26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Эл ардоқлаган инсон Пайғамбар ёшида

Умрини одамлар учун эзгу ишларга бағишлаган кишидан фақат яхшилик, эзгу ном қолади. Унинг яхшилигидан атрофидагилар доимо баҳраманд бўлиб, эзгу ишлари достон бўлиб юради. Ана шундай инсонлардан бири “Иқон” умумий ўрта мактабининг директори, Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳати депутати, “Нур Отан” партияси Эски Иқон қишлоқ округи бошланғич партия ташкилотининг раиси Зуппархон Чолдоновдир. 

Бутун умри, куч-қудрати, ақлу заковатини халқ ишига, ёш авлод тарбиясига бахшида этган бу фидойи инсон меҳнат фаолиятини 1980 йили Туркистон туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида бошлаган бўлиб, мазкур мактабнинг директори даражасига кўтарилди. Шу даврда унинг шогирдлари нуфузли мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб, чемпионлар сафи кенгайди.

Талабчан, билимдон мураббий ва раҳбар 1994 йили Туркистон туманидаги 23-сонли Қурилиш сайлов участкасидан туман маслаҳати депутати этиб сайланди. Халқ ишончини оқлаб, кўпнинг олқишини олди ва 1999 йили 17-сонли Иқон сайлов округидан Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳатига депутат бўлиб сайланди. Вилоятда молия ҳамда иқтисодни ривожлантириш доимий комиссиясининг аъзоси вазифасини шараф билан бажариб, раҳбар ҳамда депутат сифатида анчагина ишларни амалга оширди, халқ дарди билан яшади. 2016 йили халқ уни 17-сонли Иқон сайлов округидан Жанубий Қозоғистон вилоят маслаҳатига иккинчи марта якдиллик билан депутат қилиб сайлади. 

Зуппархон Чолдоновнинг Жанубий Қозоғистон вилояти маслаҳати депутати сифатида олиб бораётган ишлари ҳам таҳсинга лойиқ. У ўз сайловчилари билан мунтазам мулоқотда бўлиб, дардини тинглаб, уларнинг ижтимоий масалаларини вилоятдаги масъул маҳкамаларга етказиши натижасида эски йўллар таъмирланиб, янгидан йўллар барпо этилди, янги мактаб бинолари бунёд этилиб, аҳолини ичимли сув, газ, ёруғлик билан таъминланишига имконият яратилди. Халқ вилоят маслаҳати депутатидан миннатдор.

1998 йилдан бошлаб Туркистондаги “Иқон” умумий ўрта мактабида директорлик лавозимида ишлаб келаётган Зуппархон Чолдонов таълим даргоҳида кенг қамровли ишларнинг амалга оширилишига камарбаста бўлди. Чунончи, биноларда бошдан оёқ таъмирлаш ишлари олиб борилиб, иситиш тизими ишга туширилди, Элбошининг “Яшил эл” дастури асосида мактаб атрофи кўкаламзорлаштирилди. Мактабнинг моддий-техника базаси тубдан яхшиланди – мультимедиа, химия, физика, биология кабинетлари жиҳозлари янгиланди. Зуппархон Чолдоновнинг доимо олға интилиши, ўқиш ва ўқитиш ишида янги технологияларни жорий этиши натижасида мактабда ҳозирги кунда тўртта компьютер кабинети ишлаб турибди. Ўқувчилар интернет тармоқлари орқали керакли маълумотларни олиб, фан-техника янгиликларидан хабардор бўлиш билан бирга, фанларни ўзлаштиришда электрон дарсликлардан кенг фойдаланмоқдалар. Уларнинг УЮСБ ва ЯМТга тайёрланишида ҳам бу жуда катта имконият яратмоқда. Чунки, дарслардан кейин ҳам кабинетларнинг эшиги ўқувчилар учун доимо очиқ.

Директорнинг ташкилотчилик фаолияти ўқув-тарбия ишлари, устозлар ва ўқувчиларнинг қўлга киритган ютуқлари билан ўлчанади. 2013 йили мактаб битирувчиларидан Ҳ. Жабборхонов, 

О. Маннопова, 2014 йили 

С. Мамбетова, 2016 йили 

Ғ. Нурметов, 2017 йили Ш. Ангуров, Д. Расулов “Олтин белги”га сазовор бўлишди. 2013 йили ЯМТ якуни буйича ўртача 100,22 балл тўплаб, 12 ўқувчи давлат грантларига эга бўлиб, мактабимиз шу йили Қозоғистон Республикасидаги “Энг илғор 100 мактаб” қаторига кириш шарафига муяссар бўлди. Бу ҳам мактаб директорининг оқилона ва тинимсиз меҳнати, устозлар жамоаси жонкуярлиги ва бирдамлигининг меваси бўлди. Сўнгги беш йил ичида мактабнинг 48 битирувчиси ЯМТ натижаси бўйича давлат грантларига эга бўлиб, мамлакатимизнинг энг кўзга кўринган олий ўқув юртларида билим олиш имкониятини қўлга киритди.

Қозоқ тили фанининг жонкуярлари Махсуда Мамадалиева, Мирамин Йўлдошев, Гулбону Сарсеновалар вилоят, республика олимпиадаларида ғолибликни қўлдан бермай келаётган муносиб ўқувчилар тайёрлаб келмоқдалар. 2011-2012, 2012-2013 ўқув йилларида қишлоқ тарихида олтин ҳарфлар билан ёзиладиган қувончли янгиликлар кўп бўлди. Республика миқёсида истеъдодли мактаб ўқувчилари орасида Қарағанди, Астана, Тараз шаҳарларида ўтказилган фан олимпиадаларида “Иқон” умумий ўрта мактабининг ўқувчиси О. Маннопова устозлари ишончини оқлаб, олтин ва кумуш медаллар соҳибаси бўлди. 2014 йили А. Шомитдинов “Жарқын болашақ” вилоят олимпиадасида ІІІ ўринни эгаллаган бўлса, 2015 йили З. Зокирёева Алматида ўтган “Жарқын болашақ” VIII республика қозоқ тили фани олимпиадасида совринли II ўринни эгаллади ва Х. А. Яссавий номли Халқаро қозоқ-турк университетининг таълим гранти соҳибаси бўлди. Ҳ. Тожиметова ҳам ушбу олимпиадада “Сөз шебері” танлови бўйича ІІ ўринни, З. Тўрахонова ушбу «Жазушылар» танловида III ўринни эгаллаб, диплом билан мукофотланишди. Билимга чанқоқ ёш ижодкор ўқувчилардан 

К. Шаталова, З. Зокирёева вилоят миқёсида ўтказилган илмий ишлар лойиҳаси мусобақасида ІІІ ўринни эгаллашди ва раҳбарлари Минур Йўлдошев, Ҳошим Зураповлар ташаккурнома билан тақдирландилар. Яқиндагина Шимкент шаҳрида ўтган “Жарқын болашақ” X республика қозоқ тили олимпиадасида «Әнші бұлбұл» танлови бўйича ўз фанининг устаси Шуҳрат Мамадиёровнинг шогирди Ш. Бобохонов совринли ІІ ўринни эгаллади. Ёш бўлишига қарамай, К. Абдураҳмонов 2016, 2017 йилларда халқаро “Болгария” математика олимпиадасида совринли ІІІ ўринни қўлга киритгани учун устозлари Муниса Номуродова ва Рагина Турсунбоевалар кўп олқишларга сазовор бўлди. 

З. Чолдонов бошқараётган мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан кўп йиллик иш тажрибасига эга бўлган, билимли, замон талаби билан ҳамнафас меҳрибон мураббийлар таълим бериб келишади. Мана, беш йилдирки, ана шу устозларнинг шогирдлари ўзбек тили ва адабиёти фанидан вилоят, республика олимпиадаларида І ўринни қўлга киритиб, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб келмоқдалар. Тажрибали устоз Озода Шаропованинг шогирди Д. Зиёвуддинова кетма-кет икки йил республика олимпиадасида І ўринни эгаллади. Ўз фанининг устаси Жамила Зиёвуддинова эса С. Мирҳайдаровага чуқур билим бериб, республика олимпиадаси ғолибаси даражасига кўтарди. Талабчан муаллима Муҳтарам Султонова З. Абдураҳмоновани кетма-кет икки йил олимпиадага тайёрлаб, у республикада І ўринни эгаллади. 

Информатика фани устозлари Рашид Бобоев, Шоҳида Абубакироваларнинг шарафли меҳнати туфайли 2017 йили вилоят олимпиадасида О. Абдуқодиров «Жас информатик» номинацияси билан мукофотланди ҳамда пухта тайёргарлиги туфайли “Аҳмад Яссавий” республика олимпиадасида иштирок этиб, таълим грантини олиш бахтига сазовор бўлди. 2018 йили эса Ҳ. Аминжонов вилоят олимпиадасида совринли учинчи ўринни эгаллади. 

Шогирд ютуғи – устоз ютуғи, устоз ютуғи – мактаб ютуғи, мактаб ютуғи эса, албатта, раҳбар ютуғидир. Бу ютуқлар ортида устозларнинг заҳматли меҳнати, директорнинг фидойилиги ётганини фақат устозликнинг қийинчилигини ҳис қила олган инсонларгина сезади.

Ўз ишининг билимдони, тажрибали устоз, талабчан раҳбар, эл-юрт фидойиси, халқининг жонкуяри Зуппархон Чолдонов ўз хизматлари учун давлат томонидан муносиб тақдирланди. 2006 йили ҚР Президенти Фармонига кўра «Ерең еңбегі үшін» медали, 2011 йили Туркистон шаҳар таълим соҳасидаги “Ең үздік директор” номинацияси, жамоат ишларида фаол қатнашгани учун “Қоғам жанкүйері” медали, 2011 йили «Қозоғистон Республикаси Мустақиллигига 20 йил» медали, 2012 йили “Касаба уюшмаларига хизмат кўрсатган ходим” кўкрак нишони, 2015 йили Қозоғистон Республикасининг таълим соҳасидаги фидокорона меҳнати учун “И . Алтынсарин” медали, 2016 йили “Мустақилликка 25 йил” медали билан мукофотланса, 2017 йили “Туркистон шаҳрининг фахрий фуқароси» унвонига сазовор бўлди.

Зуппархон ака оилада севимли бобо ҳамда меҳрибон отадир. Фарзандлари олий маълумот олиб, тўнғичи Даврон Туркистон шаҳрида Аҳолига хизмат кўрсатиш марказида инспектор бўлиб ишлайди, Санжар эса ўзининг хусусий хўжалиги билан шуғулланади. Қизи Ҳамида ота-онаси каби устозлик касбини шарафламоқда. Шаҳноза Туркистон шаҳридаги болалар шифохонасида эндокринолог-шифокор. Кенжа қизи Индира эса Эски Иқон қишлоғидаги касалхонада кардиолог ҳамшираси.

Зуппархан ака умр йўлдоши Мадина опа билан ҳавас қилса арзигулик умр кечирмоқда. Улар ўнта набиранинг севимли бувижони ва бобожони. Набираларининг тарбиячиси, болаларининг маслаҳатгўйи, суянчиғи. 

Биз, “Иқон” умумий ўрта мактаби жамоаси, Зуппархон Чолдоновни қутлуғ пайғамбар ёши билан муборакбод этиб, барча эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизга соғлик-саломатлик, толмас ғайрат, кетмас бахт, ишингизда омад, узоқ умр, оилангизга осойишталик тилаб қоламиз.

“Иқон” умумий ўрта мактаби жамоаси, 2018-03-20, 11:26 674
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.