26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Соҳибқироннинг бирлаштирувчи ва бунёдкорлик мероси

Туркистондаги Ҳазрат Аҳмад Яссавий мақбарасини соҳибқирон Амир Темур қурдирган. Унинг ичидаги дошқозонни ҳам қарноқлик усталарга қуйдириб, туҳфа этган. 1991 йили июнь ойида мақбара пойида Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари раҳбарлари Нурсултан Назарбаев ва Ислом Каримов қозоқ ҳамда ўзбек халқларининг мангу дўстлиги ҳақидаги декларацияни имзоладилар. Мустақиллик йилларида ушбу мақбарани турли давлат раҳбарлари зиёрат қилишган. 2017 йили Туркистоннинг туркий оламнинг маданий пойтахти мақомига эга бўлишида, ушбу халқаро тадбирнинг юксак савияда ўтишида ҳам Амир Темурнинг бунёдкорлик, меъморчилик санъати маҳсули – Яссавий мақбараси асосий омил бўлди. 

Апрель ойида ўтадиган Соҳибқироннинг таваллуд куни муносабати билан ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти ҳамда Амир Темур хайрия жамғармаси Қозоғистон бўлими раиси Икромжон Ҳошимжоновнинг иш режасига мувофиқ, Туркистондаги тарихий этномаданият музейининг мажлислар залида халқаро илмий-амалий конференция ўтди. 

Меҳмонларни, хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али раҳбарлигидаги шоир-ёзувчилар, Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев раҳбарлигидаги тарихчи, сиёсатшунос ҳамда зиёлиларни Туркистон шаҳри ҳокими ўринбосари Ғани Рисбеков муборакбод этиб конференция ишига омад тилади. Анжуманда Туркистондаги жамоат бирлашмалари, қишлоқлардаги этномаданият бирлашмалар раҳбарлари, мактаб директорлари, зиёлилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

Ёзувчи Муҳаммад Али мезбонларнинг самимий илтифоти учун миннатдорчилик билдириб, улуғ шоир Абай буюк Навоийни устозим, деб эъзозлагани, Миртемир ва Одил Ёқубовларнинг қозоқ адабиёти билан тиғиз ҳамкорлиги каби муқаддас анъаналарни тилга олиб, Соҳибқиронга бағишланган романдан парча ўқиб берди. Шоир Маҳмуд Тойир ўз назмий асарида қардош қозоқ ва ўзбек халқларининг муштарак анъаналари ҳақида маъруза қилди. Халқаро Амир Темур жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев шаҳар ҳокимининг ўринбосарига китоблар туҳфа қилди. Ўзбекистондаги Республика қозоқ маданияти маркази раиси Серикбай Усенов мактаблар, дарсликлар етарли эканлигини таъкидлаб, Тошкентдаги улкан кўчаларга Абай, Мухтар Ауезов номлари берилганини, адибнинг ўғли Мурат Ауезов Тошкентга келганида отасига кўрсатилган иззат-икромдан ҳаяжонланиб, кўзига ёш олиб, ўзбек биродарларига миннатдорчилик билдирганини, Шимкент – Тошкент йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилгани, эндиликда эса Тошкент – Туркистон йўналишида зиёратчиларга мўлжалланган автобуслар қатнови йўлга қўйилишини фахр билан тилга олди. «Жанубий Қозоғистон» вилоят газетаси директор-бош муҳаррири Алишер Сотволдиев Астанадаги Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари анжуманида иштирок этгани, Амир Темурнинг машҳур тузуклари каби Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг халққа анъанавий мактублари таҳририят ташаббуси билан жамланиб, китоб ҳолида чоп этилганини мамнуният билан қайд этиб, уни ёзувчи Муҳаммад Алига тақдим этди. 

Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви аъзоси Қулбек Ергўбек 1932 йили Йўлдош Охунбобоев Ўтрорда қурдирган ўрта мактабда ўқиганлигидан фахрланишини, ўн бешинчи асрга қадар қозоқ ва ўзбек халқлари бўлинмаганини, ўзбек ўз оғам, қозоқ менинг кўз оғам қабилидаги ҳикматли нақллар моҳиятини тушунтириб, 1312 – 1342 йиллардаги Ўзбекхон бошқарган давр, Совет даври ва бугунги кундаги адабиётлар ҳамкорлиги масалаларига кенг тўхталди. 

Ёзувчи, таржимон Меҳмонқул Исломқулов «Кўҳна ва навқирон Қорабулоқ» деб номланган тарихий китобни барча ўзбекистонлик ва қозоғистонлик меҳмонларга тортиқ қилди. 

Олим Неъматжон Алметов Амир Темур фаолиятини ўрганишда турли тарихий жараёнлар турли ҳудудларда турлича талқин қилинаётганини, аслида Амир Темурни бунёдкор, бирлаштирувчи ва ободонлаштирувчи шахс сифатида ўрганиш шу куннинг долзарб вазифаси эканлигини тарихий мисоллар билан баён этди. 

«Шарқ аёли» жамияти раҳбари Саодат Турсунбоева ўз чиқишида маънавият, халқлар дўстлиги мавзусига улуш қўшаётган Фароғат Ҳожиметова ва Муҳаббат Аматоеваларни минбарга чорлаб, кўпчилик номидан миннатдорчилик билдириб, совғаларини топширди. 

Жамғарма раиси Нозим Ҳабибуллаев тадбир ўтаётган муҳташам этномузей директори Гулжанат Дуйсенбаевага китоб ва совғалар тақдим этди. 

Анжуман давомида жуда кўп китоблар, демакки, маънавият хазиналари ўзаро совға қилиниб, яхши анъана давомини топди. 

Ёзувчи М. Али ва Қ. Ергўбек бошчилигидаги делегация Қарноқ қишлоғига – Одил Ёқубов туғилган масканга бориб, адибнинг ҳамқишлоқлари билан учрашув ўтказдилар. 

Халқаро тадбирни юксак савияда ўтказиш, меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш ва зиёрат каби ташкилий ишларни Баҳодир Ирсметов раҳбарлигидаги Туркистон шаҳар ўзбек этномаданият бирлашмаси фаоллари амалга оширдилар. 

Ш. МАДАЛИЕВ, 2018-03-30, 19:00 706
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.