26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Туроб Тўла 100 ёшда

Турбат қадимий Шош ва Сарём шаҳарлари билан ёши жиҳатидан тенг кўҳна масканлардан. У Ипак йўли ўтган икки буюк шаҳар оралиғида жойлашган, Турбат деб номланиши ҳам қадимийлигидан далолатдир. 1918 йил куз охирлаб қолганда Тўлахўжа қози хонадонида чақалоқ дунёга келди. Унга қишлоқ номидан келиб чиқиб Туроб деб исм қўйдилар. Туробнинг ёшлик йиллари ривоятлардагина куйланадиган беқиёс, гўзал Турбат қишлоғининг кенг буғдойзорлари, булбулларга макон боғлари, тиззагача етадиган тупроқ кўчаларида, Қоржантоғ бағридаги салқин арчазорларда, қозоқ овулидаги қадрдонларимизнинг ўтовларида ўтди. Шоирнинг амакиваччаси Меҳмонхўжа отанинг ҳикоя қилишларича, Туробнинг саводини қишлоқдаги Қурбон домла чиқазган. 

 

“Ўткир зеҳни билан ўз ўртоқларини доимо таажжубда қолдирарди”, – деб эслайди қишлоқ оқсоқоли Абдужаббор ота Сулаймонов Туроб Тўла билан бирга ўқиган йилларини завқ билан ҳикоя қиларкан. Туроб Тўла автобиографик “Етти зоғора” насрий асарида болалик йилларини Турбат қишлоғининг табиат манзараларини маҳорат билан чизиб беради.

Чилла... Туроб эшагида хуржунга иккита мешни тўлдириб, буғдой ўраётганларга гўжа олиб кетяпти. Негадир шеър ёдлагиси, бувисидан эшитган эртакларини эслагиси келади. Қандайдир илғаб бўлмас ёшлик кайфияти уни сархуш қилган. Ўзи билан ўзи овора. Матансой буғдой ўрувчилар билан тўлиб кетган. Турбат қариялари Туробни кўриши билан: “Ана, шоиртабиат бола келяпти! Баракалла! Гўжани олиб кел! Яша, ўғлим!” деган мақтовлар билан уни эшагидан тушириб олишади.

1989 йил 24 апрелда Ўзбекистон ва Қозоғистон ёзувчиларининг Турбат қишлоғидаги учрашувида Туроб Тўлага сўз берилганида, шоир кулиб: “Матансой борми?” – дея сўради. Болалик йиллари билан боғлиқ бўлган ўша воқеаларни кўз ўнгидан яна бир зум ўтказган бўлса, ажаб эмас. Шоир Туроб Тўла билан кўп учрашувларда, тўйларда, адабий анжуманларда бирга бўлганман. Адабиёт, ҳаёт, ижод ҳақида кўп суҳбатлар қурганмиз. Турбат ва турбатликлар ҳақида гапириш шоирга завқ бағишларди. 

Шоир онасидан жуда эрта айрилди. Қачон оналари – волидаи мукаррамаси ҳақида гапирганда, кўзларида ёш қалқирди. Ўзининг бундан 20 йил аввал битган “Турбат” шеърида: “Энг лобар одамни сўрдилар мендан. Менинг онам дедим, онам албатта”, – дея куйлаганди онасини, она қишлоғини эслаб, шоир. 

Туроб Тўла Тошкентдаги болалар уйида тарбияланган. Шоир ижодий чашмасининг биринчи кўзи 1934 йил очилди. Унинг “Олқишлар” сарлавҳали илк шеъри “Ленин учқуни” газетасида босилди. “Ёшлик ва орзу”, “Чегарада”, “Руставели” каби қатор шеърлари 1939 йил илк тўплами – “Шеърлар”дан ўрин олган.

Шоир Ғарб ва Шарқ адабиётини мукаммал ўрганган. “Бахт тонготари”, “Муборакбод”, “Табассум”, “Доира”, “Қанотлан, қўшиқларим” каби шеърий тўпламлар, достонлар билан адабиётимизни бойитди. 

Улуғ Ватан уруши йилларида шоир ижоди фақат Ватан ва Ғалабага бағишланди. “Волоколамск тош йўли”, “Мингорол қўшиғи”, “Йигирма олти” каби асарларининг ёзилиши фикримизнинг далилидир. Ўша пайтларда Ўзбекистон радиосида сухандон бўлиб ишларди.

Эллик йилдан зиёд даврда Ватанга муҳаббат шоир ижодининг асосий мавзусига айланди. У диёримизнинг беқиёс бўстонларини, тиниқ сувлари, беғубор осмони, кенг саҳрою осмонўпар тоғларини илҳом билан тараннум этди. “Замон ҳукми”, “Хат”, “Трамвайда топилган дафтар” каби достони, халқ оғзаки ижоди услубида ёзилган “Суюн Момо” эпоси заҳматкаш ижодкор эканлигининг ёрқин далилидир. Номлари зикр қилинган асарларда халқлар дўстлиги туйғуси ярқ этиб, кўзга ташланиб туради.

Туроб Тўла бағишлов жанрида ҳам баракали ижод қилган. “Бойчечак” шеъри рақс юлдузи Мукарамма Турғунбоевага, “Лазги” шеъри раққоса Розияхонимга, “Ҳоди аканинг тўйи экан, борайлик” қасидаси фольклоршунос Ҳоди Зарифга бағишланган.

Шоирнинг драматургия ва кинодраматургияда ҳам сермаҳсул ижоди бор. “Нодирабегим”, “Қизбулоқ”, “Момо ер” драмалари, “Зулматдан зиё” операси, “Самарқанд афсонаси” балет либреттоси, “Фурқат”, “Мафтунингман”, “Шашмақом” каби киноасарлари томошабинлар қалбидан чуқур ўрин олган.

Туроб Тўла қўшиқчилигимизнинг асл фидойисидир. “Нафосат”, “Камалак” тўпламлари бастакорлар ҳамда қўшиқчиликка бағишланган бўлиб, ижодкорларни ўзи устида ишлашга даъват этади. Шоирнинг “Момо”, “Куйлатиб қўйдинг мени”, “Табассум”, “Маҳбубга”, “Келинг ёр”, “Дилором”, “Ортиқсан”, “Бўламан дейди”, “Санам. Ҳеч борми инсофинг”, “Сабо”, “Сен бўлмасанг”, “Гулбоққа”, “Муҳаббат мадҳи”, “Гулёр”, “Хаёлим сенда”, “Сарвиноз”, “Булбул”, “Мажнунтол”, “Мафтунингман”, “Гулруҳ”, “Ширмоной”, “Навниҳол”, “Торимнинг сири”, “Эй гул”, “Уч дугона”, “Тошкент наҳори”, “Олтин сандиқ”, “Йўлларим” каби юзлаб қўшиқлари кириб бормаган ўзбек хонадони бўлмаса керак.

Шоир “Яхши қўшиққа тўйиб бўлмайди. Қанча бўлса – шунча оз!” дер эди. Шоир ҳақ. Унинг қўшиқларига тўйиб бўлмайди. Эшитсанг, роҳатланасан. Кайфиятинг кўтарилади. Хонандага қўшилиб, қўшиқ айтаётганингни сезмай қоласан. Туроб ака ҳақида раҳматли устоз шоир Уйғун шундай деган эдилар: “У адабиётнинг ҳамма жанрларига қўл уриб кўрди ва барчасида муваффақият қозонди”. Дарвоқе, Уйғун ҳаққоний баҳо берган эди, шоирга.

Туроб Тўла ўзининг мазмунли ҳаёти давомида моҳир устоз композиторлар: Мутал Бурҳонов, Дони Зокиров, Муҳаммаджон Мирзаев, Ҳамид Раҳимов, Наби Ҳасанов, Икром Акбаров, Манас Левиев, Сайфи Жалил, Сулаймон Юдаковлар билан бирга 100дан зиёд қўшиқлар яратди ва ўз элига тортиқ қилди. Ўзбекистон маданият вазирлигида ходим, Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театрининг директори бўлиб хизмат қилди. Унинг “Момо ер”, “Қари қиз”, “Қизбулоқ” драмалари кўплаб театр саҳналарида қўйилган. 

Шоир туғилиб ўсган қишлоғи Турбатда унинг номи билан аталадиган ўрта мактаб бор. Туроб Тўланинг ижоди битмас туганмас булоқдир. 

Охиратингиз обод бўлсин, устоз! 

 

Турбат гулханлари

 

Ҳаммаёқ ораста бугун жуда ҳам,

Ҳовли кўтаргандай мисоли қуёш.

Баҳор бош ювипти зебона бирам,

Турбат келинлари каби қаламқош,

Мисоли қуёш!

 

Кўм­кўк гир айлана, кўм­кўк новдалар,

Кўм­кўк либослари ҳарир, қалами.

Олам бамисоли фараҳбахш дала,

Завқдан билолмайсан боғми, далами, 

Мисли қалами!

 

Пилла қуртларими новдаларда юрган,

Сен уйғотган куртакларми ё...

Лов­лов пиликларми у ёниб турган,

Афсонавий эртакларми ё... 

Куртакларми ё!

 

Коптокларми сўнгсиз тоғлар ошиб­ шошиб

Тушиб келаётган, шалолаларми!

Олам тоғорасин бошидан тошиб

Ошиб ётган тупроқ кумушми, зарми!

Ҳеч тенги борми?

 

Марзаларда ётган ғўзаларми унган,

Қизлар қошларининг соясими ё?

Ариқ­-ариқларда ойналарми синган,

Ҳосил офтобининг моясими ё? 

Доясими ё?

 

Нақадар севасан ерни, меҳнатни,

Баҳор бошинг узра гулдек чамбарак!

Сенинг бахтинг каби бахтсиз бахт бахтми,

Сенинг юрагингсиз юракми юрак, 

О, айтсин фалак!

 

Қитъаларни тутган май гулханлари, 

Худди баҳор бўлиб, машъала бўлиб,

Бугунги энг муҳим масала бўлиб,

Қитъаларни тутган май гулханлари, 

 

Тантана бўлиб!

 

Турбат қирларининг лолаларидай,

Бўлиқ ерлар нафасидай соз!

Инсон кўкси далаларидай

Қитъалардан бермоқда овоз, 

Қилмоқда парвоз!

 

Айт, ёшингни сўрамасинлар

 

Кимдир биров ёшингни сўрди,

Қандай золим экан, алҳазар!

Юрагимга гўё тош урди,

Айт, ёшингни сўрамасинлар!

 

Ярашмайди қаримоқ сенга,

Ёшинг сўраб қаритмасинлар.

Солмасинлар уни эсингга,

Ёшлигингни аритмасинлар.

 

Айт, ёшингни сўрамасинлар,

Келмасинлар табриклашга ҳам.

Риёкордир, риёкор улар,

Риёкордан қўрққин, жонгинам.

 

Айт, ёшингни сўрамасинлар!

 

Сирдарё 

 

Худди Сирдай ўтади куним,

Худди Сирдай ўтиб борар ёш.

Худди Сирдай билмайман тиним

Ватанимга бўлиб қайғудош.

 

Аммо унинг белига Сирдай

Бўлурманми лоақал камар?

Бўлурманми мадад зиғирдай.

Бермасам ҳам Сирдайин самар?

 

Майли эди унга эгилиб

Бир дарёдек хизмат қилолсам.

Майли эди, жилғаси бўлиб

Қучоғида оқиб юролсам.

 

Билинмасди шунда мабодо

Бу умримнинг Сирдай ўтгани.

Шу жилғадек бағрида ҳатто

Билинмасди сингиб кетганим.

 

Альбомингга 

Мардлик билан ўлсам, унутма,

Фиғон этиб тўкма қонли ёш,

Эккан гулларимни қуритма,

Қўй, уларни асрасин қуёш!

Мендан қолсин жонли хотирот,

Гулларимни қилгил парвариш.

Мендан қолсин элга яхши от,

Вафодорлик ва мардона иш.

 

Чинор ва шоир 

Устоз Уйғунга

Мунча узоқ қараб қолдинга, шоир, менга,

Нимам сени ҳайратга солди?

Осмони фалакдан боққанимми сенга,

Ё умримми ўйингни олди?

Ҳайронмисан ўлим билмасимга,

Тенгин билмасигами бу танам?

Ҳайронмисан йиқилмасимга,

Тикка туришимга бўронларда ҳам?

Йиқилмадим. Мағрур шохимни

Асрлар ҳам қайиролмади.

Тишлаб ётдим момо тупроғимни,

Ҳеч на ундан айиролмади.

Аммо нима билан уни ардоқладим,

Шунча умр эвазига, айт?

Умр карвонига боқиб, лоақалли

Туясига деёлдимми ҳайт?

Шундай, умрим узун, аммо фузун эмас,

Сени ҳайрон қилган шу бўлса!

Умри фузун ўзингсан, менмас,

Умр шундай киройи тўлса, 

Агар умр бўлса!

 

Турбатим, севикли диёрим

Энг дилбар одамни сўрдилар мендан,

Менинг отам дедим, отам албатта.

Энг лобар одамни сўрдилар мендан,

Менинг онам дедим, онам албатта.

Энг сийимбар Ватанни сўрдилар мендан,

Менинг, менинг дедим, менинг албатта,

Энг зукко замонни сўрдилар мендан

Менинг, менинг дедим, менинг албатта,

Ёмон кирдикоринг дея сўрдилар мендан,

Ғурбат, ғурбат, дедим, ғурбат албатта,

Энг суйган диёринг дея сўрдилар мендан,

Турбат, Турбат, дедим, Турбат албатта!

Баҳодир СОБИТ, 2018-04-17, 10:43
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Эълонлар
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.