26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Забардаст олим, довюрак ва ватанпарвар давлат арбоби

Искандар ота оиласи ҳақида қисқача маълумот

Ўзбекистон Республикасининг таниқли жамиятшуноси, йирик иқтисодчи олим, жамоат ва давлат арбоби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Республика Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, иқтисод фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикасининг Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Иброҳимжон Искандаров(суратда) 1932 йил 8 майда Қозоғистон Республикаси, Жанубий Қозоғистон вилояти, Сайрам туманининг Қорамурт қишлоғида Искандар ота ва Жамолой ая хонадонида таваллуд топди.

Иброҳимжоннинг вояга етиши ҳамда камол топишида падари бузруквори Искандар ота ва волидаи мукаррамаси Жамолой аянинг ҳиссаси салмоқли бўлган.

Зеро, олимнинг отаси миришкор деҳқон, меҳнатсевар, ватанпарвар, Ислом динига эътиқоди баланд, алоҳида ҳурмат-эътиборга сазовор инсон бўлган. У ёшлигидаёқ собиқ Иттифоқ тузумининг “қулоқлаштириш” каби адолатсиз сиёсатининг барча азобларини, Иккинчи жаҳон уруши изтиробларини бевосита фронтда бошидан кечириб, ундан ногирон бўлиб қайтган, лекин иродаси мустаҳкам инсон эди.

Жамолой ая ҳам ўз замонининг илғор фикрловчи оналаридан бўлиб, ёлғиз ўғли Иброҳимжон, қизлари Марҳабо(раҳматли), Омоной, Мастурахон (техника фанлари доктори, профессор) ҳамда уларнинг фарзандларини ҳам вояга етказиб, шундай ёруғ кунлар насиб этганлигидан Яратганга шукроналар қилиб, дуода яшаб ўтди. 

Ёшлик ҳамда талабалик йиллари

И. Искандаров 1939-1946 йилларда Қорамуртдаги тўлиқсиз ўрта (ҳозирги Киров номли) мактабни битириб, сўнг Сайрамдаги собиқ Калинин номли (ўша даврда Абдуғофир Холметов директорлик қилган) мактабда ўқишини давом эттириб, 1949 йили уни муваффақиятли тамомлайди.

1949 йили Тошкент молия-иқтисод институтига ўқишга кириб, 1953 йили уни имтиёзли диплом билан тамомлайди ва йўлланма бўйича Бухоро вилоят ижроия қўмитасининг молия бўлимига ишга юборилади. Ёш иқтисодчи меҳнат фаолиятини молия бўлимининг катта инспектори, бўлим бошлиғи лавозимларида тер тўкиб, олган билимини амалда намоён этади.

Махсус топшириқ

Қаҳрамонимнинг бундан кейинги ҳаёти, илмий-ташкилий, педагогик ва ижтимоий-сиёсий фаолияти хусусида қалам тебратишдан аввал бу мўътабар инсон билан учрашиб, суҳбат қуриш шарафига муяссар бўлганимдан бениҳоя мамнунман.

Шунга қисқача тўхталиб ўтсам. Жорий йил “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” деб эълон қилингач, вилоятимиздан етишиб чиқиб, икки давлат, икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган, “олтин кўприк” бўлиб келаётган илм-фан дарғалари, олиму уламоларни ёшларимизга таништириш мақсадида таҳририят топшириғига биноан Тошкентга йўл олдим... Азим шаҳардаги синфдош дўстларим ва укаларим Эркин Ўлжаев, Шерзод Хилватовларнинг ёрдамида Иброҳимжон ака билан алоқа ўрнатиб, унинг Оқтепа даҳаси, Чўпон-ота маҳалласидаги ихчам ва шинамгина уйида учрашиб, бир пиёла чой устида Калон боб, Сонсиз боблар юртидан салом йўллагач, ҳол-аҳвол сўрашиб, суҳбат қурдик. 

Олимнинг уйидаги суҳбат 

– Машаққатли илм йўлини танлашингизга нималар сабаб бўлди?

– Бухоро вилояти ижроия қўмитасининг молия бўлимида орттирган амалий тажрибам кейинги йиллардаги илмий фаолиятимнинг мустаҳкам таянчига айланди. Иқтисод илмининг туб мазмунини идрок этишим Бухоро вилоятидан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига қарашли Иқтисод институтига илмий ходим лавозимига кўчирилишимдан бошланган эди. Шундан эътиборан, бу даргоҳ менинг фаолиятимда таянч ва паноҳ бўлиб, илм чўққиларига парвозим учун моддий шароит ва кенг йўл очиб берди. Шу туфайли 1958 йили Москва Давлат иқтисодиёт институти аспирантурасига киришга муяссар бўлдим. Ушбу илм масканида эгаллаган билимим тафаккуримнинг юксак даражага етиши ҳамда кейинги илмий изланишларим ва амалий фаолиятимга мустаҳкам замин яратди. 

Бу даргоҳда 1962 йили “Пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ўртасида иқтисодий муносабатларни такомиллаштиришнинг янги механизмлари” мавзуида номзодлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилиб қайтгач, фаолиятимни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Иқтисодиёт институтида кичик илмий ходимликдан бошлаб, бўлим бошлиғи, институт директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари ва институт ректори каби поғоналарни босиб ўтдим. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида собиқ Иттифоқ учун энг устувор илмий тадқиқотлардан ҳисобланган Давлат дастури – “СССРда химиялаштириш ва химия саноатини ривожлантиришнинг иқтисодий муаммолари” мавзусига Ўзбекистон бўйича илмий раҳбарлик қилиш каминага ишониб топширилганди. Пировардида қатор илмий масалалар ҳал этилиб, хулосаларим 1968 йилда менинг муаллифлигим ва таҳририм остидаги “Ўзбекистон химия саноатини ривожлантиришнинг иқтисодий муаммолари” номли монографиямда баён қилинди. Ушбу рисолам СССР Фанлар академиясининг академиги, таниқли иқтисодчи олим Николай Прокофьевич Федоренко ва бошқа мутасадди раҳбарлар томонидан юқори баҳоланди.

– Яна қандай йўналишларда иш юритдингиз?

– Менинг эътиборимни ўзига жалб этган илмий йўналишлардан бири Ўрта Осиё минтақаси ҳамда Ўзбекистонда хомашё манбаи ва қулай ишлаб чиқариш омиллари асосида кўп тармоқли тўқимачилик мажмуасини ташкил этиш ва юксалтиришнинг иқтисодий самарадорлигини асослаш муаммоси эди. 

Бу ғоялар асосида ушбу мавзуда докторлик диссертациямни ниҳоясига етказиб, 1969 йил июнь ойида уни муваффақиятли ҳимоя қилишга муяссар бўлдим ва бу соҳанинг кенг ривожланишига тўсиқ бўлиб турган масала – Совет ҳукуматининг пахта хомашёсига белгилаб қўйилган буйруқбозликка асосланган нарх ва тариф сиёсати эканлигини биринчи бўлиб назарий ва амалий жиҳатдан исботлаб берган эдим. Шунингдек, илмий ишимда республикамизнинг барча ҳудудларида ихчам кичик ва ўрта тўқимачилик корхоналарини барпо этишнинг барча афзалликлари ва иқтисодий самарадорлиги асослаб берилган эди. 

Мазкур муаммоларни ҳал этиш механизмлари 1969 йилда чоп этилган “Ўзбекистон тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг иқтисодий муаммолари” (Тошкент, “Фан” нашриёти, 1969 й.) номли монографиямда атрофлича ёритилган.

– Иқтисодиёт институтидаги фаолиятингизга тўхталсак...

– 1968 йили Республика давлат режалаштириш (Госплан) қўмитаси қошидаги Иқтисодий тадқиқотлар институтини ташкил этиш ва унга раҳбарлик қилиш вазифаси менга юклатилди. Бу вазифа планлаштириш тизимидаги “Марказ” билан жойларда юзага келган иқтисодий номутаносибликларни тартибга келтириш муаммоларини ўрганишни тақозо этарди. 1971 йилнинг март ойида ЎзФА Иқтисодиёт институтига ректор этиб тайинланганимдан сўнг, менинг раҳбарлигимда Тошкент шаҳрида ва вилоятларда туманларнинг узоқ муддатга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт дастури ишлаб чиқилди.

Мен ишлаб чиққан режа, чора-тадбирлар натижасида ҳамда раҳбарлигимда 5 йил давомида 8 нафар фан доктори илмий даражасини ёқлади. 

СССРдаги Иқтисодиёт институтлари орасида Украинадан кейин юқори малакали кадрлар тайёрлайдиган 2-олий ўқув юртига “1-тоифа” берилди ва 1974 йили мени Ўзбекистон Фанлар академияси мухбир аъзолигига сайлашди.

1975 йилда ўзим таҳсил олган Тошкент халқ хўжалиги институтига ректор этиб тайинландим.

– Сизнинг вице-президентлик даврингизда ўзбек халқининг бой маданий-маънавий меросига муносабат ўзгарганини пайқаймиз. Бунда ҳам озми-кўпми ҳиссангиз бордир? 

– Менинг катта илм-фан даргоҳига кириб келишим 1976 йилдан, яъни, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Президиум аъзоси ва 1979 йили академиги этиб сайланишимдан бошланди ва бунинг учун қарийб 20 йил мобайнида қатор раҳбар лавозимларда тер тўкдим.

Бу даврдаги фундаментал-иқтисодий муаммоларни қамраб олган ишларимдан “Совет Ўзбекистонида иқтисодий фан муаммолари” (1979 й.) деб номланган монографиям мазмун ва мафкура жиҳатидан алоҳида эътиборга молик.

Менинг ЎзФА вице-президенти бўлиб ишлаган даврим собиқ Иттифоқ парчаланган йилларга тўғри келди.

Шу муносабат билан мустақил мамлакатнинг истиқлол мафкураси илмий асосларини яратиш ҳам менинг зиммамга юклатилган эди. Қисқа вақт оралиғида бундай шарафли вазифани муваффақиятли уддаладим. Ўзбекистон халқи мустақил тафаккурининг шаклланиши “Марказ” мустамлакачилик сиёсатининг интиҳоси эканлиги хусусидаги мақолам Америка матбуотида илк бор чоп этилиб, ўша даврда АҚШ жамоатчилигини Ўзбекистондаги мураккаб вазият билан яқиндан таништирган биринчи маълумот бўлганлигини тадқиқотчи олимлар эътироф этишди.

Ўтмишда ўзбек халқининг бой моддий-маънавий меросига беқиёс ҳисса қўшган буюк сиймолар: Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбандий, Имом Бухорий, буюк саркарда – Соҳибқирон Амир Темур, Алишер Навоий, Машраб, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур, Файзулла Хўжаев, Иброҳим Мўминов, Хадича Сулаймонова, Ғофур Ғулом ва бошқаларнинг номларини абадийлаштириш, муборак таваллуд саналари муносабати билан халқаро илмий-амалий анжуманларни ташкил қилишда ҳам фаол қатнашдим. 1996 йили Амир Темур таваллудининг 660 йиллигига бағишланган “Амир Темур ва унинг жаҳон тарихида тутган ўрни” мавзуидаги халқаро илмий конференцияда буюк француз файласуфи Гольбах: “Амир Темурнинг туғилиши ҳамда вулқоннинг отилиши табиатдаги бир хил ҳодисадир”, деб Соҳибқироннинг қудратини улуғлаши ёки покистонлик олимнинг “Ҳанузгача Соҳибқирон Амир Темурдек бирорта саркарда дунёга келмаган”, – дея ҳақиқатни эътироф этиши ўтказилган тадбир нуфузининг ниҳоятда баландлигидан далолатдир.

– Сизни ҳатто Кремлда ҳам айрим мансабдорлар билан муносиб баҳслашган ва миллат манфаатларини ҳимоя қила олган инсон сифатида ҳам таърифлашди...

– Менинг 1987 йили кутилмаганда Ўзбекистон Республикаси Давлат план қўмитасининг раиси, Ўзбекистон Министрлар Кенгаши раисининг ўринбосари этиб тайинланишим, ҳаётимда янги муҳим босқични бошлаб берди. Республикамиз бу пайтда “Марказ”нинг “қаҳри”га учраган, аҳолисига нисбатан “текинхўрлар” ва “боқиманда”лар деган сиёсий тамға босилган эди. Қайта қуриш даврида “ботқоққа ботиб қолган” бутун бир мамлакатга хос бўлган бундай уйдирмаларни фақат битта республика бўйнига абадул-абад юклаб қўйиш мақсадида 1986 йил апрелида Тошкентда СССР ФА қошидаги этнография институти директори, академик Ю. В. Бромлей раҳбарлигида “КПСС XXVII съезди қарорлари асосида СССРда миллий муносабатларнинг такомиллаштирилиши” мавзуида ўтказилган илмий-амалий конференцияда нотиқ (Ю. В. Бромлей) бу ердаги маҳаллий халқнинг Марксча “Индустриал мактаб интизоми”ни ўтмаганлиги ва онгининг пастлиги юқорида қайд этилган иллатларни келтириб чиқаришини илмий жиҳатдан асослашга уринди. Мен бундай воқелик Иттифоқ таркибидаги барча республикаларга баб-баравар тегишли эканлиги, иқтисодни бошқариш ва планлаштириш тизимида йўл қўйилган камчиликлар “Марказ”нинг буйруқбозлик сиёсатидан келиб чиққанлигини инкор этиб бўлмайдиган далиллар орқали асослаб бердим. Шундан сўнг, Бромлей конференцияси якунидаги нутқида: “Биз Ўзбекистонда юз бераётган салбий ҳолатларга “Кремль нуқтаи назаридан” баҳо берган эканмиз. Бу ердаги иқтисодчи олимлар уларнинг сабабини аллақачон аниқлаб бўлган эканлар”, деб тан олди. Буни бизнинг заковатимизга берилган муносиб баҳо дейиш мумкин.

– И. Усмонхўжаевнинг “У жуда тўғри йўл тутди” дейишига нима сабаб бўлган?

– 1987 йил 2 сентябрда Москвада КПСС Марказий Қўмитаси котиби Е. К. Лигачев раҳбарлигида ўтадиган йиғилишга республика раҳбарияти эндигина Госп­лан раиси этиб тайинланган каминани жўнатишади.

Йиғилишда ҳозир бўлган партиянинг 15 дан зиёд раҳбарлари олдида сўзга чиққан Е. Лигачев Ўзбекистонда миллатчилик авж олаётганлиги, республикада ишсизлик туфайли чайқовчилик, олиб-сотарлик, фоҳишабозлик, жиноятчилик кўпайиб кетгани ва Ўрта Осиёдан келган савдогарлар пролетарлар шаҳри – Ленинградда узум, қовун ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини пуллаб, меҳнатсиз даромад топаётгани ҳақида шикоятлар борлигини ғазаб билан айтиши, республика шаънига тош ёғдириши менинг фикримнинг жунбушга келишига сабаб бўлиб, унинг қўйган барча айбларини инкор этувчи далилларни келтириб, ўз тақдиримни хавф остида қолдириб бўлса-да, академикларга хос мантиқий услубда, "колхоз бозорларида нарх-наво талаб ва таклиф асосида шаклланиши ва шунга асосан бизнинг деҳқон бозорларимизда ҳам цитрусли меваларнинг нархи жуда баланд эканлигини, энди фоҳишабозликка келсак, у мабодо республикада мавжуд бўлса, мамлакатнинг бошқа ҳудудлариникидан энг кам бўлса эҳтимол, меҳнатга қобилиятли маҳаллий аҳолининг бир қисмини Узоқ Шарқ ва Сибирга кўчириш муаммоси эса ихтиёрий ва манфаатдорлик асосида ҳал қилинади”, дея партия етакчисининг бир томонлама ғаразгўй фикрлашини очиқча рад этишга журъат қилдим. Маълумки, ўша пайтларда КПСС қоидаси бўйича бундай “дов­юраклик” кечирилмасди. Шундай бўлса ҳам, қалб амрига итоат қилиб, заҳматкаш халқимга, Ватанимга бўлган меҳр-муҳаббатимни барчасидан юқори қўйиб, ҳақиқатни айтиб, катта оқимга қарши тура билдим. Менинг бундай жасоратимни шу даврдаги Ўзбекистон КП Марказий Қўмитасининг биринчи котиби И. Усмонхўжаев ҳам юқори баҳолаб: “У жуда тўғри йўл тутди”, дея дил сўзини айтганди.

Йиллар ўтиб, Кремлдаги бу даҳшатли тўқнашув менинг ҳаётимдаги миллат ва Ватан манфаати учун кечган энг оғир ва шарафли қисматим ҳисобланганлигига шукроналар айтиб, тақдир менга бу муқаддас курашни насиб этганидан Аллоҳга ҳамду-санолар айтиб, ҳаёт кечирмоқдаман. 

– М. Горбачёвнинг “қайта қуриш” стратегиясига муносабатингиз қандай бўлган?

– М. Горбачёв “Қайта қуриш” стратегиясининг таркибий қисми ҳисобланган иттифоқдош республикаларни хўжалик ҳисоби ва ўз-ўзини молиялаштириш каби беъмани бошқариш тизимига ўтказиш платформаси асоссиз, мазмунсиз ва хаёлпарастлик эканлигини ўзимнинг “Известия” газетасига йўллаган илмий мақоламда атрофлича асослаган эдим.

Бунда бозор иқтисодиёти “очил дастурхон” эмас деган ғояни олдинга суриб, унинг яхши томонлари билан бирга ижтимоий иллатлари жамият учун жуда хавфли эканлигини ўзимнинг илмий ишларимда эътироф этгандим. Бу муаммолар бўйича АҚШнинг собиқ Давлат котиби, профессор Генри Киссенжер Тошкентда бўлган чоғи (1992 й.)да мен билан очиқ мулоқотда бўлиб, бунга ўзининг ҳамфикрлигини билдирган эди. Менинг Орол денгизи экологик фожиасини бартараф этиш муаммолари бўйича “Орол-Каспий сув ҳалқаси”ни бунёд этиш ҳақидаги концепциям ҳам 1995 йили Нукус шаҳрида ўтган халқаро конференцияда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиниб, бироз тортишувларга сабаб бўлганди.

– Қозоғистон – Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар ҳамда ҳамкорлик истиқболи ҳақида нималар дея оласиз? 

– Қозоғистон Мустақиллик йилларида эришаётган муваффақиятлари ҳамда республиканинг Тўнғич Президенти Нурсултан Назарбаевнинг донишмандлиги, вазмин ва оқилона сиёсати натижасида Қозоқ эли юксак чўққиларни забт этиб, жаҳонга намуна бўладиган тараққиёт йўлини босиб ўтди. Кўпмиллатли халқининг баракали меҳнати ва миллий иқтисодиётининг жадаллик билан юксалиши натижасида халқаро ҳамжамият олдида юқори обрў-эътиборга эга давлатга айланди.

Унинг “Тўртинчи саноат инқилоби шароитларида ривожланишнинг янги имкониятлари” деган Мактубини эса яна бир узоқни кўзлаган ҳужжат деб биламан.

Нурсултан Абишули билан 1988-1989 йилларда бир неча марта учрашиб, ҳамсуҳбат бўлганман. Чунончи, “Республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 1989 йилги режаси” лойиҳасини СССР Олий Кенгаш “План-бюджет” комиссиясининг мажлисида муҳокама қилиш чоғидаги маърузада Ўрта Осиё минтақасида етиштириладиган республика (пахта...) хомашёсига нарх белгилашдаги хатоликларни инкор этилмайдиган далиллар билан исбот этишга муяссар бўлганимда, Н. Назарбаев фикрларимни биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлаган ва ҳамюрти эканлигимдан фахрланганди. Бу йилнинг “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” деб белгиланиши ҳар икки мустақил мамлакат ўртасидаги дўстлик, тотувлик ва бирдамликни янада мустаҳкамлашига ишончим комил.

– Ўзбекистон Республикасининг Тўнғич Президенти, ҳамкасбингиз Ислом Каримов ҳақидаги фикрингиз.

– Мен 1962 йили номзодлик, 1969 йили докторлик диссертацияларимни ҳимоя қилгач, ЎзФАнинг Иқтисод институтига бўлим бошлиғи, кейинчалик ректори этиб тайинлашганидан сўнг, И. Каримов билан биргаликда куч-қувватимиз, билимимизни халқ фаровонлигини юксалтириш ҳамда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини ривожлантиришга бахшида этиб, қатор ишларни амалга оширдик.

И. Каримов у пайтда Ўзбекистон Республикаси Давлат режа қўмитаси раиси, 1983 йилда Молия вазири, кейинчалик яна Режа қўмитаси раиси, Қашқадарё вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби, Ўзбекистон Республикаси Компартиясининг саркотиби, 1990 йилнинг 24 мартидан Республика Президенти лавозимларида фаолият юритганлиги боис, бу мўътабар инсон билан биргаликда мустақилликнинг асосий пойдеворини бунёд этишга озми-кўпми ҳисса қўшдим, дея оламан.

Ҳаётимдаги яна бир унутилмас воқеа. 

И. Каримов вафотидан тахминан 1 ой аввал Ўзбекистондаги етакчи молиячи ва иқтисодчилар билан ўтган анжуманда: “Сизларнинг буюк ва довюрак иқтисодчи олим, садоқатли, ватанпарвар инсон Иброҳимжон домла Искандаровдан оладиганинглар, ўрганадиганинглар ҳали кўп”, деган сўзини менинг меҳнатимга, билимимга берилган энг юксак баҳо деб биламан. 

– Академик И. Искандаровнинг жаҳон саҳнидаги мавқеи қандай?

– Кейинги йиллардаги илмий ишларимнинг йўналишини асосан, бутунжаҳон иқтисодиётини қамраб олиб, мамлакатлар иқтисодиёти, ижтимоий-маънавий ҳаётига аёвсиз зарбалар бериб, талафотлар келтираётган бўҳронларга, янги дунёвий молиявий–иқтисодий аксилинқироз стратегиясини таъминлаш механизмини ишлаб чиқишга қаратмоқдаман. 

Шунингдек, менинг хорижий мамлакатлар билан дўстона илмий-маданий алоқаларни ривожлантиришдаги имкониятларим Осиё ва Африка мамлакатлари бирдамлиги ҳамда “Ўзбекистон-Туркия” дўстлик жамияти Президиумининг президенти лавозимларида фаолият кўрсатган йилларимда рўёбга чиқди. Давлатлар орасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Ҳиндистон, Туркия ҳамда АҚШ давлатларига сафарларига раҳбарлик қилдим.

Менинг ижтимоий-сиёсий фаолиятим 1975-1991 йилларда Тошкент шаҳар ва вилоят партия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Компартияси аъзолигига, Ўзбекистон Республика Олий Кенгаши депутатлигига сайланган даврларда бошланган. 

Менинг самарали меҳнатим Ўзбекистон Республикаси ва қатор халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоланди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси ФАнинг мухбир аъзоси ва академиги этиб сайланиб, профессорлик ҳамда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” фахрий унвонларига, фан-техника соҳасида бериладиган Абу Райҳон Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлганлигим бунга яққол мисол. Шунингдек, 25дан зиёд орден ва медаллар, фахрий ёрлиқлар, хусусан “Халқлар дўстлиги” ва “Қизил байроқ” орденлари билан тақдирландим. Шунингдек, инсоният тараққиётига ва ижтимоий ривожига қўшган муҳим ҳиссам учун Америка Биография институтининг “1998 йил кишиси” фахрий унвони ҳамда “ХХ асрнинг буюк ютуқлари” учун бериладиган мукофот соҳиби бўлдим ва жаҳондаги “500 атоқли лидерлар” рўйхатига киритилиб, чоп этиладиган тўпламдан ўрин эгалладим. 400га яқин илмий ишларим ва 20дан ортиқ шахсан ва муаллифликда ёзилган монографияларим чоп этилди. Меҳнат фаолиятим давомида 8 нафар фан доктори ҳамда 35дан зиёд фан номзодини тайёрладим.

Алқисса, тақдир ҳамюртимиз академик И. Искандаровни фан соҳасида кичик бир илмий ходимдан, Ўзбекистон ФА академиги ва унинг вице-президенти лавозимигача, давлат қурилиши йўналишида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Республика Госплани раиси вазифасигача, ижтимоий-жамоатчилик фаолияти бўйича республика “Билим” жамияти бошқарувининг раиси даражасигача ҳамда республика Олий Кенгашининг депутатлигигача бўлган машаққатли, олис ва шарафли масофани босиб ўтишга, муяссар қилди. У умр йўлдоши Санобархон Абдуқодир қизи билан беш нафар фарзандни вояга етказиб, 15дан зиёд невара ва эваранинг даврасида ҳаёт кечириш билан биргаликда, муборак Ҳаж амалларини ҳам адо этди. Бунинг учун Аллоҳга шукроналар келтириб, Ўзбекистондек ҳур диёрнинг маънавий ҳаётини мустаҳкамлаш, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстликни кучайтириш йўлида куч-ғайратини сарфлаб, барчага ўрнак бўлаётган ҳамюртимиз довюрак ва комил инсон билан доимо фахрланиб юрамиз.

Суратларда: И. Искандаров ҳамюртлари даврасида; Вашингтон сафаридан эсдалик; мақола муаллифи ҳамюрти билан.  

P.S. Айрим маълумотлар ва тарихий суратлар И. Искандаровнинг шахсий архивидан олинди.

Ҳайитмат МУҲИДДИНОВ. “Жанубий Қозоғистон” мухбири. Шимкент–Тошкент– Шимкент, 2018-03-03, 11:10 193
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.