26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қардош қардошига қучоқ очмоқда

Бугун ён-атрофимиздаги қўшни халқлар, давлатлар билан қон-қар­дошлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритар эканмиз, бир ҳақиқатни барчамиз якдиллик билан эътироф этамиз: ўзаро муносабатларимиз тарихида, ҳеч шубҳасиз, янги, ёрқин саҳифа очилмоқда. 

Қалбимизга беҳад ғурур ва ифтихор бағишлайдиган жиҳати шун­даки, Марказий Осиё давлатлари ўртасида мана шундай ўзаро ишонч ва самимиятга асосланган дўстона ҳамкорлик алоқаларининг ривожида ЮртбошиЛАР – Қозоғистон республикаси президенти нур­султан назарбаев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевлар асосий ташаббускорлар сифатида ҳал қилувчи ўрин тутмоқдалар.

Яна бир муҳим томони – ўза­­­­­­­­­­­­­­­ро дўстлик алоқаларининг ян­ги босқичга кўтарилишидан минг-минглаб оддий инсонлар ман­­­­­фаат кўрмоқда. Йиллар даво­мида ёпилиб қолган йўллар, дар­возалар, автобус, темир йўл ва ҳаво транспорти бўйича янги-янги йўналишлар очилмоқда. Тақдир тақозоси билан икки дав­лат ҳудудида яшаб қолган оға-иниси, ини-оғаси, келинлар – ота уйи билан эркин дийдор кўришиш имконига эга бўлмоқда. Бу дунёда битта одамнинг узо­ғини яқин, мушкулини осон қи­лишнинг ўзи қанчалик буюк савоб ҳисобланади. Бугунги кун­да эса икки давлат мисолида ҳар куни минглаб одамларнинг ҳожати чиқарилмоқда. Барчаси Ўзбекистон ва Қозоғистон дав­латлари раҳбарларининг одамлар манфаатларини юракдан ҳис этиб, ўта тўғри ва адолатли қарор қабул қилганларида. Ҳозирги вақтда Ўз­бекистонда ҳам, Қозоғистонда ҳам турли касб эгалари, кексаю ёш билан суҳбатлашсангиз, би­ринчи навбатда ана шу мавзуда сўз боради.

Бу ҳақиқатни куни кеча қардош Қозоғистон Республикасига қилган сафаримиз давомида яна бир бор чуқур ҳис этдик. 

Маълумки, икки давлат Пре­зидентлари ўртасидаги келишувга мувофиқ, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қи­линди. Шу муносабат билан бе­­поён қозоқ диёрида кўплаб тад­бирлар бўлиб ўтмоқда. Улар­нинг барчаси икки қардош халқни бир-бирига янада яқинлаштириш, ҳозирги мураккаб дунёда дўст­лик, ҳамкорлик ришталарини мус­таҳкамлашга қаратилгани би­лан ғоят аҳамиятлидир.

Ўзбек ва қозоқ жаҳондаги энг яқин, дили-дилига, тили-ти­­­­­­­­­лига, ўтмиши-ўтмишига, ке­ла­­­­­­­­­­­­­­жаги-келажагига пайваст халқ­лар, десак, ҳеч қандай мубо­­­­­­­­­­­­­­ла­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­ға бўлмайди. Қадимий ва муш­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тарак қадриятларимиз асо­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­сида азал-азалдан ота-бо­­­­­бо­­­­­­­­­­ла­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­римиз бир-бирларига ҳам­­­­­­­да­­­­­­му ҳамнафас, елкадош бў­либ, ўзаро қуда-анда, дўсту қар­­­­­­­­дош бўлиб яшаб келганлари ҳа­­­­­­­қида қанча шеърлар, достону ғазаллар битилган. «Қозоғим – қар­дошим», «ўзбегим – ўз оғам», “йўлдошинг қозоқ бўлса, йўлдан адашмайсан” деган иборалар ўз-ўзидан пайдо бўлмаган. Уларнинг барчаси асрлар синовидан ўтган қардошликнинг қалбларимизга мухрланган ифодасидир.

Икки халқнинг атоқли шоирлари – Ғафур Ғулом ва Сабит Муқанов, бошқа кўплаб ижодкорларимиз бу қардошликни доимо улуғлаб келадилар. Қозоқ халқининг улуғ фазилатларини ҳеч ким Ғафур Ғулом каби  теран сатрларда мадҳ этмаган бўлса керак:

Улуғ тўйинг, қувонаман,

Йўлбарсдай гуркирайман.

Қорабайир ёлларини

Пойгаларда тарайман,

 

Мақтанмайман, чин айтганда,

Бир чамалаб қарайман.

Айтишувда Собит билан

Тортишувга ярайман.

 

Ўзбек элнинг донг қозонган,

Манасдай оқиниман,

Жон қозоқнинг оқилларин,

Дўстиман, яқиниман.

Буюк қозоқ оқини, файласуфи ва маърифатпарвари Абай Қўнан­баевнинг ўз элининг маъна­вий даҳоси бўлиб етишишида улуғ мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийнинг таъсири катта бўл­ган. Бу борада Қозо­ғистон Рес­публикаси Фанлар ака­де­мия­сининг академиги, ёзувчи Ға­бит Мусреповнинг қуйи­даги эъти­­­­­­­­­­­­­ро­­­­­­­фини эсга олиш ўринли бў­­­­­­­­­­­­ла­­­­­­­­­­­­ди: «Ўзбек халқининг до­ниш­­­­­­­манд шоири Алишер Наво­ий­­­­­нинг асарларини ўқиб, ундан ўр­­­­­нак олмаган шоир кам. Классик адабиётимизнинг буюк чўққиси – Абай ҳам Навоийни ўзига устоз, деб билган, истеъдо­дига таъзим қилган».

Алишер Навоий билан Абай турли замонларда яшаган бўл­салар ҳам, ўз халқининг бах­тини, камолини ўйлаб, адолатга интилиб, эзгу ва олижаноб мақ­садлар йўлида жон куйдирган. Шунинг учун уларнинг ҳаёт ва ижод йўлларида муштарак жи­ҳатлар кўп.

Чунончи, Алишер Навоий давлат арбоби сифатида юртни обод қилиш, оддий меҳнаткаш халқнинг оғирини енгил қи­­­линг, турмуш даражасини ях­ши­­­­­­­­­­лаш борасида бир қанча адо­­латли фармонлар чиқарган бўлса, Абай Қўнанбаев 1885 йил Семипалатинск ўлкасида истиқомат қилаётган қозоқлар учун 60 моддадан иборат қонун лойиҳасини тузиб, халқ орасида жорий этган.

Академик Мухтар Ауезовнинг қуйидаги фикрлари ҳам Абай­нинг ўзбек халқига ва қалам соҳиб­ларига бўлган меҳру му­ҳаб­­­­­батининг нақадар юксак эка­­нидан далолат беради: «А. Қўнан­баев ўғли Оқилбойга ҳазрат Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достони сюжети асосида «Жар­­­­­­­­­­­­­­­­­­роқ» номли асар ёзишни топ­­­ширган, набираларидан би­ри­нинг исмини Бобур қўйган». Шунингдек, Абай Қўнанбаев ўзи­нинг «Ҳикматлар» китобида ўзбек элимизга хос меҳнаткашлик, ҳу­нар­­­­­­­­мандлик, тадбиркорлик каби фази­латларни улуғлаб, бундай ёзган:

«Ўзбек деҳқони етиштирмаган ўсимликнинг ўзи йўқ, улар яса­маган буюм йўқ. Аҳилликда яша­шади, адоват қўзғамайди. Та­ниқли бойлари, билимдон мул­лалари, ҳунармандлик ва мўл-кўл­­­­­­­­­­­­лик дей­сизми, боадаблик дей­­­­сизми – ҳаммаси уларда бор».

Абай бутун умри мобайнида ўз халқини тинчликка, илм-маъри­фатга, тараққиётга, аҳиллик ва тотувликка чорлаб яшади.

Алишер Навоий –  ўзбек халқи қалбининг ифодачиси бўлса, Абай – қозоқ халқи қалбининг ифо­дачиси. Турли инсоний тушунча ва қадриятлар синовдан ўтаётган бугунги алғов-далғов замонда биз бир-биримизга қалбан яқин бўлиб, ўзаро муаммоларимизни биргаликда ҳал этишимиз, умумий келажагимизни биргаликда қури­шимиз ғоят муҳимдир. Шунинг учун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнанбаев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида» қа­рори нафақат биз, қалам аҳли, адабиёт ихлосмандлари, балки юртимиздаги ҳамда қардош Қо­зоғистон Республикасидаги кенг жамоатчилик вакиллари қал­­­­­­­­­бида чинакам мамнуният, иф­тихор ҳиссини уйғотди. Чунки, қарорда таъкидланганидек, «Эз­гулик ва дўстлик куйчиси Абай Қўнанбаевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ халқи, айни пайтда, бутун туркий халқлар, шу жумладан, ўзбек халқининг ҳам қалбида безавол яшаб келмоқда».

Қарорда Абай Қўнанбаев ижо­дий меросини кенг тарғиб этиш бўйча зарур чора-тадбирлар иш­лаб чиқиш кўзда тутилган. Жум­ладан, оқиннинг «Сайланма» аса­рини, «Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари» номли адабий-таҳ­лилий мақолалар тўпламини ўзбек тилида нашрга тайёрлаш, ҳар йили шоир туғилган 10 август санасида Тошкент шаҳридаги Абай Қўнанбаев ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ҳамда му­шоира ва бошқа муҳим тадбир­лар ўтказиш белгиланди.

Ўрни келганда шуни мамнуният билан таъкидлаш жоизки, шу йил 15 март куни Астана шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистонда Ўзбе­кистон йилининг расмий очи­лиш маросими, Қозоғистон Рес­публикаси Президенти Нурсултан Назарбаевнинг айнан Наврўз байрами куни Самарқандга таш­рифи, Наврўз тантаналарида иштирок этиб, халқимизни қут­луғ айём билан муборакбод этиши икки давлат ўртасидаги қадим қадриятлар, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари ривожида ҳақиқатан ҳам янги давр бошланаётганининг тасдиғидир.

Ана шу янги давр, янги орзу-умидларнинг чорловига мувофиқ, 26-28 март кунлари биз, бир гуруҳ ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўз­бекистон халқ ёзувчиси Му­ҳам­мад Али раҳбарлигида Жа­­­­нубий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрдик. Ташрифдан ку­­тил­­­­ган мақсад – Тошкентдаги хал­­­­­­­­­­қаро Амир Темур хайрия жамғармасининг Қозоғистон Рес­­­­­­­­­­­­­публикасидаги бўлими ва Қо­­­зоғистон ўзбек этномаданият бирлашмалари «Дўстлик» ҳам­жамиятининг ташаббуси билан Туркистон шаҳрида «Биз бир халқмиз: Амир Темур – буюк бунёдкор» мавзуидаги илмий-амалий анжуманда иштирок этиш эди. Унда тарихчи олим ва педагоглар, халқаро Амир Темур хайрия жамғармасининг мамлакатимиз вилоятларидаги бўлимлари раҳбарлари, қўшни Қирғизистон Республикасидан меҳмонлар, жамоат ташкилотлари аъзолари, оммавий ахборот во­ситалари вакиллари иштирок этишди.

Ташрифимизнинг илк куни Шимкент шаҳридаги 53-сонли Ҳамза номли ўрта мактабда шаҳардаги мактабларнинг ўз­бек тили ва адабиёти фани ўқи­­тувчилари, таълим фидо­­йи­­­­­­­­­­­­лари, ўқувчилар билан учра­шув­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­дан сўнг Ўзбекистондан бор­ган 20дан зиёд анжуман ишти­рокчиларини Жанубий Қозоғистон вилояти ҳо­­­­­­­­­­­­­кими Жан­сейит Туй­мебаев қа­бул қилди ва сўнгги бир ярим йилда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртаси­даги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб, яра­тилаётган янги-янги имко­ниятлар туфайли иқтисодий, ижтимоий, маданий соҳалардаги алоқалар, товар ай­рибошлаш тобора ортиб бора­ётганини ифтихор билан гапирди.

Биз ҳоким тилидан Шимкент­да улуғ шоир бобомиз Али­шер Навоий номи билан атала­диган янги истироҳат боғи очилаёт­ганини эшитиб, чексиз мамнун бўлдик.

Табиийки, Жанубий Қозоғис­тонга борган одам барча тур­кий халқлар фарзандлари учун бирдек суюкли Аҳмад Яс­­­­­­­­­­­са­вий Ҳазратларининг мубо­рак қадамжосини зиёрат қи­­­лишга ошиқади. Биз аввал Яс­савий бобомизнинг падари буз­рук­ворлари Иброҳим ота, во­лидаи  муҳтарамалари Қорасоч она зиё­рат­гоҳларига – Сайрамга йўл олдик. Беқиёс шукрона ила бу зиёратларни адо этдик.

Сайрам – Қозоғистонга ўнлаб ўзбек олиму фузалоларини, атоқли шоир ва ёзувчиларини, санъат, маданият намояндаларини берган муқаддас маскан. Кўркам ва маф­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­тункор қишлоқ кўчаларидан ўтиб борар эканмиз, беихтиёр бун­­дан 42-43 йил муқаддам асли шу юртда туғилган таниқли шо­­ир ва таржимон Мирпўлат Мир­зо (охирати обод бўлсин) уйлан­ганида тўйига борганимиз ёдга келди.

Бундан кейинги ташрифимиз Сайрамдаги ўзбек драма теат­­­­­­­­­­­рига бўлди. Президент Н. На­­зар­баев ушбу театрнинг очи­лиш маросимида қатнашиб, сўз­­лаган нутқида «Қозоғистон – ўз­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­бекларнинг ҳам тарихий вата­­­­­ни­­­­­­­дир», деб айтган эди, – дейди иф­­тихор билан театр директори, Қозоғистон ўзбек этномаданият бирлашмаларининг «Дўстлик» ҳам­жамияти раиси Икромжон Ҳо­шимжонов.

Театр жамоаси билан учра­шувимиз Сайрам ижодкорлари, кенг жамоатчилик билан ўтка­зилган маърифий кеча, мушоирага айланиб кетди. Сайрамлик шоир­лар меҳмонларга ўзларининг янги шеърларидан ўқиб беришди. Театр жамоаси Муҳаммад Али қаламига мансуб «Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро» драмасидан парча намойиш этди. Биз театрдан бир олам таассурот ва ифти­хор билан чиқдик.

Кейинги сафаримиз Ўтрор туманидаги Ўтрор қадимий қалъа­сига ва Арслонбоб мақба­­ра­сига бўлди. 

Оқшом чўкканида Туркистон шаҳрига кириб бордик. Қозоғистонлик дўстларимизнинг самимий меҳмондўстлигидан баҳ­раманд бўлиб, ўнлаб давлат раҳбарлари ташриф буюрган ҳашаматли кошонада дастурхон теварагида хуш тилаклар – шеър­га, шеърлар – қўшиққа уланиб, мафтункор анжуман ташкил этилди.

28 март куни тонгда Аҳмад Яс­савий ҳазратларининг мақба­расини зиёрат қилишга отландик. Мақбара чор-атрофидаги ободончилик ишлари, улкан иношоотлар ҳар бир зиёратчи қалбига ўзгача шукуҳ бахш этади. Амир Темур бобомиз бунёд этган бу улкан мақбарадан Соҳибқироннинг салобатли  овози таралиб тургандек гўё.

Бу қадим гўшада дарёдек оқиб келаётган зиёратчилар орасида йўр­гакдаги боласини бағрига босган келинчак­лардан тортиб, тўқсону юз­ни қоралаган боболар, момо­­­лар, бо­шига ўраб олган рўмоллари ўзларига ярашган қизалоқларгача – барчаси Яратгандан бир илинж тила­гандек, шукроналик билан Аҳмад Яссавий ҳазратлари пойига қадам қўяди.

Беихтиёр пичирлаб шеър ўқийман:

Тангрига шукрона сўзим бошида,

Гуноҳим оқади кўзим ёшида,

Ҳақни деганларнинг сиз бардошида,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

 

Орин ўйлаганга – орият йўлдош,

Иймон, диёнат бут,  Яратган қўлдош,

Умрингиз – ҳикматдир, дилингиз – қуёш,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

 

Қўл – ишда, дил ҳар он  Худода бўлса,

Жонлар ҳақ иш учун фидода бўлса,

Азизларнинг руҳи дуода бўлса,

Пойингизга келдим, Яссавий бобо.

Зиёратдан сўнг дилларда ўзгача шукуҳ, енгил қадамлар билан зиёратгоҳнинг шундоқ ёнгинасида, Туркистон шаҳридаги тарихий-этно­маданий музейнинг мажлислар залида сўзимиз аввалида таъкидлаганимиз – «Биз бир халқмиз: Амир Темур – буюк бунёдкор» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда қатнашдик. Тадбирни Қозоғистон ўзбек этномаданият бир­­­­­­­­­­­­­­­­­­­лашмаларининг «Дўстлик» ҳам­жа­­­­­­­­­­мияти ва халқаро Амир Темур хай­рия жамғармасининг Қозоғистон Рес­публикасидаги бўлими раиси Икромжон Ҳошимжонов бошқарди.

Анжуманни қутлов сўзи билан очган Туркистон шаҳар ҳокими ўрин­босари Ғани Рисбековнинг самимий сўзлари қал­бимизга жо бўлгандек бўлди. «Ўзбе­кистонлик қардошларимиз Жанубий Қозоғистонга ташриф буюрганига икки кун бўлди. Сиз юртимизга Ўзбе­кистоннинг илиқ ҳавосини олиб келдингиз. Икки кун ичида ўрикларимиз оппоқ бўлиб гуллаб кетди». 

Конференцияда Ўзбекистон Ёзув­чилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, Ўзбекистон Республикаси халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси Козим Ҳабибуллаев, кўплаб тарихчи ва педагог олимлар, ижодкорлар, этно­­­маданият бирлашмалари раҳбарлари сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Анжумандан сўнг биз ўзбек адабиёти дарғаларидан бири, атоқли ёзувчи Одил Ёқубов туғилиб, камол топган Қарноқ қишлоғига бордик. Фақат ўзбеклар истиқомат қиладиган бу тарихий масканда ўтмишда 40 та мадраса, тўртта масжид бўлган. Амир Темур бобомиз Аҳмад Яссавий мақ­барасидаги Дошқозонни шу қишлоқда қуйдирган.

Устоз Одил Ёқубов таълим олган мактабдаги Қарноқ қишлоғининг оқ­со­­­­қоллари, фаоллари, мактаб ўқи­­тувчилари, тадбир ишти­рок­чилари билан учрашувимиз ҳам ни­ҳоятда қизғин, самимий ўтди. Адибнинг ҳаёти, ижодий фаолиятини ёрқин акс эттирган музей билан танишдик.

Қайтишимизда эса Миртемир домла туғилган Иқон қиш­лоғини зиёрат қилдик, шоирнинг музейи билан танишиб, устоз ҳайкали пойига гуллар қўйдик. Ҳайкал пойида шеърлар ўқилди, самимий тилаклар айтилди.

Шуни мамнуният билан айтиш жоизки, ҳар икки дав­латда ҳам, яъни, Ўзбекистонда – қозоқларга, Қо­зоғистонда – ўз­­­­­бекларга яшаш, меҳнат қилиш, ўқиш, ўз миллий анъа­­­­­наларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш учун бирдек қулай шарт-шароитлар яратилган. Агар Ўзбекистон ми­­солида таҳлил қилсак, юртимиз аҳолисининг 3 фоизи­ни қозоқ миллатига мансуб аҳоли ташкил этади. Энг қу­­­­­­вонарлиси, улар орасида икки нафар Ўзбекистон Қаҳ­рамони бор. Серикбай Сағатов, Адилов Ағитай (Оллоҳ раҳмат қилсин). Шунингдек, қозоқ юртдошларимиз орасида Ўзбекистон Республикаси Турон фанлар академияси академиги Қалдибек Сейданов, 47 нафар фан доктори, 240 нафар фан номзоди, кўплаб унвонлар, орден ва медаллар, давлат мукофотлари билан тақдир­ланганлар борлиги таҳсинга лойиқ. Ўзбекистонда 396 та қозоқ мактаби бўлиб, уларда 50868 нафар ўқувчи таълим олади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида уч нафар қозоқ миллатига мансуб депутат – Айтжанова Нурия, Тумишева Аксавле, Кушербаев Расул фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистонда олий ўқув юртлари – Нукус давлат университетида, Ажи­нияз номидаги педагогика институтида, Гулистон давлат университетида, Навоий давлат педагогика институти ва Низомий номидаги Тошкент дав­лат педагогика университетида «Қозоқ тили ва адабиёти» бўлимлари фаолият юритиб келмоқда.

Қозоғистон Республикасида ўзбек­ларга яратилган шароитлар, имко­ниятлар ҳақида ҳам фахр билан гапириш мумкин.

Қозоғистон аҳолисининг 3,1 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Жанубий Қозоғистон вилоятида ўзбекларнинг 89,57 фоизи, Жамбил вилоятида эса 5,09 фоизи истиқомат қилади. Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам миллатдошларимиз яшайди. Қозоғистон ўзбек этномаданият бир­лаш­маларининг республика бўйича 35 та бўлими фаолият юритмоқда. Мамлакатда 136 мактабда ўзбек тили ўқитилади. Шундан 15та мактабда таълим ўзбек тилида олиб борилади. 121та мактабда эса аралаш тилли синфлар мавжуд. Ўқувчиларнинг умумий сони 100 мингдан зиёд. Бир йилда 5минг ўқувчи ўрта мактабларни тамомлаб, 1,5 минги олий ва бошқа ўқув юртларига кириб ўқишни давом эттиради.

Сайрамдаги ўзбек драма театри жамоаси 2003 йилда ташкил этилган бўлиб, шу давргача дунёнинг ўнлаб мамлакатларида гастрол сафарларида бўлган. Қозоғистонда 9та газета ва журнал ўзбек тилида чоп этилади. Шунингдек, телекўрсатув ва радио эшиттиришлар мавжуд. Ўзбек тилида фаолият кўрсатадиган журналистлар ва ижодкорларнинг эркин фаолияти учун барча шароитлар яратилган.

Мухтасар қилиб айтганда, қардош Қозоғистон Респуб­ликасига қилган ижодий сафаримиз кўнглимизни тоғдек кўтарди. Бу сафар тинчлик, эзгулик, дўстлик тараннумига айланди. Ҳар икки давлат раҳбарлари томонидан чуқур ўйлаб олиб борилаётган сиёсат ҳар икки халқнинг бахту саодатига, асрий анъаналарининг бардавомлигига, мил­­латларимиз иноқлигига хизмат қила­ётганини кўриб, дўстлигимиз, қар­­­­дошлигимиз келгусида янада улкан ме­валар беришига ишонч ҳосил қилдик. 

Илоҳим, бундай дўстлик ва яқинликка асло кўз тегмасин, қардошлигимиз абадий бўлсин, муҳтарам Прези­дент­ларимиз бошлаган эзгу ишларга доимо камарбаста бўлиб, ҳаммамиз шу йўлда бел боғлаб, қатъий фаолият олиб борсак, албатта, ўзаро алоқаларимиз янада мустаҳкам бўлади. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас!

 

ҚУВОНЧЛАРИ ҚЎШ КЕЛДИ

Қозоқ қардошим десам, қулочим қанотланар,

Қадим қадриятлардан юрагим қувватланар,

Навоий, Абай руҳи тиловатдан шодланар,

Туркий деган номи бир, ўзбек билан қозоқнинг,

Каломи, саломи бир, ўзбек билан қозоқнинг.

 

Дўмбирани чертишни қозоқдек қийган борми,

Ўзбек танбур чертганда кўз ёшин тийган борми,

Ўтмишига бир боқинг, улардек куйган борми,

Тарихдан даъвоси бир, ўзбек билан қозоқнинг,

Оҳ чекса жафоси бир, ўзбек билан қозоқнинг.

 

Қозоқнинг дили дарё, Ғарбда Волга дарёси,

Қозоқнинг кўкси тоғдир, Шарқда Олтой дунёси,

Бир ёнида таралар Ўзбекистон зиёси,

Саҳроси, ери туташ, ўзбек билан қозоқнинг,

Қалбида қўри туташ, ўзбек билан қозоқнинг.

 

Омонгелди қозоқнинг эрки учун жон тиккан,

Жалолиддин мангуга ўзбек бўлиб шон тиккан,

Ғафуру Собитлари меҳр отлиқ дон эккан,

Ўлану шеъри бирдир, ўзбек билан қозоқнинг,

Ниятда нури бирдир, ўзбек билан қозоқнинг.

 

Қозоқларнинг қизлари оташқалб куюк бўлган,

Ўзбекларнинг қизлари Кумушдек суюк бўлган,

Чунки ўзбек, қозоқнинг онаси буюк бўлган,

Оталари орлидир, ўзбек билан қозоқнинг,

Сафи доим норлидир, ўзбек билан қозоқнинг.

 

Йўллардан ҳам кўнгилдан тўрлар олиб ташланди,

Қадим қадр тикланиб, кўзлар жиқ-жиқ ёшланди,

Дастурхонда бешбармоқ, паловтўра ошланди,

Қувончлари қўш келди, ўзбек билан қозоқнинг,

Меҳмонлари хуш келди, ўзбек билан қозоқнинг.

***

Ўзбек, туркман, қозоғим,

Тожик, қирғиз қароғим,

Санадим, беш бармоғим,

Кел, муштдек бирлашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Агар бир мушт бўлармиз,

Тошни талқон қилармиз,

Шарқда шодмон юрармиз,

Дил очиб, диллашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Одам Ато авлоди,

Етар ўтганлар доди,

Момо  Ҳавонинг ёди,

Бир пуштдек сирлашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Отам, деб офтобланган,

Онам, деб моҳтобланган,

Болам, деб шитобланган –

Биз нурмиз, нурлашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Аламнинг ранги бир хил,

Қувонч оҳанги бир хил,

Бахтнинг жаранги бир хил,

Биз бахтга бўйлашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Дема бир-бирга ётмиз,

Бешов улуғ миллатмиз,

Муҳаммадга умматмиз,

Ҳақ йўлда бирлашайлик,

Тинчлик деб тиллашайлик!

Маҳмуд ТОИР, Ўзбекистон халқ шоири, 2018-04-07, 15:37
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.