26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Гиёҳларга яширинган хилқат

Аҳоли соғлигини ҳимоялашда халқ табобати хазинасидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Аждодларимиз қадимдан турли хасталиклар давосини табиатдан излашган, кундалик турмушда гиёҳларни кенг қўллашган. Чунки, инсон наботот дунёсидан озиқланади, ундан шифо топади. Зеро, эрамиздан неча минг йил аввал яшаган Хитой императори Шин: “Танангдаги куч-қувватинг ўсимликларнинг шарбатига яширинган”, деб айтганида мутлақо ҳақ эди. Афсуски, бунга баъзан жиддий эътибор бермай, касалга чалинсак, дарҳол дорихонага югуришимиз ҳам ҳақиқат. 

Қизилсув даҳасида яшовчи, меҳнат фахрийси Сидиқхон Тожихонов (тасвирда) гиёҳ билан даволайдиган табиблардан. Асли касб-кори фельдшер бўлган отахон ҳозир нафақада, гиёҳлар билан тиллашаётганига эса бир неча йиллар бўлди. Нажот излаб, эшик қоқиб келган кишилардан ёрдамини аямайди... 

Табиб хонадонига кириб борганимда у дасталанган гиёҳларни қуритиш учун тераётган экан. 

– Ҳозир ўт-ўланларнинг айни ривож олган маҳали, – деди у қизиқишимни пайқаб. – Мана бу – утмак. Илмий тилда қоқиўт дейилади. Унинг баргларидан олинган шира камқонлик, дармонсизлик ва кўкрак қафаси касалликларини даволашда ёрдам беради. Унинг илдизини ювиб, сўнг очиқ ҳавода қуритиш керак. Мана бу гиёҳнинг номи – эфедра. У турли касалликларга даво. Оддий эфедра (Кузмич ўти)нинг бўйи – 10-20 см., баъзан 50 см.га етади. Унда ошловчи моддалар ҳам бўлади. Эфедрин гидрохлориди бронхит, астма, тумов ва қон босими кўтарилганда даволаш учун ишлатилади. Бу томондагиси – жағ-жағ. Уни сомса, чучвара, манти тарзида истеъмол қилиш тавсия этилади. Танага қувват беради.

Шукурки, биз ўсимликлар дунёси бой юртда яшаймиз. Ер юзида гиёҳларнинг 35 минг тури аниқланган бўлса, Қозоғистонда уларнинг 500дан зиёд тури мавжуд. Қўзиқулоқ (шалфей), бўйимадарон (тысячелистник), баргизуб (подорожник), итбурун (шиповник), қизил пойча (зверобой), бўтакўз (василёк) каби доривор гиёҳлар бизда ҳам кўп учрайди.

– Анъанавий тиббиётда гиёҳларнинг аҳамияти аллақачон эътироф топган. Бироқ аҳоли бу нарсага ҳануз жиддий эътибор бермайди. Бунинг сабаби нимада?

– Статистика маълумотларига кўра, ҳозирги кунда юрак касаллигини даволашда қўлланиладиган дори-дармонларнинг 77 фоизи, ичак-қорин хасталикларида ишлатиладиганларининг 74 фоизи гиёҳлардан олинар экан. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Саволга келадиган бўлсак, асосий сабаб, гиёҳларнинг шифобахш хусусиятларини яхши билмаслигимизда. 

Аввало, доривор гиёҳларни йиғишда махсус тақвимга риоя қилиш лозим. Масалан, қизил пойча, чўл ялпизи июль-августда, эфедра, баргизуб ва жағ-жағ май-сентябрь ойларида йиғиб олинади. Шахсан ўзим бир мавсумда 35-40 хил гиёҳ турларини йиғаман. Улар турли жой: бўз ер, қир-адир, тоғ, экинзор, ўрмонларни макон этишган.

– Гиёҳлар ёрдамида қандай касалликларни даволаш мумкин?

– Тиббиёт соҳасида юртимизда анча ютуқлар бор. Бироқ шифохонада дардига даво топмаганлар энг сўнгги нажотни излаб, халқ табобатига мурожаат қилишади. Қўлдан келганча ёрдам берамиз. 

Масалан, атеросклероз хасталиги 40 ёшдан ошганларда кўп учрайдиган юрак, юрак-қон томир касаллигидир. Ваҳоланки, унинг давоси эрамиздан 4-5 минг йил аввал топилган, бу – садр ёнғоғидан тайёрланган эритмадир. Зангпоя (болиголов) эритмаси миома, мастопатия, простатит ва ҳатто саратонни даволашда самарали восита сифатида тан олинган.

Тажрибамда наъматак, эрмана, тоғрайҳон, отқулоқ, шовул каби гиёҳлардан ҳам фойдаланаман. Отқулоқ илдизи, барги ва мевасидан тайёрланган қайнатма ич кетиши, ичак яраларини даволашда ишлатилади. Шунингдек, ундан тайёрланган кўксомса ва чучвара қувватни ошириш хусусиятига эга, организмни мустаҳкамлайди, бактерияларга қарши курашади, буйрак ва пешоб йўллари касалликларини даволайди.

Баъзи ҳолларда беморларга ўз соҳасининг етук билимдони Иван Неумивакин қўллайдиган водород периоксидини ичишни тавсия қиламан. Ҳар сафар муолажа тайинлаганимда, бирон нима қабуллашни буюрганимда, албатта, шифокор билан маслаҳатлашишни тайинлайман...

Сидиқхон отанинг тиббиётга оид бой кутубхонасига ҳавас қилса, арзийди. Санаси ўтган асрнинг 50-60 йилларига тўғри келадиган “Табобат хазинаси дурдоналари”, “Ўсимликлар олами”, “Целебные сборы” каби китоблар орқали гиёҳлар оламининг сир-синоати билан батафсил танишиш мумкин. 

– Невараларим ёрдамида интернетдан керакли маълумотлар оламан, – дейди у. – Ахир тиббиёт соҳасидаги энг сўнгги янгиликлардан ҳам хабардор бўлишим керак-ку! Баъзи беморларга эса очлик билан даволанишни тавсия этаман. Жалолиддин Румий:

– Даволар асоси саналур парҳез,

Парҳез қил, жон кучин кўргил ўша кез.

Парҳездир дори-ю даво сарвари,

Қичиш ошар қўтир кучайган сари, – деб бежиз ёзмаган.

Суҳбат мавзуи беморларга кўчганида, у яқинда Астана шаҳрида саратон ташҳиси қўйилган меҳмоннинг шифо топиб, миннатдор бўлганини сўзлаб берди. Ҳатто исми-шарифини ҳам сўрамабди.

Сидиқхон отанинг гиёҳлар дунёсига фидойилиги, жонкуярлиги ибратга арзигулик. Нажот излаб келган кўнгилларга малҳам бўлиш масъулиятини ўз зиммасига олган табибнинг ишларига муваффақият, мустаҳкам соғлик, оиласига омонлик тиладим...

З. МЎМИНЖОНОВ, 2018-04-28, 10:50 227
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.