26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ҳажв дафтаридан

Хотира

Ташкилотимиз – тармоқли маркетинг идораси янги бинога кўчди. Менга хонани безаш топширилди. Мен деворга «Чекиш мумкин эмас», «Шовқин қилиш ман этилади», «Тозаликка риоя қилинг», «Эшикни қаттиқ ёпманг» каби ўнта тақиқни ёзиб қўйдим.

– Иш вақтида шаҳмат ўйнаш мумкинми? – сўради Ғанижон.

– Йўқ...

– Унда ёзиб қўйинг!

Ёзиб қўйдим.

– Чой ичиш мумкинми?

– Йўқ. Ҳозир ёзиб қўяман.

– Ишга кечикиб келиш мумкинми?

– Йўқ. Буни ҳам ёзиб қўяман.

– Аёллар билан қўл бериб саломлашиш мумкинми?

– Йўқ. Буни ҳам ёзаман.

Хонага бошлиқ кирди. Ёзувларни ўқиб, деди:

– Эҳ, ҳеч нарса қилиш мумкин эмас. Энди нима қилиш мумкинлигини ёзинг. Бу хонада ўзи нима иш қиласизлар? Ишлайсизлар. Демак, ишлаш мумкин. 

– Шундай деб ёзаверайми?

– Аниқроқ айтинглар, нима иш қиласизлар?

– Даллоллик қиламиз.

– Йўғе, бирон нима чизамиз, шекилли...

– Уялингларе, – деди бошлиқ. 

– Нимаси уят? – жавоб берди Илҳомжон. – Ҳамма ҳам бирон нарсани унутиши мумкинку. Мана, ўзингиз ҳам буни унутгансиз.

– Менми? Мен ўз ишимни биламан. Мен раҳбарлик қиламан, холос. Сизларнинг нима иш билан шуғулланишингизни хотирамда сақлаш хизмат вазифамга кирмайди, – деди бошлиқ асабийлашиб. 

Кейин, жаҳлдан тушиб, деди:

– Майли, Ғанижон, сен секин бориб котиба қиздан нима иш қилишинглар кераклигини билиб кел. Кейин деворга катта қилиб ёзиб қўйинглар. Бошқа унутиб юбормаслик учун. Тағин бегона биров кириб, сўраб қолса, уялиб қолмайлик.

Мен дарров ёзишга киришдим: «Хонага бегоналарнинг кириши тақиқланади!”

Порахўрлар учун қулайлик

Омонат кассалари қўрқоқ ва уятчан порахўрлар учун янги хизмат турини тавсия қила бошлади. Эндиликда улар пулни ўз қўли билан олишлари шарт эмас. Кассага келиб, ариза ёзса, пора берувчининг пулини унинг ҳисоб-рақамига бир зумда ўтказиб беришади. Пул ўтказилгани тўғрисидаги чек бир вақтнинг ўзида прокуратурага ҳам жўнатилади. 

Бозор иқтисодиёти

«Меридиан» қаҳвахонасидаги янгилик: ҳар бир «Ёқимли иштаҳа!», «Марҳамат, қаҳвангизни олинг!» каби илтифот учун 100 тенгедан ҳақ тўлайсиз. Бозор иқтисодиёти деганлари шу бўлса керак.

Техника янгилиги

Япон олимлари компьютерлар учун янги дастур ишлаб чиқишди. Эски ойнанинг бир бўлагини сканердан ўтказсангиз, бас, у 100 йил давомида нималар кўрганини “айтиб” беради.   

Яшашни истасангиз...

Оммавий ахборот воситалари, интернет саҳифаларидаги жиноят оламида содир бўлаётган воқеаларни таҳлил қилиб, қуйидаги фикрга келдим.

Агар сиз ноқонуний йўл билан миллион доллар топсангиз, сизни ўлдириб кетишлари мумкин. 

Агар сиз ҳалол меҳнатингиз билан миллион доллар топсангиз...унда ҳам ўлдириб кетишлари мумкин. Ҳазиллашиб бўладими, миллион доллар билан.

Агар кўчага тунда миллион долларсиз чиқадиган бўлсангиз, эҳтиёт бўлинг. Саёқ юрган, таёқ ейди. 

Агар туш вақтида пулсиз чиқсангиз, унда ҳам эҳтиёт бўлинг. Сизни кимгадир ўхшатиб қолишлари мумкин. 

Агар сиз ҳеч кимга ўхшамасангиз, пулингиз бўлмагани учун ўлдириб кетишлари мумкин. 

Шундай экан, ўзингиз ҳисоблаб кўринг, узоқ яшаш учун қанча пул топган маъқул?!   

2018-04-19, 11:12 775
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.