26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Туркистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 701-50-55
+ 7(747) 701-50-55
Ватан учун жон фидо

Ҳар бир инсон қалбида битмас яра, сўнмас алам, изтироб қолдирган урушнинг тугаганига, яъни Буюк Ғалабага 73 йил тўлмоқда. Тинч ва фаровон келажагимиз учун қон кечган мард ва жасур ота-боболаримиз туфайли биз осойишта ҳаёт кечирмоқдамиз. 

Шимкент шаҳридан ҳам минглаб йигитлар Ватан ҳимоясига отланиб, жанггоҳларда ўзига хос мардлик намуналарини кўрсатдилар. Шулар қаторида Қодир ота Отажонов ҳам бор эди.

У 17 ёшида ўз хоҳиши билан фронтга жўнайди. 

–  Сталин халққа мурожаат қилиб Улуғ Ватан уруши – ҳаёт-мамот жангги эканини таъкидлади. Ватанимиз учун жонимиз фидо, деб урушга отланганмиз. Эсимда, 1942 йили маҳалладаги йигитларни йиғиб, 2 вагон қилиб Ашхободга олиб кетишди. У ёқда бизни фронтга тайёрлашди, ўқ отишни, қуроллардан қандай фойдаланишни ўргатишди. Мен билан келган йигитлар десантга кетишди, мени эса бўйим тўғри келмагани учун, урушга юборишмади, сўнг бир зобит русча яхши гапираётганимни эшитиб, кетимдан қолмай зобитликка ўқишим кераклигини қайта-қайта такрорларди. У пайтлар русча гапирадиганлар кам бўларди. Бизга урушдан кейин ҳам сиздек офицерлар керак, деб қўйишмади. Рози бўлмадим. Лекин бахтим бор экан, командир қарамоғидаги ўқув батальони дивизиясига олишди. Қаерда қийинчилик бўлса, ўша ёққа юборишади, масалан, дарёдан аскарлар ўтиши керак, уларнинг тўплари бор, бошқалари бор, шуларга ёрдам беришимиз керак. Шундай қилиб, 1944 йили “Ўқув батальони”да юрдим. Аввал, жонимизни сақлаб қолгани учун, яхши одамларни учратгани учун Аллоҳга беҳисоб шукр, – дейди отахон кўзларига ёш олиб.

Европанинг ярмини босиб ўтган аскар Буюк Ғалабага баҳоли қудрат ҳисса қўшди. Урушдан кейин ҳам Украинада хизмат қилди. У 1948 йилдан бошлаб темирйўл соҳасида фаолият юритиб, шу ердан нафақага чиқди. Ҳалол меҳнатларига муносиб баҳо берилиб, “Энг яхши темирйўлчи”, “Меҳнат фахрийси” унвонлари, фахрий ёрлиқлар ва яна кўплаб орден-медаллар билан тақдирланган.

Турмуш ўртоғи Ибодат ая раҳматли билан 4 қиз, 4 ўғилни вояга етказиб, ҳозирги кунда 31 невара, 47 эвара оғушида қарилик гаштини сурмоқда.

Отахоннинг яна бир куйиниб айтгани:

– Қозоғистонда ер кўп, шу ерни ола билгани олди, ололмаганлар қолди. Лекин ундан унумли фойдаланилмай, бекорга бўш ётганлари ҳам бор. Агар ер ишлайдиганларга берилса, кўпроқ даромад берар, ишсиз юрганлар ҳам бўлмасди. Ҳозир ёшлар енгил меҳнатга ўрганишган, пулни яхши тўлайди деб, бошқа давлатларга бориб ишлашяпти. Ўз юртида, оиласи ёнида меҳнат қилганга нима етсин. Ҳар бир одам ўзи учун ўзи ҳаракат қилиши, ишлаши керак. Мен ўзим ҳам еримиз кичкина бўлсада, болаларимни, невараларимни ўйлаб, 90 ёшимгача мол боққанман, меҳнат қилганман. Меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Яратган эгам “Ўзинг учун ўзинг ҳаракат қил!” деган.

Беш вақт намозини канда қилмаган, соғлиги туфайли масжидга ҳам боролмаётган отахондан қариялар келиб ҳол-аҳвол сўрашар, кўпчилик ёшлар дуо олиб кетишаркан. 

– Шу кунларга етказгани, тинчликда яшаётганимиз учун Оллоҳга беҳисоб шукрлар айтаман, ҳеч армоним йўқ. Давлат пенсия ва бошқа тўловларни вақтида бериб турибди. 

Ҳар байрамда совға-саломлар билан келишади.  Ёшларга айтадиганим, бир-бирингизга меҳр-оқибатли бўлинглар, оғир кунларда қўллаб-қувватланглар.

 Отажоновлар хонадони билан хайрлашар эканман, Қодир отанинг уруш йилларидаги келажак авлодга намуна бўла оладиган жасоратлари, урушдан сўнгги йиллардаги меҳнатлари кўз ўнгимда намоён бўлдию, бизнинг тинч ва осойишта яшашимиз учун жонини аямаган ота-боболаримизга ҳар қанча эъзоз кўрсатсак, таъзим қилсак оз, деб ўйладим. 

Таъкидлаш жоизки, нашримиз жонкуяри Қодир ота (суратда) 93 ёшда бўлишига қарамай, газетани кўзойнаксиз ўқимоқда.

М. ЭЛТОЕВА, 2018-05-05, 11:20 938
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Туркистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.