26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қизинг борми? Нон ёпишни ўргат!

Вилоятимизнинг турли минтақаларида истиқомат қилувчи айрим муштарийларимиз ҳамда бир гуруҳ ёшларимизнинг илтимосига кўра, қорамуртлик моҳир ва чевар онахонлар томонидан ёпиладиган “ёғли нон” хусусида қалам тебратишни жоиз кўрдик. 

“Ёғли нон” ҳақида таниқли публицист ва журналист Степан Бабенко шундай ёзади: "Қорамурт қишлоғи Ўрта Осиёдаги кўҳна қишлоқлардан бири. Уни Хитойдан Арабистонга йўл олган сайёҳлар жуда яхши билишган. Буюк Ипак йўлидан савдо-сотиққа чиққан тожирлар (тижоратчи савдогарлар) фақат Қорамуртдагина ёпиладиган, узоқ муддат қотмайдиган катта ва тотли ёғли нонларни йўлга олишган. Қишлоқ аёллари то бугунги кунгача мана шундай мазали нонларни ёпишлари билан жаҳонга машҳурдирлар. Бу санъат авлоддан-авлодга ўтиб келяпти". 

Бундай мазали ва тотли нон ёпиш тажрибасини мукаммал эгаллаб, авлоддан-авлодга ўтказиб келаётган бир оила тўғрисида ҳикоя қилмоқчиман. XIX асрнинг охирлари, XX асрнинг бошларида яшаб, умргузаронлик қилган Қўнар тоға (раҳматли Адолат онамнинг тоғалари)нинг аёли Саки ая ўз даврининг машҳур новвойларидан бири эди. Қишлоғимизда ёғли нон ёпишда унга тенг келадиган бўлмаган экан. Онахондан нон ёпиш сир-асрорларини иккинчи келини Ирисхол (Ўзбекистон Республикасининг Сирдарё вилоятидан) мукаммал эгаллаб, халқимизга ярим асрга яқин хизмат қилган. Ёлғиз келини султонработлик Аноржон Мўминова(семейчи паҳлавон йигит Акромбой Қўнаровнинг аёли)га қайнонаси Ирисхол касбини омонат қолдириб, 2003 йили ҳаётдан кўз юмганди.

Бугунги кунда Аноржон шу касбни улуғлаб, турли байрам, тадбир, кўрик-танловларда фаол қатнашиб, эл-юрт назарига тушмоқда. У ёпган нонлар Астана, Алмати ва қўшни давлатлардан келган меҳмонларни ҳам лол қолдирганлигининг гувоҳи бўлганмиз.

Авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ушбу ҳунарнинг сир-асрорларини баён этиш учун Қўнаровлар хонадонига бош суқдик. Ҳовлининг бир чеккасига ўрнатилган ўчоқ бошида Аноржон келинлари Иқбол ва Ферузахонлар билан биргаликда ёпилган ёғли нон, патир ва кулчаларни ўчоқдан чиқараётган эди.

Иш битгач, бир пиёла чой устида аяжон билан суҳбат қурдик.

– Ёғли нон қайси вақтда ва қандай вазиятда ёпилади?

– Оилада қизингиз вояга етгач, унаштирилади, яъни “патир синдириш” амалидан сўнг, йигит томонидан ош берилади. Шунда бир ёки икки жуфт ёғли нон қизнинг онаси, янгаси ёки яқин амма-холалари томонидан ёпилиб, йигит томонидан келган меҳмонларнинг олдига қўйилади ва куёв томонига юборилади. Икки ёшнинг ҳаёти шу нондек тотли ва ширали бўлсин, деган мақсадда. Бу жараён тўйдан кейин “куёв чақириқ”да яна қайтарилади. 

– Нонга ишлатиладиган масаллиқларга тўхталсак.

– Бир жуфт ёғли нон тўпламига – 2 дона ёғли нон, 9-10 дона кулча киради. Айрим буюртмачилар қўшимча 2 дона патир ҳам ёпиб беришимизни сўрашади. Керакли масаллиқлар: 15-17 кг. юқори навли ун, 5 литр сут, 10 дона тухум, 1,5 литр чучитилган пахта ёки писта мойи, 200-300 гр. шакар, 150 гр. туз, 300-400 гр. ёнғоқ, бодом, майиз ва ҳоказолар (сув қўшилмайди). Хамир қаттиқроқ бўлиши шарт. Ёғли нон ясалгач, устига ёнғоқ, бодом, майиз, ер ёнғоқ ва данаклар ёпиштирилади. Кулча, патирлар ўз ҳолича ёпилади. 

– Ўчоқни тайёрлашда нималарга эътибор қаратмоқ керак?

– Нон ёпишдан олдин ўчоққа бироз қуруқ хас-хашак, 5-6 бўлак ўтин, 5-6 дона таппи солиниб, ўт ёқилади. Ўтин ёниб тушгач, чўғи ўртага йиғилиб, ўзининг кули билан кўмилади. Ёпиш олдидан ўтнинг тафтини қайтариш мақсадида юмшоқ супурги сувга ботирилиб, 2-3 марта айлантирилади. Нон ёпилгач, 30 дақиқа давомида ўчоқнинг оғзи тувоқ билан ёпилиб, пишгандан сўнг, махсус ажратгич ёрдамида ноннинг четлари кўчирилади ва икки қўл билан эхтиёткорлик билан олинади.

Нон ёпиш ва пишган нонни ўчоқдан олишда новвойнинг ёнида ёрдамчиси бўлиши шарт.

Ҳайитмат Муҳиддинов, 2018-04-09, 18:49
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.