26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Дўст қадри

Қадим замонларда Хўқанд шаҳрида бир золим подшоҳ ўтган экан. Унинг бир донишманд вазири бўлиб, кимки унинг ҳузурига илтимос билан келса, хурсанд бўлиб кетаркан. Вазир хушчақчақ, айниқса, улфатчиликни, аскияни яхши кўраркан. Ўзининг ўткир сўзлари билан уста аскиячилардан қолишмас экан. Вазирнинг обрўйи ошиб, шоҳнинг олдига ҳеч ким арз билан келмай қўйибди. Бундан ғазабланган шоҳ яқин маслаҳатчиларини чақириб: “Сенлар шундай тадбир кўрингларки, вазир ҳаддидан ошмасун! Биздан ҳар соҳада бир неча поғона пастроқ юрсун!” – дебди. 

– Бунинг йўли осон! – деди маслаҳатчилардан бири. – Унинг ёлғиз арзанда ўғли бор. Олий ҳазратлари буюрсалар, уни гумдон қиламиз. Вазир оғир мусибат ғамидин бошин кўтаролмай қолур.

Шоҳ: “билганларингни қилинглар”, дебди. Маслаҳатчилар бир жосус топиб, унга кўп пул ваъда қилишиб, вазирнинг ўғлини ўлдиришга кўндиришибди. У пайт топиб, ёш болани заҳарлаб, ҳалок қилибди. Кейин ваъда қилинган пулни олгани борганида маслаҳатчилар уни ҳам орқасидан ханжар уриб ўлдирибдилар. Сўнгра, улар шоҳнинг ҳузурига бориб: “Вазирнинг ўғли жаҳаннамга кетди, қотилни ҳам гумдон қилдик. Энди сирни ҳеч ким билмайди”, дейишибди. Шоҳ қувониб, уларнинг ҳар бирига чопон ва олтин инъом қилибди. Кейин ҳаммалари вазирникига бориб, таъзия билдиришибди, жаноза ўқишиб, боланинг жасадини дафн этибдилар.

Вазир уч кун мотам тутгач, тўртинчи куни ҳеч нима бўлмагандай, хизматига чиқибди.

Шоҳ ҳайрон бўлиб, ўйга толибди: “Демак, вазир ўғлини севмаскан, маслаҳатчилар эса бу сирдан бехабар экан-да”. Шундан сўнг у маслаҳатчиларини чақириб, уларни калтафаҳмликда айблаб, койибди. Шунда улардан бири : “Шоҳим! Вазирнинг гўзал хотуни бор. Бундай гўзал аёл дунёда бошқа топилмасдур. Вазирнинг сири шулдур! Ижозат беринг, уни ҳам гумдон қилайлик”, – дебди. Шоҳ рози бўлибди. 

Маслаҳатчилар дарҳол бир жосус аёлни ёллашибди. У вазирнинг хотини ухлаб ётганида қўйнига заҳарли илонни солиб қочибди. Илон аёлнинг нозик баданини чақиб, уни ҳалок қилибди. Маслаҳатчилар жосус аёлни ҳам ўлдиришибди. Сўнгра шоҳга бу хабарни ҳам етказишибди. Шоҳ уларга тағин совғалар улашибди. Тағин ҳаммалари вазирнинг уйига бориб, таъзияларини билдиришибди. Вазир уч кун мотам тутиб, тўртинчи куни яна боягидек хизматга чиқибди ва кулги-ю аскияда қатнашаверибди.

Хуллас, маслаҳатчилар қутқуси билан шоҳ вазирнинг ота-онасини ҳам ўлдириб юборибди. Вазир эса ҳар гал яна аввалгидек ўз одатини такрорлайверибди. Буни кўрган шоҳ тузалмас касалга чалинибди, ғазаби ошиб, маслаҳатчиларини чақирибди ва: “Агарда сенлар вазир сирини аниқламасанглар, ҳаммаларинг жонларингдан умидларингни узинглар”, – дебди. Шунда маслаҳатчилардан бири: “Шоҳим, мен вазирни кузатиб юрибман. Унинг ёнида доимо бир киши юради, у билан бирга суҳбатлашади ва сирлашади. Тўғри, у вазирга мутлақо бегона, буни мен текшириб кўрдим. Лекин сир ана шу одамда эмасмикин? Ижозат этинг, сизга садоқатимизни билдириб, уни ҳам ўз қўлларимиз билан жаҳаннамга юборсак, – деди. Шоҳ: “Охирги марта сенларга ишониб кўрайчи”, деб рухсат берибди. Маслаҳатчилар пайт пойлаб, у кишининг йўлини тўсиб, бўғиб ўлдиришибди.

Вазир унга ҳам уч кун мотамда турибди. Тўртинчи кун шоҳ ва унинг маслаҳатчилари вазирнинг хизматга чиқишини кутишибди, аммо у чиқмабди.

Бундан шоҳ ва маслаҳатчилари хурсанд бўлишибди. 

Аммо шоҳни яна ғам босибди. “Нега вазир ўғли, хотини, отаси, онасига уч кун мотам тутсаю, бир бегона кишига бир ҳафтадан зиёда мотамда юрса”, – деб қўлу оёғи шол бўлиб қолибди.

Охири шоҳ ясовулга буюриб, вазирни чақиртирибди. 

Ясовул бориб, вазирни келтирибди. Шоҳ ундан: “Нега қони қариндошингга уч кун мотам қилдинг, бир бегона кишига эса шунча кун мотам тутиб юрибсан?” – деб сўрабди.

Сочлари оқариб кетган вазир шоҳга қараб: “Эй, шаҳаншоҳим! Менинг ягона фарзандимни ўлдирдинглар, лекин хотиним ҳаёт эди. Аммо сизлар хотинимни ҳам ўлдирдинглар. Дунёда аёл зоти кўп, мен яна уйланишим мумкин эди. Кейин отамни ва азиз онамни ўлдирдинглар. Улар инсоният олдида ўз бурчларини адо этишган – мени дунёга келтиришган. Уларнинг наслларини давом эттирмоқдаман. Лекин эллик ёшга кириб, бир дўст орттирган эдим, уни ҳам ўлдирдинглар. Энди билмайман, яна эллик йил яшайманми-йўқми, якка Аллоҳнинг ўзи билади”, – дебдию вазирлик лавозимидан кечиб, шоҳ олдидан чиқиб кетибди. Умрининг қолганини боғбонлик билан ўтказибди.

Ҳар бир одам дўст қадрига етсин!

Холиқул МИРЗАЕВ тайёрлади. Мақтаарал тумани, 2018-04-02, 19:14 754
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.