26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Бек боласи бешикда улғаяди

Миллий урф-одат, анъаналар, ҳунармандчилик ашёлари миллат ва халқнинг ўзи билан бирга асрлар, мингйилликлар мобайнида шаклланиб, такомиллашиб боради. Шунинг учун уларда халқнинг орзу-интилишлари, руҳияти ва тафаккури, ҳаёт фалсафаси, турмуш тарзи тўлиқ мужассам бўлади. Халқ тақдирида шундай қадриятлар бўладики, улар миллатнинг ўзи билан бирга шаклланади. Юртимизда ҳунармандчиликнинг бир қанча турлари тарқалган бўлиб, улар авлоддан авлодга ўтиб, бобомерос касбга айланганини бугунги уста-ҳунармандларнинг меҳнатлари самарасидан ҳам англаш мумкин.

Сайрам даҳасининг Абдуллаобод мавзесида бешик ясаб, кўпнинг дуосини олиб келаётган Холмат бешикчи хонадонида бўлиб, дурадгорни мусоҳабага чорладим. 

Ота касбини давом эттираётган Холмат Холмуродов 4 ўғил, 1 қизнинг отаси. Асл касби – тракторчи. Онаси Ортиғой аянинг дуоси билан ота касбни давом эттириб, ўғли Дилмуродга ҳам ўргатган.

– Болалигимда бувам ясаётган бешикка қизиқиб, ёнидан бир зум жилмай кузатардим. Кейин бу ҳунарни дадам давом эттира бошлади. Мана, бугун ўзим ҳам бешик ясайман, – дейди раҳматли Элмурод буванинг набираси Дилмурод.

– Холмат ака, дадангиз учун ҳам ота касбми, бу?

– Йўқ дадам эшик-ром ишлайдиган уста эди. Бир куни устози –Йўлдош бешикчи отамга бешик ясашни ҳам ўрган, бу ўлмайдиган касб деган экан. У киши ҳозирги замонда ҳаммаям янги уй қуришга қурби келавермайди, эшик-ром ҳам керак, бироқ бешик ясаб, кўпроқ савоб олай, деб ўрганган экан. Раҳматли, қариндош-уруғда, қўни-қўшнида чақалоқ туғилганини эшитса, қувониб кетарди. Мана, мен уларга бешик ясайман, эвазига оиланинг кам-кўсти тўлади, дерди.

 – Бешикка мих ишлатилмайди, деб эшитганман. Шу ростми?

– Ҳа, моҳир усталар бешик ясашда мих ишлатишмайди. 

– У қандай дарахтдан ясалади, уни ясаш учун неча кун вақтингиз кетади?

– Бешик, асосан, тут ва тол дарахтидан ясалади. Аслида бешикнинг асосий қисмлари бўлган пойдевор, кўприк, эгма, қубба ва оёқларнинг ҳар бири алоҳида дарахт ёғочлари – тут, баъзида ўрик, ёнғоқ, тегмаси кўпинча юмшоқроқ бўлган тол новдасидан ҳам ясалса бўлади. Бешикнинг пастки қисми ағдарилиб ёки қаттиқ чайқалиб кетмаслиги учун вазминроқ бўлган тут дарахтидан, устки ёй ва йўғон ўзаклар, тутқич кунгуралар толдан ҳам ясалиши мумкин. Унга ранг бериш, ўймакорлик ишларини бажариш ҳам алоҳида маҳоратни талаб этади. Битта бешикни мен 3-4 кунда битираман. 

– Нега айнан толдан ясалган бешиклар харидоргир бўлади?

– Бешик ясаш учун айнан тол дарахти танлангани бежиз эмас, бу ёғочни қурт емайди, у тез синмайди, ҳид чиқармайди ва тоза ҳаво ўтказувчанлик хусусияти кўп. Шунинг учун бешикка ишлатиладиган дарахтни эътибор ва ихлос билан танлаш лозим.

– Юқорида қайд этганингиздек, бешик мевали дарахтлардан ҳам ясалар экан. Шу ҳақда нима дейсиз?

– Бешикнинг айнан мевали дарахтлардан ясалишининг ўзига хос хусусияти мавжуд. Мевали дарахтларга қадимдан ҳосилдорлик, қут-барака тимсоли сифатида қаралганлиги боис яхши ният билан уларнинг ёғочидан бешик ясалган. Азалдан мевали дарахтларга хос серҳосиллик бешик орқали болага ҳам ўтади, деб ишонганлар. Яъни, мевали дарахтдан ясалган бешикда вояга етган бола серфарзанд бўлади, ўзидан кўпаяди, деган ирим мавжуд.

– Бешикнинг ҳажми қандай бўлади? Бўёқларда ҳам бирор сир борми?

Умуман, ягона андазага мувофиқ, бешик узунлиги 85 см., эни 35 см. бўлиб, бола икки ёшгача, унда бемалол ётади. Мен буюртма асосида сал каттароқ бешиклар ҳам ясайман. Шунингдек, бешикни бўяшда ҳам рангларнинг табиийлигига алоҳида аҳамият бериш лозим. Энг муҳими, янги бешикда ётган чақалоққа ҳеч қандай зарар етмаслиги лозим.

Фурсати келиб, суҳбатимизга гувоҳ бўлиб ўтирган хонадоннинг севимли бувижони Ортиғой аяга ҳам савол билан мурожаат қилдим.

– Ая, сизни ҳам турмуш ўртоғингиз ясаган бешикка ёпинчиқлар тиккан чевар аёл, деб эшитдим. Бешик сотиб олишда савдолашилмайди, деган нақл нима учун айтилган?

– Қадимдан бешик сотиб олинаётганда ҳеч бир оила, ҳеч бир инсон унинг нархини суриштирмаган. Ҳунарманднинг виждонига, ҳалол меҳнатига ишонч билдирилган. Шунинг учун ҳам бирор кимса уни савдолашса, устани ҳақорат қилган бўлади. Ўз навбатида харид қилинган бешикни сотиш ҳам мумкин бўлмаган, бу одатда, авлоддан авлодга ўтилган ёки яқин қариндошларга совға қилинган. Мустаҳкам, қулай ишланган бешик бир оиладаги ўнта фарзандни эмас, балки уч-тўрт авлодни вояга етказиши мумкин, – деди Ортиғой буви.

Хонадон соҳиблари билан хайрлашиб, уларга келгуси ишларида муваффақият тилаб қайтар эканман, “донишманд момо” дея ном таратган Гавҳар момомнинг айтганлари ёдимга тушди: “Бешик бу авлоддан авлодга ўтадиган мерос, ёдгорлик. Аканг ётган бешикда опанг, сен, мана энди сингилларинг катта бўляпти. Бешикни сотиш ёки ташлаб юбориш мумкин эмас. Ҳар бир ўзбек хонадони боласининг бешикда улғайишини истайди. Чунки азалдан “Бешик боласи – бек боласи” деб бежиз айтилмаган”, дердилар. 

“Ҳунарли хор бўлмайди”, дейди доно халқимиз. Толбешикларда соғлом фарзандлар камол топсин, дея туриб, бешик ясайдиган уста-дурадгорларни эслаб қўямиз. 

Ўзбек халқи бешикни муқаддас санайди, миллатимиз бешик билан тирик. Одамийликнинг энг гўзал сифатлари ана шу ором гўшасида шаклланади. Бу бешикдан жаҳоннинг мана ман деган қавми ҳавас қилса арзигулик не-не улуғ зотлар чиққан. Тарихимиз, урф-одат ва анъаналаримизни асл ҳолича келажак авлодга қолдириш эса бизнинг муқаддас бурчимиз.

Мухтабар УСМОНОВА, 2018-03-20, 11:18 186
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.