26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Илм учун уммон ортига...

Элбоши учтиллиликни халқимизнинг дунёвий рақобатбардошлиги шартларидан бири сифатида кўрсатди. Қорабулоқ қишлоғидаги “Бўлашақ” ўқув маркази жамоаси бу борада катта муваффақиятларга эришиб келмоқда. Таълим олаётган ўқувчиларнинг 3 нафари яқинда FLEX танловида ғолиб бўлишди ва бир йил давомида Америка Қўшма Штатлари мактабларида таълим олиш ҳуқуқини қўлга киритишди. 

Минглаб қатнашчилар ичида пешқадамликни қўлга киритган ҳамюртларим билан фахрланган ҳолда, улардан мусоҳаба олишга жазм қилдим. Бугунги қаҳрамонларим: 3-сонли Ҳамза номли умумий ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчилари Дониёр Шерметов ва Бекмурод Мамашев ҳамда 41-сонли Жамбил номли умумий ўрта мактабнинг 10-синф ўқувчиси Баргида Султоновалар. 

– Аввало, эришилган муваффақиятингиз билан табриклайман. Бу сизнинг илк ютуғингиз эмаслигини ҳаммамиз биламиз. Бекмурод Мамашев Астана шаҳрида ўтган конференциядан махсус сертификат билан қайтганди. Баргида Султонова Алматида ўтган халқаро конференцияда "BEST SPEAKER" унвонига лойиқ кўрилган. Дониёр Шерметов ҳам ҳар вақт пешқадам ўқувчилар қаторида. FLEX танлови таассуротлари ҳақида гапириб берсангиз.

Бекмурод Мамашев:

– Танловнинг дастлабки босқичи жуда енгил ўтди. Иккинчи ва учинчи босқичларга келганда... Жуда қаттиқ ҳаяжонланганимни эслайман. Ахир дунёнинг у томонига бориб, бир йил таълим олиш имконияти ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Устозларнинг, ота-онамизнинг юзини ерга қаратмай, шундай муваффақиятга эриша олганимдан жудаям хурсандман. 

Баргида Султонова:

– Мен таҳсил олаётган “Бўлашақ” ўқув маркази тадбирларидан бирида бошловчилик қилаётганимда АҚШ элчихонасидан қўнғироқ қилишди. Танлов ғолиби бўлганимни айтишди. Худди туш кўраётгандек ҳолатга тушдим. Жаҳоннинг энг ривожланган мамлакатларидан бирида таълим олишдек буюк орзуим ушала бошлаганини ўйларканман, юрагим ҳаприқиб кетди. 

Дониёр Шерметов:

– Мен учун кўпдан бери кутилган воқеа юз бергандек бўлди. Ахир, ушбу ютуққа эришиш учун бир қанча йиллардан буён кеча-кундуз ҳаракат қилгандик. Тўғрисини айтганда, танлов арафасида ҳафтасига етти кун, суткасига 24 соат мана шу ниятимга эришишга интилганимиз, бунинг учун мунтазам шуғулланганимни бугун фахр билан айта оламан. Дўстларимнинг ҳам, менинг ҳам бу ютуғимизда, аввало ота-онамиз, бошланғич синфлардан бугунги кунгача таълим берган барча устозларимиз, “Бўлашақ” ўқув маркази устозлари, айниқса ажойиб инсон Ақмарал Аймақованинг хизматлари жуда катта бўлди деб айта оламиз. 

– Албатта, бугунги муваффақият келгусидаги зафарларнинг дебочаси. АҚШдаги бир йиллик таълим давомида нималарга эришишни ният қилмоқдасиз? 

Бекмурод Мамашев :

– Аввало инглиз тилини мукаммал эгаллайман. АҚШдаги ўзига хос маданият, техника-технология ютуқларини ўрганмоқчиман. Илм-фан билан шуғулланишга оид имкониятлардан самарали фойдалансам, деб ўйлаяпман. 

Баргида Султонова:

– Мен болалигимдан журналист бўлишни орзу қилардим. Бу касбдагилар маълумот тўплаш ва маълумот тарқатишни яхши кўришади-ку! Йўлга тайёргарликни бошладим, дейишим мумкин. Қозоғистонга хос эсдалик совғалар, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар, фотосуратлар, альбомлар, хуллас оламжаҳон буюмлар олиб кетмоқчиман. Ишқилиб, самолётнинг юкхонасига сиғса бас... Америкага етиб олгач, кўп нарсаларни билиб олиш, ўрганиш, юртдошларимга билдиришни ният қилиб турибман. Насиб қилса, улар “сеҳрли диёр”ни менинг кўзларим билан кўришади.

Дониёр Шерметов:

– Болаликда берилган билим – тошга ўйилган нақш каби. АҚШда нафақат янгиликлар яратиш, уларни ҳаётга татбиқ этиш тажрибаси ҳам кўп. Бунда, менимча, таълим тизимининг муносиб ўрни бор. Аввало, улардаги мактабларнинг ҳаёти билан чуқурроқ танишиш ниятидаман.

– Бир йил узоқ муддат эмас, ўтади, кетади. Шундан кейинги ҳаётингизни қандай тасаввур қиласиз? 

Бекмурод Мамашев:

– Албатта, таълим олишда давом этаман. Назарбаев университетида ёки рейтинги энг юқори дорилфунунларнинг бирортасида олий маълумот олгач, илмий иш билан шуғулланишни истайман. У Қозоғистонни XXI асрда жаҳоннинг энг ривожланган 30 мамлакати қаторига олиб чиқишга хизмат қилса, ажаб эмас. 

Баргида Султонова:

– Бепоён дашт мамлакатини дунёга танитиш, оламдаги барча эзгуликларни юртимизга олиб келиш – келажак ҳаётимнинг мазмунига айланади. Бунинг учун кўп ўқишим, ўрганишим кераклигини биламан. Демакки, дастлабки мақсад: олий таълим, магистратура ва балки, докторантура. Бунга эришишимга ишонаман.

Дониёр Шерметов:

– Жамият тараққиётининг гарови – сифатли таълим. Бугунги кунда бошланиб кетган янгиланган таълим дастурининг самара беришига ишонаман. Шу билан бирга мен университетни битиргунимча таълим технологияларида янада каттароқ ўзгаришлар бўлишига ҳам кўзим етади. Шунингдек, жамиятдаги ҳар бир оилага, ҳар бир болага илм олиш имкониятини бериш бўйича илмий асосланган тизимлар ишлаб чиқишда қатнашиш орзуим бор. Ва унга етишишимга умид қиламан.

– Барча орзуларингиз ушалишига тилакдошмиз. Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Суҳбатдош: Муниса САЙДИҒАНИЕВА, Сайрам туманидаги 17-сонли ўрта мактабнинг 10-“А” синф ўқувчиси., 2017-05-22, 11:11 240
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.