26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Бозори бир қардошлармиз

ХХ асрда инсоният тамаддунига сабаб бўлган омиллардан бири – жаҳон миқёсида меҳнат тақсимоти ва жаҳон бозорининг вужудга келиши. 2016 йилда бу савдо ҳажми 17 триллион долларга етди. Зеро, бирорта давлатда, у қанчалик ривожланган ва майдони кенг бўлишидан қатъи назар, барча турдаги маҳсулотни мукаммал шаклда ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. 

Халқаро савдо алоқаларининг улуши Қозоғистонда ҳам катта. Гарчи мамлакатимиз денгиз портларига эга бўлмасада (маҳсулотларни етказиб беришда денгиз йўли энг арзон ҳисобланади), Евроосиёнинг марказида жойлашганимиз туфайли ҳаво, темир ва автомобиль йўлларининг кўп қисми ҳудудимиздан ўтгани боис транзит мавқеимиздан самарали фойдаланмоқдамиз. Чунончи, 2016 йилда Ўзбекистон билан ўзаро маҳсулот алмашиш 30 фоизга ортди.

Халқаро алоқаларнинг кенг тарқалган тури – чегараолди савдосига эса Элбошининг шахсан ўзи эътибор қаратмоқда. “Ён қўшни – жон қўшни” –Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри бу борада ишончли ҳамкоримиз бўлишига шубҳа йўқ.

Ўтган ҳафта охирида Шимкентдаги “Кўргазмалар маркази”да ушбу шаҳардан ташриф буюрган тадбиркорлар ўз маҳсулотларини намойиш қилдилар. 230 дан ортиқ корхона ва ташкилотларнинг вакиллари энг сифатли товарларини вилоятимиз аҳлига тақдим этдилар. Улар қаторида машинасозлик, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат вакиллари бор эди.

All solar хусусий корхонаси такрор тикланадиган энергетика воситалари ишлаб чиқариш билан салкам беш йилдан буён шуғулланмоқда. Ўзбекистонда ушбу корхонанинг 200 дан ортиқ энергетика марказлари ишга туширилган. Қуёш батареяларидан ташқари, корхона аккумуляторлар, инверторлар, қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш ускуналарини бозорга чиқаради. Экологик тоза ва нисбатан арзон маҳсулот шаҳар-қишлоқлардан олисдаги чўпон уйлари, ҳарбий қисмлар, экспедицияларга қўл келиши аниқ. Қуёшдан қувват олувчи фонуслар ва телефон қувватлари эса овчи-балиқчиларнинг севимли буюмига айланиши мумкин. Қуёш ёрдамида сув иситишга мўлжалланган ускуна -40 даражагача совуққа чидайди ва офтоб чиқса бас – ҳатто қиш кунлари ҳам +50 даражадаги сувни ошхонангизга, душхонангизга етказиб беради. Шуни ҳам айтиш керакки, компания Астана шаҳрида ўтадиган ЭКСПО-2017 кўргазмасида ҳам қатнашиш ниятида. 

Koshona biznes корхонаси ва Jetforce маиший техника ишлаб чиқариш билан шуғулланаркан. Улардан биринчиси бозорга микротўлқинли печларни чиқармоқда, иккинчисининг эса чангютгичлари харидоргир. Jetforce ширкати вакили шу кунларда Қозоғистонга экспортни ташкил этиш ниятида бўлган корхона келажакда ишлаб чиқаришнинг бир қисмини ҳам олиб келиш нияти борлигини айтди. Зеро, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига маҳсулот чиқарувчи дарвоза вазифасини бажариши мумкин. Ишлаб чиқаришнинг бизга кўчирилиши эса қўшимча иш ўринлари очилади, деган сўздир. 

Текстиль ва қурилиш соҳасини синтез этишга интилган Kvadrat масъулияти чекланган жамияти илмий изланишлар йўлидан борди. Натижада, Ўзбекистон ифтихори – пахта толаси ва ипакдан сувоқ учун қўлланиладиган махсус қоришма кашф қилинди. Бир вақтнинг ўзида кўркамлик бериб, иссиқлик, шовқиннинг йўлини тўсадиган манзарали текстиль сувоқнинг ҳозирча 40 дан ортиқ тури бор. Унинг рангини мижоз танлайди, деворни ишлаган устанинг маҳоратига қараб 1 квадрат метр сувоққа 1 доллардан бошланадиган маҳсулот ишлатилади. Сувоқни чангютгич билан ҳам, ҳўл латта билан ҳам тозалаш мумкин. Махсус бўёқлар қўлланилмагани боис вақт ўтсада унинг ранги ўчмайди.

Vitech компанияси газлаштириш жараёни кетаётган Жанубий Қозоғистон учун зарур яна бир маҳсулотни таклиф этмоқда. Деворга ўрнатиладиган газ қозонлари сув ҳайдагичлар ёрдамида иссиқ сувни ҳайдаб, майдони 250 квадрат метргача бўлган уйларни исита олади. Ўрнатилган махсус автомат эса газ келишини созлаб туради. 

Red diamond (қизил жавоҳир) компанияси маҳаллий бозорни ўрганиб, айнан Шимкент қиз-жувонларига маъқул келадиган дизайндаги соч қистиргичларини ишлаб чиқаришга тайёр. Маҳсулот нархи эса, сифати пасаймаган ҳолда, ҳатто Хитой маҳсулотларидан ҳам паст.

Ermak корхонаси чиройли қадоқланган қурт, писта ва бошқа маҳсулотларни харидорлар ҳукмига ҳавола этди. Корхонанинг савдо менежери Дилшод Рашидовнинг айтишича, янги савдо русуми яқин келажакда Шимкент пештахталаридан ўрин олади.

Asia Kango савдо корхонаси эса пештахталаримизни тўлдириб юборган турли-туман сақичлар орасидан ўз ўрнини топмоқчи. Қулупнай, олма, гилос, қовун ва бошқа таъмларни берувчи Kango уларни таътиб кўрган кўргазма қатнашчиларида яхши таассурот қолдирди. You&Me сақичининг ичида эса махсус ярим ҳазил суратлар бор. Orient, mentolis, fruitbol каби сақичлар ҳам эътиборни жалб этди.

Кўргазмада булардан ташқари жуда кўп бошқа товарлар ҳам тақдим этилди. Фақат Испанияда ўсадиган бук дарахтидан ясалган ўриндиқлар, ҳам пишиқ, ҳам миллий ўзига хосликни акс эттирувчи либослар, пардоз ва шифобахш маҳсулотлар, Dekoar ширкатининг ёрқин бўёқлари... буларнинг ҳаммаси катта қизиқиш уйғотди.

Айни вақтда ташкилотчилар қозоқ ва ўзбек маданиятини акс эттирувчи бадиий чиқишларни ҳам унутмадилар. Карнай-сурнай наволари, «Шамсинур», «Шодлик», «Қазина» рақс гуруҳлари, Руслан Ақинбеков, Назерке Айлез, «Тумар» халқ дастасининг чиқишлари меҳмонларда яхши таассурот қолдирди. Шимкентдаги Ойбек номли 14-сонли мактаб ўқувчиларидан ташкил топган «Юлдузча» гуруҳининг хоразмча рақси эса йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди.

 

 

Абдумалик САРМОНОВ., 2017-05-18, 11:56 698
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.