26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Касбини севган инсон

Гулзордаги ҳар бир гулнинг ўзига хос ифори бўлгани каби  таҳ­ририятимиздаги ҳар бир журналистнинг ўзига хос иш услуби мавжуддир. Улар орасида Шомирза ака Мадалиевнинг мақолалари алоҳида ажралиб туради. Уларнинг фарқли томони – ҳаққонийлиги ва  долзарблигида.

Бутун ҳаётини ўзи севган журналистика касбига бахшида этаётган бу жафокаш инсонни ҳақиқий ИШ ОДАМИ деб биламан.

Эрта-индин 55 ёшини нишонлаш арафасида юрган Шомирза ака Мадалиевни суҳбатга тортдим.

– 50дан ошган одам  болалик йилларини кўпроқ қўмсайдиган бўлиб қолар экан. Сизда ҳам шундай ҳолатлар бўлганми?

– Албатта, айниқса, ота-онамни, мактаб йилларини кўпроқ эслайман. Дадам Сатторқул Улуғ Ватан уруши ногирони, онам Фотима – уй бекаси эдилар.  Дадам ва онамнинг тақдирлари бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб, иккови ҳам биринчи никоҳдаги турмуш ўртоғи ва рафиқаларини йўқотган, ҳар иккаласи биттадан фарзанди билан қолган эканлар. Улар  бир-бирларини жуда авайлаб, қаттиқ  ҳурмат қилишган. Чунки уларнинг қалбларида ногоҳон тегиб кетсанг, қонаб кетадиган тузалмас яралар бор эди-да. Ана шундан чўчиб, бир-бирларини сўзсиз тушунишга, эҳтиётлашга ҳаракат қилар эдилар.

Биз оилада етти фарзанд эдик.  

1970 йилда Алишер Навоий номли ўн йиллик мактабнинг 1-синфига қабул қилиндим. 

Уйимизда “Рус халқ эртаклари” деган қалин китоб бўларди. Мактабга бормасимдан шу китобни ўқиб, саводим чиққан. Болалигимдан китобга меҳр қўйиб, ҳар бир ўқиган ҳикоям, шеър, мақол-маталларни ёдда сақлаб қолишга интилардим. Қўлимга нима тушса,  ўқийверардим. “Ленин учқуни”, “Гулхан”, “Мурзилка” каби газета ва журналлар жони дилим эди. Ўзимда ҳам  қандайдир  ғоялар туғилиб, уларни қоғозга тушириш  истаги кучая бошлади. 

 3-синфда ўқиб юрганимда  Ўзбекистонда чоп этиладиган “Ленин учқуни” газетасида “Ҳайитбой хатосини тушунди”, “Салим нега қи­зарди?” каби мақолаларим эълон қилинди. Ўшанда “Ленин учқуни” таҳририятидан келган хатни мактаб директори ўқувчилар олдида ўқиб берган эди. 

1980 йили мактабни аъло ба­ҳоларга тамомладим. Яқин­ла­римдан бири қўлимдаги шаҳо­датномани кўриб, ҳуқуқ­шунослик факультетига тушишни маслаҳат берди. Ўша  пайтларда ушбу кул­лиётга тушиш учун икки йиллик меҳнат стажи керак эди. Шу боисдан Туркистон шаҳридаги ремонт-механика заводига бориб, устага шогирд тушдим. Ҳужжатларимни Москва шаҳридаги Ломоносов номли университетнинг тайёрлов курсига юбордим.

Аммо университетдан йўлланган хатда ҳуқуқшунослик факультетида ўрин йўқлиги, фақат кимё-биология факультетида ўқишим мумкинлиги айтилган эди. Ноилож шу фа­культетда ўқий бошладим. Лекин соҳам менга ёқмасди. Келаси йили Тошкент Давлат университетига  ҳужжат  топширдим. 

– Имтиҳонларда қийналма­дингизми?

– Йўқ, тўртала имтиҳонни яхши топширдим ва дорилфунуннинг журналистика  факультети сиртқи бўлими талабаси бўлдим. Бир вақтнинг ўзида Туркистон туман “Туркистон” газетасида мухбир, таржимон ва масъул котиб бўлиб ишладим. 

–Диплом ишингиз қандай мавзуда бўлган?

–“Қозоғистон матбуотида миллий қадриятлар” мавзусида диплом ёқлаб, журналистика факультетининг декани Сайди Умировнинг мақ­товига сазовор бўлганман. У мендан аспирантурада қолишни ҳам илтимос қилди. Лекин оилавий шароитим ва моддий етишмовчилик сабабли она юртга қайтишга мажбур бўлдим. Чунки  ота-онам  кексайиб қолишган эди.

–Сиз бахтингизни меҳнатдан топган инсонсиз. Сизни жамоат ишларида ҳам фаол дейишади... 

–Ижод билан биргаликда жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб келаман. Заводдалигимдаёқ Тур­кистон шаҳар ва туман комсомол қўмитасида бюро аъзоси эдим. Мана, ёшим элликдан ошиб бор­япти ҳамки, жамоат ишларидан бош тортмаганман. Мамлакатимиз мус­тақилликка эришгандан сўнг Туркистонда ҳам турли эт­нос ва­кил­ларининг маданият мар­каз­лари тузилди. Ўшанда Туркистон шаҳрида ўзбек маданият маркази ташкил топди. Унга кўп йиллар давомида Эрназар Рўзиматов раҳ­барлик қилди. Мен эса марказ низомларини ўзбек тилига таржима қилдим. 1998 йили марказ қошида “Парыз” жамғармаси очилди. Ўша пайтда Туркистоннинг 1500 йил­лигини нишонлаш ара­фасида эдик. Байрамда Элбошимиз Н. А. Назарбаевнинг шахсан ўзи қат­нашди. Унинг қўлидан “Алғыс хат” олдим. 

Туркистоннинг 1500 йиллиги байрами яна шуниси билан эсда қолдики, академик Мухтар Алиев орқали бир хайрли иш амалга ошди. Уни маданият уйи олдида учратиб қолдим. Югуриб бориб қўлини олдим. Сўнг: 

 – Сиз, Тошкентдаги кўкрак жарроҳи илмий-тадқиқот марказига раҳбарлик қилган академик Восит Воҳи­довни танийсизми? – деб сўрадим дабдурустдан. 

–Танийман, – деди у бироз жиддий тортиб. 

– Шу кишининг номини Чоғадаги ўзи ўқиган мактабга берсак, нима дейсиз? –  деб унга тикилдим. 

У мамнун жилмайди-да, тўғри иш бўларди, деди ва қўлимни қайтадан қисиб қўйди. Шундай қилиб,  юрт­дошимизнинг номи ўзи билим олган мактабга қўйилди. 

Устозим Эрназаров Рўзиматов билан “Туркистоннинг азиз қадам­жолари” номли китобини нашр эттирдик. Бу китоб ҳозир  қозоқ, рус ва турк тилларига таржима қилинган.

– Эшитишимча, Жанубий Қозо­ғистон вилоятидаги ўзбек тилли мактаблар учун дарсликлар му­ам­моси ҳам сиз ва сизга ўх­шаган фидойилар туфайли ҳал этилганмиш. Шу ростми?

– Биласизми, миллат учун, унинг фарзандлари учун қайғурмаган кишини, ким бўлишидан қатъи назар, мен инсон сафига қўшолмайман. Чунки билимли ёшлар – эл-юрт келажаги. Шу боисдан бола­лари­мизнинг мукаммал билим олиши учун ҳаммамиз ҳам масъул­миз. Ўша пайтда дарсликлар етиш­мовчилиги ўқувчиларни, ота-оналарни ва мактаб маъмуриятини ташвишга солаётган бирдан-бир муаммо эди. Алишер Навоий номли мактабда шоир ижоди ва ҳаётига бағишланган бадиий кеча ўтказилди. Унда Ҳусан Садиров, Ҳошим Абдувалиев ва вилоят маслаҳати депутати Рахим  Танирбергенов ва мен иштирок этдик. Бадиий кечадан сўнг маслаҳат депутати олдига бизни кўпдан буён ўйлантираётган дарсликлар масаласини кўндаланг қўйдик. 

Ҳусан Садиров ва Ҳошим Аб­дувалиев Таълим ва фан вазир­лигига хат ёздилар. Жа­воб ҳам келди. Хатда маб­лағ йўқлиги айтилган эди. Лекин Ра­хим Танирбергенов вилоят ҳокими қабулига кириб, вази­ятни тушунтирди. У “ўзбек бовур­лари­миздан уят бўлибди” деб керакли жойларга қўнғироқ қилади. Вилоятда таълим соҳасида фаолият юритаётган тажрибали устозлар ёрдамида янги дарсликнинг дастури ишлаб чиқилади ва дастлаб 1-8-синфларга, сўнг 2-5-7-синфларга мўлжалланган дарсликлар Астана ва Алмати шаҳарларида чоп этилади. Фурсатдан фойдаланиб, шахсан ўзим номимдан, ўқувчи ва ота-оналар номидан шу инсонга миннатдорчилик билдираман.

– Туркистон ва Кентов шаҳар­лари учун таҳририятдан 3000 нусха “Жанубий Қозо­ғистон”ни олиб, тарқатар экансиз. Газетага мақо­лалар тайёрлаш, турли тад­бирларда қатнашиш, яна ижодий ва жамоат ишлари... Булар бир кишига оғирлик қилмайдими?

–Касбини чин дилдан севган кишига асло оғирлик қилмайди, балки унинг ижодига илҳом, ўзига куч-қувват бағишлайди. Янги-янги чўққиларни забт этишга ундайди. Қолаверса, оила аъзоларим, туман ва қишлоқ ўзбек этномаданият бирлашмаси фаоллари доимо менга мададкор, ёрдамчи.

– Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз. Сиздаги қайси хислатлар фар­занд­ларингизга ҳам “юққан?”

– 1989 йили Шаҳзода келин­ойингиз билан турмуш қурганмиз. Оилада учта фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик. Катта қизим Нодира –  ўқитувчи, Малика – ҳамшира. Ўғлим Рўзиохун эса Халқаро Қозоқ-Турк университети қошидаги Яссавий номли коллежни тамомлаган. Бугунги кунда дастурчи бўлиб фаолият юритмоқда. 

Фарзандларим ҳам ёшликдан китобга мер қўйган. Улар турли соҳаларда меҳнат қилсаларда бадиий асарларни севиб ўқишади. Байрам кунлари оила аъзолари жамланганда бадиий адабиёт, санъат ҳақида қизғин баҳслар бўлиб туради.

Болаларимдаги меҳнатсеварлик, мақсад сари интилиш, оилани му­қаддас  билиш фазилатларини ота сифатида ижобий баҳолайман.

– Шомирза ака, мазмунли суҳ­батингиз учун ташаккур! Шах­сан ўзим ва таҳририятдаги ҳам­касбларингиз номидан сизни  таваллуд айёмингиз билан чин юракдан муборакбод этаман. Оилангизга осойишталик, ижо­дингизга барака тилайман. 

Саодат МЎМИНБОЙ қизи, 2018-03-20, 11:46 174
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.