26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Ижодкорлар сардори

Ижодкор одамнинг зуваласи пишиқ, лекин кўнгли нозик. Бир оғиз ширин каломдан етти қават осмонга парвоз қилса, арзимас нарсадан кўнгли чўкиб, ранжиши мумкин. Дарҳақиқат, ижодкор – ноёб истеъдод эгаси, бу фазилат камдан-кам одамга насиб этади.

Абдураҳим Пратов билан танишганимга ҳам чорак асрдан ортиқ вақт ўтди. Кўкламнинг нурафшон кунларида Пайғамбар ёшини қаршилаётган камтарин, ижод дунёсининг ҳақиқий жонкуяри бўлган бу шахс тўғрисида бирон нима ёзишга бурчли эканимни ҳис этдим...

Абдураҳим ака адабиётга садоқати, ижодга фидойилиги, ёшларга ғамхўрлиги ва энг муҳими, ташкилотчилик қобилияти туфайли жанубийқозоғистонлик ўзбекзабон ижодкорларнинг сардорига айланди. Унинг кундалик икир-чикирларга вақти йўқ, у доим ўз дунёси билан банд. Шеърий тўпламига “Ўз дунём бор” деб ном танлаганининг боиси ҳам шудир, балки? 

У Манкент қишлоғида ўсди, болаликда тенгқурлари қатори, бокс билан астойдил шуғулланиб, мусобақаларда ютуқларга эришди. Йигитлик бурчини Венгрияда ўтаган Абдураҳим аканинг ҳарбий хизматда кўрган-кечирганлари кейинги ҳаётига катта таъсир кўрсатди. Сўнгра Туркистон шаҳрида техникумда ўқиб, шахс сифатида шаклланди ва ижоднинг сеҳрли оламига ўтган асрнинг 80-йилларида кириб келди. Тошкент шаҳридаги нуфузли дорилфунунда ўқиб юрган кезларидаёқ илк ижод намуналари билан кўзга тушди. Ўзбекистонда чоп этилган “Ёшлик” альманахига бир қанча шеърларининг киритилиши бежиз эмасди.

Ўша йилларда “Сайрам” ижодий уюшмасига келиб, Ориф Сайдикром, Анвар Парда, Ҳавазмат Қўчқоровлардан кўп нарсаларни ўрганди. Шундан сўнг “Чашма” ижодий уюшмасини ташкил этишга бел боғлади. Бу ишда унга Юсуфжон Сайдалиев, Ирисали Жуманов, Иброҳим Ҳуккиев, Умрой Каримовалар каби жонкуярлар камарбаста бўлдилар. 

Абдураҳим ака тиниб-тинчимас инсонлар сирасидан, доимо янгиликка интилади, фикру хаёли турфа лойиҳа ва режалар билан банд. Жумладан, унинг ташаббуси билан дунёга келган “Бойчечак”, “Камалак” журналлари болаларнинг севимли нашрларига , “Адабиёт ва санъат” газетаси эса ижодкорлар учун нуфузли минбарга айланди. 

“Чашма” ижодий уюшмасининг вилоят мақомини олиши, ижодкорларни рағбатлантириш учун таъсис этилган “Арғумоқ” адабий мукофоти ҳам Абдураҳим аканинг саъй-ҳаракатлари натижасидир. “Унга ном танлашда кўп ижодкорларнинг фикрини ўргандик. Айниқса, Носир Фозиловнинг далдаси қимматли бўлди”, – деб эслайди Абдураҳим ака. Ўрни келганда айтиб ўтиш жоиз, мазкур мукофот билан тақдирланганлар қаторида Носир Фозилов, Нурлан Ўразалин, Исраил Сапарбаев, Мархабат Байғут, Қулбек Ергўбек каби атоқли намояндалар ҳам бор...

У жамоат ишларида ҳам фаол. Сайрам туман ўзбек этномаданият бирлашмасининг фаолиятига беғараз кўмак бериб келмоқда. “Чашма” ижодий уюшмасини бошқарган йиллари С. Камолова, 

У. Каримова, Т. Пирназарова, С. Акромов, К. Солибеков, Б. Оташ, Г. Ҳасанова, Г. Бегалиева, Г. Бозорбоева, М. Сафарова каби ижодкорларнинг элга танилишига сабабчи бўлди. 2012 йили у анчадан буён режалаб юрган яна бир лойиҳасини амалга оширди. Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти қошида “Ижодкор” адабий бирлашмасини ташкил қилди. Бирлашмани тузишдан мақсад – мавжуд ижодий уюшмаларни бирлаштириш, шу тариқа, ўзбекзабон ижодкорларни республика миқёсида танитиш эди. Бугунги кунда у олдига қўйган мақсадига эришди. “Ижодкор” нафақат республикамизга, балки қўшни Ўзбекистонга ҳам танилди. 

Абдураҳим аканинг таниқли адиблар Носир Фозилов, Ерсин Қўйбағарули, Исраил Сапарбайлар билан ҳамкорлиги, ижодий дўстлиги ибратга арзигуликдир. Ўтган йили “Жанубий Қозоғистон” газетаси таҳририятида Исраил Сапарбайнинг 75 йиллигига атаб ўтказилган ижодий учрашувда бунга яна бир карра амин бўлдик. 

Ерсин Қўйбағарули билан иккисини ижод аҳли “ака-укалар” дейишарди. Ижодий сафарми, ёзги таътилми, қарийб 40 йил мобайнида доимо бирга бўлишди. Уларнинг дўстлиги ва бир-бирига садоқати алоҳида таҳсинга сазовордир. Афсуски, бешафқат ўлим Ерсин оғани орамиздан эрта олиб кетди. 

Мана шундай ижодий ҳамкорликнинг самараси ўлароқ, А. Пратовнинг туркум шеърларини шоир Исраил Сапарбай қозоқчага ўгириб, “Бир тал гул” номи билан Алматида чоп эттирди. 

2016 йилда “Современнная литература народа Казахстана” монографияси ва “Мәнгілік елім менің – Вечная страна моя” антологиясининг чоп этилиши ҳам унинг бетиним елиб-югуриши, машаққатли меҳнатлари самарасидир. Бу ҳақда адабиётшунос олима А. Машакова ҳам “Керуен” журналида эълон қилинган “Вклад Абдурахима Пратова в развитие литературы народа Казахстана” мақоласида батафсил ёзган. Монография орқали қозоғистонлик ўзбек ижодкорларининг номи нафақат республика миқёсида, балки Россия, Белоруссия, Польша мамлакатларига танилди. Антологияда эса Э. Рўзиматов, А. Пратов, С. Камолова, З. Мўминжонов, Б. Собит, Д. Сайфуллаев каби ижодкорларнинг шеърлари ўзбек ва рус тилларида берилди. 

Абдураҳим ака жорий йилда ҳам улкан мақсадларни амалга оширишга бел боғлаган. Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг собиқ ўринбосари Ғалим Жайлибай, М. Ауезов номидаги адабиёт ва санъат институти директори Уалихан Қалижан, мазкур даргоҳнинг илмий ходимаси Айнур Машаковалар билан учрашиб, “Қозоғистонлик ўзбек ижодкорлари антологияси”ни чоп этиш масалаларини муҳокама қилди.

Ундан ижодий режалари ҳақида сўраганимда Носир Фозиловнинг айтган гапини эслади. “Абдураҳим, ижод билан шуғуллан. Чунки, вақт – тез оқар сув”, деган экан. “Ташкилий ишлар билан бўлиб, баъзан ижоддан узоқлашаман ва бундан ўкинаман ҳам. Лекин, барибир, юрагимдан қувонаман. Ижодкорлар сафи кенгайиб, республика миқёсида танилишяпти. Қозоғистон адабий муҳитида муносиб ўрин эгаллаяпмиз..”, – дейди у мамнун бўлиб. 

Жамоат ишлари билан банд бўлишига қарамай, ижодда ҳам салмоқли ютуқларга эришди. Жумладан, Буюк Ғалабанинг 70 йиллиги арафасида вилоят ўзбек драма театрида унинг “Жасорат ва садоқат” асари саҳналаштирилди. Айни кунларда эса яна бир шеърий тўпламини нашр қилиш тараддудида. Жорий йили Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси депутати Фахриддин Қоратоев ташаббуси билан Қозоғистон халқи Ассамблеяси қўлловида ўзбек тилида “Болалар адабиёти антологияси”ни чоп этиш режаланмоқда. Ҳозир тайёргарлик ишлари кўриляпти. Унга ўзбекистонлик ижодкорлар билан бир қаторда жанубийқозоғистонлик шоир ва ёзувчиларнинг болаларга аталган асарлари ҳам киритилади. 

Жорий йил “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” деб эълон қилинди. Унинг доирасида ўзбекистонлик адиблар билан учрашув, мушоира ва бошқа тадбирларни ўтказиш режаланган. Келгусидаги муҳим вазифа – ўзбек ижодкорлари ҳисобидан Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларини кўпайтириш ва уюшма қошида ўзбек бўлимини очиш... 

Бу улуғвор ва залворли ишларни амалга оширишда, ҳар доимгидек, у турли даражадаги ўзбек этномаданият бирлашмаларининг олиҳиммат раҳбарлари, саховатли тадбиркорлар, вилоятдаги ижодий уюшмаларнинг аъзолари, сафдошлари ва оиласига суянади. Шунинг учун ҳам ушбу қутлуғ кунда Абдураҳим аканинг кўнглини фахр, ғурур ва ифтихор ҳисси чулғаб олади.

Муборак 63 ёшингиз қутлуғ бўлсин, Абдураҳим ака! Сизга мустаҳкам соғлик ва омонлик, оилангизга бахт ва барака, ижодий ютуқлар тилаймиз!

Зокиржон МЎМИНЖОНОВ, 2018-03-29, 10:09
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.