26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ўзидан сўзи, сўзидан ўзи қизиқ ҳамкасбимиз

Тахририятга ишга келганимда даставвал жамоа ҳаётидан ҳикоя қилувчи фотостендни кўздан кечириб, бу ерда кимлар ишлагани билан қизиқдим. Елкасига ташланган чопоннинг бир ёқасини ушлаб, кулиб турган одамга нигоҳим қадалганида, ёнимда турган ҳамкасбларим изоҳ беришди: “Таҳририятнинг устунларидан бири, кўп йиллар услубиятчи муҳаррир, бош муҳаррир лавозимларида ишлаган устозимиз, қирқ ҳунарнинг эгаси, “живой миниатюралар театри...” Бу тавсифларни эшитгач, у билан яқинроқ танишиш истаги туғилди. 

Ўғиллари Хуршид Қўчқоровдан кўп нарсаларни сўраб, билиб олдим, камини ўзи – юбилей арафасидаги суҳбатимиз чоғида тўлдирди. Гап ким ҳақида бораётганини пайқаган бўлсангиз керак. Ҳа-ҳа, бу ўша – сиз яхши танийдиган, ҳурмат қиладиган, ширин суҳбатларини тез-тез қўмсаб турадиган ажойиб инсон – Ҳавазмат Қўчқоров. Юриш-туришлари оддий, сўзлари самимий, суҳбатдошини дарров ўзига ром қилиб оладиган бу одам ўз умрининг эллик йилдан кўпроғини маданият, санъат ва журналистикага бағишлаган сухандон, шоир, адиб, қўшиқчи, қизиқчи, теннисчи, шаҳматчи, пазанда...(санаб саноғига етолмайсиз) экан. 

У 1947 йили Сайрам қишлоғидаги Қўчқор ота ва Улуғой ая Дадаметовлар оиласида бешинчи фарзанд бўлиб дунёга келган. 

Ҳавазмат 1954 йили Маншук Маметова номли бошланғич мактабнинг 1-синфига қабул қилинади. У мактабга бормаёқ “Алифбе”ни мустақил ўқир, ҳарфларни чиройли ёзарди. Боладаги билимга чанқоқликни кўрган биринчи ўқитувчиси Отамат ака унга алоҳида меҳр қўяди. 

У ўқувчилик даврида мактабдаги турли тўгаракларга қатнайди. Бадиий ҳаваскорлар тўгарагида шеърни ифодали ёдлаш, монологлар ўқиш, расм танловларида ҳам совринли ўринларни эгаллайди.

Ш. Рашидовнинг ”Олтин водийдан шабадалар”, А. Қаҳҳорнинг “Сароб”, А. Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Ойбекнинг “Навоий” асарларини мактаб кутубхонасида ва уйда мутолаа қилишдан чарчамасди. Ўғлининг китобга ўчлиги ота-онасини ташвишлантиради. Хавотирга тушган Қўчқор ота бир куни Ҳавазматга дейди:

 – Ўғлим китоб ўқиганинг яхшику-я, лекин соғлигингни ўйлайман. Тонггача китоб ўқийсан, мактабда ҳам турли тўгаракларга қатнашармишсан, кўз гавҳарингни эҳтиёт қил. Менга сенинг тан-соғлигинг керак. Йигит бошинг омон бўлса...қолгани бир гап бўлар. 

Отасининг бундай қайғуришини индамай кулиб қабул қилган Ҳавазмат ўзи ҳам шеърий жумлаларни қоғозга тушира бошлайди. Унинг биринчи шеъри 6-7-синфда ўқиб юрган пайтида Сайрам туман “Меҳнат байроғи” газетасида эълон қилинади. Дарсдан бўш пайтларида “Ўқувчилар бригадаси”да тенгдошлари билан колхозда ота-оналарига ёрдам берса, уйдаги мол-ҳолга қараш, чўп ўриш, маҳалладаги ягона қудуқдан сув келтириш ҳам унинг зиммасида эди. 3-сонли интернат мактабининг 9-синфида ўқиётганида Улуғ Ватан урушига бағишланган “Жанг манзаралари” номли расми учун 1-ўринни эгаллайди. 

Бўлажак шоир 11-синфни 4-сонли Фрунзе номли ўрта мактабда тугатади. Тошкент шаҳридаги А.Н. Островский номли театр ва рассомлик институтига ҳужжат топширишни мақсад қилиб қўйганди. Лекин оилавий шароит тақозосига кўра, ТошДУнинг журналистика факультетига сиртдан ўқишга киради. Шу йили сентябрь ойида ўзи таълим олган мактабда ташкилотчи котиб вазифасида меҳнат фаолиятини бошлайди. Мактабда бадиий кечалар, мушоираларни уюштиришда устаси фаранг бўлиб кетган Ҳавазмат ўзига ўхшаган ёш ижодкорларни тўплаб, туман миқёсида кўплаб саҳна асарларини намойиш этади. 

1966 йили Пушкин номли колхоз раиси Нишонбой Турсуматов: “Отанг колхоз, онанг колхоз, сенга мактабда нима бор”, деб уни колхозга котиб этиб тайинлайди. 

– Тилло одам эди раҳматли, тўғри сўз, ҳалол киши бўлиб, келажакда ўз ўрнимни топишимга катта ёрдам берган, – деб эслайди Ҳавазмат ака.

Колхозда бир йил давомида котиб бўлиб ишлаган ёш шоир устози С. Юсуфалиев ишлаётган “Меҳнат байроғи” газетасига мусаҳҳиҳ ёрдамчиси бўлиб ишга жойлашади. “Хато тузатиш” билан чекланиб қолмай, колхозчилар ва донгдор пахтакорлар, чорвадорлар ҳақидаги очерк ва мақолалари билан муштарийлар меҳрини қозонади. Унга “Адабиёт саҳифаси”ни тайёрлаб чиқаришни топширишади.

1970 йили оилавий шароит туфайли Сайрам механика заводига рассом бўлиб ишга қабул қилинади, бир йилдан сўнг “Казэлектромонтаж” корхонасида фаолиятини давом эттиради. 

1970 йили Раҳима опа Тўламат қизига уйланади. Ёш келин-куёвларнинг тўйи ҳам янгича бўлиб, улар ҳали одат тусига кирмаган стол-стулда никоҳ кечаларини ўтказадилар.

Муҳаббат ва меҳрдан кўтарилган тинч ва осойишта оила қасрида бир-биридан ширин фарзандлар дунёга келди: Жамшид, Хуршид, Ҳилола, Зилола ҳамда Жонридлар Ҳавазмат ака ва Раҳима опаларнинг қувончу шодлигига айланади. 

 1975 йили Ленин номли колхоз қошида Маданият саройи очилди. Унга Ҳавазмат Қўчқоров директор этиб тайинланди. Колхозда меҳнат қилаётган хотин-қизлар ва йигитлар орасидан истеъдодлиларни тўплаб, улардан даста тузиб, саҳнага олиб чиқишда Ҳавазмат ака яна бош-қош бўлади. “Ғунча” ашула ва рақс дастасининг бадиий раҳбари Шарифа Милтиқбоева билан ҳамкорликда уни халқ ансамбли даражасига кўтаришади. Ўн йилча маданият соҳасида тинмай меҳнат қилган Ҳавазмат Қўчқоров 1986 йили вилоят телерадиоқўмитасига ишга қабулланди. Нафақага чиққан устозлари Дилобар Абдуқодирова ва Ҳабиба Содиқованинг ўгитларига амал қилиб, ўзбек тилидаги “Давр нафаси” таҳририятига муҳаррир этиб тайинланади. 

1991 йили 5 апрелда, Мустақилликнинг дастлабки кунларида “Дўстлик байроғи” вилоят ўзбекзабон газетаси очилиб, фаолият юрита бошлади. Журналистлар етишмаслиги, сармоянинг танқислиги янги нашрга анча қийинчиликлар туғдирарди. Таҳририят бош муҳаррири Собиржон Юсуфалиев Ҳавазмат акани ишга таклиф этади. Турли соҳаларда фаолият юритсада ижодни бир зум тўхтатмаган ижодкор таклифни бажонидил қабул қилади. Лекин вилоят телерадио- қўмитаси раҳбари 

Б. Қўнисбеков серқирра ижодкорни ишдан бўшатгиси келмайди. Чунки Ҳавазмат акадай фидойи ва жонкуяр инсонлар бу ерда ҳам жуда зарур эди. Кўп йиллардан буён ўз соҳасида ишлашни орзу қилиб юрган Ҳавазмат Қўчқоров Байдулла оғадан ўз аризаси бўйича ишдан бўшатишни қайта-қайта илтимос қилади. Ва шу йилнинг 15 августидан бошлаб ҳозирги “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлай бошлайди. 

– Мустақилликнинг дастлабки кунлари – алғов-далғов замон, завод-фабрикалар ҳувиллаб ётибди. Кўпчилик ишсиз, зиёлиларнинг айримлари ишларидан айрилиб ўзларини савдо-сотиққа урган, газ ва электр чироқлари дамба-дам ўчиб, одамни диққат қиладиган вақтлар. Бизда эса газета чиқариш учун қоғоз йўқ, қоғоз бўлса мақола ёзадиган мухбирларимиз етишмайди. Ана шундай қийин даврда Собиржон ака Юсуфалиев, Иброҳим Туркий, Муроджон Абубакиров, Мухтор Муҳаммедовлар билан елкама-елка туриб, машаққатли матбаачилик жараёнини бошлаб юбордик, – дейди қаҳрамоним ўша даврларни эсга олиб. 

Бош муҳаррир Собиржон Юсуфалиев Қозоғистон Республикаси Олий Кенгашига депутат бўлиб сайлангач, Ҳавазмат Қўчқоров “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасига бош муҳаррир этиб тайинланади. Ўша йили вилоят, республика газеталари бош муҳаррирларининг Элбоши Н. Назарбаев билан учрашуви чоғида Ҳавазмат ака ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйиб, шундай масалани қўяди:

 – Мен, Хожа Аҳмад Яссавий бобомизнинг туғилиб-ўсган кўҳна Сайрам қишлоғидан келиб турибман. Сизни Сайрамдаги авлиёлар руҳлари қўллаб турсин. Мен сизга битта савол билан мурожаат қилмоқчиман. Жанубий Қозоғистонда истиқомат қиладиган 500 минг ўзбекнинг болалари кетмонга қолиб кетадими, деб хавотирдаман. Нега десангиз, ўн бир йил давомида ўзбек тилида таълим олган ўзбек битирувчилари олий ўқув юртларига киролмай қолмоқдалар. 

Президент менга шундай жавоб берди: 

– Тошкентда билим олишсин...Ҳозир у ҳам биз учун хориж давлати ҳисобланади. 

Шундай қилиб, ўша йили вилоятимизнинг 300дан зиёд абитуриент Тошкентда, Ўзбекистондан 300га яқин қозоқ ёшлари эса вилоятимиздаги олий ўқув юртларида бепул ўқидилар. 

Келаси йили Олий Кенгаш депутатлари тарқатилиб, Собиржон Юсуфалиев таҳририятга қайтгач, Ҳавазмат ака яна бош муҳаррир ўринбосари вазифасида меҳнат қилди. 

2008 йилдан бошлаб услубиятчи муҳаррир лавозимида фаолият юритади ва нафақа ёшига етгандан кейин яна икки йил ишлаб, пенсияга чиқади. Ҳаёти ажабтовур қизиқарли воқеаларга бой, серқирра ижодкор, ўз таъбири билан айтганда “уйига сиғмай” қолади. Ўшанда вилоят ўзбек драма театрига директор этиб тайинланган Икромжон Ҳошимжонов унинг жонига оро киради – адабий эмакдош сифатида ишга қабул қилади.

Қозоғистон Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмаларининг аъзоси, Жаҳон халқлари Ёзувчилар уюшмасининг вилоятимиздаги вакили ва аъзоси, республика “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Жамоат фахрийси”, вилоят ўзбек этномаданият бирлашмасининг “Жамоат фидойиси”, “Ижодкор” республика адабий бирлашмасининг “Арғумоқ” мукофотлари ва бошқа кўкрак нишонлари билан тақдирланган таниқли ижодкор Ҳавазмат Қўчқоров “Косагулнинг хотини” номли ҳажвиялар, “Ортда қолган кунлар” шеър ва ҳикоялар тўплами, Улуғ Ватан уруши иштирокчиси Сулаймон ота Йўлдошевга бағишланган “Жавоҳирга татигулик умр” китоби ва “Антиқа ўч” ҳажвий тўпламининг муаллифидир. 

“Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг 5 йиллиги муносабати билан “Ирмоқлар туташганда” тўпламининг нашр этилишида ҳам устознинг алоҳида хизматлари бор. 

Серқирра ижодкор, журналист ва ҳажвчи шоир, ёзувчи, рассом ҳаёти давомида юзлаб кишиларнинг турмуш тарзини ёритувчи мақолалар, шеърлар, асарлар яратди. У қаерда, қандай вазифада ишламасин оддий халқ дардини тинглашга, уларнинг оғирини енгил қилишга, маънавий озиқ олишига куч-ғайратини сафарбар этди. 

Унинг меҳнатлари юксак баҳоланиб, вилоят, шаҳар, туман раҳбарияти томонидан ташаккурномалар, фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. 

Ўғли Хуршид Аваз ҳам ота изидан бормоқда, у “Жанубий Қозоғистон” вилоят газетасининг етакчи журналистларидан бири. Айни кунда Ҳавазмат ака ва Раҳима ая ўн олти набиранинг қуршовида, уларни дуо қилиб, Яратгандан эл-юртга омонлик тилаб, умргузаронлик қилишмоқда. 

Мавриди келганда ҳикоямиз қаҳрамонини қутлуғ 70 ёши билан “Жанубий Қозоғистон”даги ҳамкасблари ва муштарийлар номидан чин дилдан муборакбод этамиз. 

 

Р.S: Айтганча, куни кеча Туркистонда бўлиб ўтган халқаро адиблар анжуманида Ҳавазмат ака Қўчқоров Турксой халқаро ташкилоти бош котиби 

Д. Қасеинов ва вилоят ҳокими Ж. Туймебаевнинг махсус эсдалик совғасини олди. Табриклаймиз!

 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи., 2017-05-16, 11:16 174
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.