26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
АСКИЯ – НОЁБ ЖАНР

ЮНЕСКО томонидан муносиб баҳоланган ўзбек аския санъати инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

Аския жаҳондаги биронта халқ оғзаки ижодида учрамайдиган, сўздан сўз ҳосил қилиш, сўз жилосидан тўлиқ фойдаланиш, сўз ўйинига асосланган жанрдир. Бошқа халқларда унинг учрамаслигини эса, асосан, ўзбек тилидаги сўз бойлиги билан изоҳлаш мақсадга мувофиқдир. Хусусан, мақол, топишмоқ, эртак, қўшиқ, достон жанрлари жаҳон халқлари ижодида айнан ёки бир оз ўзгарган ҳолда учрайди, аммо олимлар шу кунгача аскиянинг бошқа халқларда мавжудлигини аниқламаганлар. Тўғри, баъзи пайтларда латифаларда аскияга ўхшаш вазиятлар учраши мумкин. Аммо муайян хусусиятларга эга алоҳида жанр сифатида кузатилмаган.

“Аския” сўзининг асоси араб тилидаги “закий”дан олинган бўлиб, соф фикрли, ўткир зеҳнли, закий – нозик табиат билан фикр юритиш маъноларини англатади. “Азкиё” эса кўплик шаклидир. 

Бу жанрнинг илк тадқиқотчиси Расул Муҳаммадиев шундай ёзади: “Ҳозиржавоблик – аскиянинг энг муҳим шарти, чунки, бирор тараф ўз вақтида чуқур маъноли, кучли жавоб қайтара олмаса, кулги пасаяди, демак, рақибнинг фикрида кучсизлик сезилиб қолади”.

Аския санъатини илмий жиҳатдан ўрганган олим Расул Муҳаммадиев ўзбекларнинг аскияси қадим замонлардан бошланганини қайд этган. Хусусан, XV асрда яшаган шоир Зайниддин Восифий ўз хотираларида Ҳирот шаҳрида Мирсарбараҳна, Бурҳоний Гунг, Ҳасан Воиз, Саид Ғиёсиддин, Шарфий, Ҳалил Саҳҳоб, Муҳаммад Бадахший каби ўткир сўз усталари борлигини айтиб ўтган. Ҳунармандчилик ривожланган сари аския ҳам кенг оммалашади. Айниқса, бўз, атлас тўқийдиган косиблар қўл ва оёқлари муттасил ҳаракатда бўлгани боис ё қўшиқ, ё ашула айтишган, ё аския билан кўнгилларини овутишган.

Аския санъатининг асосини бадиий адабиётдаги ийҳом деб аталувчи бадиий тасвир воситаси ташкил қилади. Айҳом араб тилида “шубҳага солиш” деган маънони билдиради. Бунда шаклан бир хил сўзларнинг турли маънода қўлланилиши орқали фикр ифодалаш санъати назарда тутилади. 

Аския ҳақида фикр юритишдан аввал унинг моҳияти ҳақида қисқача мулоҳаза билдириш жоиз. Аския айтиш қанчалар мураккаб бўлса, уни тушуниш ҳам осон эмас. Чунки аскиячи айтган пайровларда нозик сўз ўйини қўлланилади. Уни тушуниш эса уни ўйлаб топишдан ҳам қийин.

Аския таркибида кичик турлар мавжуд. Уларнинг энг оммалашгани пайров, қолганлари гулмисиз, райҳонмисиз, жамбилмисиз; ўхшатдим, қофия, тутал, бўласизми, раббия, афсона, сафсата каби номлар билан аталади.

Пайровда аскиябозлар тингловчилар аудиториясининг касби, ҳудуди, маҳаллий шароит хусусиятларига кўра ўзаро келишиб, мавзу танлашади. Аммо бир мавзу танландими, бошланишидан охиригача изчиллик билан давом этиши шарт. 

Аскиянинг барча турларида аскиячилар бир-бирларининг иззат-нафсини камситмаган ҳолда тингловчиларни кулдириш билан ўз маҳоратларини намойиш қиладилар. 

Шундай қилиб, аскияни ўзбек халқ ижодининг сўз ўйини асосида шаклланган ва оммалашган ўзига хос жанри сифатида баҳолаш мумкин. Аския жозибаси асрлар давомида ота-боболаримиз томонидан муносиб баҳоланиб келинган. 

“Кўҳна Сайрам қаҳқаҳаси”

“Дўстлик” ҳамжамияти ўтказиб келаётган “Аския” фестивали халқаро мақомга эгалигидан хабарингиз бор. Ҳар йили 1 апрель – Кулги куни уюштириладиган фестивалда Ўзбекистон, Қирғизистон ва вилоятимиз сўз усталари қатнашиб, унинг довруғини янада орттирмоқда. Ўзбекистонлик қизиқчи Болтабой Тошматов, сўз устаси Маҳаммаджон Шокиров (Маҳаммаджон гармон)лар иштироки фестивалга янада файз киритиб келмоқда. Кейинги йилларда “Кўҳна Сайрам қаҳқаҳаси” фестивали ташкилотчилари ва ҳомийлар фақат ўзбек миллати орасида шаклланган аския санъатини юртимизда ҳам ривожлантиришга ҳаракат қилишмоқда. 

Турсунхўжа ХОНХЎЖАЕВ, фахрий устоз:

– Телевидениеда турли заковат ўйинлари намойиш этилмоқда. Уларда зукколар, билимдонлар қатнашади. Улар умумий мавзуларга оид ўтмоқда. Аскиянинг ундан фарқи шундаки, аскияда қатнашувчи ҳам, тингловчи ҳам сўзни танлаб айта оладиган, фикрлаш қобилияти юқори, топқир бўлиши керак. Аскиячилар мана шундай сифатлари билан бошқалардан ажралиб туради. 

Сайрамда аския азалдан бўлган. Бунга қишлоқ аҳлининг ўтроқ яшаганлиги ҳам сабабчидир. Ҳамқишлоқларнинг бир-бирини яхши таниганлиги аския ривожланишига ҳам туртки бўлган. Қишлоқ одамларининг муносабати самимийликка йўғрилгани учун аския санъати ривожланаверган. Пайровларда самимийлик, рақибга нисбатан ҳурмат бўлмаса, унинг жанжалга айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун одамга қаттиқ ботган жойлари бўлса, кулги билан енгиб ўтишган. 

Менинг билганим, урушдан кейин 1947 йили “Белиқопқа”да (Октябрь колхози, раиси Тўйчи ака) биринчи бор катта аския ўтказилган. Урушдан сўнг, колхоз қаддини тиклаб, Тошкентдан ҳофиз, аскиячилар чақирилиб, халққа катта тўй берилган. Очиқ майдонга саҳна ишланиб, овози 4-5 чақиримга етиб борадиган ҳофизлар сайрамликларга хизмат кўрсатган. Улуғ Ватан урушидан сўнг одамларнинг қорни нонга тўя бошлагач, 50-йиллардан кейин тўйларда, чойхоналарда аскиялар айтила бошлади. Урушнинг оғир йиллари одамлар аския у ёқда турсин, қитиқласанг ҳам кулмас эди. 

Октябрь колхозида яшовчи Султонмурод Маҳмудов (жўрабоши), Тошали, Девонақул, Орзиқул, Орзимат, Ибрагим, Қодир, Мирёқуб акалар зиёфати аскиясиз ўтмасди. 

Ҳар гузарда чойхона бор эди. У ерда ва тўйларда ҳам аскиялар узилмасди. 1960 йилларда Қорамурт қопқадаги Маъруфхон ака деган аскиячининг улфатлари Султон, Султонали, Абдуқодир акалар унга жўровоз бўлишди. Уларнинг аскиялари қўшни қишлоқларда ҳам машҳур бўлиб кетди. Ҳар шанба ва якшанба кунлари “Пушкин” чойхонасида аския бўларди. Унда Қорамурт, Қорабулоқ, Чимкентдан келган аскиячилар ҳам қатнашиб турарди. Ҳатто, Тошкентдан фан докторлари, олимлар ҳам иштирок этишарди. Чойхонада чойнак қўйишга жой қолмасди. Одамлар патнисларини тиззаларига қўйиб ўтиришарди. Бундай кулги анжуманларини Ҳамроқул Давронбеков видеога тушириб юрди. 70-йилдан 90-йилларгача ана шу чойхонада шанба ва якшанба кунлари, албатта, аския бўларди. Қорабулоқлик Шофайзи ака дутор чалиб, ашула айтарди, Эргаш аканинг овози ширали эди. Қорамуртлик Эрмат ва Абдуқодир аскиячилар ҳам машҳур эди. Ўша кунлари одамлар чойхонага оқиб келишарди. Ана шундай файзли давраларга гувоҳ бўлганмиз.

Ундан кейин Сайрамдан янги аскиячилар чиқа бошлади. Мирвали, Низом, Мирзаҳмат деган йигитлар аскияни маромида айтиб юришди. Улфатларим – Қосимали, Турсимат ҳам унда фаол қатнашарди. Кейинчалик Султон аскиячи чиқди. 

Сўнгги йиллари маданият маркази аския фестивалларини уюштира бошлашди. Мен қозоғистонлик аскиячиларга бош бўлдим. Ўзбекистондан, Қирғизистондан машҳур аскиячилар таклиф этилди. Кейин қўшилган аскиячилар аввалги устозларининг даражасига етолмади. Ҳозир аскиячи қолмади, десак ҳам бўлади. 

Бировлар яхши аскиячилар ҳақида гапириб қолишади. Улар билан учрашиб, гаплашсам, савияси паст, билими етарли эмаслигига гувоҳ бўламан. Ҳозир чойхоналар ҳам деярли йўқ бўлиб кетди. Ҳамма хона-хонага кириб кетади. Йигитлар у ерга тирик кириб, “ўлик” чиқишади. Аския шу зайлда йўқ бўлиб кетиш арафасида. Илгарилари чойхоналарда рубоб, доира, дуторлар осилиб турар, истаган одам келиб уларни чалиши, қўшиқ айтиши мумкин эди. Аския ахир умумий даврада қизийди-да.        

Хуршид ҚЎЧҚОРОВ тайёрлади, 2018-03-30, 18:00 231
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.