26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Чучук момом – чучмўмам менинг

Болалигимдан бир жойда тек ўтиролмаслигим боис, ота-онам мени  кўпинча меҳрибон ва жафокаш  аммамгагина ишониб топшириб кетар экан. Аммам раҳматли улар ишдан келгунича қора терга тушиб, мени бағриларидан бўшатмай ўтираркан.

Чунки сал бўшашсалар, кўзини шамғалат қилиб, қочиб қоларканман. Аммам бояқиш қўшни болаларга айттириб, мени тутбоғданми, суви қуриб қолган анҳор бўйиданми топтириб келарканлар. 

Аммамнинг исми Тожинисо бўлиб, ёш­лигида жуда хушрўй эди, дейишади. У ўн ол­ти ёшга тўлганда чечак касалига чалиниб, ик­ки кўзининг қорачиқлари оқиб тушган экан. Ўзининг айтишича, маҳалладаги отин­ойида савод чиқарган, ҳуснихати жуда ҳам чиройли, хотираси  кучли бўлган. Кўзи ожиз эса-да Қуръон сураларини қироат билан ёдлар, чилдирма чалиб, лапарлар айтганда, одамни ўзига ром қилиб қўярди.  Эртак, чўпчак, ривоятларнинг кони эди,  раҳматли! 

Жаннати аммам ногирон бўлишига қа­рамай орасталикни, тозаликни хуш кўрар, покиза ва меҳнатсевар аёл эди­лар. Тим қора сочларидан доим атир совуннинг ҳиди келиб турарди, байрам, ҳайит кунларида иккита қилиб ўрилган сочларининг учига чўлпилар тақиб оларди. Қулоғидаги тилла зираги ҳам қуёш нурида ярақлаб, унга ажиб гўзаллик бахш этар эди.

Эсимни танибманки, аммажонимнинг ҳаётдан бирор марта нолиганини, бировни қарғагани ёки уришганини эслолмайман.

Баланд бўйли, қотмадан келган амма­жоним гавдасини ҳамиша тик тутиб юрар­дилар. Унинг бу дунёга келиб, бор топгани укаларининг фарзандлари эди. Шуларни оқ ювиб, оқ тараб парвариш қиларди. Кич­кинтойларни доимо опичлаб оларди. Бо­лаларнинг орасида энг шўхи ва сўз уқмайдигани мен бўлсам керак. Чунки ота-онам шанба, якшанба кунлари болалар боғчаси ишламаслиги боис мени уйда қол­­­­­­­диришга мажбур бўларди. Ўшанда ам­мам мени иложи бўлса, хонага қамаб, устимдан қулфлаб ёки маҳкам қучоқлаб ўтирганча эртак-чўпчакларини бошларди:

...Чўпчагим, чўпчак,

Олти беланчак,

Олти қизнинг онаси, 

Ҳалигача келинчак...

– Э-э-э, уни биламан, бошқасини айтинг, – дейман эркаланиб.

Унда Чучук момо – Чучмўмани айтиб бераман, – дейди у мени бағрига янада маҳкамроқ босиб:

– Қадим-қадим замонда, олисда эмас, яқинда, худди ўша қир-адирларда Чучук момо исмли ёлғиз кампир яшаган экан. У доимо яшил кўйлак кийиб, кўк рўмол ўраб юраркан.

Ёшлигида у жуда чиройли бўлган экан. Чунки олтмишдан ошиб, етмишга етса ҳам қундуздай қошлари, қайрилма киприклари, лаби устидаги холи унинг ёшлигида жуда гўзал қиз  бўлганидан дарак бериб тураркан. Чучук момонинг тили ҳам чучук экан. Қўшни болалар кампирнинг уйидан чиқишмас, унинг сут-қатиғини ичиб, тандирда ёпган нонини еб, катта бўлишаркан. Чучук момо бир вақтлар фарзандли бўлган экану, лекин ҳаммаси  оғир касаликка чалиниб, вафот этган – бечора ўн учта фарзанд кўриб, ҳаммасини Оллоҳнинг иродаси билан ер қўйнига топширибди. Чоли ҳам жуда мўмин, беозор, қўй оғзидан чўп олмаган, каттаю кичикни сизлаб гапирадиган киши бўлган экан.

У ҳам ёлғиз қолдириб, Чучук момодан рози-ризолик сўрай-сўрай, бандаликни бажо келтирибди. Момо чолидан кейин ўзига ўхшамай қолибди. Ҳардамхаёл бўлиб, бир нуқтага тикилиб ўтирадиган одат чиқарибди. Ахийри хасталаниб, боши ёстиққа тегибди. Қўни-қўшнилар, айниқса, болалар ташвишда экан.

Чучук момо туш кўрибди. Чоли ҳадеб уни имлаб чақирармиш. Момо эса кўз­ларига ёш олиб, болаларини кўргиси келаётганини айтармиш.

Эртаси эрталаб момо барвақт ўрнидан турибдию муздек булоқ сувида ювинибди, оппоқ кўйлагини кийибди ва қиблага қараб, Яратган эгамга нола қилибди: 

– Эй, Оллоҳим, ўзинг берган ўн уч болани ўзинг қайтариб олдинг. Мана, бир умр фарзанд доғида куйиб, адойи тамом бўлдим. Лекин бирор марта сендан нолиганим йўқ. Ҳаётимда учраган ҳар қандай қийин­­чиликни мана шу шўр пешанамдан, ач­чиқ қисматимдан кўрдим. Ҳар битта болам­ни ерга кўмганимда вужудимдан дудлар чиқиб, юрагим жаҳаннам ўтида ёнди. Шун­да ҳам сенга ширк келтирмаганман. Эн­ди, мана, Азроил қаршимда турибди. Вақти-соатим тугаганга ўхшайди. Ўлсам, “онамлаб” тепамда йиғлайдиган қизларим ҳам йўқ. Белига белбоғ бойлаб кўмадиган ўғил­ларимдан айрилганман. Катта ўғлим тирик бўлганида элликдан ошган бўларди, қандоқ қилай, фарзандларимга она бўлиш бахти менга насиб қилмади.

Шу пайт узоқ тоғлар ортидан ваҳий келибди:

– Сўнгги тилагингни бажо келтираман. Кўзинг очиғида бир кунгагина болала­рингни қайтараман. Улар сени сўнгги йўлга кузатиб қўйишади.

Чучук момо севиниб кетиб, дебди:

– Мен ўлгандан кейин ҳам уларни ер юзида қолдирсанг бўлмайдими?

Ахир сенинг караминг кенг, тирик чоғимда фарзандларимнинг дийдорига тўёлмадим. Энди уларнинг жони яна узилишини ҳеч ҳам истамайман! 

Тоғлар ортидан садо келмабди.

Чучук момо икки ракат намозини ўқиб, эшикни қия очиб қўйибди. Унинг кўзи или­нибди. Бир вақт қараса, тепасида оқ яктак кийган чоли ва ўғил-қизлари юр­ганмиш. Момо ўрнидан турибдию дарров катта ўғлини танибди. Чунки унинг қошининг те­пасида нўхотдек холи бор экан-да.  

Фарзандлари оналари билан қучоқ­лашиб кўришибди. Ўғил-қизлари жуда ке­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лишган бўлиб, жаннатларда вояга етиш­ган экан. Онаизор болаларига қараб би­рам қувонибдики, уларни ҳеч бағридан бў­­­­шатгиси келмас экан. Вақти қазоси яқин­ла­шаётган момо яна Оллоҳга илтижо қилибди:

– Эй, Худойим, болаларимга раҳм қилгин, уларни омон қолдир! 

– Шунда Оллоҳнинг Чучук момога раҳми келиб, у бандаликни бажо кел­тиргач, барча маъракалари ўтгач, бола­ларини Чучмўмага айлантирибди.

Унинг гул косаси рангини Чучук момо­нинг рўмолидан, пояси ва узун нозик баргларини яшил кўйлагидан олган экан. Шу-шу бола­ларини ўлимга қиймаган онаизорнинг фар­зандлари ҳар баҳорда ер юзида қулф уриб очиларкан. 

– Қизим, оппоғим, сен ҳам Чучмўмани кўрганда уни кўзингга суртиб, эл-юртга, яқинларингга омонлик тила, – деб туга­тарди эртагини аммажоним оғир тин олганча. Сўнг маъюс тортиб қолар эдилар. 

Энди ўйлаб қарасам, суюкли ёрсиз, фарзандсиз ўтган аммажоним қалбининг тубидаги армонларини ўзи эртакка айлан­тириб айтган эканлар.

Бу чўпчак ҳамон қулоғимда жаранг­лайди. Унинг бу каби эртак, афсоналари ҳақиқатдан йироқ бўлсада, қалбимда эз­гуликка, яхши­ликка, қора кучларнинг, ал­батта, мағлуб бўлишига умид, ишонч уй­ғотарди. Ёшим элликка яқинлашсада, ҳамон аммажонимнинг ўша эртаклари оғу­шида яшайман, уларни қўмсайман. 

Балки ҳув ўша қирларда ҳар баҳорда очиладиган лола, лолақизғалдоқ, чуч­мўма, бинафшалар у дунёлик бўлиб кет­ган яқинларимиз, ота-оналаримиз пок руҳ­ларининг рамзий тимсолларидир. Улар биз, тирикларни бир бора кўриш, эл-юртга омонлик тилаш учун янгиланиш фаслида Она замин кўксини ёриб чиқадигандир. Яна ким билсин?!

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2018-03-20, 11:08 1065
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.