26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Жавлон САИДОВ: “Комедия – бачканалик ва жиддийлик орасидан ўта олишдир”

Ўн беш йиллик тарихга эга театримиз бағрида жуда кўп истеъдодлар кўз очди. Улар қаторида режиссёр Жавлон Саидовнинг исмини алоҳида кўрсатиб ўтишни истардим. Жанубий Қозоғистон Давлат университетининг маданий-оқартув факультетини тугатган ёш истеъдод соҳиби бугунгача қатор сценарийларга қалам теккизди, Р. Ўтарбаевнинг “Азизам Анфиса”, Н. Аббосхоннинг “Ўзбекча рақс” ва бошқа спектаклларни саҳналаштириб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Куни-кеча томошабинлар эътиборига тақдим этилган “Сохта бемор” спектакли ҳам узоқ йиллар театр репертуаридан тушмаслигига ишонамиз.

– “Премьера – томошабин учун байрам, режиссёр учун – стресс”, деган экан Лоренс Оливье. “Сохта бемор”нинг туғилиши қандай кечди?

– Премьерани ҳаяжон билан кутдим. Чунки комедия замиридаги фожиани кўрсатиб бера олиш жуда муҳим. Биз эса анча қийин йўлдан бордик. Масалан, бош қаҳрамоннинг руҳий хаста қиёфасига киришини талаб қилиш этикага оид муаммони келтириб чиқариши мумкин эди. Ростини айтганда “жинниларни калака қилиш”да айблашларидан қўрққанимиз ҳам рост. Шукур, зукко томошабинлар сўзларнинг замиридаги мазмунни, саҳна ортидаги ҳаётий ҳақиқатни илғай олишди. 

– Режиссёр сифатида қайси актёрларни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардингиз.

– Сайдикарим Маҳмудов, Савринисо Рўзиматова, Васила Абдураҳмонова, спектаклда қатнашган барча-барча артистларимиз имкониятларидан юқори даражада ўйнашди. Умуман айтганда, жамоамизнинг касбий фидойилигини алоҳида тилга олишни истардим. Сўнгги бир неча йиллар давомида техник мураккаб, турли жанрларга оид кўплаб спектакллар қўйдик. Комедиялар ҳам, драмалар ҳам, фожиалар ҳам қўйилмоқда. Марказий Осиёнинг энг кучли режиссёрлари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу эса ўзимизга ўта талабчанлик билан ёндашишни тақозо этади.

– Ижодий жараён мунтазам ҳаракатланишни талаб қилади. Яқин ва узоқ муддатли режаларингиз, орзуларингиз ҳақида айтиб ўтсангиз...

– Таниқли қозоқ драматурги Сакен Жунусовнинг пьесаларидан бири устида иш бошлаганмиз. Янги бош режиссёримиз Қувондиқ Қосимов тавсия этган пьеса халқнинг кўнглига ёқишига ишонамиз. Советлар даврида ёзилган асарнинг замирида ҳам тўқималарга ўралган ҳаётий ҳақиқат бор. Аммо, минг бор узр сўрайман, тафсилотларини фақат премьерада ошкора қиламиз. 

– Унинг жанри қандай?

– Саунд-драма. Театрдаги замонавий бу йўналиш мусиқали драмадан бирмунча фарқ қилади. “Чингизхоннинг оқ булути”, “Хўжа Насриддин – Сайрамда” спектаклларини томоша қилганлар саунд-драма ҳақида тасаввурга эга. Спектакль давомида томошабинга кўплаб кашфиётлар ҳавола этишни ният қилиб турибмиз. 

Шу билан бирга театримиз жорий йилда ўтадиган Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йилида фаол иштирок этади. Гастроллар режаланган. “Шоҳ Эдип”ни Македонияга таклиф қилишмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, чарчашга вақт йўқ. Улкан режалар, салмоқли ютуқларни кўзлаб, ишлаяпмиз.

– “Режиссёрлик ва актёрлик мен учун икки дунё, бирида янги дунё барпо этсам, иккинчисида бировнинг оламига сингиб кетаман”, деган экан таниқли режиссёр ва актриса Натали Портман. Сизни мухлислар актёр сифатида ҳам яхши билишади. Сиз гавдалантирган образлар ичида, айниқса, шоҳ Эдип кўпчиликнинг назарига тушди.

– Ҳа, икки ярим минг йилдан буён такрор ва такрор ўйналаётган бу фожиа менинг ижодимда катта ўрин тутади. Аммо айни вақтда бирорта спектаклдаги ишимни кўнгилдагидек эмас, деёлмайман. Чунки спектаклни тўлақонли етказишда ҳар бир қатнашчининг муайян ва муҳим ўрни бор. Келажакда мумтоз адабиётдан ҳам олинган, шунингдек, замонавий пьесаларда ҳам катта-кичик роллар ўйнаш умидидаман. Ўйлайманки, улар ҳам буюк юнон драматурги Софокл асари қаҳрамонидан кам бўлмайди.

– Ўрни келганда театр фаолиятидаги мавжуд муаммоларни ҳам айтиб ўтсангиз.

– Актрисаларга ўта муҳтожмиз. Театримиздаги энг катта муаммо – истеъдодли қизлар кўпчилигининг турли, асосан оилалардаги нотўғри дунёқараш туфайли касбий санъаткорликдан воз кечиши. Ваҳоланки, театр бузуқлик макони эмас, жамият кўзгуси, одамларни тарбиялашнинг буюк омили. Айниқса, ўзбек театри дунёдаги энг покиза даргоҳлардан бири. Тарбиявий томондан ҳам, диний жиҳатидан ҳам бенуқсон, дея оламан. Бизнинг барча спектаклларимизга оилангиз билан бемалол киришингиз мумкин. Ўзбек сериалларида ҳам, фильмларида ҳам одоб ва ҳаё пардаси сақланишига катта аҳамият берилади. Шукур Бурҳонов давридан буён бу тартибга риоя қилиниб келинган ва риоя қилинади ҳам. Шунга қарамай саҳна ва саҳна ортидаги ҳаёт ҳақидаги нотўғри тасаввурлар мавжудлиги ушбу муҳим соҳанинг ривожланишига монелик қилаётгандай, назаримда. Маънавий янгиланиш доирасида бу борада ҳам ўзгаришлар бўлишига умид қиламан.

Мактабни битириб, театрда ишлаш истагини билдирган қизлар бўлса – келишсин, олий ўқув юртига ўзимиз йўлланма берамиз, ҳар жиҳатдан мукаммал билим олишларида ёрдамлашамиз. 

 – Самимий суҳбат учун раҳмат!

Абдумалик САРМОНОВ суҳбатлашди, 2018-03-15, 11:28 958
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.