26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Хуш кўрдик, кўҳна Наврўз!

Она-табиат уйғониб, кун ва тун тенг кела­ди­ган 21 март – Улуснинг улуғ куни Наврўзи оламнинг тарихи олисларга бориб тақалади. Буюк алломалар Алишер Навоий ва Умар Ҳайём ўз асарларида Наврўзнинг пайдо бўлишини қадимий афсонавий шоҳ Қаюмарс ҳамда  унинг чевараси Жамшиднинг номи билан боғлаганлар. 

Шарқнинг улуғ сиймолари А. Беруний, М. Қош­ғарий, А. Фирдавсийлар ҳам ўз асарларида Нав­­­­­­­­­­­­­­­­­рўз ва унинг тарихи ҳақида қимматли маълу­мотлар  ёзиб қолдиришган.

Манбааларда кўрсатилишича, Наврўзнинг ёши уч минг йилдан ошади. Айримлар янгиланиш, ёшариш айёмини мусулмон байрами деб ҳисоблайди. Аслида Ислом дини пайдо бўлмасдан олдин ҳам Навруз байрам қилинган. Афсуски, Шўролар даврига келиб, яъни, 1926 йилда уни диний байрамлар қаторига қўшиб, чеклаб қўйишди. Шунга қарамай, халқимиз пинҳона бўлсада, Наврўзни чекка-чеккаларда  яши­рин турда нишонлаб келди.

Ўтган аср 80-йилларнинг ўрталарида Наврўз чин маънода яна ўлкамизга қайтди, десак янглишмаган бўламиз. Бунда зиёли қатлам вакилларининг хизмати ғоят катта. Хусусан, ўша даврдаги Қозоғистон Ёзув­чилар уюшмасининг котиби, “Жалын” журнали бош муҳаррири Мухтар Шаханов 1988  йил, 4 фев­ралда “Лениншиіл жас”, ҳозирги “Жас Алаш” газе­тасида ўқувчилар билан суҳбат уюштирди. Мулоқот чоғида республикада истиқомат қилаётган барча фуқароларга Наврўз байрамини кенг кўламда ўт­казиш таклифи билан чиқди. Бу таклиф барча, шу жумладан, ўша пайтдаги республика раҳбарлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Шундай қилиб, ўша йили Алматида  байрам камтарона  атаб ўтилди. Келаси йили эса бутун Қозоғистон бўйлаб кенг кўламда байрам қилинди. 

1989 йилда илк бор янгиланиш айёми Сайрам туманининг Оқсувкент ва Қорабулоқ йўли бўйи­даги улкан ялангликда умумхалқ байрами сифа­тида нишонланиб, унга вилоят ҳамда қўшни Ўзбе­кистон Республикаси Қибрай туманидан бир гу­руҳ меҳмонлар таклиф қилинди. Наврўзнинг мин­тақамизда нишонланиши шу даврдан бошланди, десак янглишмаймиз.

Наврўзга тааллуқли маросимлар, урф-одатлар  ҳануз яшаб келмоқда. Қадимда Наврўз кирадиган тунда афсонавий Хизр бобога атаб уй тўрида қўш­чироқ ёқилган, уй соҳибалари барака мўл бўл­­син, ёғин-сочин сероб бўлсин, деган ниятда идиш­ларни дон-дунга, булоқ сувига тўлдириб қў­йишган. Эрталаб уйқудан уйғонгач, янги либослар кийиб, қариндош-уруғлар, кексалар, хасталарни бориб кўришган. Шу кунларда туғилган чақалоқларга Наврўзбой, Наврўзгул, Наврўзбек деб исм қўйишган. Айём нишонланаётган чоғларда уруш-жанжаллар тўхтатилган, маҳбусларни озод қилиш урфи  ҳам бўлган. Айниқса, кўкламда янги ниҳоллар экиш авж олган.       

Момоларимиз Наврўз кўжа тайёрлашган. Таомлар шоҳи – сумалак пиширишга  алоҳида  ҳозирлик кўрилган. Маълумки, сумалак нафақат тотли, балки шифобахш таом ҳам ҳисобланади. У хафақон  хас­талигига даво, қон таркибини суюлтириб, мўъта­­­диллаштиради, асабларни тинчлантиради. Сумалак тайёр бўлгунга  қадар болалар  қозон теварагида турли ўйинлар ўйнашган, қиз-жувонлар қўшиқ-лапарлар куйлашган, ҳазил-мутойиба авжига чиққан.  

Бугунги кунда ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос мақомини  олган  мазкур кўклам айёми мустақил Қозоғистонимизда истиқомат қилаётган барча этносларнинг ўзаро дўстлиги, бирдамлиги байрами сифатида шоду хуррамлик билан атаб  ўтилмоқда. Сир эмас, кейинги пайтларда Наврўз расмий тарздагина нишонланмоқда. Ваҳоланки, Улуснинг улуғ куни фақат дастурхон ёзишдан иборат бўлмай, кўҳна урф-одатлар, маросимларни тарғиб қилиш, янгиларини яратиш ишлари йўлга қўйилса, нур устига нур бўлар эди. Шунингдек, байрам кўри­нишларига, турли мусобақаларга одилона баҳо берадиган ҳакамлар ҳайъати сафига зиёлилар, ёзувчилар, оқсоқоллар ҳам киритилса, байрам  янада шукуҳли, жозибадор  ўтар эди.

Наврўз эзгу тилаклар айтиладиган кун экан, мавриди келганда, барча юртдошларни қадимий ва ҳамиша навқирон кўклам айёми – Наврўзи олам  билан самимий қутлаб,  хонадонингизни қут- барака, бахт ва омад тарк этмасин, деб ният билдираман.

Каримжон ЮСВАЛИЕВ, Сайрам туманининг фахрий фуқароси, 2018-03-20, 11:33 187
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.