26 март 2017 йил
booked.net
+12
°
C
+12°
+
Шымкент
Четверг, 06
Прогноз на неделю
1991 йил 1 апрелдан чиқа бошлаган Жанубий Қозоғистон вилоятининг ижтимоий-сиёсий газетаси
Биз ижтимоий тармоқдамиз:
+7(7252) 53-93-17, 53-92-79. janubiy@inbox.ru
+ 7(747) 700-50-55
+ 7(747) 700-50-55
Эски Иқон қишлоғида

Шу йил март ойининг охирларида “Қозоғистонда Ўзбекистон йили” муносабати билан Шимкент ва Туркистондаги ижодий учрашувларимиз жараёнида Иқон қишлоғидаги устоз Миртемир уй-музейида ҳам бўлдик. Бу мўъжаз маскан ташкил этилгандан буён ўзбек адабиётини тарғибот этиб келаётган маънавият ўчоғига айланган. Музейнинг “Эсдаликлар дафтари”ни варақлар эканман, турли мамлакатлардан келган мухлисларнинг дил сўзларига кўзим тушди: америкалик сайёҳлар, тошкентлик университет ўқитувчилари, сирдарёлик талабалар, сайрамлик мактаб ўқувчилари... Дил сўзлари орасида Носир Фозилов, Нормурод Нарзуллаев, Ғаффор Мўминов, Муҳаммад Али, Бегали Қосимов, Тўлан Низом, Тоҳир Малик, Маҳмуд Садинов, Шуҳрат Ризаев каби олим ва адибларнинг эътирофларини ўқидим ва Миртемир шеъриятининг оҳанрабоси ўзгачалигига иқрор бўлдим. 

Кўҳна Иқон юртимиздаги юзлаб қишлоқлар сингари оддий, сўлим макон экан. Иқонликлар шоири билан фахрланади ва меҳр билан хотирасини ёд этиб туради, чунки устоз шоирга эҳтиром юксаклиги боис бу манзилдан катта-кичикнинг қадами узилмайди. 

Музейдаги китоблар, суратлар, ҳужжатлар, буюмлар ўтган асрнинг 20- 30-йилларидан беридаги тарих – устозлар ва шогирдлар, шоир қаламга олган туғёнли давр тўлқинлари – урушдан олдинги машаққатли йиллар, уруш даҳшатлари ва ундан кейинги тинч бунёдкорлик замонида умр кечирган фидойиларнинг кечинмалари... 

Устоз ижодида Иқон теран, халқона оҳангларда куйланган. Қишлоққа меҳр уйғотгувчи шеърлар боис миллионлаб қалбларда ўзи туғилган уйга муҳаббат учқунлари чақнагани шубҳасиз. Дарҳақиқат, шеъриятимизда она қишлоғини устоз Миртемирчалик кенг кўламда, чин дилдан куйлаган шоир бўлмаса керак. “Мен туғилган қишлоқнинг кунботарида қадим Туркистон шаҳри, жанубда Ўтрор, Бойбалх харобалари, ундан нари Сирдарё”, деб ёзади шоир “Ўзим ҳақимда уч-тўрт оғиз...” мақоласида. Ҳақиқатан, бу тарихи минг йилларга бўйлашадиган, буюк дарёси ва дарёсидай буюк алломалари, бепоён кенгликлари билан эътироф этилган юрт. 

Қоратоғдан сув ичган қишлоқнинг меҳнаткаш одамлари... 

Улар асраб келаётган асрий урф-одатлар... 

Табиатнинг бетакрор манзаралари... 

Шоир ижодида бу мавзулар бир-бирини тўлдириб, уйғун тасаввур ҳосил қиладики, буни тўла-тўкис намоён этиш учун уй-музей жуда тордай, назаримда. Балки бутун қишлоқ ҳам бу вазифа уддасидан чиқолмас... Чунки, ижодкор оламидаги қишлоқ аҳлининг ички кечинмалари, қувонч ва аламларини фақат суратлар ва ашёларда тўкис кўрсатиш иложсиз. Музейнинг вазифаси эса, бизга тарихни, шоирнинг оламини эслатиб туришдир. 

Очиқ чеҳра, сахий, дангал, самимий иқонликлар билан суҳбат давомида шоирнинг қиёфасини кўргандай бўлдим, “Онагинам”, “Култепа”, “Лолазор”, “Тошбу”, “Бу – ўша...”, “Етмиш тўрт”, “Норбуви”, “Мен”, “Гўдаклигим” сингари қишлоқ одамларига бағишланган шеърлардаги айрим сатрлар, лавҳалар ёдимга тушди. Албатта, ўтган аср ўрталаридаги ота-боболар билан уларнинг бугунги авлодлари ўртасида ҳам, қишлоқ кўринишларида ҳам катта фарқ бор. Аммо гап ота-боболар, оналар жасорати, ибрати, фидойи заҳматкашлар меҳнати шу шеърлар боис мангуликка муҳрланганида ва даврлар ўтиши билан янада қадрлироқ бўлиб боришида! 

Айниқса, устознинг она ҳақидаги ғамгин битиклари юракни титратади. 1940 йили ёзилган “Холтош” шеърида: “Эй, она тақдири, она тақдири, Оғир нечоғлиқ”, деб ёзар экан, эзгу ният қилади:

Кошки мен ҳам бўлсам айтгули шоир

Бир армоним бор:

Оналарга атаб яратгум охир

Шеърдан чўнг ёдгор.

Бу орзу, безовта туйғулар шоир қалбига 20 йил ором бермади ва ўтган асрнинг 60-йилида вулқондай портлади: “Онагинам” шеъри яралди. Абадиятдай чексиз армон, табаррук она олдидаги қарздорлик туйғусидан туғилган дил ғашлиги, ўз вақтида англанмаган ва улуғланмаган эзгуликдан туғилган афсус садолари... 

Одам бўлдимми менам? 

Йигит ёшимгача бир челак сув келтириб бермаган бўлсам,

Ё ташналигингда бир коса шарбат тўлдириб бермаган бўлсам,

Ё нон ёпишинг учун,

Ҳатто бир йўла, бир кун

Саҳродан ўтин орқалаб келмаган болангман...

Бундай туйғулар шеърият қоидаларига сиғмайди, ҳар қандай қофиялардан юксак туради. 

Онам кўзларида ҳасрат ва армон 

Култепага чиқиб боқар узоққа.

Бу шеърлар 11 ёшидаёқ она қишлоғини тарк этиб, олисдаги бахтини қидириб кетган ўсмирнинг юрагида уйғонган ва йиллар мобайнида улғайиб борган соғинчдан яралган. Бора-бора шоир ижодида она, қишлоқ, Ватан туйғулари уйғун тушунчага айланган. 

“Тошбу” шеърида фидойи, эри жангга кетган, ўзи фронт ортида ҳаёт синовларини енгиб ўтган, элу юрт ташвишини зиммасига олган қишлоқ аёли кўз ўнгимизда гавдаланади. “Бу ҳам жанг эди-да, қаттол жанг, Тошбу!..” дейди шоир шиддатли, машаққатли умр кечирган аёлга таскин бериб. Жасоратли, садоқатли аёлнинг замондоши, балки дугонасидир – Норбуви вафо-садоқат тимсоли. Шунингдек,

Қишлоқ десам, кўз ўнгимдан

Олис гўдак айём ўтар,

Ўтдан тоймас, сувдан тоймас,

Миқти ва дов кўп ном ўтар,

Арслон ўмров не йигитлар,

Омоч судраб ўтди умри,

Кўз ўнгимдан ёвқур чўпон,

Юпун деҳқон бобом ўтар.

“Ҳар қари чўпонинг – бир улуғ бахши” дейди шоир “Аччисой” шеърида. Айни чоғда бургут чоллар, лочин йигитларга эҳтиром билан ёндашади.

Қишлоқ аҳли ҳақидаги шеърларнинг аксарияти ғамгин, қишлоқ аҳлининг фазилатлари тўғрисидаги битиклар жарангдор, мардона бўлса, қишлоқ табиати манзаралари ҳайратларга йўғрилган: “Қишлоқ ҳаёти ўзгача. Ел юзингни ўпиб, қуёш қош қоқиб саломлайдир эрталаб. Чашмалар қулоққа эртаклар сўйлайдир шунда!..” “Қишлоқ кўринишлари” сочмасини ўқир экансиз, табиат мўъжизасини ҳис этасиз. “Табиатнинг ўз эртаги, жумбоғи, Ҳар жондорнинг ўз эркаси, дўмбоғи”.

“Чимилдиқ” шеърида табиат оқ ҳовурдан борлиққа чимилдиқ ёпади ва турфа қушларнинг бийрон сайраши оламни тутади. Ойдин кечаларда – “Сомон йўли 

кўприк солмиш дарёга” (“Тун сукути...”), кундузларда бўлса – “Ёруғлик юрти бу, тонг ўлкаси бу, қуёш боласиман десам, ҳаққим бор” (“Ёруғлик”) дея фахрланади шоир.

Тонг мовий осмонга ёруғ сочар мўл,

Тўқур инжулардан шабнамлик шолча.

Кўрку жамолидан кўзим бўлса ҳўл,

Шафақлардан тутар ипак рўмолча.

Шоирга қишлоқнинг чанг-тўзонлари, шўрлари ҳам қадрли, устоз тупроқнинг ҳикматини ҳар нарсадан улуғ билади: “Бўз бу, ҳа-да, бўз тупроқ, Қумлоқ, тўзон-тўз тупроқ. Қуюнли, қорбўронли, Не бўлса ҳам ўз тупроқ”.

Миртемирнинг қишлоқ мавзусидаги шеърларининг тили ҳам мавзуга хослигини, айни пайтда алоҳида тадқиқотнинг мавзуси эканини таъкидлаш жоиз. Қишлоқдаги деҳқону чўпоннинг касб сирларига оид атамалари, наботот ва ҳайвонот оламининг тавсифи, тоғу боғдаги гиёҳларнинг номлари, қушларнинг турфа сайрашигача – борини шоир бахшиларнинг достонлари, бувиси, онасининг чўпчакларида, кексалар гурунгида, ёш-яланглар суҳбатида, маросимларда эшитган оҳангдагидай жонлантиради. “Лолазор” шеърида ёзганидай, халқнинг “асов, бепардоз, соғ, булоқдай тиниқ, дурдона” тилидан ўз ўрнида заргардай фойдаланади ва сўзларни “не-не соз қўшиқларда шод” этишни ўйлайди: 

Қамишкўлнинг қамишидай

Буғдой ётар тиралишиб.

Тўсат дўлми, тугуршакдан

Қолмасайди, қийралишиб.

Иқон қишлоғидан чиқиб, улуғ аллома Аҳмад Яссавий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, кўҳна Ўтрор харобаларини кўриб, бепоён даштдан ўтиб Тошкент сари қайтар эканмиз, бир томондан Қоратоғ, бир ёндан Сирдарё, бир тарафдан чексиз жазирама чўл туташган бу қутлуғ манзилнинг ўзи устоз Миртемирдай бетакрор шоирни яратганига ва ҳамон қалб тўрида сақлаб келаётганига амин бўлдим. 

Ҳумоюн АКБАРОВ, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бўлим мудири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2018-05-15, 11:07
Комментарии для сайта Cackle
Сўнгги янгиликлар
Мавзуга оид янгиликлар


Элбоши мактуби
Газетанинг янги сони
Хамкорлар
Газета тарихи Давлат хариди Тахририят
Манзилимиз: 16000, Шимкент шаҳри, Диваев кўчаси, 4-уй, 4-қават.
Газета ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги томонидан 2010й.26майда рўйхатга олиниб.10957-Г гувоҳнома берилган.
Муассис--Жанубий Қозоғистон вилояти хокимлиги.
Ношир--"Жанубий Қозоғистон"вилоят ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти масъулияти чекланган биродарлиги.
©Нашримиздан кўчириб босилганида "Жанубий Қозоғистон газетасидан олинди", манбага юкланиши шарт. Ахборотдан парча олинганда ҳам ҳавола келтирилиши шарт. Ёзма рухсат берилмаса,материалларни тижоравий мақсадларда қўлланиш ман этилади. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.
©Мулк эгаси-"Жанубий Қозоғистон"газетаси.