26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Қизлар тўпланишиб, қуроқ тикишар...

Қадимдан келаётган халқ амалий санъати – қуроқ тикиш ҳозирги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Жаҳондаги кўп халқлар қуроқ тикишни ўзиники, деб билади ва бу бежиз эмас. Техника ривожланган замонимизда телевидение орқали Ҳиндистонда қуроқларнинг шакли думалоқ ва учбурчак экани, ушбу минтақада қизил, яшил, сариқ ва кўк рангли матолардан кўпроқ фойдаланилишидан воқиф бўлдим. Эронда эса, болалар либосларида учбурчак қуроқлар ишлатилар экан. Бу шакл туморга қиёсланиб, турли ёмон назарлардан сақласин, деган маънони англатиши таъкидланади. 

Россиянинг Қозон шаҳридаги маданият тарихи давлат музейида қуроқ санъатига доир қатор ноёб ашёлар сақланаётганидан хабар топдик. Халқ амалий санъатининг ушбу тури жаҳон моддий маданияти ривожланиши тарихида ўзига хос ўрин тутишига яна бир бор амин бўлдим. Ваҳоланки, қуроқ илк бор Шарқнинг қадимий манбаларида тилга олинган. Шарқ халқлари эса, қуроқ ўз эгасини турли бало-қазолардан сақлайди, деб ишонишган.  

Бу ҳақда кўпроқ маълумотларга эга бўлиш мақсадида қорабулоқлик бир гуруҳ онахонлардан суҳбат олдим: 

– Қадимда момоларимиз турли мато парчаларидан кўрпача ва ёстиқлар тиккан, уларни яна бирон нарсага яратишни ўйлаб, бир-бирига қўшиб тикиш натижасида қуроқ ҳунари пайдо бўлган, – дейди Азиза ая Шерназарова. – Ҳозирги қизлар қуроқни модадан қолган деб менсишмайди. 

Қуроқ ҳар хил шаклларда бўлади. Айни пайтда унинг турлари кўпаймоқда. Масалан, “юлдуз” номли қуроқ – бахти кулсин, юлдузи ярқирасин, деган тилак билан тикилади. Ҳатто, қуроқнинг рангларида ҳам чуқур маъно мужассам экан. Масалан, кўк ранг – очиқ осмонни, омадни, қизил ранг – оловни, қонни, ҳаётни, яшил ранг – ўсимликни, навбаҳорни, оқ ранг – юксаклик, сариқ ранг – доноликнинг белгисидир. Баъзи манбаларда Хоразмда, асосан, оқ ва қора рангли матолардан фойдаланилиши, бунда ҳам ўзига хос тушунча мужассамлиги айтилган: ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ. 

– Қуроқ қураш одамнинг бардошини синайди, – дейди яна бир суҳбатдошимиз Тўтиой ая Усмонтоева. – Момоларимиз қуроқдан тил-кўздан сақлайдиган, ёмонликдан ҳимоя қиладиган тумор сифатида фойдаланган. Чақалоққа кўз тегмасин, деган ирим билан қирқ қуроқ қуралиб, шунга ўралган. Кўрпа, қуроқ, ёстиқ, кўрпача, бола ёстиғи қиз узатганда қўшиб берилади. Қуроқдан тикилган буюм, қизнинг борган ерида, илдиз отиб, палак ёйиб, ўзидан кўпайиб, қўшгани билан қўша қарисин, деган маъноларни ифодалайди. Тўйдан аввал қуроқ тикиш, қизининг сепига қўшиш – ўзбек халқининг урфидир. 

– Илгари оналаримиз бизни ўтқазиб, қуроқ тикишни, дастрўмол тўқишни ўргатардилар. Биз, маҳалладаги қизлар тўпланишиб, қуроқдан ҳар хил кўрпачалар қурардик, турли ҳунарлар ўрганардик. Кўчада бекор юрмасдик, у пайтда телефон бўлмаган. Ҳозирги қизлар телефондан бошини кўтаришмайди. Ҳеч қандай ҳунар ўрганишмай, турмушга чиқишади. Бозорда тайёр замонавий қуроқ кўрпа, кўрпачалар сотиляпти, деб ёш оналар ҳам қизларига бу касбни ўргатишмайди, – деб куйинади яна бир онахонимиз Ҳабиба Мусаева.  

– Қуроқ – даромад рамзи, шунинг учун янги уйга чиққан оилага дунёси қуралсин, жон боши билан мол боши кўпайсин, деб қуроқ кўрпача тикиб берилади, – дея суҳбатни якунлади онам.

Ҳар бир ўзбек қиз-келинчагини бугунги кунгача сақланган ва айни пайтда янада оммалашиб бораётган, момоларимиздан қолган қуроқчилик анъанасини тўлиқ тиклашга чорлаймиз. Вилоятимизнинг қатор мактабларида қуроқчиликка катта эътибор қаратилмоқда. Меҳнат дарсларида қизлар апликация, гул қуроқ, хризантема, кашта қуроқ ва бошқа турларини тикишаётганини кўриб, қувонади киши.

М. АБДУРАИМОВА, 2018-04-24, 10:34 274
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.