26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
"Астана-Опера"да Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилди

Президент Нурсултан Назарбаев 2017 йил 25 декабрь куни журналистлар билан мулоқотида 2018 йилни “Қозоғистонда Ўзбекистон йили» деб эълон қилган эди. 

15 март куни Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон делегацияси раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, хорижлик фахрий меҳмонлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон йили”нинг расмий очилиш маросими ўтди. 

Қозоқ ва ўзбек – илдизлари туркдан тарқалган эгиз эл. Азалдан келаётган дўстлик муносабатлари бугунги кунда янада мустаҳкамланган. Бир-бирини “жигарим”, деган элларнинг баҳамжиҳатлиги «Астана Опера» театрида ўтган Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиши тантанасида яна бир марта намоён бўлди.

Астанада Алишер Навоийга ҳайкал қўйилади

Марказий Осиёнинг икки алпи – Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг биродарлиги икки мамлакатнинг тарихий хотирасини такрор янгилаб, келажакка йўл олганини кўрсатди. Икки элнинг байрами бўлган тадбирда Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон республикалари раҳбарлари иштирок этдилар. Мамлакат раҳбари Нурсултан Назарбаев икки халқ ўртасидаги дўстлик-қардошлик ришталарига алоҳида эътибор қаратди. 

– Қозоғистондаги Ўзбекистон йили икки халқ орасидаги биродарликнинг ёрқин кўриниши бўлса керак. Бизда якдил дунёқараш, маданият, дин ва урф-одатлар бор. Тил ва анъаналар эса ҳамиша халқларнинг ўзаро яқинлашиши учун асос бўлиб келган. Бугун биродар элнинг санъат жамоалари Астанага ўзбек маданиятининг асл жавоҳирларини олиб келишди, – деди Н. Назарбаев.

Президент икки эл орасидаги савдо-сотиқ ҳамда иқтисодий алоқаларнинг самарали ривожланаётганини таъкидлади. Элбоши ўтган йилнинг муҳим масалалари ва салмоқли шартномаларига ҳам тўхталиб ўтди. Жорий йилнинг “Қозоғистонда Ўзбекистон йили”, деб эълон қилиниши – шулардан биридир. Келаси йил эса, тегишлича, Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтади. 

– Тилга олинган икки ташаббус туфайли икки эл ўртасидаги ришталар маънавий жиҳатдан бойитилиб, кучайтирилади. Маданият, фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик ривожланади, деб ишонамиз, – деди у.

Сўнгра Давлат раҳбари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали «Достық» ордени билан мукофотлади. 

Қўшни мамлакат раҳбари ўз навбатида миннатдорчилигини билдирди. 

– Бугун мен бениҳоя бахтли одамман. Чунки, бундай улкан мукофотни Нурсултан Назарбаевнинг қўлидан олиб турибман. Бу мен учун улкан обрў ва чексиз бахт. Бу орден икки халқнинг ордени, бу орден буюк дўстлик рамзи. Мукофотлаганингиз учун чексиз миннатдорчилигимни билдираман, – деди Ш. Мирзиёев. 

Қўшни эл Президенти бир отанинг боласидек икки элнинг мустаҳкам дўстлигини яна бир марта тилга олди. 

– Биз учун аввалгидан ҳам яқинлашишимиз қозоқ халқининг асрлардан асрларга уланиб келаётган меҳмондўстлиги оқибати. Шунинг натижасида биз Астанада ўзимизни уйимиздаги каби ҳис этмоқдамиз. Шу ўринда Нурсултан Абишули Назарбаевга миннатдорлигимизни билдирамиз. Ўзбек халқи Қозоғистон Президентининг ўтган йилги ташаббусидан миннатдор. Бизни сарҳадлардан ташқари буюк аждодларимиз – Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Ал Форобий, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳовуддин Нақшбандий, Алишер Навоий ва Абай Қўнанбайули, Ойбек ва Мухтар Ауезов каби арбоблар бирлаштиради. Биз уларнинг маънавий меросини асрашимиз ва кенг тарғиб қилишимиз керак, – деди у. 

Сўнгги вақтда икки мамлакатнинг сиёсати ва яқинлашиш сари икки томонлама шахдам қадамлар мустаҳкам дўстликнинг кафолати бўлиб қолмоқда. Бундай бирдамлик бошқа элларга намуна бўлиши аниқ. Элбошининг “Марказий Осиё раҳбарлари билан муносабатларимиз жонланмоқда. Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарлари Наврўз арафасида қўшма баёнот бердилар. Кенгашнинг кейинги йиғилиши Тошкентда ўтади”, деган сўзларидан ҳам аниқ тушуниш мумкин. 

Ш. Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Тўле бий мақбарасини ҳам тилга олди. 

– Биз Тўле бий мақбарасининг Тошкентда қурилгани билан фахрланамиз. У ерни ўзбеклар ҳам, қозоқ биродарларимиз ҳам зиёрат қилиб турадилар. Ҳамон эсимда, Сиз, муҳтарам Нурсултан Абишули, расмий давлат сафари билан Ўзбекистонга келганингизда ушбу муқаддас жойга бориб, икки элнинг тотув ва тинч ҳаёт кечириши учун умрини бахшида этган инсонни ёд этдингиз. Ота-боболаримиз бизнинг бугунги дўстлигимиз, самимий ва беғараз муносабатларимизни кўрганларида, албатта, қувонардилар. Барчамизга – қозоқларга, қирғизларга, туркманларга, тожикларга ва ўзбекларга, Марказий Осиёда яшаётган барча миллат ва элатларга тотувликда ҳаёт кечириш насиб этган экан. Бу – тақдир тақозоси. Бунинг учун бор кучимизни жамлаб, умумий уйимизни муҳофаза этишимиз керак, – деди Ш. Мирзиёев. 

Санъат – дилларни пайвандлайди

Қозоғистонда Ўзбекистон йили очилишига бағишланган тадбирнинг бадиий қисмини алоҳида таъкидлаш зарур. Бир-бирини таржимонсиз тушунадиган халқларнинг томири бирлигини қозоқ оқини ва ўзбек бахшисининг айтишуви яққол кўрсатди. 

Унда Ўзбекистон ва Қозоғистонда хизмат кўрсатган артист Фарруҳ Зокиров ва “Ялла” дастаси, шунингдек, халқ артистлари Нормўмин Султонов, Самандар Алимов, Севара Назархон каби санъаткорлар маҳоратини намойиш этдилар. 

Фарруҳ Зокиров ижросида янграган “Ушқўнғир” қўшиғига шеър муаллифи – Нурсултан Назарбаевнинг ҳам жўр бўлиши залда йиғилганларни тўлқинлантириб юборди. 

Озодбек Назарбеков, Милена Мадмусаева ва бошқа ўзбек санъати юлдузларининг чиқишлари ҳам Астана аҳлини ўзига мафтун этди. Тез кунларда Ўзбекистон санъати мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида ҳам намойиш этилади.

Алишер СОТВОЛДИЕВ. Шимкент – Астана – Шимкент, 2018-03-17, 00:10
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.