26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Азим дарахт томирлари

– Ҳикоят бувим – онамнинг оналари, 7 - синф маълумотга эга бўлса ҳам, ғайратли, қўли чаққонлиги учун уруш йилларида колхозда, пахтачилик бригадасида звено раҳбари бўлган, – ҳикоя қилади газетхонимиз Моҳира Ҳасанова. – Звенода 20 аёл бўлиб, бувим уларнинг оиласидаги аҳволдан доимо хабардор бўлиб турган эканлар. Унинг барча учун бирдек қайғурадиган, нигоҳи ўткир, сўзи дур, қалби метин, иродаси мустаҳкам инсон эканини ушбу звенода ишлаган Фароғат ая менга айтиб берганди. 

– Фароғат, кичкинанг кеча иситмалаётган эди, аҳволи қандай? – деб сўрар экан бувим иш бошлашдан аввал. – Иссиғи тушмаяпти? Бор, дўхтирга кўрсатиб, кейин келасан, ишга.

– Собира, қайнонанг тузук бўлдими? Кечқурун ўзим бориб кўраман. Қани, ишга киришамиз унда.

Урушдан кейинги йилларда етишмовчилик туфайли баъзи оилаларда араз-жанжаллар бўлиб турар, кўп ҳолларда уларга бувим аралашиб, икки томонни яраштириб қўяр экан. Оилани муқаддас билган бувим унинг азим дарахтдай гуркириб ўсишига эркак ҳам, аёл ҳам бирдай масъул, деб ҳисобларди. Менинг онам, сўнг Ҳасан-Ҳусан тоғаларим ва Умида холам дунёга келган. Болалигимизда ёз келиши билан момомнинг ёнларига боришга ошиқардик, чунки, ҳовлисида ширин олма, шафтоли, нок, гилос ва узум пишиб ётган бўларди... Қаймоқ, сутли бўтқа пишириб берардилар. Ҳовлисида эса райҳонлар... Жаннат атрини таратган гуллар... 

Бувимнинг юрак тўла меҳрини ўша пайтларда ҳис қилганман. Тез-тез чалпак пишириб, қўшниларга олиб чиқ, деб менга бериб юборарди. Боғда пишган мевалардан челакка солиб, маҳалладошларига улашганларини кўриб, инсон қалби шунчалик меҳр-муҳаббатга тўла бўладими, деб ҳайрон қолардим. Ош ё бошқа танқис овқат қилган куни ён қўшнисиникига киритарди. Дуолари ҳам ўзи каби мазмунли бўлиб, гўзал сўзлар билан жилоланган эди. Бувим айтиб берган эртакларни ҳанузгача бирон китобда учратган эмасман. 

Бувимнинг қай даражада оқила аёл эканини биргина воқеа мисолида айтиб бераман.

Ўшанда 10 ёшли қизалоқ эдим. Эрталаб онамнинг кимгадир баланд овозда гапираётганини эшитиб, уйғониб кетдим. Аввалига нима бўлаётганини тушунмадим. Энди қулоқ солаётган эдим, дадам:

– Энди бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин, комсомол қурилишига кетаман, – деб эшикни тарсиллатиб ёпиб кетди. 

Ойим хонамга кириб келди. Унинг йиғлаётганини кўриб, мен ҳам қўшилдим. Бир соат ўтар-ўтмас, эшик тақиллиб қолди. Бувим экан. У ойимнинг кўзида ёшни кўриб, жиддий тортди. Суҳбат ёпиқ эшик ортида бўлди. Эшикларимиз ойнаванд бўлгани учун уларнинг гаплари аниқ эшитилиб турарди. Ойим дадамнинг айбларини узоқ санаб, ажрашмоқчи эканини айтди. Шунда бувим хотиржам оҳангда деди:

– Тавба, Абдуқосимнинг ичмаслигини биламан. Колхозда яхши мутахассис эканидан ҳам хабардорман. Бутун қишлоқ уни ҳурмат қилишини ҳам биламан. Уйим-жойим, деб, куйинаётганини ҳам кўриб юрибман. Лекин сенинг шунчалик калтафаҳм эканингни билмаган эканман. 

Мен эшикнинг тирқишидан қарадим. Ойим турган жойида қотиб қолган эди. 

– Ичиб келиб, сени уряптими? Ёки, бошқа бир аёлнинг этагидан ушлаб, топганини унга олиб бориб беряптими? 

– Йўқ, – деди ойим. 

– Унда нега эрингни бекордан-бекорга эговлайверасан? Худди оч қолган итдай ғингшийверасан, ғингшийверасан, – деб бувим мушти билан хонтахтани урди. 

– Нега эговламай, ойи, ахир менинг гапимни бир пулга олмаса? Уйга оёқ кийимингизни тозалаб киринг, олган буюмингизни жойига қўйинг, деб такрор-такрор айтаман. Киймларингизни ҳар жойга улоқтириб кетманг, дейман. Уни кўриб, Умида ҳам фаросатсиз бўлиб ўсяпти. Биз, ота-оналар фарзандларимиз учун ҳамма ишда ўрнак бўлишимиз керак, ахир.

– Албатта, албатта, булар жуда “оғир гуноҳ”. Кечириб бўлмас “гуноҳлар”, – киноя қилди бувим. Агар, қизингнинг фаросати бўлса, эринг ишдан келганда «Яхши келдингизми, дада?», деб кутиб олиб, кийимларини олмайдими, кейин чиқиб, оёқ кийимини ювиб қўймайдими? Унинг хизматини қилишга ярамасанг, сен нима учун хотини бўлиб юрибсан? Яхши, уй тоза, ҳаммаёқ саранжом-саришта, поллар ялтираб турибди. Буюмларнинг ҳаммаси жой-жойида. Худди, музейдагидай. Лекин, хонадон музей эмаску! Оила аъзолари уйда ўзини худди музейда юргандек тутишлари керакми? Эринг ҳам, икки ўғлинг ҳам комсомол қурилишига кетишди. Энди улар қайтиб келишадими, йўқми, Худо билади. 

 – Нега? Улар менга бу ҳақда ҳеч нарса дейишмаган эдику?

– Дейиш бефойда эканини билишганда. Кимга тортдинг, билмадим. Отанг уйга келганида оёғининг учида ёки учиб киради деб ўйлайсанми? Ё менинг бирон марта дадангни кўзига тик қараганимни кўрганмисан? Дадангдан кейин уйга кираман, пол лой бўлиб қолса, латтани олиб артаман ва уйга эсон-омон, соғ-саломат келтиргани учун Оллоҳга шукроналар айтаман. 

Шу куни бувим дадам билан тоғаларимни топиб, уйга қайтарди. Шундан сўнг уйимзда бирон марта жанжал чиқмади. Мана, дадам билан ойимнинг турмуш қурганларига 50 йилдан ошибди. 

Яна бир воқеа. Асқар акам синфдош қизига уйланаман, деганида ойим биринчи бўлиб қарши чиқди. 

– Илло-билло рози бўлмайман, – деди у. – Йигит деган ўзидан 5-6 ёш кичик қизга уйланиши керак. Кейин қизнинг отаси оддий дурадгор экан...

Бу гапни акам бувимга айтибди. Бувим акамдан сўрабди:

– Бўлғуси келинимнинг исмлари нима?

– Инобатхон. Лекин ойим...

– Ойингни қўятур. Яхши кўрасанми уни?

– Аҳду-паймон қилганмиз.

– Ундай бўлса, бир ойдан кейин тўй бўлади. Тўйингга ўзим бош бўламан. Бор тайёргарлигингни кўравер. Ойинг билан ўзим гаплашиб қўяман. 

Анвар акам уйланаман деган қизга ҳам ойим қарши чиқди. 

– Номи чиққан қизни келин қилмайман, – деди ойим. 

Бу гап ҳам бувимнинг қулоғига етиб борибди. Ҳусан тоғамни чақиртирибди.

– Онанг катта гуноҳга ботишига оз қолибди, ўғлим. Мен у қиз ҳақида суриштириб, аниғини билдим. Қўшниларидан бири кўролмай, «номи чиққан», деб гап тарқатган экан. Палаги тоза оиланинг қизи. Худо хоҳласа, бир ой ичида тўйларинг бўлади. Тайёргарлигингни кўравер.

Бувам билан бувимнинг олтин тўйини нишонлашга тайёргарлик кўрардик. Тоғаларим тадбирни тўйхонада ўтказамиз, дейишди. 

– Бекорларни айтибсизлар, – деди бувим. – Тўй казо-казолар учун қилинмайди. Қариндош-уруғ ўртасидаги меҳр ришталарини мустаҳкамлаш учун ўтказилади. Тўйхонага болаларни олиб кира олмайсан. Узоқ - яқин қариндошнинг болалари бир-бирини маъракада кўрмаса, қачон кўради? Ҳатто, бир-бирини умрида кўрмаган қариндошлар бор. Тўйхонада тўй қилдим, дегандан кўра, юртга ош бердим, деганим яхши эмасми?

Бувамнинг вафотидан олти ой ўтиб, бувим ҳам оламдан ўтдилар. Ишим юришмай қолса, бувимларнинг олдиларига борардим. Дуоларини олардиму, яна ишим аввалгидан-да юришиб кетарди. Сўзларида сир-синоатлар борлигини болалик пайтларимдаёқ сезганман. Ҳар бир сўзи самимий эди. Бувимдан кўп ҳикмат ўрганиб, турмуш сирларидан воқиф бўлдим.... Меҳру муҳаббатни ҳам, оқибатни ҳам бувимдан ўргандим. Ажабланарлиси, бувамнинг ҳам, бувимнинг ҳам ота-онаси «қулоқ» қилинган, улар етимхонада ўсган экан. Оиласидан жудо бўлган икки қалб меҳр-муҳаббатга тўла бир олам яратиб, ажойиб анъаналар билан бойита олди, бувам ва бувимнинг дуолари билан катта бир авлод ўсиб, униб, палак ёйди. Улар яратган анъаналар эса авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. Гўё, азим чинор дарахти қуёшга интилиб, йилдан йилга қудрати ортиб бораётир. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки, бу дарахтнинг илдизи теран ва мустаҳкамдир. 

Авазхон АБДУФАТТОҲ ўғли., 2018-03-26, 18:45 176
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.