26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Мухтар Ауезов ва ўзбек адабиёти

Мухтар Ауезов ХХ аср қозоқ миллий адабиёти тарихи ривожига улкан ҳисса қўшиб, уни жаҳон миқёсига кўтарган катта истеъдод соҳибларидан бири, ўзбек адабиётининг энг катта билимдони бўлиши билан бир қаторда, ўзбек адиблари, иқтидорли олиму уламоларининг самимий дўсти, сирдоши, маслаҳатгўйи, устози эди. Тошкентдаги Ўрта Осиё Давлат университиети М. Ауезовнинг адабиёт ва фанга кириб келишида маҳорат мактаби бўлди, десак, янглишмаймиз. Чунки, ушбу илм-фан даргоҳида шарқшунослик факультети тингловчиси бўлиб юрган йилларидаёқ у беқиёс тафаккурга эга бўлган олим ва тадқиқотчи эканини исботлаб, ижодкор сифатидаги ўзига хослиги, ўй-хаёлларининг кенглиги, истеъдодининг ғоятда серқирралиги ва илоҳий қобилиятини намоён этган эди. 

Бу ҳақда устозим Мекемтас Мирзахметов: «М. Ауезов 1922 йилдан бошлаб Абай асарларининг тўлиқ тўпламини жамлаш, ҳаёти ва ижоди ҳақида маълумот тўплаш, буюк шоирнинг бой ижодий мероси ҳақида илмий мақолалар ёзишга киришган эди. 1928-1930 йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё Давлат университети “Туркшунослик” кафедраси аспирантурасида ўқиб юрган пайтларида, Ўрмончилик техникуми ҳамда Тошкентдаги қозоқ-қирғиз педагогика институти талабаларига “Адабиёт тарихи”, “Қозоқ халқ оғзаки ижоди” фанларидан маърузалар ўқийди. Яъни, улардан ўз дарсларида фойдаланиб, тарғибот қилган», деб хулосалаган эди.

 Шунингдек, ўша йилларда у ўзига куч-қуват берган маънавият булоғи – шарқ адабиёти йирик намояндалари асарларини ҳам ўрганиб, фикр-мулоҳазаларини билдира бошлайди. Масалан, у «Хожа Аҳмад Яссавий билан Навоийнинг, Сўфи Оллоёр Машриф билан Муқимийнинг, Зокиржон Фурқат ва Ҳамзанинг ўзбек адабиёти тарихидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс»лигини айтган эди.

Ауезов Тошкентдалик пайтларида Фирдавсий, Низомий, Алишер Навоий, Бобур, Бедил, Хожа Аҳмад Яссавий асарларини қунт билан ўрганади. Садриддин Айний, Абдулла Қодирийлар билан яқиндан алоқа боғлайди. Шунинг учун ҳам у: “Шонли ўзбек насрининг илк даврида Айний ижод қиларди. Йигирманчи йилларга келиб Абдулла Қодирий етишиб чиқди. Мен 1928 йилдан бошлаб унинг асарларини ўзбек тилида ўқий бошладим”, – дейди.

Шунингдек, шоир уларни маънавий устоз деб билиб, романларига юксак баҳо берди. Жумладан у «Мен Абдулла Қодирийнинг романларини ўзбек тилида бош кўтармай ўқидим, унинг ўз қаҳрамони хулқ-атворини таърифлаш маҳорати ва уларга муҳаббати ва душманга нафратига тан берган эдим», деб ёзган эди.

Қозоқ миллий насрини юқори поғонага кўтарган ва дастлабки йирик роман-эпопеяни яратган, кўплаб ёрқин ва бадиий мукаммал ҳикоя ва пьесалари, рус ва Европа мумтоз адабиётидан қилган таржималари билан қозоқ адабиётини дунёга танитган адиб адабиёт майдонига 1917 йили, йигирма ёшида “Енглик-Кебек” номли драматик асари билан кириб келган. Сўнг наср ва драматургия жанрларида самарали ижод қилиб, жаҳон адабиёти равнақига улкан ҳисса қўшди.

Адибнинг “Абай йўли” номли монументал роман-эпопеяси, “Ўскан ўркан” романи, “Енглик-Кебек”, “Айман-Чўлпон”, “Қоракўз”, “Кечки оқим», “Чегарада” каби драмалари ҳамда “Ким айбдор?”, “Қараш-Қараш воқеалари”, “Излар”, “Ҳинд очерклари”, “Паноҳсизлар куни”, “Кўкёл” сингари очерк, ҳикоя ва қиссалари китобхонлар томонидан қизғин кутиб олинган.

Хусусан, унинг “Абай йўли” роман-эпопеяси шу кунга қадар юз элликка яқин тилга таржима қилиниб, нафақат Ўрта Осиё, балки, жаҳон адабиёти тарихида ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам Мухтар Ауезовни чет эллик адиблар ҳам ҳурмат билан тилга оладилар. Бу ўринда Нозим Ҳикмат, Луи Арагон, Анна Зегерс, Андре Стиль каби дунё адабиёти намояндаларининг Мухтар Ауезов ҳақидаги фикрларини тилга олиб ўтиш жоиз. Масалан, унинг “Абай йўли” роман-эпопеясининг француз тилига таржима қилиниши ва таҳрирларига бошу қош бўлган Луи Арагон адибга “Замонамизнинг энг буюк шоирларидан бири”, – дея таъриф берган бўлса, Андре Стиль “Юманите” газетасида Луи Арагон фикрини қувватлаб: “Мухтар Ауезов романида энг аввал поэзиянинг ҳидини сезасиз”, – дейди.

Француз танқидчиси Бержерон эса “Ауезовнинг овозидек овоз билан, Ауезов куйлаган буюклик билан, ажойиб муҳаббат билан куйлаган бахтли халқнинг, ажабо, не армони бор экан”, дея ёзувчи ижодига юксак баҳо беради.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, Мухтар Ауезовнинг ижоди Ўрта Осиё, шу жумладан, ўзбек адабиёти билан чамбарчас боғлиқдир. 

Машҳур адиб ва йирик жамоат арбоби Николай Тихонов: “У ҳамкасбларини тезда ўзига жалб этадиган дилкаш инсон, айниқса, Ўрта Осиё адабиёти масаласида катта билимдон, буюк олим эди… У бутун ҳаётида илм тўплади, шунинг учун ҳам унинг тадқиқотлари ўзбек, туркман, тожик адабиётининг ҳамма сирларини очиб берар эди”, – деганди ўзининг “Замонамизнинг буюк инсони” номли мақоласида.

Мухтар Ауезов умрининг сўнгги дақиқаларигача Ўрта Осиё адабиётини мукаммал ўрганди. Унинг Ойбек, Ғафур Ғулом, Иззат Султон, Воҳид Зоҳидов, Асқад Мухтор, Мирзо Турсунзода, Мирзо Иброҳимов, Сотим Улуғзода, Аали Тўқомбоев, Тугелбой Сидиқбеков, Темирқул Умбеталиев, Қувончбек Маликов, Чингиз Айтматов каби буюк адиблар билан бўлган самимий дўстлигини тилга олиш жоиз. У қардош ўзбек, қирғиз, туркман, тожик диёрларида бир неча бор бўлиб, мазкур эллар турмуш тарзи билан яқиндан танишади.

Мухтар Ауезов 1897 йилнинг 28 сентябрида, Қозоғистон Республикасининг Шарқий Қозоғистон вилоятидаги Абай туманига қарашли Чингизтоғ этагида жойлашган Бўрили қишлоғида дунёга келади.

У болалигидан қозоқ халқ оғзаки ижоди, қардош халқ эртак ва афсоналарини, қозоқ оқин-жировлари томонидан кенг куйланган шоирларнинг асарларини ўрганади. Айниқса, буюк қозоқ шоири Абай Қўнанбаев асарлари унинг ижодий юксаклишида катта ўрин тутади.

Мухтар Ауезов семинарияда ўқиб юрган чоғларидаёқ шарқ шоирлари асарлари билан бир қаторда рус мумтоз ёзувчилари асарлари таъсирида, дастлабки – “Енглик-Кебек” номли драматик асарини ёзади.

Мазкур асарга, адиб Енглик билан Кебек ўртасидаги самимий севгини асос қилиб олади. Унда икки ёшнинг муҳаббатига қаршилик қилган қора кучларнинг адолатсизлиги аёвсиз фош этилади.

У мазкур асарни, шу йилнинг ўзидаёқ Абайнинг севган ёри Айгерим ўтовида ўзи саҳналаштиради. Бу асар кейинчалик, 1922 йили Оренбург шаҳрида нашр этилади ва 1926 йили Қизилўрда шаҳрида саҳналаштирилади.

Мухтар 1922 йили Ўрта Осиё Давлат университети (ҳозирги – Ўзбекистон Миллий университети) нинг Шарқшунослик факультетига, эркин тингловчи сифатида ўқишга киради.

Аммо, орадан бир йил ўтгач – 1923 йили, ўқишини Ленинград университетининг тарих-филология факультетига кўчириб, у ерда академиклар – В. В. Бартольд, 

А. Н. Самойлович, В. Шчербак, В. Виноградовларнинг маърузаларини тинглайди.

1928 йили шу университетни муваффақиятли тугатгач, Ўрта Осиё Давлат университетига аспирантурага қабул қилинади. Бу ҳақда унинг умр йўлдоши Валентина Николаевна Кузьмина “Илк йиллар” номли эсдалигида: “1928 йили кўкламда Мухтар Ауезов Ленинград университетини тамомлади. Биз августда Тошкентга етиб келдик. Мухтар Ўрта Осиё университетининг аспирантурасига ўқишга кирди. Тошкентда биз Ўрмончилик техникуми ҳудудида, Салор ўзани бўйидаги улкан ёнғоқзор боғда яшадик. Тошкентда Мухтар ўзининг ажойиб “Кўксерек” ҳикоясини ёзди”, – дея эслайди.

М. Ауезовнинг асарлари Тошкентда қозоқ тилида чиқадиган “Шолпан”, “Ақ жол”, “Еңбек”, “Кедей айнаси”, “Сәуле” каби газета ва журналларда чоп этилади. Сўнг “Шолпан” журналининг ҳайъат аъзоси бўлиб ишлайди. Унинг “Тунги овул”, “Сивон қабрида”, “Ким айбдор”, “Кўкёл”, “Қараш-Қараш воқеалари” каби қисса ва ҳикоялари шу газета -журналларда чоп этилади.

М. Ауезов “Кундошлар” драматик асарини 1923 йили Тошкентда чоп эттирган бўлса, 1924 йили профессор Ю. Вагнернинг “Ернинг яратилиши ҳақидаги ҳикоялар” асарини қозоқ тилига таржима қилиб, уни ҳам Тошкентда нашр эттиради.

Маълумки, адибнинг “Қараш-Қараш воқеалари” номли машҳур қиссаси билан “Абай” номли драматик асарининг ёзилиш тарихи ҳам, шунингдек, Абай Қўнанбаевнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги илк ижоди ҳам, ҳатто қирғиз халқ эпоси –“Манас” тўғрисидаги илк изланишлари ҳам унинг Тошкентда яшаган даврларига тўғри келади. Умр йўлдоши В. Кузьмина берган маълумотга қараганда, Мухтар Ауезов 1927 йили Еттисув ўлкасига Бишкек орқали ўтади ва у ерда қирғиз оқин-жировлари ижросида “Манас” асаридан парчалар эшитиб, асарнинг ғоявий-бадиий хусусиятларини ўрганади.

1936 йилда М. Ауезов “Манас”ни оқин Сағимбой Ўразбоевдан эшитиб, ёзиб олади. Кейинчалик, шу асар асосида нафақат қозоқ, балки қардош ўзбек, қирғиз, туркман ва тожик халқлари адабиётини ҳам қунт ва сабот билан ўрганади.

 Натижада у, қирғиз халқининг тахминан 500 минг мисрали эпоси бўлмиш “Манас” билан “Алпомиш” достони ҳақида, “Тоҳир-Зуҳра”, “Қозы Көрпеш-Баян сұлу”, “Қыз Жібек” достонлари тўғрисида ўз муносабатларини билдиради.

Ўрта Осиё халқларининг эртак, афсона ва мақолларини ўзаро таққослаб, Хўжа Насриддин латифалари билан Алдар Кўса, Жийранча чечан ҳақидаги афсона ва ҳикояларни қиёслайди.

М. Ауезов “Қозоқ халқининг эпоси ва фольклори”, “Қозоқ адабиётининг тарихини ёритиш масаласи тўғрисида” каби илмий-назарий ишларида ҳам ўзбек, қирғиз, туркман ва тожик халқларининг оғзаки ижодига алоҳида назар ташлаб, уларни қозоқ халқ оқинларининг ижоди билан ўзаро таққослаган ҳолда фикр юритади, “Ўрта Осиё халқлари адабиёти” номли махсус тадқиқотида эса Рудакий, Низомий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Хожа Аҳмад Яссавий, Бедил, Бобур ва бошқалар меросига мурожаат қилади.

Ауезов Қозоғистонда улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ижодий меросини илмий равишда ўрганиб, уни қозоқ халқи билан таништиришда катта меҳнат қилади.

Адиб ўз тадқиқотларида ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ижод қилган Абай Қўнанбаев ва Оқан сери, Шаади Жонгиров, Майлиқўжа, Мадали мулла, Кенжақўжа каби шоирлар ижодида Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий асарларининг таъсирини ўрганди. У Абай ижоди ҳақида тўхталар экан: “Шуни ҳам кўзда тутиш лозимки, Абайнинг Шарққа муносабати унинг ижодининг турли даврларида турлича эди. Агар у ёшлик йилларида ўз ижодини кўпроқ тақлиддан бошлаган бўлса, ижодий камолотга етган даврларида эса Навоий ва Низомийга мурожаат қилиши энди тақлид характерида бўлмади”,– дейди. 1941 йили Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан мазкур тантанага қозоқ халқи ҳам катта тайёргарлик кўради. Унда Мухтар Ауезов фаол қатнашиб, шоирнинг бир қанча ғазаллари билан лирик шеърларини, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонларидан парчаларни Абдилда Тажибаев, Қалижон Бекхожин, Ўтебай Тўрманжанов каби шоирлар билан она тилига таржима қилди. М. Ауезов Навоийнинг қозоқ тилида чиққан бир жилдлик “Танланган асарлар” тўпламига муқаддима ёзади.

1957 йили 12 июнда Тошкентда Шарқни ўрганиш Бутуниттифоқ биринчи анжуман бўлиб ўтади. 

Унда Мухтар Ауезов билан бирга машҳур тилшунос олим, профессор Сарсен Аманжўлов ҳам иштирок этади. М. Ауезов йиғинда сўзлаган нутқида шарқ шоирларининг, шу жумладан, Фирдавсий, Низомий, Абдураҳмон Жомий, Ҳофиз, Саъдий ва Алишер Навоийнинг асарларини ўзаро таққослаган ҳолда ўрганиш муҳимлигини таъкидлайди.

Буюк ижодкор 1958 йил Тошкентда ўтган Осиё ва Африка ёзувчиларининг конференциясида ҳам фаол иштирок этади.

М. Ауезов мазкур анжуманнинг халқаро аҳамиятига алоҳида тўхталар экан, Ўрта Осиё ижодкорларининг асарларини ўзаро таққослаган ҳолда фикр юритади. Хусусан, Ойбек ижоди ҳақида бундай дейди: “Ҳозир унинг (Ойбекнинг – Қ.С.) Навоий ҳақидаги (собиқ) Иттифоқ бўйлаб кенг тарқалган романи, хориждаги кўплаб дўстларимиз орасида ҳам шуҳрат қозониб, севиб ўқиладиган китоб бўлиб қолди. Мен Чехословакияда бир тадбирда қатнашган эдим. У ерда жуда кўп китобхонлар ўзбек халқининг ўтмиши билан танишиш мақсадида “Навоий” романини такрор-такрор ўқиб, муҳокама қилишар экан”.

1959 йили М. Ауезов Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган қирғиз ёзувчиларининг 3-съездида, шу йили Москвада бўлиб ўтган ўзбек адабиёти ва санъати ҳафталигида фаол қатнашади.

Шунда ўзбек ёзувчиларининг асарлари тўғрисида баъзи бир москвалик танқидчилар “тирноқ остидан кир қидириб”, Шароф Рашидов, Ҳамид Ғулом, Пиримқул Қодиров асарлари юзасидан айрим танқидий фикрларни билдиришади. Ауезов бу фикрларни кескин рад этади. “Мен Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли”сини ва Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз”ини ўқиб чиқдим. Ҳар иккала роман воқеликни бадиий идрок этиш нуқтаи назаридан тушунишга интилиши билан адабиётимиз вазифаларининг асосий йўлидан боради ва ўзбек адабиётининг энг яхши ютуқларидан ҳисобланади”, – деган фикрни ўртага ташлайди.

Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” романига тўхталиб: “Бу асар замонамиз билан бирга одим ташлайди, шунинг учун етти йилликнинг қайси бир йилида бўлса ҳам, Олимжон иштирокидаги учинчи китоб пайдо бўлишига шубҳам йўқ. Бу асарнинг энг муҳим жиҳати шундаки, ундаги қаҳрамонлар катта ҳаётдан нафас оладиган ва замон байроғини кўтарган кишилардир”, – дейди.

М. Ауезов “Баъзи миллат ёзувчиларининг романлари ҳақида” деган тадқиқотида машҳур сўз заргари Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, қирғиз ёзувчиси Тугелбай Сидиқбековнинг “Замонамиз кишилари”, қозоқ адиби Ғабидин Мустафиннинг “Миллионер”, ажойиб татар ёзувчиси Умер Башировнинг “Номус” ва рус ижодкори Семён Бабаевскийнинг “Олтин юлдузли йигит” каби йирик асарларини бир-бири билан таққослаб, уларнинг бадиий қимматини очиб беради.

М. Ауезов Ойбек билан жуда ҳам яқин дўст, самимий сирдош эди. Шунинг учун ҳам Ойбек Ауезов таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан, 1957 йили ёзган “Адабиёт тўйи” номли мақоласида: “Мен Мухтор оғани йигитлик вақтимдаёқ танидим. Дўст бўлдим. У моҳир драматург, ажойиб ёзувчи. Асл академик, ҳақиқий олимдир”, дея илиқ гапларни айтган эди.

Дарҳақиқат, иккала буюк сиймонинг дўстлиги умрларининг сўнгги дақиқаларигача давом этди. Бу эса, ҳар иккала халқнинг истиқболига, адабий-маданий алоқаларининг ривожига муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Масалан, 1946 йилнинг ёзида қозоқ шоири Жамбил Жабаев таваллудининг 100 йиллиги катта тантана билан нишонланди. Мазкур адабиёт байрамига дунёнинг турли мамлакатларидан кўплаб ёзувчи ва олимлар, хусусан ўзбек адиблари ҳам ташриф буюрдилар.

“…Бизни тоғ устидаги ажойиб боққа олиб боришди ва ҳар кимга алоҳида жой қилишди. Дўстлар, танишлар жам эди бу тўйда. Сергей Бородин, Берди оға, Сильва Капутикян, қўйингки, кўпчилик эдик. Гурунг гурунгга уланарди. Ўшанда ҳамма Ғафур ака ва Сергей Петрович айтган латифаларга лол бўлиб ўтиришганда, Ойбек билан Мухтор оға хиёбонда сўзлашиб юрарди. Бир куни тонг отгунча қизғин суҳбат бўлди. Грузин ҳам, озарбайжон ҳам, татар ҳам, рус ҳам топганини ўртага ташларди, бир сўз билан айтдиган бўлсам, бу сархуш кулги кечаси эди. Лекин ҳаммадан кўп гапирган Ғафур ака бўлди. Ул зот шундай латифалар айтдики, бутун давра қотиб-қотиб кулар, бундан илҳом олиб, Ғафур ака латифаларни пайдар-пай тўқиб ташларди… Тонг отгандагина чойга ўтирдик. Ҳайрон қолгулик ҳол. Бир вақт ўша улкан зиёфатхонага ёндош уйдан Ойбек ва Мухтор оға чиқиб келди. Гўё сой билан қуёш баравар уфқдан кўтарилгандек!”,– деб ёзади машҳур шоир Миртемир ўзининг “Мухтор оға зиёратида” деган хотирасида.

Маълумки, 1957 йили Алматида ўтказилган Мухтар Ауезовнинг 60 йиллик юбилейи тантанасида Нозим Ҳикмат, Михаил Шолохов, Берди Кербобоев, Мирзо Турсунзода, Аали Тўқомбоев, Тугелбой Сидиқбеков, Ғафур Ғулом, Ойбек, Миртемир, Мирмуҳсин каби ёзувчилар иштирок этган эди.

Мазкур маросимда Ойбек, жонажон дўсти М. Ауезовга бўлган самимий муносабатини ўзининг “Табрик” номли шеърида баён этади ва “Адабиёт байрами” номли эссесини “Қозоқ адабиёти” газетасида чоп эттиради.

М. Ауезовнинг шогирди Чингиз Айтматов ҳам: “Мухтор оғани қирғизлар зўр қувонч билан ўз фарзандимиз деб билади. Унинг асарларини биз икки тилда бирдай севиб ўқиймиз”, деб қайд қилади.

М. Ауезов умрининг сўнгги йилларида Жанубий Қозоғистон ўлкасида, шу жумладан Чимкент, Жамбил вилоятларининг турли туман, овул ва кишлоқларида бўлиб, одамлар ҳаёти билан яқиндан танишади, дардлашади.

Мана шу изланишларининг самараси ўлароқ М. Ауезов ўзининг “Ўскен ўркен” романини ёзади. Аммо роман тугалланмай қолади.

Адиб 1961 йилнинг 27 июлида вафот этган.

Қалдибек СЕЙДАНОВ, профессор., 2018-04-03, 10:41 2217
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.