори ва қизиқиши шундан, деб изоҳлаш ўринлидир. Шундай ижодий ҳамкорлик натижасида Хуршиднинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, У. Ҳожибековнинг “Оршин мол олон”, Ғ. Зафарийнинг “Ҳалима” каби ўнга яқин ўлмас саҳна асарлари яратилди. Муайян ютуқларга эришган театр 40-йилларга келиб, ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган. Бунга асосий сабаб, Улуғ Ватан урушининг бошланиши эди. Театрнинг аксарият ижодкорлари кўнгиллилар қаторида жанг майдонига отланишган экан...

Ўша даврда театрни ташкил этишда иштирок этган фидойи инсонлар номини тарих унутмаслиги керак. Саҳнага дадиллик билан чиқиб, роль ижро этган артистларнинг аксарияти ҳаваскорлар эди. Шундай бўлса-да, театрга қизиқиш, санъатга чинакам меҳр ва муҳаббат, ҳақиқий эҳтирос билан ўйналган роллар томошабинларга манзур бўлган. Ҳатто спектакллар кўрсатилганда игна ташлашга жой бўлмаган, деб эслайди ўша йилларда театрда созандалик қилган чимкентлик машҳур ғижжакчи Мирзамат ака Бегметов. Талабалик йилларим Мирзамат ака бир неча бор каминага хат йўллаб, хотираларини – билганларини, кўрганларини ёзиб берганди. Мана, шундай мактублардан бири: “...Сиз юборган мактубга жавобан театрда саҳналаштирилган спектакллар, роль ижрочилари, режиссёрлар ҳақида ёзиб юборганман. Хотирадан кўтарилай деган маълумотларни бирга ишлаган дўстларимдан сўраб-суриштирдим. Яна бир нарсани билдирмоқчи эдим. 1971 йили Чимкентдаги театр фаолияти ҳақида материал тўплаш учун Тошкентдан телевидение ходимлари – Воҳидов ва санъатшунос Карима Олимовалар келишган эди.

Улар бизнинг хонадонга ҳам ташриф буюришди. Суратлар, ўша йилларда чиққан афишалардан бир неча нусха олиб кетишди. Ўзбек мусиқаси тарихига оид энциклопедия ёзилаётганини, шу китобга албатта, Чимкент ўзбек мусиқали театри ҳам киритилишини айтишган эди. Имконияти бўлса, шу кишилар билан боғланинг.

Салом билан: Мирзамат Бегметов. 1982 йил 9 февраль”.

Иккинчи мактубда ҳам мусиқали театрда қўйилган спектакллар ҳақида маълумотлар келтирилган бўлиб, айрим актёр ва режиссёрларнинг ижоди ҳақида фикр юритилган. Маълум бўлишича, илк спектакль саҳнага 1935 йилда чиққан. У ҳам бўлса, ўша пайтда Тошкентдаги театрларда муваффақият билан қўйилган Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” асари эди. Шундан сўнг 1936 йилда Узеир Ҳожибековнинг “Оршин мол олон”, 1936-37 йилларда Хуршиднинг “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Фарҳод ва Ширин”, Зиннат Фатхуллиннинг “Ғунчалар” каби асарлари саҳналаштирилди. Шунингдек, кейинги йилларда Комил Яшиннинг “Гулсара”, “Нурхон” ва Умаржон Исмоиловнинг “Рустам” каби пьесалари ҳам театрда ўзига хос тарзда талқин этилади. Айниқса, “Гулсара” спектаклини саҳналаштириш жараёнида Тошкентдан атайин келган Тўхтасин Жалиловнинг хизматлари беқиёс бўлган.

Театр труппасининг баракали фаолият юритишида режиссёрларнинг ҳам хизмати беқиёс. Н. Бришчук, В. Неверов каби рус режиссёрлари, озарбайжонлик Муфтизода шулар сирасидандир. Маҳаллий режиссёрлардан Мирмуса Йўлдошев, Шамси Норматовлар фаол иш олиб борганлар. Актёрлар Шоюнус ва Ҳайитмат Мусабеков, Болтабой Қосимов, Эргаш Ирисқулов, Раимқул Жўрабоев, Абдуғофир ҳамда Имомқул Сулаймоновлар номини кўрсатиб ўтиш ўринли. Шу билан бирга, ўша йилларда саҳнага чиқиб, роль ўйнаган актрисаларни алоҳида таъкидлаб ўтгимиз келади. Ўзбекнинг санъаткор қизи Нурхоннинг бошига тушган фожиадан қўрқмасдан саҳнага чиққан Ойимхон Бегметова, Мастура Ниёзова, Асалхон Қурбонбоева, Зуҳра Сулаймоновалар жасорати ва маҳорати таҳсинга лойиқ.

Театр – лаҳзаларда муҳрланиб қоладиган, хотираларда сақланадиган санъатдир. Шунинг учун ҳам мазкур йўналишда олдинда қилинажак ишлар жуда кўп.

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2018-03-03, 11:04
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.