26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Эрка сўзнинг эгаси

1958 йил. Университет талабаларимиз. Бир куни сабоқдошимиз гап топиб келди: «Ёзувчилар уюшмасида катта мушоира бўлар эмиш». Дарҳол дарсдан «қуён» бўлиш йўлини излай бошладик. Бирданига «бошимиз оғриб қолди» ва ... аудиториядан базўр юриб чиқдигу Ёзувчилар уюшмаси томон учдик.

Ҳаллослаб етиб борсак, кичкина залга одам тўлибди, бўш жой йўқ. Биз кираверишда, йўлакда «деворни суяб» туравердик.

Мушоира бошланди. Биз китобларини ўқиган, бироқ ўзларини кўрмаган аллома шоирларимизнинг аксарияти шу ерда экан: Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайхзода, Собир Абдулла...

Сўз Собир Абдуллага берилди. Собир ака минбарга чиқди. Бир варақ қоғозга қайта-қайта қаради, кейин залга ўгирилди. Хаста товушда оҳиста деди:

– Туроб, сен ўқиб бера қол....

Гурр кулги кўтарилди.

– Ғазални Собир ёзсин, Туроб Тўла ўқисин, — деб кимдир учириқ қилди.

Минбарга ўрта бўйли, кулча юз, сочлари типратикан найзасидек тиккайган киши чиқди. Ийманиб кулганча Собир Абдулланинг қўлидан ғазални олди ва жарангдор, ўткир, ёқимли овоз билан ўқий кетди.

Ғазал тугади. Чапак бўлди. Назаримда бу олқишнинг ярми Туроб акага аталган эди. Ўшанда у киши ҳали қирққа кирмаган қирчиллама йигит, довруқли шоир, таниқли воиз ва сухандон эди.

Аста-секин Туроб акага яқинлашиб, у киши билан ака-ука бўлиб кетдик. Туроб акада одамни ўзига тортадиган ажиб бир хислат бор эди: хайрихоҳликми, дилкашликми, оқкўнгилликми...

Устоз эркаланиб гапирар, эркаланиб ёзар, биздек шогирдларини суюб эркалар, биз ҳам баъзан талтайиб кетиб, устозга эркалик қилардик. Бир сафар Туроб аканинг янги қўшиғи пайдо бўлди. Қўшиқ «Бир ажойиб юртимиз бор» деб бошланарди. Бу қўшиқ ҳам шоирнинг барча қўшиқлари каби дарров оғизга тушди, ҳофизлар бирин-кетин айта бошлади. Биз Туроб акага ҳазил қилмоқчи бўлдик. Дўстим Анвар Эшон, яна кимдир, учовлон қўшиққа пародия тўқидик:

Бир ажойиб юртимиз бор,

Ярми кампир, ярми чол,

Ярми саҳро, ярми жаннат,

Ярми ўтлоқ, ярми мол...

Туроб ака пародияни эшитиб, мириқиб кулди. «Давомини ҳам тўқинглар-да энди, ё ҳашар қиламизми?» – деди. У пайтлар Туроб аканинг ёшидаги атоқли шоирларга пародия ёзиш одат саналмас эди. Ёзилган тақдирда дўпписини ечиб, туғилган қишлоғингизгача қувиб борарди.

Умуман, Туроб Тўла қувноқ, дилкаш, камтар, такаббурликдан олис, мағрур инсон эди. Кўришганда қўлингизни ҳа деганда қўйиб юбормас, қизиқ бир гап ё нозик мутойиба ила димоғингизни чоғ этар, бундан ўзи ҳам роҳатланарди.

Сув ичирмасга сут ичир, деган гап атай Туроб ака учун ўйлаб топилгандек эди. Билишимча, дўстларига қандай хизмат қилса, рақибларини ҳам рози қилишга уринарди. Бир куни сўрадим: «Ака, фалончини нега бунча эркалатасиз, у сизни унча ёқтирмайди?». Туроб ака кулди: «Унча ёқтирмаса, демак, сал-пал ёқтирар экан-да. Кел, шуям хурсанд бўлсин, Туроб ака мени олалади, демасин. Кенгроқ бўлаверайлик, кенгга – кенг дунё...»

Биз кейинги пайтда ҳалимлик, ҳалим деган сўзларни камроқ ишлатадиган бўлиб колдик. Энди билсам, ҳалимлик Туроб аканинг инсоний мезони экан. У киши катта-катта лавозимларда ишлади. Аммо бировга қаттиқ гапирганини, бировни изза қилганини эшитмаганман. Жуда хафа бўлиб кетса, «Яхши иш бўлмади-да, ўртоқ», деб лабини тишлаб, ўйланиб қоларди.

Туроб Тўла бошчилигида бир вилоятга ижодий сафарга бордик. Учрашув айни авжига чиққанида бир ёзувчимиз аразлаб, Тошкентга қайтиб кетди. Туроб ака унинг ортидан таассуф ила қараб қолди: «Яхши қилмади бу. Адабиётнинг обрўсини тўкди». Собир инсон эди раҳматли.

Асқад ака билан Дўрмон боғида айланиб юрибмиз. Табиийки, сўз қадри, сўз масъулияти ҳақида гап борди. Асқад ака кўзларини қисиб, олис уфқларга тикилдию, босиқ товушда деди: «Туробнинг ёзиб турганига офарин, фалончининг ёзмай қўйгани учун раҳмат».

Ҳаққи рост. Туроб Тўланинг асарларини мухлислар интиқ бўлиб, орзиқиб кутарди. Негаки, устоз янги шеър битадими, Ҳалимахоним ҳақида эссеми, драма ё туркум қўшиқларми, шаксиз, хаёлга келмаган янги гап топиб айтар, юракка чўғ солиб, кўнгилни мувозанатдан чиқарарди. Асл адабиёт ҳам шу бўлса керак-да.

Мен халқона тил жилосини, Миртемир акадан кейин Туроб аканинг шеъриятида кўриб, ҳар сафар танг қолардим. Саҳройи элнинг тарашланмаган мажозий шеваси, Хоразмнинг ширин лаҳжаси, Фарғонанинг тагдор лутфию бахшиларнинг сойдек тошқин, соф туркий лафзи Туроб Тўла шеъриятининг қўш қаноти эди.

Хирмон тўлиб тўкилди дон, тўкилди дон, момо,

Тандир тўлиб ёпилди нон, ёпилди нон, момо...

Нақадар шарқона мунис ва жонга туташ манзара...

Туроб ака шоир бўлиб, элининг кўнглидаги сўзни топиб айтолганидан мамнун бўларди. Назаримда, муборак сўз ҳам то абад ундан рози бўлиб қолди.

Азиз шоиримиз ҳақидаги хотираларимни гўзал ривоят билан якунлагим келди.

Бир киши боғда кезиб юрарди. Оддий терак баргига кўзи тушди. Олиб ҳидлади. Ундан хушбўй ҳид келарди.

– Сен нимасан, эй япроқ? – деди киши. – Бўйинг мунча ёқимли?

– Мен терак баргиман, – деди япроқ, – бир неча муддат гулирайҳонлар ичида яшадим. Шу туфайли уларнинг ҳиди менга уриб, гулсифат бўлибман...

Туроб аканинг ёнида юрганлар ана шу терак баргига ўхшаб, ўз-ўзидан мушки анбарга айланиб қолганини сезмасди.

Устоз фоний дунёни маъмур этган эдилар, илоҳо, у кишининг боқий дунёлари ҳам обод бўлсин!

Саъдулла Сиёев, 2018-04-19, 11:27 1021
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.