26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Байрам тадбири йўриқномаси: эрлик стажи кам эркаклар учун

8 Март – ажойиб сана. Эркакларнинг барчаси бу куннинг тўсатдан келиб қолишини билишади ва унга тайёргарлик кўришни исташади. Аммо, табиийки, улгуришмайди. Муаммо шундаки, байрам арафасидаги ой ҳам аёлларга ўхшаб беқарор – гоҳида 28, гоҳида 29 кундан иборат бўлгани боис синов кунини аниқ режалаш қийин.

Аммо эркаклар 8 Март келганини сезиб қўйишади. Уйдаги синовчан нигоҳлар, маошдан байрам банкети учун олиб қолинган пул уни унутишга имкон бермайди. Икки, уч йилдан ортиқ рўзғор таъмини татиган тажрибали эркаклар барча муаммоларга яраша тадбир кўриб қўйишади. Аммо эндигина уйлангану, фақат келин билан алоҳида яшаётганларга қийин. Мазкур мақоламиз айни шу тоифа эркаклар учун.

1. Байрам совғаси. Аёлларга совға танлашда эҳтиёт бўлинг. Бир ўлчам кичик кўйлак ёки номсиз бармоққамас, жимжилоққа тўғри келадиган узук харид қилсангиз, турли ноўрин гумонларга рўбарў бўлишингиз мумкин. Шунинг учун яхшиси ўлчами бор нарсаларга умуман яқинлашманг. Кўйлак олишни истасангиз, газмол ва ичида янги урфдаги кўйлаклар бичимлари чоп этилган журнал, тилла тақмоқчи бўлсангиз – зирак олинг. Диққат: исирғаларнинг ҳам икки тури бор – тешилган қулоққа тақиладигани ва тешилмаган қулоққа тақиладигани. Агарда рафиқангизнинг қулоғи тешилганини аниқ билмасангиз – клипси харид қилинг, акс ҳолда байрам куни жуволдиз излашингизга тўғри келади. Агарда қандай ҳидли, қайси фирмага қарашли атирни ёқтиришини аниқ билмасангиз – бу борада ҳам таваккалга ҳожат йўқ. Аммо Мальдив оролларига икки кишилик йўлланма топилиб қолса – ҳеч тортинмай сотиб олаверинг. Совға масаласини 7 март кеч соат 22.00гача ҳал этган маъқул. Огоҳлантирамиз: 7 март куни соат 22.00дан кечикиб келган эркакнинг ноўрин гумонларга дуч келиш эҳтимоли кескин ортади.

2. Байрам пардози. 8 мартда аёлларнинг кўпчилиги сартарошхонага боришни исташи табиий. Чунки, биринчидан, бу кун дам олиш – вақт бемалол. Иккинчидан, 8 мартдан сўнг 9 март келади ва бу кунда ҳамма (аёллар ва баъзи эркаклар) 8 мартда қайси сартарошхонада пардозланганини гапиришади. Иккинчи сабаб аҳамиятлироқ. Рафиқангиз мазкур анъанавий сафардан яхши кайфиятда қайтиши учун эса ҳамёнида Европа ёдгорликлари ёки АҚШ президентларининг суратлари туширилган қоғозлар бўлиши керак. Жуда топмасангиз, ўзимизнинг кўк қоғозлардан берсангиз ҳам бўлаверади. 

3. Байрам дастурхони. Хамирли таомларга уннаб ўтирманг, барибир кўнгилдагидек чиқмайди. Ҳамма ерга ун сочганингиз қолади. Палов, қовурдоқ, димлама, ширгуруч... қайси бирини танлаш ихтиёрингиз. Фақат кўп бўлиб кетмасин. Чунки, дастурхонга ҳали ичимликлар, торт, бошқа қандолат маҳсулотлари ҳам қўйилиши керак. Аммо пазандалик санъатида эл қатори бўлсангиз, яхшиси, рафиқангизнинг сартарошхонадан чиқадиган вақтига яқин (кетганидан сўнг тахминан 11 соат ўтгач) ташқарида кутиб олиб, жудаям соғиниб кетганингизни айтиб, биринчи учраган қаҳвахонага олиб кириб кетинг. У ёғига таом ва хизматдаги барча муаммолар учун официант, ошпаз, бош ошпаз, бесўнақай тамаддихона барпо этган меъмор айбдор бўлиб қолади. Сиз эса Маликаи беоромингиз учун имконияти бўлган барча нарсаларни муҳайё қилган ҳисобланасиз.

***

Одатда, байрам юқоридаги расмий ҳамда бадиий қисмдан иборат бўлади. Биринчи ярмининг кўнгилдагидек ўтиши иккинчи босқичнинг унутилмас шаклда кечишига сабаб бўлиши мумкин. Имкониятдан фойдаланиб қолинг!

Дониш ҲИКМАТ, 2018-03-07, 09:32 666
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.